ЯШАЯПМИЗ ЮРТДА ЭРКИН, ФАРОВОН

141

Ашурали БОЙМУРОД

АДИБЛАР ХИЁБОНИДА

Шеър тинглаб улғаяр шаҳар ва қишлоқ,
Назм майдонидир гўё азим Шош.
Эй, митти юлдузлар, келинг, яқинроқ,
Ўртада Навоий – боқий бир қуёш.

Бу гулшан шеър ила бўлибди кўркам,
Оҳанг нур таратар янги достондан.
Ёдда тут, азизим, ҳар лаҳза, ҳар дам
Қуёш нур оларкан Ўзбекистондан…

Бунда сўз мулкига қўйилмиш ҳайкал,
Устозлар руҳига қиламиз таъзим.
Бу майдон кўнгилга берилган сайқал,
Гўё ёниб турар оловли назм.

Шеър базми тугамас, тинглаган ғолиб,
Кўнгил сарҳадларин этгайдир обод.
Кеча хиёбондан катта завқ олиб
Мамнун чиқиб келар бахтли ёш авлод.

АЁЛ
Бу қандай жозиба, рангин жилолар,
Оламга кўрк бергай ҳусни зеболар,
Ўзингсан маъданим, ўзинг тиллолар,
Меҳрнинг конига маъдандир аёл,
Энг аввал онадир, Ватандир аёл.

Аёллар дафтари – меҳр дафтари,
Унга ёзилажак битиклар бари,
Санамлар сарвари, олам гавҳари,
Баҳордек юз очган чамандир аёл,
Энг аввал онадир, Ватандир аёл.

Учинчи Уйғониш завқин улашгай,
Талашса, болам деб ҳар кун талашгай,
Гўё Тўмарисдек ёниб курашгай,
Сўзи гул, ўзи гул-чамандир аёл,
Энг аввал онадир, Ватандир аёл.

Меҳр алифбосин ўргатгай ёниб,
Гўдаги ёнида, кетмагай тониб,
Яшайди бир-бирин меҳрига қониб,
Ширин сўз, бокира сухандир аёл,
Энг аввал онадир, Ватандир аёл.

Тадбиркор, миришкор, ҳар ишда ғолиб,
Муаллим ўзидир, мен унга толиб,
Яшайди бор ишни елкага олиб,
Гўё ловуллаган гулхандир аёл,
Энг аввал онадир, Ватандир аёл.

ШОИРНИНГ АЁЛИ
Рафиқам Манзурахонга
Сен қалбимга шеъриятни инъом этдинг,
Ҳисларимга завқни қўшиб илҳом этдинг,
Булбул бўлиб сайрамоққа имкон этдинг,
Ёзганларим ишқнинг ўжар хаёлидир,
Шоирни чин шоир қилган аёлидир.

 Бир нафасда ёзар бўлсам, нафасим сен,
Мен ўзимни банд этганда қафасим сен,
Умидларим, Зуҳроларим, ҳавасим сен,
Ҳамон ўша боқишларинг иболидир,
Шоирни чин шоир қилган аёлидир.

Таҳрир этдинг илк ўқувчим ўзинг бўлиб,
Тун – илҳомим, сенинг қаро кўзинг бўлиб,
Туғиларди шеърлар манзур сўзинг бўлиб,
Сенинг билан ҳар оқшомим зеболидир,
Шоирни чин шоир қилган аёлидир.

Қирқ йилдирки, инжиқлигим кўтаргайсан,
Ёнимдасан, ҳамон кўнглим ахтаргайсан,
Йўқотгайман, аммо уни сен топгайсан,
Букун ўғил-қизларинг ҳам зиёлидир,
Шоирни чин шоир қилган аёлидир.

Сен туфайли етдим сўзнинг манзурига,
Шеърим билан кирдим кўнгил ҳузурига,
Бирга етсак, дейман умр манзилига,
Ҳар бир оним, лаҳзаларим наволидир,
Шоирни чин шоир қилган аёлидир.

  ЎША МЕНМАН
Мен боримни бериб бўлдим,
Бир тоғ эдим эриб бўлдим,
Сўз дурларин териб бўлдим,
Сўзим чақмоқ, дил йиғлайди,
Дил қатида гул йиғлайди.

Оромингни бузганим рост,
Сени бевақт узганим рост,
Лек, ҳаммадан ўзганим рост,
Айт, нималар керак сенга,
Қолгани шу – юрак сенга!

Қалбим нотинч баҳор эди,
Томиримда ёрилгудай
Қонлар жўшиб оқар эди,
Чертдим тунда деразангни,
Олиб чиқдинг бор нарсангни…

Нима қилдик… ўзинг билдинг,
Муштдеккина юрагимни
Пора-пора қилиб тилдинг,
Вужудимдан қон сачради,
Таним бир ён, жон сачради.

 Меникидир ўша қирлар,
Қонга тўлган қизғалдоғим,
Сенинг бирла барча сирлар…
Ҳар баҳорда шундай бўлар,
Тоғ ёрилиб сойга қулар.

Қизғалдоғим, шошма энди,
Хазон бўлган ўша севгим
Юрагимда қайта унди.
Букун тупроқ билан тенгман,
Ўша севгинг — ўша менман!

БАҒРИНГГА СИҒМАДИМ, ОСМОН
 Учмоқ бўлдим баланд саҳнада,
Йўлим тўсди зирҳли совутлар,
Юлдузларга етган паллада
Ҳайдаб солди қора булутлар.
Ўз еримга шўнғидим осон,
Кенг бағрингга сиғмадим, осмон!

 Сенинг бўстон, чаманларингда,
Ҳақни излаб тутгандим қалам.
Борим юлиб олганларингда,
Ич-ичимда қолганди алам.
Сўз айтмоққа бермадинг имкон,
Кенг бағрингга сиғмадим, осмон!

Чақмоғингда куйдирдинг гоҳо,
Не савдолар солдинг бошимга,
Жонимдан ҳам тўйдирдинг гоҳо,
Ойлар гувоҳ тўккан ёшимга…
Қувонч топмай кезганча сарсон,
Кенг бағрингга сиғмадим, осмон!

Осмон, бағринг тормиди наҳот?!
Чақмоғингдан кўзлар қамашди.
Ўз юлдузин тополмай ҳайхот,
Бу кенгликда кўплар адашди.
Қилолмадинг бир бора меҳмон,
Кенг бағрингга сиғмадим, осмон!

– Не қиласан осмон тоғида,
Дилинг айлаб сен мотамсаро?
– Ўз ичимга сиғмай гоҳида
Учганим рост чексизлик аро…
Кутмагайман мен сендан эҳсон
Кенг бағрингга сиғмадим, осмон!

Қўл силтадим сўнгра бепарво,
Тўлиб кетди ҳасрат достони.
Энди кўкка қилмасман даъво,
Чарақлайди кўнглим осмони.
Энг аввало, ўзимни енгиб,
Кенг самога кетгайман сингиб…

ШОИРНИНГ УМРИ
Чақмоқдан яралгай митти юлдузлар,
Умрнинг кўлами чақмоққа қиёс.
Ҳайратни бир лаҳза кўраркан кўзлар,
Армонлар юракда қоларкан, холос.

Шунчалар қисқадир одамнинг умри,
Лаҳзалар ичинда ёнишим керак.
“Чақмоқдай яшай бил!” Юракнинг амри,
Ёнишга улгуриб қолишим керак!

Бир лаҳза кўксини айлади осмон,
Чақмоқдек отилди юрагин узиб,
Пушкин ва Есенин, Лермонтов, Чўлпон,
Усмон Носирлару Муҳаммад Юсуф.
Ўзи исинмади, иситди элни,

Катта йўл очилди йўлакчасида.
Шеър ила овутди севишган дилни,
Дунёни уйғотди юракчасида…

ЎТТИЗ ЁШЛИ АВЛОДГА
Шижоатинг нақадар тездир,
Биз сен билан, дунёни кездир.
Меҳр надир, юракка чиздир,
Ўттиз ёшли навқирон авлод,
Босган изинг нурафшон, обод.

 Қўлин чўзар жануб ва шимол,
Парвонадир бошингда ҳилол,
Ҳар бир кунинг ҳикмат, эҳтимол,
Ўттиз ёшли навқирон авлод,
Сен ўқдан ҳам илдамроқ, ҳайҳот!

Энди ортга қайтмайди бу эл,
Тош кемириб, симиради сел,
Мард бўлсанг, дўст, шу майдонга кел,
Учинчи бор уйғонган авлод,
Курашмоқдан йўқ ўзга нажот.

Боболарга муносиб ворис,
Мақсад аниқ, йўл эса олис,
Алпомишлар, бири Тўмарис,
Ўттиз ёшли навқирон авлод,
Қудрат сенда, сендадир сабот.

Жаннат кўрдим букун чўлингда,
Еру осмон сенинг қўлингда,
Улуғ мақсад турар йўлингда,
Ўттиз ёшли навқирон авлод,
Қалби қайноқ, сўнмас бир ижод.

Ҳар бир гўшанг обод, чароғон,
Олам ичра янги бир жаҳон,
Яшагаймиз эркин, фаровон,
Ўттиз ёшли навқирон авлод,
Қутлуғ сенга, гўзал, ҳур ҳаёт!

 НАЖОТ

Нажот нимадир, айтгил, азизим,
Тақдир елкамизга ортган ижодни,
Нажот топгандайман ўзимга ўзим,
Ёлғиз муҳаббатдан топдим нажотни.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг