ЮРТ ИШОНЧИНИ ОҚЛАБ…

97

Спорт – билимга асосланган кучдан моҳирона фойдаланиш санъатидир. Ёзги Олимпия спорт ўйинларида маҳоратини намоён қилган чинакам юрт ўғлонларининг ҳар бир чиқишини халқимиз нафақат зўр ҳаяжон билан қарши олди, балки ўзи ҳам Ўзбекистон баҳодирига айланиб, гўё катта майдонга тушди: “Интизор қилганинг, куттирганинг, йиғлатганинг учун раҳмат”, деди ўз алпомишларига. Ҳа, адабиётми, спортми… чинакам санъатнинг қудрати ана шундай бўлади.   

Ўзбекистон Олимпия терма жамоа­си бу йилги спорт ўйинларини Марказий Осиё­да энг пешқадам мавқеда якунлади. Жамоамиз Токио олимпиадасининг 3та олтин, 2та бронза — жами 5та медалини қўлга киритди. Икки бор Олимпия ўйин­ларининг рекорди янгиланди. Бу йилги ютуқ Ўзбекистон ёзги Олимпия ўйинлари тарихида қайд этган иккита энг яхши натижадан биттаси бўлди. Ўзбекис­тон дунё бў­йича ўттиз иккинчи, Осиё давлатлари ўртасида бешинчи, МДҲ мамлакатлари орасида иккинчи, Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи ўринни қўлга киритди. Спортчиларимизнинг илк ютуқлари ва дастлабки олтин медаллари халқимизни беҳад руҳлантиргани баробарида, ижод аҳлига ҳам катта илҳом бахш этди. Олимпия ўйинлари бошланганидан то спортчиларимизни тан­та­на­ли кутиб олиш маросимига қадар ёзилган шеърлар салмоқли китоб бўлади. Илҳом билан ёзилган бу асарлар халқимизга кўтаринки кайфият бағишлаб, ёшларга улкан рағбат берди.

Тошкент халқаро аэропортида ёзги олимпиада ўйинлари иштирокчилари ва Ўзбекистон делегацияси аъзоларини тантанали кутиб олиш маросимида Ўзбекис­тон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон халқ ­шоири Маҳмуд Тоир, халқ ­артисти Ёдгор Саъдиев, спортчиларнинг оила аъзо­лари ва минглаб спорт­севар ҳамюртларимиз иштирок этди.

Сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир олимпиада чемпионларига бағишланган шеърини ўқиб берди. Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев чемпионларнинг оналарига таъзим бажо келтириб, “Улуғбек Рашитов Ўзбекистон учун олимпиада олтинининг дарвозасини очиб берган бўлса, Акбар Жўраев Ўзбекистон салоҳиятини бутун дунёда янада баланд­роқ нуқтага кўтарди. Баҳодир Жалолов эса, ўз мушти билан  ҳаммасига нуқта қўйди. Давлатбек, Бекзодбек ҳаммангизга ғалаба муборак”, дея лутф қилди.

Олтин медаль соҳиблари ўз ғалабаларини Ўзбекистон Республикаси Мус­тақиллигининг 30 йиллигига бағиш­лаганини айтиб, она Ватан олдидаги улкан масъулият ва фарзандлик бурчи энг оғир дамларда ўзларини қўлга олишга, ғалаба қилишга ундаганини таъкидлашди.

Баҳодир Жалоловнинг онаси Сабоҳат Жалолова, Акбар Жўраевнинг онаси Ҳафиза Норметова, Улуғбек Рашитовнинг онаси Оксана Рашитова ҳам ўз дил сўзларини изҳор қилишди.

– Янги Ўзбекистонга янги ғалабалар ярашади, – деди Сабоҳат Жалолова ўз сўзида. – Олимпиададаги бу ютуқ – янги ғалабаларнинг бошланиши. Эришилажак улкан муваффақиятлар ҳали олдинда. Ўғлим бир менинг эмас, халқнинг фарзандига айланди. Баҳодир менга Токиодан олтин медаль олиб келаман, олимпиада чемпиони бўлиб қайтаман, деб ваъда берганди. Элнинг дуоси, муҳтарам Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши туфайли, у сўзининг устидан чиқди. Мен ўғлим билан Ўзбекис­тондек жаннатмакон юртнинг фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Халқимга бошим ерга теккунча таъзимдаман.

Эл севган хонандалар Юлдуз Усмонова, Озодбек Назарбеков ижросидаги куй-қўшиқлар қалбларни завқ-шавққа, ғурур-ифтихорга тўлдирди. Ўзбекис­тон мадҳияси янграб, чемпионлар шоҳсупаларга кўтарилдилар. Сўнг улар махсус автобусларда Олимпия саро­йи­га йўл олишди. Пойтахт кўчаларида чемпионларимизни Ўзбекис­тон байроғини кўтарган минглаб спорт мухлислари кузатиб қолишди.

Таъкидлаш керакки, Олимпиада ўйин­лари арафасида давлатлар ўз сов­риндорларини қандай тақдирлаши ҳақидаги тахминлар ҳатто дунёнинг энг йирик омма­вий ахборот воситаларини ҳам алоҳида қизиқтирган мавзулардан бири саналади. Токио Олимпиадаси совриндорлари Тошкентга қайтган куннинг ўзидаёқ тақдирландилар. Уларга Ўзбекистон Президентининг махсус совғалари топширилди.

Хусусан, Олимпия ўйинлари чемпионлари Улуғбек Рашитов, Акбар Жўраев ва Баҳодир Жалоловга “Tahoe” автомобили ҳамда 4 сотихли 3 хонали коттедж берилди.

Олимпия ўйинларининг бронза медали совриндорлари Давлат Бобонов ва Бекзод Абдураҳмоновга 2 хонали квартиралар ҳамда “Trailblazer” автомобиллари топширилди. Барча уйлар пойтахт Тошкентда жойлашган. Шунингдек, олтин медаль учун 200 минг АҚШ доллари, бронза учун 50 минг АҚШ доллари пул мукофоти ҳам берилади.

Шуҳрат АЗИЗОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг