Отасининг бир жаҳон қизи

134

Ҳар бир киши табиий ҳиссиётлар – фарзанд­лик, қон-қариндошлик туйғулари билан ўзи туғилиб ўсган тупроққа, ўзига қондош инсонларга боғланган бўлади. Уларни яхши кўради, ҳурмат кўрсатади. Лекин “яхши кўриш” аталмиш ҳиссиёт ҳам бир жойда қотиб тураверадиган, ўзгармас туйғу эмас, у ҳам моддий нарсалар каби, балки ундан ҳам кўпроқ, доимий эътиборни талаб қилади.

Одам боласининг туйғуларини уйғотадиган, кўнглини қўзғатадиган манбалардан бири, шубҳасиз, халқ оғзаки ижоди материалларидир. Чунки улар ясалган эмас, қолипларга солинмаган. Айтгувчи қандай кайфиятда айтган бўлса, шундай сақланиб қолган. Кейингилар аввалгиларига ўзидан нималардир қўшган бўлса-да, ўша қўшгани ҳам табиий, сохталикдан йироқ. Чунки айтгувчиларда “Шундай десам, бир жойга олиб бориб текширсалар, гап тегиб қолмасмикан…” тарзидаги ҳадик бўлмайди. Ҳадик, қўрқув йўқ жойда айтилган туйғулар энг рост туйғулардир ва уларнинг садағаси кетсанг арзийди.

…Жураги тўла ўтим-а, алла,

Товлардаги бургутим-а, алла,

Эсан бўлгин, ўлмагин-а,

Моманг бўлар бир тутам-а, алла.

Ўрмондаги йўлбарсим-а, алла,

Қўрқиш билмас, арслоним-а, алла…

Бундай аллалар минғирлаб айтилмайди, юрак қўшиб айтилади. Айтишларнинг илдизи юракда бўлади. Шунинг учун бепарво тингланмайди.

Сочимнинг тилла тароғи, алла, болам, алла,

Боримнинг кумуш яроғи, жоним болам, алла,

Ойисининг қўнғироғи, алла болам, алла,

Адасининг чақмоқ чироғи, жоним болам, алла…

Бу товушларидан муҳаббат, орзу, гўзал тилак­лар учқун сачратиб турган аллаларда бир неча авлод оналарининг бақувват руҳияти бор. Беихтиёр қўшиласиз бундай аллаларга. Умуман, халқ оғзаки ижодининг бошқа жанрларида, жумладан, қўшиқларда ҳам халқимизнинг нақшларга тўла чиройли қалби, ҳозиржавоблиги, сўзга чечанлиги бутун борлиғи билан намоён бўлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги илм-фан ва инновациялар бўлими бошлиғи, фалсафа доктори Гулжаҳон Мардонова, ўттиз йилдан ошдики, ана шу завқли, машаққатли вазифани адо этиб келади.

Гулжаҳон юртимизнинг узоқ-яқин шаҳру қишлоқларининг деярли ҳаммасини кезиб чиққан. Бир тарафи Самарқанд, Қашқадарё, яна бир томони Хоразм, Қорақалпоғистон, водий вилоятлари… Қадим Ҳўқанди латиф, хонлар шаҳри Шаҳрихон… Уни таниганлар Ургутнинг тоғли қишлоқларида, Сурхоннинг бепоён кенг­ликларида кўрганлари рост. “Саодат” журналида бирга ишлаганимиз учун хушрўй, хушмуомала, кези келса, сиёсат, кези келса, илтифот билан иш битирадиган бу синглимизни яхши билардим. Имкон топди дегунча, Гулжаҳоннинг кўзларига йўл кўринарди. Ёш болаларини гоҳ сингиллари, гоҳ уйида туриб ўқиётган жиян­лари, ҳамқишлоқларига ташлаб, сафарга отланарди. Бу унинг шахсий ташаббуси бўлгани учун биров унга йўл ҳақи, кундалик харажатлар ҳақини тўламасди. Ҳатто дугоналари:

– Сенга нима зарур? Нуқул зарарингга юряпсан, – дейишарди.

– Фойда ё зарари йиллар ўтиб маълум бўлади. Ҳозиргача халқнинг дилидаги хазинани тўплаб, болаларига берган одам камбағал тушганмас, – деб қўярди.

Шунда ҳам ҳисоб-китобдан гап кетаверса:

– Худо Ислом акамнинг (турмуш ўртоғи) топганларига барака берсин, – дея гапни қисқа қиларди.

Мана, анча йиллар ўтиб, Гулжаҳон ажо­йиб, унча-мунча одамнинг ҳавасини келтирадиган маънавий хирмон кўтарди: “Нур тўла уй”, “Алла айтай, жоним болам”, “Хушрўйлик сирлари”, “Фарзандингизга ўйинлар”, “Ўзбек халқ қўшиқлари”, “Онам айтган аллалар”, “Ори қўшиқ бўлган юрт”, “Миллий-маънавий қадриятлар ва комил инсон тарбияси”, “Оилада болаларни алла воситасида маънавий-ахлоқий тарбиялаш”, “Истиқлолдан яшнаётган юрт”, “Эртага қуёш чиқади”, “Қуёшим – энам”. Санаганларимиз турли йилларда, турли нашриётларда чоп эттирилган китобларнинг номи. Бу саноққа кирмаганлари, газета, журналларда, энциклопедияларда (хорижда ҳам) чоп эттирганлари қанча!

Биз бу номларни осонгина санаяпмиз. Нафсиламрини айтганда, булар жуда катта заҳматлар ҳосиласи. Уйда ўтириб ё кутубхоналарга бориб, ўқиб, ўрганиб ёзиш бир меҳнат бўлса, қишлоғу шаҳар кезиб, одамлар ўзи учун айтган, ўзимники деб билган бойликларини ичидан суғуриб олиб, шу элга манзур қиладиган китоб тайёрлаш минг меҳнатдир. У ўрганган қадрият­ларни бир бор кўздан кечирганингиздаёқ ернинг майда-чуйда ташвишларидан баланд­лаб кетасиз.

“…Қорабайир бўйнини чўзиб олдинга шамолдай учди. Танача устига бошини қўйиб олган чавандоз:

– Жоним менинг, молим менинг, ҳолим менинг, эгангни шарманда қилмағин, айланайин тулпорим, қанотли орим, йўғу борим, сут бериб боққаним, бошига тўдона таққаним, эганг­ни шарманда қилмағин, – деб жониворга нола қилди.

Қорабайир унинг дардли ноласини тушунгандек бўйнидаги дўланадан тайёрланган қўтоснинг етти тешигидаги етти тусдаги ипак­ларга бойланган тўғдонаю тўғизкўзларини жингиллатиб учиб борарди. Кўпкари томоша қилаётганлар ичидан Бобомурод чавандознинг ҳайбаракаллачиларининг товуши эшитилди:

– Қўйманг, саркор, Худо сизга мадад берсин-ов…

– Оҳ-ҳов, Бобомурод саркор-ов…”

От ҳақида гап кетганда, Гулжаҳоннинг асарларидан бирида ўқиганим, ўқиб йиғлаганим яна бир қадрият ёдимга келди. Бу воқеа ҳам қашқадарёликлар ҳаётидан олинган. Чимилдиқ кўрмаган чавандоз йигит вафот этади. Сўнгги йўлга кузатишдан аввал унинг ҳовлисида отини куёв ўрнига ясатадилар. Устига қип-қизил ёпқичлар ташлаб, қоши кумуш эгар ўрнатиб, бошига қизил хўрознинг патларидан тож кийдиришади. Чавандоз ўрнига отнинг ясатилгани юракларни ларзага соладиган ҳолат. Бундай нарсалар фақат юракли халққа мансуб. Гулжаҳон китобларига айнан шундай, фақат бизгагина хос қадриятларни чертиб-чертиб киритар экан, кимлигимизни ўзимизга яна бир марта таъкидлагандек бўлади.

“Қиз мажлиси”, “Хино ёқар”, “Совчи кутиш” каби асрий удумларнинг нозик жиҳатлари ҳақида фикр юритар экан, буларнинг бугунги кўринишларига ҳам муносабат билдириб ўтади: “…Қанийди, қиз мажлисларида бир уй қизлар дутор чертиб, доира чалиб, қўшиқ куйласалар… Назм гулшанларидан ғазаллар ўқисалар…”, “…сингиздами, Саид Аҳмаднинг “Қирқ беш кун” романида Лутфини олиб қочиб, бир танишиникига элтган Азизхон унга тўшакни ишора қилганида, қиз қўли билан юзини сийпалаб, бошини чайқайди. Бу никоҳсиз бирга бўлиш гуноҳ, дегани эди. Бу – эътиқодга садоқат эди. Қанийди, шу йўқотилаётган эътиқодлар қайтиб келса, баъзи одамлар гуноҳ иш қилишдан чўчиб турсалар…”.

Бундай фикрлар олима бераётган этнографик маълумотларни ич-ичидан нурлантириб юборади. Гулжаҳон Мардонова болаларнинг ўйинларини эринмай, икир-чикиригача тасвирлайди: “Чағалай”, “Бургут келди”, “Занжир”… Ҳар бир тасвирни охирлатиб, “бу ўйин болаларни бирдамликка ундайди”, “бу ўйин жисмоний, руҳий чиниқтиради”, “бу ўйин қизларда адабиёт ва санъатга муҳаббат уйғотади”, дея изоҳ беради. Шу билан у тўпловчидан тарғиботчига айланади. Гулжаҳон қайси ташкилотда қандай вазифани адо этмасин, болаларини этагига солиб, елкасига опичлаб юрадиган оналардай ўзининг топган қўшиқлари, аллалари, удуму ўйинларини олиб борди. Ўзбекистон радиосида “Олтин меросимиз”, “Машъал” радиоси тўлқинларида узатилган “Умр зийнати”, “Халқ ўйинлари” эшиттириши, Ўзбекис­тон телевидениесида “Равзаи жаннат боғи”, “Юрак кенгликларида”, “Туйғулар жаранги”, “Халқ ўйинлари” кўрсатувлари ана шу фикримизнинг исботидир. Журналист бу эшиттиришлар, кўрсатувлар орқали атрофига кўплаб қадриятсеварларни йиғди, миллатимизнинг кўнглида илдизларига қараб меҳрли юришлар бошланишига муносиб ҳисса қўшди. “Ёшлик”, “Саодат” журналлари, Ўзбекистон радиоси, телевидение­си, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги…

Албатта, ҳар бир инсон ўз истеъдоди, заҳмати, тиришқоқлиги билан ўзини ўзи яратади. Лекин наслдан берилгани бошқача. Қоннинг сўзи ўзгача сўз. Бу берилмишга Худойим аралашган. Нима демоқчиман? Олима ва ижодкордаги қадриятларга муҳаббат унга раҳматли онаси Хадичабону Худойқул қизи (онаизори халқ қўшиқлари, термаларининг устаси, гапининг жозибаси билан бир уй аёлни ўзига қаратиб ўтирадиган чечанлардан бўлган)дан ўтган бўлса, элпарварлик жаннатмакон отаси Омон Мардоновдан мерос қолган. Омон Мардонов Қамаши туманидаги Бадахшон қишлоғида ўтган асрнинг ўрталарида маърифатпарвар мунавварлар анъаналарини давом эттириб, ҳашар йўли билан мактаб қурилишига бош бўлган. Республика Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилиб, ўз мактаби учун инглиз, рус тиллари, математика фани ўқитувчиларини сўраб узоқ юртлардан олиб келган. Мактабда ташкил этилган устахона, иссиқхона, кўпкари отларидан тушадиган маблағлар ҳисобидан юртимизнинг турли шаҳарларида таълим олаётган собиқ ўқувчиларини – талабаларни қўллаб-қувватлаб турган. Айнан шунинг учун Гулжаҳонга отамакон бўлган бу қишлоқдан ўнлаб турли касб эгалари, фан номзодлари, фан докторлари етишиб чиққан.

Ана шундай танти, бағрикенг инсон Омон Мардоннинг Гулжаҳон – бир жаҳон қизи шу кунларда қишлоғида Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллигига атаб мактаб тарихи музейи очиш ҳаракатида. Отаси қурдирган мактаб пойдевори устида фаолият олиб бораётган таълим масканининг йил давомида энг катта сифат кўрсаткичига эришган муаллимлари ва ўқувчилари учун бир марталик пул мукофоти (бу мукофот отаси номида) ташкил этган ҳам шу Гулжаҳоннинг ўзи. Бу ишлари билан у ҳам фарзандлик, ҳам касбий, ҳам фуқаролик бурчини бажараётгани таҳсинларга лойиқ.

Эл бошига иш тушганда барча касбдаги одамлар бирваракайига қўриқчи, соқчи, аскарга айланганидай, кейинги бир йил ичида, бутун дунёда бўлганидай, бизнинг бошимизга тушган касаллик балоси минг фидойилиги бор инсонларнинг минг биринчи заҳмат йўлини очди. Қадриятшунос олима тождор вирус туфайли юрт тараққиётининг оёғидан тортаётган, бир неча йўқотишлар билан кўнгилларимизни йиғлатган хатарли хасталик ҳақида республикамизнинг таниқли шахслари билан суҳбатлар қилди ва бу суҳбатлар натижаси ўлароқ “Эртага қуёш чиқади” китоби дунёга келди.

Аслида мен Гулжаҳон Мардонова ҳақида ушбу битикларим билан Америка очганим йўқ. Кўп йиллардан буён миллатимизнинг жон томирига туташ бўлган жабҳада фаолият олиб бораётган бу журналист ва олима ҳақида соҳанинг билимдонлари китобларига сўзбоши ёзишда, тавсияномаларда, турли давраларда кўп яхши гаплар айтишган. Мен умрининг нурли бир бекатига эътирофу эътиборлар билан етиб келаётган Гулжаҳонга меҳр изҳорларимни бир даста ҳусниюсуф (шу гулни жуда яхши кўраман, узилганда ҳам узоқ сўлимай туради) ўрнида тутар эканман, ўтган кунлар меҳнати боис уни қандай кулар юз билан кузатиб қолган бўлса, келаётган кунлар ҳам шундай кулар юз билан қарши олишини тилайман.

 Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг