НАВОИЙНИНГ СЎЗЛАРИ

325

Тилшунос олимимиз Бердак Юсуф беш жилдлик “Навоий тили луғати”ни тайёрлаб, унинг биринчи жилдини чоп эттирди (“Шарқ” НМАК, 2018). Шу кунларда нашриёт унинг иккинчи китобини ҳам босиб чиқаришга шай турибди. Ушбу луғатда Навоий қўллаган биронта ҳам сўз тушиб қолмаслигига алоҳида эътибор берилган.

“Навоий тили луғати”нинг дунёга келиши – илмий, адабий ҳаётимизда катта воқеа. Чунки ҳозирга қадар Навоий асарларининг тили юзасидан беш жилдлик улкан изоҳли луғат тузилган эмас эди. Ана энди шу буюк ижод кўламига ярашиғли, муносиб иш рўёбга чиқди, деб айтсак бўлади. Албатта, уни тайёрлашда аввалги луғатлар тажрибаси Бердак Юсуфга қўл келган, маълум маънода, уларга танқидий ёндашув ҳам бу улкан лексикографик асарнинг юзага келишига омил бўлган.

Аслида, Алишер Навоий асарларига изоҳли луғат тузиш шоирнинг кўзи тирик пайтидаёқ бош­ланган. Толе Ҳиравийнинг 1500 йилдаги “Бадое ул-луғат”и, кейинги асрларда тартиб берилган “Луғати Навоий”, “Абушқа”, “Санглоҳ” каби ўнлаб луғатлар бор. Улар турли даврларда китобхонларни Навоий асарларининг мазмунини тўлароқ англашларига кўмаклашиб келган. ХХ аср ўрталаридан бу анъана яна тикланди. Порсо Шамсиев билан Собиржон Иброҳимов тузган “Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат” (1953), шу муаллифларнинг “Навоий асарлари луғати” (1972), Э.Фозилов раҳбарлигида тузилган 4 жилд­лик “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” (1983-1985) каби ўнга яқин луғатни мисол келтириш мумкин. Шу маънода, Бердак Юсуф луғатини Навоий лексиконини талқин қилишдаги ўзига хос бир сарҳисоб, десак бўлади.

Муаллиф “Кириш сўзи”да ушбу луғатнинг аввалгиларидан қандай принципиал фарқи борлигини ўн тўрт бандда тушунтириб ўтади. Чунончи, ҳар бир бош сўз қайси тилдан кириб келгани, унинг эски ўзбек ёзувидаги шакли, сўнг лотин ёзувидаги транскрипцияси берилган. “Алишер ­Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”да ҳам, ундан олдингиларида ҳам сўзларнинг сўз бирикмасидан фарқланмагани, “айт” ва “айтмоқ” сингари юзлаб сўз шаклларини такрорлаш орқали луғатнинг ҳажми орттирилгани, сўзнинг бош маъноси ва кўчма маъноси ажратилмагани ва, энг муҳими – уларда Навоий асарларида учраган барча сўзлар қамраб олинмагани қайд этиб ўтилган.

Ўзбек тили туркий тиллар орасида энг бой тил тил, Навоий эса нафақат ўзбек, балки барча турк улусининг энг улуғ сўз устаси. Бундан, “Навоий тили луғати”ни тузиш қанчалик шарафли иш бўлса, шу қадар машаққатли, масъулиятли юмуш экани аён бўлади.

Бердак Юсуф бу улкан ишида Алишер Навоий асарларининг тили изоҳига оид йигирмага яқин луғатдан фойдаланган, албатта. Бироқ буни шунчаки “фойдаланиш” эмас, балки уларнинг ҳар бирини синчиклаб тадқиқ этиб, нуқсонларини аниқлаб, ютуқларини бу янги луғатга ҳам татбиқ этишдан иборат машаққатли меҳнат натижаси, десак тўғрироқ бўлади.

Шу луғат тугал босилиб чиққач, ўзбек тилшунослигида, навоийшуносликда то ҳануз ечилмай турган бир масала: Навоий асарларида қанча сўз ишлатган, деган жумбоқ ҳам ўз-ўзидан ҳал этилади.

Чунки ҳозирда бу саволга бир-биридан жуда катта фарқ қиладиган икки хил жавобни учратамиз. Етмишинчи йилларда тилшунос Баҳром Бафоев махсус шуғулланиб, “Алишер Навоий асарларида 26 мингга яқин сўз қўллаган”, деган хулосага келган ва бу маълумот кўп жойларда айтиб келинар эди. Аммо яқиндан бери бошқа бир хабар ҳам адабий доираларда бот-бот тилга олинадиган бўлиб қолди.

“Қачонгача 80 минг сўз атрофида айланиб юрамиз? – деб ёзади Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Лола Ўроқова “Мукаммал изоҳли луғат эҳтиёжи” деган мақоласида. – Қачон ўзбек тилининг мукаммал изоҳли луғати чиқади? Ҳолбуки, Алишер Навоий бобомиз ўз асарларида бир миллиондан ортиқ сўз ишлатгани ҳақида ёзишган. Бу сўзларнинг аксарияти араб, форс, урду, хитой, мўғул сўзлари бўлганда ҳам миллион рақамининг ўзи Навоий ижоди, қолаверса, туркий тилнинг қуд­ратига тутилган кўзгудир (“Ўзбекистон адабиё­ти ва санъати”, 2020 йил, 6 ноябрь).

Бир миллион сўз дегани – йигирма олти минг сўздан қирқ баравар(!) кўп. Айримлар эса “Навоий бир миллион уч юз минг сўз қўллаган”, деб ҳам ёзишяпти. Аммо бизга бу фидойилар шоир асарларини қачон тўлиқ ўқиб чиққанию шунча сўз қўллаганини қандай аниқлашгани шубҳали туюлади. Зеро 1 миллион 300 мингта сўзни топиш уёқда турсин, 1 дан 1 300 000 гача бир лаҳза ҳам тўхтамай санаб чиқишнинг ўзига икки ой – олтмиш кун керак. Афтидан, бир миллион деганда Навоийнинг асарларида жами нечта сўз борлигини (минглаб сўзлар юзлаб марта так­рорланса-да) кўзда тутишади, шекилли.

“Навоий тили луғати”нинг биринчи жилдида “А”дан “Д” охиригача, яъни “а”, “б”, “в”, “г”, “д” товушлари билан бошланадиган жами 4730 та сўз изоҳланган. Буёғи – оддий арифметика амали: ана шу сонни кейинги тўрт жилдга кўпайтирсангиз, камида 24 мингта сўз келиб чиқади. Ва, албатта, эндиги жилдлардан ўрин олажак “М” ва “Т” каби товуш билан бошланадиган арабча сўзлар шоир асарларида бисёр эканини назарда тутсак, Навоий асарларининг лексикони янада ошиб, бояги 25-26 минг атрофида бўлиши ойдинлашади. Ҳар ҳолда, бу беш жилдлик луғат тўлиқ босилиб чиққач, Алишер Навоий асарларида нечта сўз қўллагани аниқ-тиниқ маълум бўлади.

Бу масалага тўхталаётганимизнинг боиси шуки, ҳар гал тил байрамида ёки Навоийнинг таваллуд кунларида “Ҳазрат 26 минг (ёки – бир миллион) сўз қўллаган, Пушкинда эса 21197 та сўз бор, бош­қаларники эса шунга ҳам етмайди”, деган иддаолар айтилади. Тўғри, шоир ижодида сўз бойлиги муҳим, аммо лексиконнинг ўзи улуғликнинг энг муҳим белгиси ё мезони эмас. Назарий жиҳатдан, қайсидир бир адиб беш-олти мингта сўз қўллаб ҳам жуда юксак даражага эришиши мумкин. Буни далиллашга яна Навоийнинг ўзи ёрдамга келади. Унинг ўспирин чоғида битган ғазали матлаини қаранг:

Оразин ёпқач кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш.

Бу ғазалнинг Лутфий томонидан қандай кўтаринки кутиб олингани ва олқишлангани маълум. Ҳолбуки, бу пайтда ёш Алишер Навоий ижодида жуда кўп сўз қўллаб улгурган ­эмасди-ку?

Ижодкорнинг тил бойлиги неча минг сўз ишлатганига қарабгина эмас, шу билан бирга, ҳар бир калиманинг маъно ва услубий товланишларидан қанчалик усталик билан фойдаланишида ҳам кўринади. Туркий тилларнинг энг улуғ билимдони Навоий асарлари бу фазилат билан бениҳоя музайян:

Ўқ эдинг, эй тонгки, оттинг жонима вуслат туни,

Бу жиҳатдин ёрума дермен сени ҳар субҳдам.

(Эй тонг, сен бир ўқсанки, висол тунида жонимга қараб отдинг, шу сабабли ҳам, сен ҳақда ҳар субҳидамда, ёрума, деб айтаман).

Тилимиздаги “тонг отди” деган турғун бирикмани шоир сўз ўйини ясаш учун таркибан ажратади (тонг бир нимани отди, қаёққа қаратиб отди). Ошиқнинг муддаоси – висол тунининг тугамаслиги. Тонг эса уни шундан мосуво этади, шоирона таъбирга кўра, ошиқнинг жонига ўқ отади.

Навоийда кўпинча бир сўз икки-уч маънода – тажнис бўлиб келади. Шу байтдаги “ёрума” калимаси “Эй тонг, ёришма” ҳамда “Ҳар тонг ёримга сендан шикоят қиламан”, деган иккита маънони англатади.

Муаллиф “Навоий тили луғати”ни аввалги ҳеч бир луғатларда дарж этилмаган “Аазз” калимасини шарҳлашдан бошлайди ва бу улуғ сўз сеҳргарининг афсунларини ҳаддул имкон кашф этишни мақсад қилиб, ҳар бир сўзнинг бош маъносидан бошқа талай маъноларини ҳам кенг очиб беришга ҳаракат қилади, уларнинг кўчма маънолари ҳисобини ҳам оширади.

Ушбу беш жилдликнинг аввалги шундай лексикографик асарлардан афзал жиҳатлари нимада? Албатта, бунга уларни батафсил ўзаро қиёслаш орқали жавоб топиш мумкин, холос. Аммо беш юз бетлик бу китоб фазилатларини бир бошдан дарж этмоқ учун камида унинг ярмича келадиган яна бир китоб ёзишга тўғри  келади. Шунинг учун ҳам унинг биргина бетини бундан аввал чоп этилган сўнгги йирик луғат – “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” (4 жилдлик)даги ўша ўринга таққослаш ҳам етарли деб, “Афсона”дан “Афсун”га қадар бўлган тўққизта бош сўз изоҳини ўзаро қиёсладик. Зеро, Навоий бир байтида шу икки сўзни тилга олиб, ёзган экан:

Дайр пири озу нофиъ нукта дер воиз, не суд,

Гар даме афсона айтур, лаҳзае афсун этар.

“Афсона” ва “Афсун”, улар орасидаги “Афсонаваш”, “Афсонагузор”, “Афсоналиғ”, “Афсонапардоз”, “Афсонасанж”, “Афсонасарой”, “Афсор” сўзларини икки луғатдан солиштириб кўрдим. “Афсона”, кўплар тушунгандай, 1.“авлоддан-авлодга ўтиб келадиган тўқима, ҳикоя, ривоят” бўлибгина қолмай, яна тўрт маъно товланишларига эга экани (2. ”достон”; 3. “оғизга тушган, достон бўлган”; 4. “тўқима, уйдирма”; 5. “бемаъни”) шоир асарларидан мисоллар келтириб далилланган (аввалги луғатда 5-банддаги маъно дарж этилмаган). Қолаверса, ушбу луғатда сўзнинг нечта маъноси ва кўчма маънолари бўйича мисолларнинг ҳеч бири тўрт жилдлик луғатни так­рор­ламайди – аксари янги топилган ёки тўлдириб берилган. Бу эса ҳар бир сўзга ўртача тўрт мисол келтирилган бўлса, юз минг атрофида янги иллюстрация дегани. Чунончи, “Афсоналиғ” сўзи тўрт жилдликда “машҳурлик; афсоналик; кўп сўз, гап айтиш­лик”, деб изоҳланиб,

Гар анжуманни деса муриду мутиъ этай,

Кўп нуктау фасонада афсоналиғ керак —

деган байт ҳавола этилган бўлса, Бердак Юсуф луғатида бу калимага қуйидагича изоҳ берилган:

  1. машҳурлик:

Ушбу бўлур ғайрату мардоналиғ,

Рашку ҳамият била афсоналиғ —

  1. овозалик:

Мен сўзи кавн аҳлиға афсоналиғ қилған қари,

Сен кўзи Кашмир элиға ўргатур афсун йигит.

Яъни, аввалги луғатда икки маъно аралаштириб юборилган бўлса, кейингисида ажратилиб, ҳар бирига мувофиқ мисоллар илова қилинган. Зотан, “машҳурлик; афсоналик” бир бошқа, “кўп сўз, гап айтиш” эса унга алоқаси бўлмаган яна бошқа тушунча.

Энди “Афсонасанж”га келайлик. Тўрт жилд­лик луғатда у “сўзга назар солувчи, танқидий ва ибратли назар билан тингловчи”, деб тушунтирилган. Бердак Юсуф эса “афсона айтувчи” деб бунинг аксини тақдим этади. Кўрамизки, талқинлар бир-бирига зид: тўрт жилдликда “тингловчи” дейилса, беш жилдликда “айтувчи” деб талқин қилинади. Ҳолбуки, тўрт жилдликдаги талқин хато эканлигига ўша китобнинг ўзида далил бор. Унинг бошқа ўрнида “Нуктасанж – латофатли гап сўзлаш, синчиклаб-танлаб сўзлайдиган” деган талқин берилганки, бу “афсонасанж” изоҳи янглиш эканини кўрсатади.

Мен тўрт жилдлик луғатдаги ички алифбо бузилишлари бу гал тартибга солингани, имло хатолари тузатилгани каби яна бир талай мақбул ишларни айтиб ўтирмай. Бир нарса аниқки, улкан бир иш рўёбга чиқяпти – миллат қуёши ҳазрат Алишер Навоийнинг муборак тили такаллум этган, муборак қалами рақам қилган сўзлар бирма-бир, батафсил шарҳланяпти. Бу эса, нафақат улуғ шоир асарларини тўлиқроқ тушунишга кўмаклашади, балки ўқувчиларни Навоий маънавий оламининг янада ичкарироқларига олиб киришга, халқимизнинг маърифатини юксалтиришга омил бўлади.

Албатта, ушбу беш жилдлик изоҳли луғатда ҳам жилла ўтиришмаган ҳолатлар йўқ эмас. Навоийнинг тарихий ва илмий асарларидаги киши исмлари ҳам алифбо тартибида турдош от бўлган сўз-тушунчалар қаторида берилибди. Масалан, боқа (кўра); Боқибек (шахс номи); боқий (абадий); боқийлиғ (мангулик); Боқир (шахс номи); боқиш (қараш)… каби. Қай бир ажнабий луғатларда шундай тартибот жорийдир, бироқ “киши исми ҳам сўз-ку”, деган принцип бизда тасдиқ топиб, маъқул бўлармикин?

Луғатнинг 66-саҳифасида “Аллоҳ” сўзи изоҳланган. Дуруст, бироқ “О” ҳарфи келган чоғда “Оллоҳ” деб ҳам шарҳланадими, деган фикр ҳам йўқ эмас, негаки, шоир асарларида бу шакл ҳам кўп қўлланган. Навоийнинг гоҳ Оллоҳ, гоҳ Аллоҳ деб ёзмагани аниқ, шундай экан, айни луғатда ва шу баҳона, умуман ўзбек имлосида араб сўзларини қандай акс эттириш бўйича бир мақбул тўхтамга келиш жуда долзарб бўлиб қолди. Ҳозир ҳатто киши исмлари ҳам Абдулла-Абдуллоҳ, Али-Алий тарзида олақуроқ бўлиб кетаётир. Дин-дийн, масала-масъала, ақида-ақийда каби юзлаб шакллар икки хилда ёзилаётир. Бу ҳол саводсизликка олиб келиши, ва ниҳоят, луғатлардан фойдаланишда ҳам мушкуллик туғдириши турган гап.

Яна бир истак – изоҳли луғатда бир сўз ўша сўзнинг ўзи билан, чунончи, арафа – арафа; виқор – виқор; бурун – бурун… тарзида  тушунтирилмасдан, бошқа синоним сўзлар орқали талқин этилгани маъқул.

“Қомус” деган сўз арабча, “луғат”нинг синоними. Аммо бизда унинг маъноси сал ўзгарган, энциклопедия деб тушунилади. Бу ҳам тил бо­йи­шининг бир йўли-да. Мен ушбу беш жилд­ликнинг энди босилиб чиққан биринчи китоби билан танишиб чиқиб, уни “Навоий тили луғати”гина эмас, балки Навоий тили қомуси бўлибди, дегим келди. Баҳарҳол, навоийшунос олимлар, атоқли лексикографларимиз бор, тугал баҳони улар беришади.

Луғат тузиш – энг оғир, ўта машаққатли, ҳатто бир неча чақирим ер остидаги конда ишлашдан ҳам азобли меҳнат, деб тан олинган. Бир умр шу иш билан шуғулланиб келаётган, анчагина туркий тилли луғатларни нашр эттириб, турк-ўзбек луғатшунослигининг етакчисига айланган, ҳозир ҳам ўзи бир умр ишлаган Тил, адабиёт ва фольклор инс­титутининг катта илмий ходими деган камтаргина лавозимда хизмат қилиб келаётган Бердак Юсуфга ушбу пурсалобат, мағзи тўқ луғатнинг кейинги жилд­ларини ҳам юксак савия билан тайёрлаб, тез орада нашр эттиришида куч-қувват, матонат тилаймиз.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ,
филология фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг