ШУНЧАКИ ВАТАНПАРВАР

303

Наби ЖАЛОЛИДДИН

Унинг исм-шарифи айтилиши ҳамоно бир сесканиб тушди. Ўрнидан тураркан, юрак уриши тезлашиб, оёқларидан мадор кетгандай туюлди. Шусиз ҳам муҳташам саройнинг салобати босиб, ҳаяжон оғушида сархуш ўтирганди. Энди эса вужудида титроқ уйғонди. Йўқ, ўзини қўлга олиши керак. Президент қошига боряпти, ахир. Ана, табассуми чеҳрасига нур таратган юртбоши у томон бир неча қадам ташлади. Ниҳоят, қўли илиқ кафт ва бақувват панжаларни ҳис этди.

— Табриклайман! — деди президент орденни унинг чап кўкрагига тақиб.

Сўнг уни бағрига босди.

Отасиз ўсганиданми, дийдаси юмшаб, кўзлари ачишди, кўкси сим-сим эриди.

— Бизга сизга ўхшаган ватанпарвар одамлар керак! — деди президент меҳрли боқиб ва елкасига оҳиста қоқди. — Бардам бўлинг!

Унинг бўғзида нимадир қалқди, кип­рикларининг остидан ёш сизишига бир баҳя қолди. Йўқ, йиғламайди, юртбоши ҳузурида кўз ёши қилса, уят бўлади. Жойига қандай қайтганини сезмади. Ўтирдию оғир ютиниб, беихтиёр кўзларини қаттиқ юмиб очди. Юзида ёш сирпанаётганини ҳис қилди. Ярим очиқ кафтининг кўрсаткич бармоғи бошланадиган бўғинига бир томчи ёш томди. Кеча бу ёққа келишдан аввал, икки ўғли Тошкентда ўқишда, кенжаси қиз бўлганлиги боис, аёлининг ишини енгиллатгиси келиб, ўзи ўтин қилди. Азалдан ўтинда пиширилган паловни яхши кўради. Болтанинг дағал сопи кафтини қавартирганди. Кўз ёши бўғин «ариқча»си узра оҳиста сирғалиб, кафтидаги қадоқни гир айланасига ҳўл қилди.

Шуури ойдинлаша бошлади: президент уни «ватанпарвар» дедими? Наҳотки ҳаммасини билса?! У президентга қаради: хаёли олис 1991 йил сари оғди.

Ўшанда дунёни зир титратган улкан мамлакат алғов-далғов бўлиб кетганди. Ҳар куни қайсидир бурчагида бирон мудҳиш воқеа рўй берарди. У ўқитувчи эмасми, ҳамма нарсадан воқиф туриш ниятида, бўш бўлди, дегунча кичкинагина рангсиз телевизорига «ёпишиб» оларди.

31 август. Ўзбекистон Олий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бормоқда. Сўз Ўзбекистон Республикаси раҳбарига берилади. Шунда… кутилмаганда… Ҳа-ҳа, мутлақо кутилмаганда… Президентнинг ниҳоятда ҳаяжонланаётганлиги шундоққина юз-кўзидан сезилиб турарди. Олдидаги матнни дадил овозда ўқиркан, охирида Ўзбекистонни мустақил давлат ва 1 сентябрни Мустақиллик куни байрами, дея эълон қилди. Зал сукунат оғушида қолди, оламга жимжитлик чўкди гўё. У ҳам телевизор экранига тикилганча нафас ютиб ўтирарди. Президент бундай бўлишини кутмаганди шекилли, бир муддат залдагиларга тикилиб турди-да,

— Нега қарсак чалмаяпсизлар, ахир, ватанимиз озод бўлди! — деди қарийб ҳайқириб.

Шундагина залдагилар ўринларидан туриб қарсак чала бошладилар.

У ҳам ёш боладек ўрнидан сапчиб, «уре-е!», дея қичқириб юборди. Унинг овозини эшитиб, кўзлари ола-кула хотини кириб келди.

— Нима бўлди-ей? Нимча (намунча) бақирасиз?!.

— Ўзбекистон мустақил бўлди, хотин, мустақил бўлди: — У хотинининг елкаларидан тутиб, ўпиб олишга уринди.

— Боринг-эй, шунга шунчами? Ёш болага ўхшаб… — Хотини унинг қўлларини силтаб ташлади. — Ундан кўра тозароқ туз топиб келинг, магазиндаги қоп-қорайиб ётибди.

У мулзам тортиб, бир лаҳза эсанкиради.

— Менга қара, аяси, — деди кейин ўзи томон қайрилган хотинининг кўзларига тикилиб. Афсуски, унинг нигоҳи бўм-бўш эди, ичи қорайган тандирнинг оғзидай бақрайиб турарди. Бунга тоқат қилолмай, — хўп, тоза туз топиб бераман, — дея ғудраниб нари кетди.

— Топиб бермаям кўринг-чи… — Хотини унинг гапини ўзича тушуниб, ҳазил қилган бўлди. — Овқат ейсиз-ку, ахир…

Аламдан бўғзи куйди. Ҳозир кимгадир нимадир дейиши керак эди. Албатта, ватан, мустақиллик ҳақида гапиришни истарди. Лекин кимга? Буёқда тоза туз топиши керак. Кўз четлари ачишиб, йиғлагиси келди. Лекин йиғлолмади. Дарвоқе, туз топиши керак. Дўконда, ҳалиги… Ҳа, рост, ўша савилдан олиб киради. Умри бино бўлиб ёзилиб ичганини, яъники кайфу сафо қилганини эслолмайди. Лекин бугун ичмаса, ёзилиб-яйраб ичмаса бўлмас. Гап ейдиган ошна-оғайниларига айтай деса, унинг дардини тушунмай, ҳафсаласини пир қилишади, масхаралаб қолишлариям мумкин. Яхшиси…

Дўкондаги туз ростданам йирик-йирик, бунинг устига, тозаланмаганидан кулранг тусда эди.

— Маши тузми? — деди у бир сиқим тузни кафтига олиб, тикиларкан, шунинг ортидан бурнини жийириб.

Дўкончи насиҳатомуз оҳангда деди:

— Шунисигаям шукр қилинг, ука, ҳозир ҳеч қаерда туз йўқ.

Ҳа-я, ўйлади у, озиқ-овқат деганлари борган сари танқислашиб боряпти-ку. Тузнинг камёблашганига қанча бўлдию. У ўғри ургандай шип-шийдон пештахталарга қаради.

— Тозароғи йўқми? — сўради гўё ўзига ўзи гапираётгандай «энди нима қилдим», оҳангида.

— Бошқаси йўқ. Лекин буниям тозалаб ишлатса бўлади, — тушунтирди дўкончи. — Илиқ сувда ивитиб, докада сузволасиз. Кири докада қолади, овқатга намакобини ишлатаверасиз.

— Ҳа, майли, — ғўлдиради у кайфиятини бузгиси келмай. — Бир кило обтурайлик-чи.

Дўкончи туздан бир кило тортиб, қалин қоғозни карнай қилиб ўради.

— Арақ борми? — сўради у паст овозда у ёқ-бу ёғига бирров қараб оларкан.

— Ие, сиз ичмасдингиз шекиллию домла? — Дўкончи бу гапи билан унинг ўқитувчилигига писанда қилганди. — Бору сал қимматроқ-да. Сотиб беринг, деб биров ташлаб кетганди.

— Бераверинг, бугун ичмасам бўлмайди. Теппамасми (қўлболамасми) иш­қилиб?

Дўкончи ичкари хонадан бир шиша арақ олиб чиқиб, уни ҳам қоғозга ўради.

— Тинчликми, ишқилиб, домла? — деди арақни унга узатиб. — Нима, келинминан уришиб қолдингизми?

У аввалига дўкончига хиёл норизо нигоҳ ташлади-да, кейин:

— Эшитмадингизми?.. — дея шодон овозда ичидагини тўкиб солишга чоғланди. Бироқ дўкончининг нигоҳига кўзи тушдию тилини тийди. Унга гапириб маза тополмаслигини фаҳмлади.

Уйига қайтиб, томорқадан иккита помидор олиб чиқиб ювди ва ликобчага парраклаб тўғради. Кўзни қамаштиргудай қип-қизил помидорга ҳалиги қорамтир туздан сепгиси келмай, қалампир тўғраб қўя қолди. Сўнг бировнинг кўзи тушишини истамай, уй ичига кириб олди. Кичкина пиёлага тўлатиб арақ қуйди. Пиёлани қўлида тутиб, кимгадир нимадир демоқчидай ҳар томонга интиқ аланглади. Афсуски, ёнида ҳеч ким йўқ эди.

— Мустақиллик муборак! — деди кейин чап қўлида бағрини қаттиқ сийпалаб. — Озодлик муборак… Ватан!..

Пиёлани лабига олиб бориши билан димоғига арақнинг бадбўй ҳиди (қўлбола шекилли) урилди. Ичгиси келмай, нон билан бир паррак помидорни ямлади. Қизиқ, ўйлади, емишни ямларкан, ватаннинг озодлигини, мустақиллигини миллатнинг не-не улуғлари бир умр орзу қилиб, куйиб-ёниб ва ҳатто жон фидо қилиб, охир-оқибат қон-қора қақшаб қаро ерга кетганлару, ниҳоят, бугун мустақиллик эълон қилинганида бутун олам жим-жит. Бирон бир одам наъра тортиб, ҳайқириб кўчага чиқмаса-я! Ёки ҳамма эсанкираб қолдими? Унда нега ўзинг ҳайқириб кўчага чиқмадинг? Уялдинг, кўпчиликдан андиша қилдинг, шундайми?.. Шундай! Лекин, барибир, бу кун — улуғ кун. Ахир, Чўлпон орқа миясига тўппонча қадалган сўнгги онларида, наҳотки, шу кунни ўйламаган бўлса? Ўйлаган, ҳатто вақти келиб Ватани озод бўлишига, халқи уни қайта-қайта ёдга олишига ишонган. Йўқ, бу шунчаки чиройли гап­лар эмас. Акси бўлса, ўшандай таҳликали замонда одамнинг ҳаёти, ҳақ-ҳуқуқи сариқ чақачалик қийматга эга бўлмаган қаро кунда нега энди у эрк ва озодлик ҳақида ёзган? Янаки маҳорат билан баралла ёзган. Чунки ҳамма замонларда ҳам миллатнинг чин мардлари ана шундай яшашган. Улар тақдирлари не билан интиҳо топмоғини жуда яхши билганлар, лекин чекинмаганлар. Шундайлар борлиги учун ҳам ватан бор, ўзбек деган миллат бор бу дунё­да. Демак… Демак, ватан учун ўлимга тик боқиш, жондан ҳам кечиш мумкин — бу имконли. Пиёлага бир қараб қўйди-да, помидорга қалампирни қўшиб оғзига солиб чайнади. Қалампир жуда аччиқ экан, оғзи ёнди. Бир-икки “куҳ-куҳ”лади-да, кўзларини юмиб, бурнидан нафас олганча хийла турди. Сўнг ҳалитдан бери бўғзида қалқиётган нарса тили узра кўчиб, оғзида чучмал таъм ҳосил бўлди. Аввалига бетоқатларча у ён-бу ёнига аланглади, гўё ҳозир кимгадир ёки нимагадир кўзи тушадию андармон бўлиб, ҳоли ўзгаради ва… Йўқ, ўзгармади, жилмаймоқчи эди, юзи бужмайиб, аянчли тус олди, кейин эса кўзларидан ёш отилди.

— Биз етдик шу кунларга, Чўлпон бобо, биз етдик!..  — Тишлари орасидан шу сўзлар отила, чийиллаб йиғлаб юборди.

Ўтиришга ҳам ҳоли келмай, ўзини тўшакка юз тубан ташлаб, ҳўнграб-ҳўнг­раб йиғлайверди. Тўлиб турган эканми, юз-кўзи, қўллари, кўйлаги бир пасда жиққа ҳўл бўлди. У қувончдан, айни дамда ўтмишдаги ўзи билган, аянчли тақдирлари ҳақида китобларда ўқиган улуғ миллатпарварларни эслаб, ўкиниб-ўкиниб бўзларди.

Шу пайт тўрт яшар ўғли тайтанглаб остонада пайдо бўлди. Бироқ у боласини сезмади. Болакай дадасининг елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаётганини кўриб, ҳайратланди. Аста бориб ёнига ўтирди-да, бошига қўлини қўйди.

— Мимага йилаяпсиз, дада? — деди ростмона юпатгиси келиб. — Тим уйди?

У бошини кўтариб, қайриларкан, шошиб кафти билан кўз ёшларини артишга уринди.

— Ие, телинг-телинг, Мийзо Бобуй! — туриб ўтирди, ўғлини бағрига олди. Сўнг бурнини кетма-кет тортиб, бир хўрсиниб қўйди. — Шу десангиз, ватанимиз мустақил бўлди-да, ўғлим.

Ўғли жажжи бармоқлари билан унинг юз-кўзларини силаб, мудом қалқиётган кўз ёшларини артди.

— Асинга (ўшанга) йилаяпсизми? — сўради кейин дадасининг кўзларига жиддий тикилиб. — Уната (унақа) бўша (бўлса) айтаман, энди муштақил бўмайди, бўптими? Йиламанг!..

У қаҳ-қаҳ отиб юборди, ўғлини маҳкам қучоқлади.

— Йўқ, ўғлим! Илоҳи, мустақиллигимиз рост бўлсин, абадий бўлсин! — дея меҳр ила юз-кўзларидан ўпди…

Эртасига — 1 сентябрь куни болалару ўқувчилар одатдагидек мактабга ошиқдилар. У ҳам қадрдон мактабига гўё учиб борди. Ўқитувчилар хонасига ­кирдию қўлларини баланд кўтариб, салкам ҳайқирди:

— Мустақиллик муборак, биродарлар!

Мактабга ундан олдин келган, айлана стол атрофида бири гаплашиб, бирови нималарнидир ёзиб ўтирган ўқитувчилар унга бирдан ҳайрат тўла нигоҳларини қададилар. Ё кўпчилиги бу хушхабардан бехабар эдилар ёки эшитган бўлсалар ҳам шунчаки гапдек қабул қилгандилар.

— Аввал салом беринг, мулло, — деди юқорида ўтирганлардан бири.

У шошиб салом берди, сўнг,

— Энди табрикласам майлими?

Ахир, ватанимиз мустақил бўлди, акалар, опалар! — деди бўйнини чўзиб юборганидан кекирдаги тепага-пастга югуриб.

Яна ҳамма жим. Шунинг устига директор кириб қолди.

— Нима гап? Нега бўғиляпсиз? — сўради писандсиз унинг — ёш ўқитувчининг ёнига ўтаркан, хиёл олайиб. Ёши элликдан ошган математика муаллимидан бошқа барча директорга қараб маъноли жилмайди.

У эса тарвузи қўлтиғидан тушиб, охирги умиди етовида директорга гўё қандайдир маълумотни айтаётгандек ғўлдиради:

— Ўзбекистон мустақил бўлди, ака!..

Директор ўзига пешвоз чиққан эркак­лар билан бир-бир қўл олишиб кўришгач, яна унга ўгирилди. У ҳам қўл узатганди, сўрашишга ҳам ор қилгандай қиёфада деди:

— Аввало, бу гапни қаёқдан эшитдингиз, билмадиму, — чамаси, директор кечқурун телевизор кўрмаганди. — ­Омма-лекин индамай кириб, дарсингизни ўтинг. Керак бўлса, тепадан топшириқ беришади.

— Балки Ленин дарси ўтарман? — дея кесатди у.

— Айтишса, ўтасизам!.. — директор чиқиб кетди.

У мулзам бўлиб, ёнбошидаги стулга беҳол чўкди.

Шу пайт дарсга чорловчи қўнғироқ чалинди. Муаллимлар бирин-кетин хонани тарк эта бошладилар.

У елкасига қўйилган қўлни сезиб, ўнг ёнига қайрилди — рўпарасида математика муаллими турарди.

— Кўп куюнманг, ука, — деди у кўзлари майин жилмайиб, салмоқли овозда. — Вақти-соати билан ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетади.

У бўғилди:

— Ахир, мустақиллик!..

Муаллим унинг гапини беозорлик ила бўлди:

— Яхшиси, синфга кириб, ватан ҳақида дарс ўтинг. Балки ҳовурингиздан тушарсиз, чунки болалар сизни яхшироқ тушунишади.

Бу гап унинг қалбидаги чўғни оловлантирди.

— Тўғри айтасиз, — деди ўрнидан тураркан, кўзлари чақнаб. — Раҳмат сизга, домла!

Шовқин-сурон, қий-чувга тўлган синфхона муаллимни кўриб, шашти пасайди. Бир-биридан чиройли турфа либослардаги болаларнинг кўзлари лов-лов ёнарди. Тўққизинчи синф — қизларнинг ҳуснига ҳусн, йигитчаларнинг савлатига савлат қўшилиб қолгандай.

У салом-аликдан сўнг эълон қилди:

— Болалар, бугун мустақиллик дарсини ўтамиз.

Хона лаҳзалик жимликка чўмди.

— Ўзбекистон мустақил бўпти-а, домла, кечқурун дадам айтди, — деди орқароқда ўтирган қизалоқ.

Унинг бағрини қувонч сийпалаб ўтди — хайрият, болалар ҳам эшитишибди.

— Ҳа, она Ватанимиз, жонажон Ўзбекистонимиз мустақил, дея эълон қилинди ва бугун илк бора Мустақиллик куни байрами нишонланмоқда, — деди у тантанавор овозда. Ўз гапи ўзига таъсир қилиб эти жимирлаб кетди.

Болалар жим.

— Нега жимсизлар? — деди энди танбеҳ бергандай. — Нега қарсак чалмаяпсизлар? Мен ўрнингиздан туриб қарсак чалишни таклиф қиламан.

Болалар гурра ўринларидан турдилар. Хона яна хиёл шовқинга тўлди. Муаллимга эргашиб ҳамма қарсак чала бошлади — биров англаб, бошқаси шунчаки шўхлиги тутганидан чалди. Бироздан сўнг қарсаклар бир маромга тушиб, ёқимли сас ҳосил қилди. У қўйиб берди, болалар шу билан ҳам мустақилликнинг қадр-қимматини англашларини истади.

— Мустақиллик нима дегани, биласизларми? — сўради у ниҳоят болалар ўтиришгач.

Кимдир «эркинлик», деди, бошқа биров «озодлик».

— Буларнинг ҳаммаси тўғри, — дея тушунтирди у. — Бироқ, мустақиллик, энг аввало, ҳуқуқ дегани. Ҳа, ўқувчилар, билингки, энди биз ўзбеклар ҳам ҳақ-ҳуқуқи тикланган озод миллатмиз.

Негадир хона жим-жит бўлиб қолди. Баъзи болаларнинг кўзлари чақнай бош­лаганди, наҳотки, тушунаётган бўлишса, ўйлади у.

— Бир эсланг-а, болалар, бутун инсоният тарихида ватан учун қанча-қанча одамлар жон берганлар. Ўзларининг ширин жонларидан кеча олган бу кишиларнинг ҳисоби қанчайкин? Ундай мард инсонлар бизнинг тарихимизда ҳам жуда кўпчилик. — Унинг катта-катта очилган кўзларини ўйчанлик қамради. — Айтинг­лар-чи, нега энди баъзилар ватан учун жонидан ҳам осонгина кечадилар?

Болалар жим. Аслида у саволига жавоб кутмаганди.

— Чунки Ўзбекистон деган муқаддас замин, яъники, ватанимиз бўлмаса, ўзбек деган миллат, яъни сиз билан биз ҳам йўқмиз. Тушунаяпсизми, йўқми? Ватан дегани — бу ота-она, ака-ука, қариндош-уруғ, ёру биродар ва ҳоказо, азиз инсонлар дегани. Демак, ватан деб жон берганлар ана ўшаларнинг тинчлиги, хотиржамлиги, озодлиги учун кафолатдирлар… Чўлпон деган шоирни биласизлар-а?

Болаларнинг бир нечасигина «ҳа», дея овоз берди.

У бир нафас дераза оша тип-тиниқ осмонга тикилди. Бу билан ё бағридаги ўтни хиёл босиб олди, ёки хаёлларини жамлади.

— Унинг шундай сатрлари бор:

Тириксан, ўлмагансан,

сен-да одам, сен-да инсонсан,

Бўйин эгма, кишан кийма,

ки сен ҳам ҳур туғилғонсан.

Чўлпон бу шеърини мустамлакачилар ватанимизни босиб турган, ҳаммаёқда қама-қама, от-от бўлаётган бир пайтда ёзган. Бу билан у ўз халқини, ватанини озодликка чорлаган. Нима, унинг жони битта эмас, ўнтамидики, ўлимдан ҳам қўрқмаган? Йўқ, унинг жони ҳам битта эди, керак бўлса, у ҳам қўрқарди. Лекин у ватанини жуда-жуда яхши кўрарди ва унинг озод бўлишини истарди. Буюк Чўлпон орзулаган кун мана энди келди!..

Танаффусда эндигина ўқитувчилар хонасига кирувди ҳамки, директор чақираётганлигини айтишди. Яна нима демоқчийкин — шу хаёл билан унинг олдига кирди. Директор қора креслосига ястаниб, чой ҳўпларди. У кириши ҳамоно ўтиришга ҳам таклиф этмай, осмондан келиб, танбеҳ беришга тушди:

— Сизга нима бўлган-а, ўзи, ука? Ҳали ўқитувчилар хонасида алламбалоларни гапирувдингиз. Энди бўлса, дарсда ғалати шеърлар ўқидингиз, болаларни қарсак чалдирдингиз. — Директор синф­хона эшиги олдида анчагача гап пойлаб турганини айтмади. — Шу алғов-далғов замондан тинч ўтволайлик, жон ука!

У ҳайрон эди.

— Мени кечирасизу сизни тушунолмаяпман, домла! — қўполроқ гапириб қўйишдан қўрқиб, лабларини тез-тез қимтиб-қимтиб оларди. — Ватанимиз мустақил бўлди, ахир!

Директор пинак ҳам бузмади.

— Мустақил бўлгани яхши, мен ҳам жа-а хурсандман. Лекин юқоридан кўрсатма бўлгунча шошмай туринг-да, ука!

У директорга бир пас ҳайрат-ла тикилиб турди-да, индамай хонани тарк этди. Бораркан, талабалик йиллари ёдига тушди: университетда замонавий адабиётдан сабоқ бергувчи муаллим бор эди. (У ҳозир ҳам маълуму машҳур). Биринчи босқич талабаларини содда фаҳмлармиди ёки уларни ҳали турли «оғулар» билан «заҳарланмаган», деб билармиди, дарсларда ора-сира туйқус Чўлпоннинг шеърларини ўқиб қоларди (У пайтлар шўро аталмиш аждаҳо оғзини юҳодай очиб турган ва Чўлпон кабиларни фақатгина «хос одамлар» билгувчи даврлар эди). Унинг ниятинию ўқиган шеърларини ҳам биров ё тушунарди, ё тушунмасди. У эса аллақаердан топиб келгани машинкаланган шеърларни ўқишини қўймасди.

Шўро давлатининг таянчи ва суянчи бўлмиш КГБ (давлат хавфсизлик қўмитаси) деганларининг оёғи чаққон xуфия­лари ҳамма жойда изғишарди. Айниқса, ўқув юртларида дингқулоқ эди улар. Ҳалиги чўлпонпараст домланинг ортига тушганларига анча бўлганди — буни унинг ўзи ҳам, талабалар ҳам сезардилар.

Ўша куни КГБнинг икки ходими университетда, яна айнан уларнинг факультетида пайдо бўлишди. Галдаги дарс чўлпонпарастники эди. Муаллим аудиторияга киргач, бир пас қоғозларини титкилаб ўтирди, сўнг доскага қайрилиб, алланималарни ёза бошлади. У пайт пойлаб, домланинг сумкасидан Чўлпон шеър­ларини олди-да, ўзи ўтирган стол тортмасига тиқиб қўйди. Адашмаган экан, орадан ҳеч қанча ўтмай, аудиторияга иккала КГБчи кириб келди. Кира солиб, на бир салом-аликсиз, домлага сумкасидаги нарсаларни чиқаришни буюришди. Домланинг ранги оқариб, ҳаяжондан қўллари қалтиради.

— Тинчликми? — деди ўзини дадил тутишга уриниб.

КГБчилардан бири гезариб, дўқ урди:

— Сумкани очинг!

Домла ҳаяжонини босиш ниятида бағоят секин ҳаракатлар билан сумкасини очиб, ичидаги китоб-дафтарларини стол устига қўя бошлади.

— Марҳамат, — деди ниҳоят ҳамма нарсасини столга қўйгач.

Чақирилмаган меҳмонлар китоб-дафтарларни бир-бир варақлаб кўришди: излаганларини топишолмади. Сир бой бермай, бироз талабаларга, сўнгра домлага синовчан тикилиб туришгач, тил учида «узр» дея, эшикка йўналишди.

— Бемалол, — деб қўйди энди домла кўкрагини кериб, хиёл масхара оҳангида.

У танаффусда шеърларни қайтариб берди.

— Биз шундай бўлишимиз керак!.. — деди муаллим кўзлари ёниб, уни бағрига босаркан…

Директор ўша замоннинг сарқити-да, деган хаёл урилди миясига синфхонага кираётиб.

— Синовли йиллар бошланди. Шунга қарамай, мустақиллик аста-секин халқ қалбида илдиз отаверди. Янги давлатнинг омборларини шип-шийдон қилиб, борини ташмалаб кетишганидан бўм-бўш эди. Ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари меъёрлаштириб бериладиган бўлди…

Кейин-кейин қорин-қурсоқ ташвиши енгиллаша бошлади. У бўлса, дарсдан-дарсга тўлиб борар, берилиб, энг буюк шоирларнинг эрк, озодлик ҳақидаги шеърларини эҳтирос ила ўқиб, болаларни адабиётнинг ҳақиқий мўъжизасига ошно этар, ҳайратга солаверарди. Бу орада водий кўчаларида турфа алпоздаги шарқона либослар — чалворларни кийган ажнабий кимсалар кезиниб қолишди. Улар гоҳо диндор ниқобидаги чаламуллоларнинг уйларида, гоҳо ўша пайтларда урчиган кичик масжидларда яшаб, кечалари тез-тез даъватгир анжуманлар тузишарди. Уларнинг қишлоқ маҳаллаларидан чиққан гумашталари ҳар куни шомга яқин кўчаларда изғиб, хонадонларни чақирар, катта-кичик эркакларни масжидга чорлашарди. Масжидга чиқмаганларга гоҳо орқаворотдан пинҳона зуғумлар ҳам ўтказишарди.

Бир кеч уни ҳам чақириб келишди. Дарвозага чиқса, рўпарасида кенг бесўнақай оқ либоси устидан жигарранг адёл ёпинган саллали ажнабий билан тасбеҳ тутган бири ёш, иккинчиси кексароқ ўзимизнинг мулломонандлар туришибди.

— Масжидга чиқинг, домла, сизбоп суҳбатимиз бор, — дейишди улар.

У бунақа даъватлар ва даъватчилар ҳақида эшитиб юрарди. Шунинг учун гапни қисқа қилиб, «хўп, чиқаман», деб қўя қолди. Лекин чиқмади. Йўқ, намоз ўқишни билмагани ёки хоҳламагани учун эмас, ажнабий миссионерларнинг асл ниятларини яхши тушунганлиги учун чиқмади.

Даъватчилар эртасига яна келишди.

— Домла, нима, охиратни ўйламайсизми? — деди кексароқ муллонамо.

— Охиратни-ку ўйлайман, — босиқлик билан жавоб берди у. — Бироқ манови ажнабийлар, — у адёл ёпинган кимсага билинар-билинмас ишора қилди, — фақат охиратни ўйлармикин? Ниятлари ўзга, дин ниқоб бўлса-чи?

— Ҳай-ҳай, ундай деманг, домла. Булар дини ислом учун ҳамма нарсадан кечган, ҳижратни тутган инсонлардир. — Мулланамо сўзига салобат бахш этишга уринарди. — Бунақа гап­ларингиз билан куфр кетиб қолманг тағин.

Ажнабий ўзбек тилини тушунмасди чоғи, фақат тиржаярди.

— Билиб қўйинг, домла, агар масжидга чиқмасангиз, — мулланамо энди хиёл дағдағага ўтди. — Сизни биров маҳалла-кўйнинг издиҳомларига айтмай қўяди. Масжидда шунга келишдик.

Унинг ҳам қайсарлиги тутди:

— Хоҳласам, агар вақтим бўлса, чиқаман! — деди гапни кесиб.

— Ҳай, ўзингиз биласиз, — мулланамо унга бир олайиб қўйди.

Чиндан ҳам баъзилар уни маҳалланинг тўй-маъракаларига айтмай қўйишди. Мулланамо масжидда унинг номига роса маломат ёғдирганини эшитди. У барига чидади, индамай дарсини ўтаверди.

Гоҳо у ҳайратга тушиб, диққати ошарди: кечагина президент мустақилликни эълон қилганида нима бўлаётганлигини тушунмай, мум тишлаб ўтирган манови охиратталаблар ва умуман бошқа ҳокимиятга ишқибоз ўйинчилар қаёқдан пайдо бўла қолишди ўзи? Миллатнинг ор-номуси, иймони, чинакамига топталган пайтларда қаёқда эди улар?

Яхшики, тез орада даъватчиларнинг кирдикорлари фош этилиб, кўплари қочиб қолишди. Ўзимиздаги гумашталари эса пинҳона турфа оқимлар туза бошладилар. Бироқ улар ёш мамлакат оёққа туриб олганини, ўз хавфсизлигини таъминлашга қодирлигини кейинроқ англаб етдилар. Унгача…

Мустақилликнинг ўн йиллиги арафасида уни мактаб директори этиб тайинлашди. Ана, энди унинг «қўли ечилди», орзулари қанот ёзди. Бир неча йил ичида мактаб қиёфасини буткул ўзгартириб юборди. Қўшимча бинолар, спорт заллари қурдирди. Бир неча синф­хоналарни компьютерлаштирди. Ўзи ҳам қурувчилар билан тенгма-тенг лой, ғишт ташиди. Хуллас, кечаю кундуз тиним билмай ишлади. Буёққа келишидан аввалроқ вилоят халқ таълими бошқармасига таклиф этишиб, туман халқ таълими бўлими мудирлиги лавозимига муносиб номзод эканлигини айтишди. Ўйлаб кўришга муҳлат сўради… Ўз хонасида, аввалги директорга савлат бахш этган ҳов ўша креслода ўтирволиб, анча ўйланди. Ахир, мудирликка ўтса, туман бўйича ишлаш, ватанга, халққа наф келтириш учун янада кенгроқ имкониятлар эшиги очилади-ку. Ниҳоят, бир қарорга келиб, таклифга рози эканлигини билдирди…

У пойтахтга отланаркан, бағри сим-сим эриб, одамларга бўлган меҳри зиёдалашаётганини ҳис этди. Адолат барқарор юртда меҳнат қилган инсон ахийри бир куни қадр топаркан. Бунинг яққол исботи — ўз тақдири. Ким эди, ким бўлди? Не кунларни кўрмади, ахир. Лекин ҳаммаси учун шукрона келтиради — ёруғ кунларга етди. Тошкентдан қайтиши билан қўшни қишлоққа янги мактаб қуриш учун ҳужжатларни тўғрилашга киришади.

Йўл-йўлакай аллақачон нафақага чиқиб, маҳалланинг обрўли оқсоқолига айланган қадрдони — математика муаллимининг олдига кириб, дуо олди.

— Мана, меҳнатларингизнинг ҳосилини кўряпсиз, иним, — деди кекса муаллим жилмайиб. — Балки кўплар бу гапни тушунмас, баландпарвоз, деб билар, бироқ сизнинг ватанпарварлигингизни кўпчиликка ибрат қилса арзийди.

— Қанақа ватанпарвар-эй, устоз, — ерга қаради у юзи қизариб. — Мен кўксимни ўққа тутмаган бўлсам.

Муаллим унинг содда ва камтарлигидан завқланди:

— Хўп, сиз ватанпарвар эмас, шунчаки ватанпарварсиз. — Сўнг елкасига қўлини қўйиб, деди: — юртбошимизга биздан салом айтинг!

Нуру зиёга йўғрилган саройнинг шифтларига тикилди: нақадар гўзал! Агар мустақиллик бўлмаса, ҳатто мана шу гўзаллик, бу муҳташам қаср ҳам бўлмасди — бу аниқ. Агар менга сўз бериб қолишса, нима дейман?..

Қалбида ширин орзиқиш жунбушга келди: тантана тугагач, ташқарига чиқади. Уни пойтахтнинг энг нуфузли ўқув юртларида ўқиётган ўғиллари кутиб туришибди. Улар билан яқингинада сотиб олган янги «Нексия» машинасига ўтиради-да, хотини билан қизига совға олиш учун бозорга жўнайди. Кейин эса юртига, қадрдон мактабига ошиқади.

Шу пайт ўзига қадалган ўткир нигоҳни ҳис этди. Ўгирилди. Президент унга майин жилмайганча боқиб турарди.

— Сиз ҳам бирон нарса денг! — деди юртбоши қалбга яқин ёқимли овозда.

Унинг юрак уриши тезлашди. Титраётган оёқларини базўр кўтариб, минбарга йўналди. Минбарнинг икки четидан тутиб, ўзини босиб олишга уринди. Бўғзи куйди, киприкларининг ости ачишди, бағри ийди. Бир амаллаб ютинди, сўнг беихтиёр томоқ қирди.

— Мен… Мен Ватанимни яхши кўраман! — Бу сўзларга қўшилиб, юраги, жони ҳам бўғзига келгандай туюлди. — Ватан учун яшайлик!..

Саройга лаҳзалик жимлик чўкди. Сўнг гулдурос қарсакларга тўлди…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг