КЕЛАЖАК СИЗЛАРГА БЎЛСИН, ЁШЛАР!

126

Жаннатмакон ўлкамизда, эртанги кунимиз таянчи ва суянчи, Ватанимизнинг келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир ёшлар етишиб келмоқда. Замонавий билимларни пухта эгаллаган, мус­тақил фикрлайдиган, ўз туғилиб ўсган юртини асраб-авайлайдиган ёшлар Ватанимиз таянчи! Одам боласининг қайси тупроққа киндик қони тўкилган бўлса, шу муқаддас замин унга ота макон, она юрт ҳисобланади. Бугунги ёшларимиз миллатни севиши учун унинг буюк тарихини яхши билишлари керак.

Бизнинг заминда эрамиздан 2700 йил илгари илк давлатчилик тарихи бошланган. Бундай мақомга эга давлатлар сирасига ҳозирги Хитой, Ҳиндистон, Миср, Ироқ, Сурия, Эрон, Япония, Юнонистон, Италияни киритиш мумкин. Қадимги дунё тарихчиларидан юнонистонлик Ҳеродот Амударё ва унинг ирмоқлари ҳақида маълумот беради. “Авесто”нинг қадимги Хоразмда пайдо бўлгани ҳам тасодиф эмас.

Юртимизнинг сунъий суғориш тизими тарихи ҳам деярли уч минг йилга тенг. Ўша даврда ҳам экинларни суғориш талаб қилинган. Бошқача айтганда, ўттиз аср олдин ғалла, шоли, кунжут, пахта, узум, қовун ва бошқа маҳсулотларни етиштириш маданиятини йўлга қўйган ўзбек деҳқонлари, энди бу ишларни кенг кўламда сунъий суғориш тизими асосида тараққий эттира бошлаганлар. Миллатимиз улуғлиги, авлодларимизнинг дунёдаги обрўси, тутган ўрни, мавқеи ҳақида ҳар қанча гапирсак ҳам тугамайди.

Бундан 240 йил илгари асос солинган Лондондаги Буюк Британия музейида алоҳида эътиборни тортадиган бир харита бор. Буюк Амир Темур бобомизнинг қадами дунёнинг қаерига етиб борган бўлса, чиройли рангларда чизиб кўрсатилган. Музейга Амир Темурнинг набираси Мирзо Улуғбекка Хитой императори совға қилган ноёб қимматбаҳо нефритдан ишланган гулоб ичадиган идиш ва яна бошқа нодир совғалар ҳам қўйилган. Камолиддин Беҳзоднинг дунё­га машҳур миниатюра асарлари ҳам шу музейни безаб турибди.

Ўн тўққизинчи асрнинг саксонинчи йилларида инглизлар Амударёга яқин жойда юздан ортиқ тилладан ишланган буюмларни топишган. Тўрт от қўшилган, иккита одам бошқариб кетаётган, соф олтиндан ишланган арава ҳам шу музейда сақланади.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг авлодлари даврида ишланган (Акбаршоҳга тегишли) дастаси садафдан, қолган қисми соф тиллодан ишланган ҳайбатли қилич Бобурийлар салтанати улуғлигидан далолат беради. Музейни бир-бир кузатар эканман, аждодларимиз яратган осори-атиқаларни кўриб қалбим ғурурга тўлади. Кўнгилда аллақандай ҳаяжон пайдо бўлади. Ўйладим… буларнинг барини бутун дунё одамлари кўриб, хулосалар қилишяпти. Бизнинг аждодларимиз — миллатимиз улуғлигини ҳис қилишяпти!

Минг афсуски, Чор ҳукумати, ке­йин­ча­лик, совет ҳукумати миллатимизнинг энг истеъдодли фарзандларини аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди. Ўттизинчи йилларда танани кесиб кетгувчи изғирин шамоллар эсди. Совуқ шарпалар ижодкорлар кетидан қувиб юрди. Абдулҳамид Чўлпон айтганидай:

Ҳасратим кўп элга айтолмайман,
Армоним кўп дилда сақлай олмайман.

Ва ниҳоят 1991 йил… Мамлакатимизда 130 йиллик мустабид тузум тугаб, истиқлолга эришилди. Ўтган ўттиз йил катта воқеа-ҳодисаларга бой йиллар бўлди. Мустақилликнинг илк кунларида туғилган чақалоқлар бугун ўттиз ёшда. Улар мустақилликдан аввал туғилган инсонлардан тубдан фарқ қилади. Улар мана шу Ватаннинг ҳақиқий эгалари, улар бугун сиёсатда зукко сиёсатчи, илмда кашфиётчи олим, спортда эса энг кучли спортчи десак хато қилмаймиз.

— Ҳеч қаерда Ўзбекистондагидек ақл-заковатли, зеҳни ўткир, изланувчан ёшларни кўрганимиз йўқ, — дейди кореялик ишбилармонлар. — Ўзбек ёшларининг ҳар қандай мураккаб жараён ва технологияларни тез ўзлаштириб олиши бизнинг руҳиятимизни кўтарди.

Ўзбекистонимиз байроғини дунё­нинг энг юксакликларигача олиб чиқадиган, жаннатмакон ўлкамиз қадр-­қимматини, одамларимизнинг фаро­вон ҳаётини ўйлайдиган, ўз юртининг меҳнаткаш инсонлари билан биргаликда ҳамқадам, ҳамфикр бўлиб, дадил қадамлар ила олға қараб бораётган қанчадан-қанча инсонларимиз бор.

Шунинг учун ҳам ёшларимизнинг руҳияти тетик, яшашга, билимга, ишга чанқоқ. Юзлари доимо қуёшга менгзар миллатимизнинг ҳам меҳри бўлакча. Илм-маърифат ва касб-ҳунарга интилиш, оилани муқаддас билиш, маънавий поклик, катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат, эзгу қадриятларга садоқат каби фазилатлар азалдан халқимиз ва миллатимизнинг қонида бўлиб келган. Биз мана шу бебаҳо меросимизни нафақат асрашимиз, балки уни янада бойитишимиз, келгуси авлодларга безавол етказишимиз керак.

Фарҳод БОБОЖОНОВ,
журналист

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг