ЧИРОЙ ОЧГАН ҚИШЛОҚЛАР

130

Президентимиз ташаббуси билан  “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари илк бор 2018 йилда Жиззах вилоятида татбиқ этилиб, Дўстлик туманидаги “Манас” қишлоғи ҳамда Мирзачўл тумани маркази қисқа муддатда кўркам масканларга айланганда ҳамманинг нигоҳи шу томон қаратилган эди. Ушбу қарашларда ҳавас ва ҳайрат мужассам эди. Кейинроқ, ҳайратлар ғайратга эврилиб, ушбу ташаббус юртимизнинг бошқа энг чекка ҳудудларига қадар ёйилди. Юзлаб қишлоқлар обод бўлди. Бу жараёнда Жиззах воҳасида орттирилган тажриба жуда-жуда асқотгани бор гап.

Улуғ мақсадни кўзлаб

Маҳмуд Холбўтаев шу кезларда Мирзачўл тумани ҳокими эди. У бугун  Шароф Рашидов тумани раҳбари. Ўша даврда орттирилган катта тажриба энди бошқа бир туманда қўл келмоқда.

– Қишлоғимизнинг обод манзилга айланаётганидан  хурсандмиз. Аввал обод бўлаётган қишлоқлар ҳақида эшитиб, телевизорда кўриб,  ҳавасимиз келарди, бизда ҳам шундай бўлармикан, дея орзу қилардик, – дейди Равот қиш­лоқ фуқаролар йиғини таркибидаги “Нонисангил” МФЙ раиси Иброҳим Мамарасулов. – Шукрки, улкан ўзгаришлар шукуҳи бугун бизнинг маҳалламизда ҳам ҳукм сурмоқда. Ўзимиз ҳам шундай хайрли ишларда иштирок этаётганимиздан фахрланиб юрибмиз.

Дарҳақиқат, ўзгаришларга бош-қош бўлаётган туман ҳокимини ҳали  ёшлар орасида – яқин дўстдай, уларнинг орзулари билан ўртоқлашаётган, ҳали аёлларнинг бирига ака, бирига ука бўлиб дарду ташвишларини тинглаётган, кексаларга  елкасини тутаётган, эҳтиёж­манд болажонларнинг дардига шерик  бўлаётган, туну кун халқ ташвиши билан яшаб, муаммоларга ечим қидираётганига гувоҳ бўласиз.

– Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга ошаётган барча ислоҳотлар инсон манфаатини кўзлайди, – дейди Маҳмуд Холбўтаев. – “Обод қишлоқ” дастури замирида  ҳам, шубҳасиз, ана шу улуғ мақсад мужассам. Мен бу борада Юртбошимиз топшириғини бажараётганимдан фахрланаман.

Шароф Рашидов туманининг жорий йилги “Обод қишлоқ” дастурига “Нонисангил” маҳалласи киритилган. Туман ҳокими ташаббуси билан қўшни “Умар” маҳалласи ҳам қўшимча равишда, орттирилган маблағлар ҳисобидан ободонлаштирилмоқда.

Зеро, Жиззах – Зомин автойўли ана шу маҳаллаларни кесиб ўтади, ушбу ҳудудда йўлнинг торлиги, ўнқир-чўнқир ва таъмирга муҳтожлиги ноқулайликларга  сабаб бўларди. Бугун бу йўлнинг тўрт чақирим узунликдаги қисми кенгайтирилиб, асфальт ётқизилди. Автомашиналар ва пиёдаларнинг бехавотир ҳаракатланиши учун шарт-шароит яратилди. Икки томонига бетон ариқлар ўрнатилиб, пиё­далар йўлаклари қурилди. Уватларда мевали ва манзарали дарахтлар, анвойи гуллар яшнаб турибди. Ҳудуддаги 300та уй ҳам мукаммал таъмирланиб, кўркам тусга кирган. “Янги Равот” деб ном олган кўча аҳли тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлмоқда. Бундан ташқари, маҳалла ҳудудидаги мактаб, масжид,  қиш­лоқ қабристонига олиб борадиган ички йўллар ҳам равон, текис ҳолга келтирилди.

Қишлоғимни танимай қолдим

– Саломатлигимни тиклаш учун бир муддат Тошкент шаҳрида бўлдим, – дей­ди равотлик уста дурадгор Тошбой Урдушев. – Соғайгач, уйгача таксида қайт­дим. Йўлда бироз мизғиб қолибман. Бир пайти ҳайдовчи: “Амаки, қиш­лоққа кириб келдик, энди уйингиз қаердалигини айтинг”, деб қолди. Бундай қараб, кўзимга ишонмадим: асфальтланган кенг кўча,  рангдор уйлар, йўл чети гулзор.

– Ҳой, болам, сен мени қаёққа олиб келдинг, адашмадингми? – дедим ярим ҳазил, ярим чин.

– Амаки, сиз Равотга олиб бор дедингиз, мана, Равотга олиб келдим, – дейди ҳайдовчи жилмайиб.

Ҳа, бу ўзимизнинг Равот  эди. Касалхонада қисқа бир  муддат даволанган пайтимда  шунча ўзгариш! Қишлоқ аҳлига шундай шароитлар яратиб бераётган Президентимизга минг раҳмат! – дей­ди Тошбой уста.

Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази Равотнинг “Нонисангил” маҳалласида истиқомат қилаётган бир гуруҳ хотин-қизлар ҳамда 10 нафар ёшни ободончилик ишларига жалб қилиб, уларни вақтинча иш билан  таъминлади. Юсуф Абдураҳмонов ана шу ёшлардан бири. У “Обод қишлоқ”  дастури доирасида амалга оширилаётган ишларда фаол иштирок этиб, ҳам хайрли ишга  ўз ҳиссасини қўшди, ҳам рўзғори учун маблағ ишлаб топди.

Ташаббуснинг қаноти бор

Президентимиз ташаббуси билан 2018 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ҳаётга татбиқ этилиши кўплаб ҳамюртларимизнинг турмуш шароити яхшиланишига, муаммолари ечим топишига замин бўлди.

Бугунги кунда кўплаб ёшларда ҳам ташаббуслар туғилмоқда, бу ташаббус­ларда оддий инсонлар, эл манфаати ўз аксини топаётир. Шароф Рашидов туманида ҳам ана шундай хайрли ташаббус­лардан бири туғилди.

– Равот қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги мактаблар ҳолатини  ўрганиб юрганимизда, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Дурбек Носиров, – туманимиз ҳокими: “Ўқитувчилар ўртасида бир танлов ташкил қилмаймизми?” деб қолди. “Туманимизда  педагог-ўқитувчилар сони уч ярим минг нафардан зиёд, –деди Маҳмуд Парсаматович. – Бу  ҳар бир кўчада камида тўрт-беш нафар ўқитувчи  яшайди, дегани. Уй-жой, кўча ва томорқаларни обод қилишни қишлоқлардаги ана шу энг йирик зиёлилар қатламига ишониб топширсак, қандай бўларкин?”

Бу таклиф устозлар томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада ўқитувчилар ўртасидаги “Хонадоним кўркам – маҳаллам обод!” танлови ташкил этилди.  Танлов шартига кўра, иштирокчининг уй-жойи, ҳовлисию томорқаси озода, шинам, кўкаламзор бўлиши керак. Туман ҳокимининг ўзи шахсан бош бўлган ишчи гуруҳ педагоглар хонадонларидаги ҳолатни ўрганишни бошлади. Бу устозларни янада ғайратли бўлишга ундади.

Энг муҳими, Равот қишлоғида бош­ланган ҳаракат туманга ёйилди. Энди нафақат ўқитувчилар, балки уларнинг қўни-қўшнилари, яқинлари ҳам ободонлаштириш ишларига эътибор қарата бошлашди.  Қўли калта, эҳтиёжманд оилаларга туман ташкилот ва муассасалар жамоалари  кўмакка келишди. “Ҳашар – элга ярашар” нақли тасдиғини топди.

Равотнинголтин тарвузлари

Шоҳ ва шоир Бобурнинг “Бобурнома” асарида номи қайд қилиб ўтилган Равот таркибида бешта маҳалла бор. Уларда қарийб 24 минг киши истиқомат қилмоқда. Тоғ этагида жойлашган бу қиш­лоқлар аҳли  сел тошқинидан кўп азият чеккан,  табиий офатдан юрагини ҳовучлаб қолишганди.

– 2012 йили Маҳмуд Холбўтаев туманимизга ҳоким этиб тайинлангач ана шу муаммо ҳал бўлди, – дейди “Нонисангил” маҳалласи  раиси Иброҳим Мамарасулов. – Ўзлари 12 чақирим узунликдаги  канал қазилишига бош бўлди. Бугун тоғлардан келадиган сел ана шу каналга оқиб тушади ва Жиззах сув омбори томон йўл олади. Табиий офат қиш­лоқларимизни четлаб ўтадиган бўлди.

Жорий йил кўкламининг илк кунларида Равот қишлоғида “Ёшлар дафтари”га кирган  80 нафар ишсиз йигит-қизга бир гектардан ер ажратиб берилди. Далага электр симлари тортилди, артезиан қудуқлари ковланиб, ёшлар уруғ, ўғит, ҳатто кетмону белкурак билан таъминланди. Меҳнат қилиш учун барча шарт-шароит­лар яратилгач, ёшлар яхши ният билан тарвуз уруғи экишди.  Уруғ ҳам эртаклардаги олтин тарвузнинг уруғи эканми, шунақанги ҳосил бердики, асти қўяверасиз.

– Укаларим билан 2 гектар ерга тарвуз экдик, – дейди ёшлардан яна бири Ҳусниддин Тошбеков. – Ҳозиргача  илк  ҳосилдан 50 миллион  сўм даромад олдик. Яна уч марта тарвуз узамиз. Фойдани ўзингиз ҳисоблайверинг!

Бундан атиги саккиз ой аввал ишсиз юрган  Жасур Саидвалиев 22 тонна тарвузни Белорусга экспорт қилди. Равотлик навқирон соҳибкор энди Қозоғистон ва Россия бозорларини кўзлаб турибди. Ҳамкорлар топиш борасидаги ишларни яна ўша, туман ҳокими Маҳмуд Холбўтаев ўз зиммасига олмоқда…

Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими раҳбари

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг