Қайсин ҚУЛИЕВ: «ШЕЪРИЯТ— МЕНИНГ МАМЛАКАТИМ»

83

Бундан қирқ йил аввал Москвада нашр этиладиган “Литературная газета”да атоқли болқор шоири Қайсин Қулиев (1917-1989)нинг адабиёт, жумладан, қардош ўзбек адабиётининг таниқли вакиллари ҳақида айтган самимий фикр-мулоҳазалари газетхонлар томонидан севиб ўқилганди.
Бадииятга, шеъриятга, таржима муаммоларига холис назар солишга интилган ижодкорни, адабиёт мухлисини таниқли шоирнинг ушбу суҳбати бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

Шеърият – менинг мамлакатим, мен умр бўйи унга мансубман. Қачон у мени ҳузурига чорлади? Балки болалигимда, уйимиз томида юлдузларга термилиб ётган пайтимда чорлагандир, балки тонг чоғида қизлар қўшиқ айтиб, булоқдан сув олиб келиш учун кетаётган дамдадир? Йиллар ўтиб қизлар куйлаган ўша қўшиқларни ҳамюртим, тоғлик шоир Козим Мечиев ёзганини билдим. У буюк шоир эди, ўзини Фузулий ва Ҳофизнинг шогирди ҳисоб­ларди. Урушдан олдин анча кексайиб қолган шоир билан учрашганман.  Унга шоирлар орзусидаги олий мукофот насиб этганди – халқимиз шеърларини ўзи ёзгандай қўшиқ қилиб куйларди.
Билмадим,  балки  онам алла айтган дамда, балки эртаклар тинглаган вақтимда шеърият мени  ўз  ҳузурига чорлагандир? Ўн ёшларимда шеър ёза бошладим, мени кичик ашуг(бахши) дея чақирадиган бўлишди, тўйларга таклиф этишарди. Ўн етти ёшимда илк шеърим чоп қилинди (энди-ку биламан, машқларнинг эрта эълон қилиниши фойда келтирмайди, аксинча, феъл-атворни бузади).
Аммо мен ўша вақтда ҳам, ундан кейин ҳам: “Мен — шоирман”, деган гапни айтган эмасман. Бу сўзлар замирида жуда юксак, жуда катта маъно бор. Шу боис устозим Твардовскийдан ибрат олган ҳолда: “Ҳеч қачон менинг шеъриятим, менинг ижодим демайман, менинг ишим дейман”.
Айтайлик, бажарган ишинг ўзингга ҳам, бошқаларга ҳам қувонч келтирмади. Айниқса, бу биринчи навбатда ижодкорларга тааллуқли бўлгани учун “ҳақиқий шоир, чинакам шоир” деган мақтовларни ҳеч тушуна олмайман. “Шоир” сўзига ортиқча аниқлик киритишга ҳожат йўқ:  шоир  ёки шоир эмас. Ижод қилишнинг муҳим жиҳатлари — вазифа, масъулият, албатта.  Одамлар, замин, ҳозирги кун ва келажак олдидаги масъулият, буни  ҳис қилмаган  шоир  шоир эмас.
Ўзим ҳақимда айтсам: дунёда мен бошқа ишни уддалай олмайман. Ҳақиқатан ҳам, адабиёт — менинг ҳаётим! Адабиётдаги вазифам ўқиб-ўрганишдан иборат, чунки ҳаракатдагина ҳаёт мужассам. Бу сўзларимда ҳеч қандай муболаға йўқ.Ўтган ва замондош, яхши ва ёмон муаллифларнинг шеър ва насридан ўрганаман (у томонни ҳам, бу томонни ҳам билиш фойдали, шу боис кўпроқ ўқишга ҳаракат қиламан). Мусиқа тинг­лаб ўрганаман (аввало, Бетховендан), расмларга тикилиб ўрганаман (Эл Греко, Врубель, Саряндан), улардан донишмандлик ва мардлик, безовталик ва некбинлик сабоқларини оламан.
* * *
… қувонч, нафрат ва шафқат
Бутун дунё яшар шоир қалбида.
Рус тилида биринчи ўқиган шеърим Пушкиннинг шеъри эди. Она тилимизга таржима қилган биринчи шеърим Лермонтовники эди. Фронтга кетиш олдидан олган китобларим орасида Тютчевнинг китоби ҳам бор эди. “Евгений Онегин”, “Демон”, “Мцири”, умуман, ўн тўққизинчи асрда яратилган рус шеърияти дурдоналари рус халқи қалбининг ифодасидир. Жаҳон шеъриятига келсак, Петраркадан Лоркагача, Саъдийдан Есенингача инсоният виж­дони, қадри ва ташвишлари тўғрисида ёзишган. Қандай бўлса, шундай ифода этишган.
Мен шеъриятимиз романлардан, қиссалардан анча орқада қолиб кетди дегувчиларнинг гапларига қўшилмайман. Ажойиб ёзувчиларимиз – Айтматов, Абрамов, Астафьев, Биков, Гранин, Тендряков (атайин турли жанрдаги ёзувчиларнинг номларини айтаяпман) яратган роман ва қиссалар қаторида шеъриятимизда ҳам яхши асарлар яратилди. Шеърият орқада қолиб кетиши мумкин эмас. Негаки, у ҳар доим давр одамлари қалбларининг тебранишлари ифодаси. Буни исботлашга ҳаракат қиламан. Табиийки, ўз ёзганларим мисолида эмас, дўстларим, замондош ижодкорлар ёзганлари мисолида.
Расул Ҳамзатов кейинги йилларда ажойиб асарлар ёзди.  Ёки Михаил Дудин, ёки Микола Бажан, ёки Зулфия, ёки Амо Сагинян, ёки Мустай Карим… Ираклий Абашидзе, Давид Қуғултиновнинг ёзганлари-чи? Ёки биз уларнинг илгари ёзган шеърларига маҳлиё бўлиб, кейинги ёзган шеърларини ўқимаяпмизми? Рус шоирлари Владимир Соколов, Анатолий Жигулин, Юнна Мориц-чи? Андрей Вознесенский ҳақида гапирмоқчиман (унга кўпам мақтов сўзлари айтилмайди). Мен унинг шеъриятини яхши кўраман ва ҳар бир  эълон қилинган шеърини ўқиб бораман. Унинг мураккаб жумлалар тизишдан ўзини тия олаётгани ёқади. Истардимки, у янада оддийроқ ёзсин, мақсадни ифодалайман, деб сўзлар оҳангига берилиб кетмасин, чунки бундай ҳолларда ўқувчи ва шеър мазмуни ўртасида қандайдир чегара пайдо бўлади. Менингча, у устози Пастернакдан ўрнак олгани маъқул. Маълумки, Пастернак ижодининг сўнгги  йилларида оддийликка, тиниқликка интилди ва бундай ёзишни эртароқ бош­ламаганидан афсусланганди.
Республикаларимизда рус ўқувчиларига маълум бўлмаган қанча шоир­лар бор, ёки уларнинг ижоди кам нашр этиляпти, ёки таржималари ўхшамаган. Масалан, бизнинг Қабардин-Болқористондан Ибрагим Бобоев ва Зубер Тлагазитов (улар қирқ ёшни қоралаган авлод). Ишонч билан айта оламан, улар катта шоирлар, шеъриятнинг ажойиб намуналарини яратишди. Ёки Ўзбекистондан Абдулла Орипов. Унинг шеърлари ҳам рус тилида кам эълон қилинган, аммо мен унинг ижодини бешикдалик  давридан кузатиб келаман, чунки шеърларини она тилида ўқийман. У ажойиб шоир, бой ўзбек шеърияти анъаналарини давом эттираяпти. Айни вақтда Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия каби сўз сеҳргарларини такрорламайди, ўзининг йўлини топган, ўзининг кашфиётларини яратган. Агар у дарахт ҳақида ёзса, бу дарахт Ориповники, агар қор ҳақида ёзса, бу қор Ориповники. Кўрамизки, унинг дарахти бошқа шоирларникига нисбатан ўзгача гуллайди, қори эса ўзгача оппоқ. Инсоният дарди, қайғуси, шодлиги, муҳаббати – барчасига Абдулла Орипов ўзига хос ёндошади, ўзига хос рангларни топади. Дарвоқе, унинг ижодида истеъдодидан ташқари Дантенинг “Илоҳий комедея”сини ўзбекчага таржима қилганда орттирган тажрибаси, билими ва сўз танлашдаги талабчанлигининг ҳам ўрни бор деб ўйлайман. Бундай асар таржимасига унча-мунча шоир журъат этолмайди.
Узр, республикаларимизда ижод қилаётган яна қанча шоирларни эсга олмадим, яна қанчасини ўзим ҳам билмайман… Шуни биламанки, яхши шеър­лар ҳам яхши аскарлар каби ҳеч нарсадан қўрқмай фақат олға интилади. Улар маълум муддат исми номаълум қаҳрамонлардай эсга олинмаса ҳам, барибир, ўзларига тегишли баландликни забт қилишади.
Таржима масаласи барчамиз учун оғриқли муаммолардан бири: ким таржима қилаяпти, кимни таржима қилаяпти? Бу барча даврлар муаммоси, таъбир жоиз бўлса, мушкул  масала. Ахир, шеърият аслиятдагина тўлақонли жаранглайди. Мен бу ҳақда илгари ҳам ёзгандим: агар шеър дарахт бўлса, таржимаси дарахт эмас, унинг сояси, агар шеър дарё бўлса, таржимаси унинг шовқини. Табиий савол туғилади: аслиятдан ўртамиёна шеър­ни ўқиган маъқулми ёки Лермонтов, Лорканинг яхши таржималарини?Албатта, биз рус адабиётидаги намуна даражасидаги таржима асарларни биламиз. Агар Ҳамзатов янги Жуковский ёки Бальмонт (у “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” асарининг таржимони)нинг туғилишини кутганда, ҳозиргидай кенг ўқувчилар оммаси ҳурмат-­эътиборини қозонмаган бўларди.
Мамлакатимиз халқлари тилларидан таржима қилинган асарлар сирасига Н.Тихонов, Б.Пастернак, В.Звягинцева… ишларини намуна сифатида келтиришимиз мумкин. Таржима соҳасида А.Тарковский, Д.Самойлов, Е.Евтушенко, О.Чухонцев каби таниқли шоирлар ҳам салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Мамнуният билан айтишни истайман, менга таржима борасида омад кулиб боқди, шеърларимни Н.Гребнев, Я.Козловский, Я.Хелемский, Ю.Нейман, Б.Ахмадулина, Я.Аким, Д.Долинский каби маҳоратли таржимонлар рус тилига ўгиришди. Исм-фамилиялари келтирилмаган таржимонларим мени маъзур тутсин. Аммо қанча пала-партишчилар, енгил-елпи жумла тузувчилар ҳам ўзларини таржимонлар қаторида санашади. Бу мени  ташвишлантиради.
Маданий-адабий алоқалар ҳар доим бўлган. Сиз исталган халқларни бир-бирига таққосланг, кулги ҳаммада шодликни англатади, кўз ёш эса ғам-аламни. Ижодкор инсониятга ўз халқининг миллий қадриятларига хос янгича рангларни, ташбеҳларни, йўналишларни тақдим этади. Демак, таржимонга бирламчи талаб шуки, унинг истеъдодли бўлиши ҳали ҳаммаси эмас, аслиятдаги ҳар бир сўзга, ташбеҳга, тимсолга, ғояга эътибор қаратиши керак. Яъни, “қалдирғоч учаяпти” жумласи таржимада “бургут парвоз қилаяпти” бўлиб қолмасин.
Таржимага жиддий, масъулият ва теран мезонлар билан ёндашишимизнинг сабаби нимада? Зеро,  бу халқнинг шаъни, тарихи, чеккан жабру жафоси ва эришган ғалабаси, мардлиги ва гуллаб яшнашига оид масала. Ахир, шеърият – халқ қалбининг нури. Бу нурни бошқа халқларга хира торттирмасдан ёрқин ҳолда етказиш лозим ва бу ҳақиқий байналмилаллик иши дейилади.
Таржимон аслият тилини билиши керакми? Таржима ҳар жиҳатдан етук бўлиши учун бу керак. Брюсов арман тилини ўрганди ва таржимонлик соҳасидаги хизматлари учун Арманистон халқ шоири унвонига сазовор бўлди. Аммо давримизнинг буюк шоирларидан бири бўлган Блок эса Аветик Исаакян шеърларини сўзма-сўз тагламадан таржима қилди. Мен таглама ва таржимани солиштириб чиқдим. Жуда яқин, ҳайратланарли даражада аниқ ифода қилинган.
Таржимага қўл урган киши ўзи танлаган шоир мансуб бўлган халқнинг тарихи ва маданиятини билиши энг зарурий талаблардан бири. Менингча, шоир ва таржимон тийнатидаги ўхшашлик, ўзини ўша муҳитга созлаши, ҳозирги тил билан айтганда, маслак ва туйғулардаги якдиллиги муҳим аҳамиятга эга.
Ёшлигимда нашр эттириш учун эмас, буюклардан ўрганиш учун Лермонтов ва Пушкин, Есенин ва Твардовский шеърларини болқор тилига ўгирганман. Театр учун Лопе де Веганинг “Қўзибулоқ”, В.Ивановнинг “Бронепоезд 14-69” асарларини   ўгириб берганман, “Отелло”га эса икки бор мурожаат қилганман. Ўзим севиб ўқийдиган Гарсиа Лорканинг шеър ва драмаларини таржима қилиб тураман. Яна замондош­ларим ва дўстларим ижодидан таржима қиламан. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб сизга шуни айтаман: таржимонлик шоирни камбағаллаштирмайди, аксинча бойитади.
* * *
Шеър – на олтин-зар, на байрамги безак,
На тўкин дастурхон, на хотиржамлик…
Санъатда сохталик кетмайди. Дейдилар, одамнинг айтган сўзи ўзига ўхшайди. Ишончим комил, фақат йирик шахслар катта ишларга қодир, фақат йирик шахслар буюк асарлар яратади. Биз шахс деганда кимни эътироф этишимиз керак? Шахс ўз нуқтаи назарига эга ва уни ҳимоя қила олади. Бу дегани баҳсларда панада ўтирмайди, ўз нуқтаи назарини ёқлайди, ҳақ томонни қўллайди, ҳимояга муҳтожга мадад бўлади.
Маънавий юксаклик ва шеърият асли бир нарса. Агар одам ўзгалар дарди ва шодлигига бефарқ бўлса, нега у шоирликка даъво қилади? Нега бу оғир вазифани зиммасига олмоқчи бўлади? Ахир, бу вазифа оғир, бир умр елкада кўтариб юриш қийин.
Мен ўтган ижодкорларни авлиёга ўхшатишларига ёки улардан авлиёликни талаб қилишларига қаршиман. Лекин шуни биламанки, шоирнинг қўли ва фикр­лари тоза бўлиши шарт. Истеъдодли бўлиб туғилишнинг ўзи кифоя эмас, бу туҳфага масъулиятли ҳам бўлиш керак.
Мен Қайсин Қулиевман, ёшим олт­мишдан ошди, шеърият остонасига қадам қўйишга чоғланаётган ёшларга мурожаат қилмоқчиман: олдин ўз кучингизни баҳоланг. Ўзгалар дарди ва қувончини зиммангизга олишга тайёрмисиз? Дунёнинг барча ташвишлари шоир юрагидан ўтади, деган ақидага тўла амал қилган ҳолда яшай оласизми?

Алла ЛАСКИНА ёзиб олди.
Асрор МЎМИН таржимаси.

(“Литературная газета”нинг 1981 йил 26 август, 34-сонидан қисқартириб олинди.)

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг