ДАФТАР ҲОШИЯСИДАГИ БИТИКЛАР

94

Ўткир ҲОШИМОВ

ГЎДАК ИСИ
Аёл гўдак исини биринчи фарзанди туғилганидаёқ ҳис этади. Эркак эса гўдак иси нималигини неварали бўлганидан кейин англайди!.. Биз — эркаклар доим кечикиб юрамиз…

 

ОТАЛАР ВА БОЛАЛАР
У оддий одам эди. Ҳаммолчилик қиларди. Тўрт қиз, уч ўғилни оёққа турғазди. Ўғилларини уйлантирди. Қизларини чиқарди. Ҳаммасини уйли-жойли қилди. Кўз юмаётганида: «Ҳаммаларингдан мингдан-минг розиман», деди… Қарашса, кафанлиги йўқ экан…

 

АЁЛ ҚАЛБИ
Аёл қалби тескари магнитга ўхшайди: яқинлашсанг — узоқлашади, узоқлашсанг — яқинлашади.

 

ГУМРОҲ БАНДАЛАР
Одамларга ҳайронсан. Ота-онаси тириклигида икки оғиз ширин сўзни текинга айтмайди-да, улар ўлганидан кейин минг-минг пул сарфлаб, ўша сўзларни қабртошга ёздириб қўяди…

 

КУЛГИ ВА ЙИҒИ
Кулишни билмайдиган одам — бахтсиз одам. Йиғлашни билмайдиган одам эса икки ҳисса бахтсиз!

 

АСЛ АЙНИMAC
Сопол товоғинг синса, дод сол: кесакка айланади. Тилла идишинг синса, парво қилма: баҳоси тушмайди!

 

КЕТМАС БОЙЛИК
Менда бир сўм бор. Сизда ҳам бир сўм бор… Мен сизга ўзимнинг пулимни бердим. Сиз ҳам менга ўзингизнинг пулингизни бердингиз…
Ҳеч нима ўзгармади. Сизда ҳам бир сўм қолди, менда ҳам…
…Менда янги бир фикр бор. Сизда ҳам янги фикр бор…
Мен сизга янги фикримни айтдим. Сиз ҳам менга янги фикрингизни айтдингиз…
Сизда ҳам иккита фикр пайдо бўлди, менда ҳам…
Эсли одам пул алмашмайди. Фикр алмашади!

ДАЪВО
Донолик билан нодонлик шу қадар яқинки, одам доноликни қанча кўп даъво қилса, шунча нодон бўлади!

 

«БИЛИМДОН»
 «Аёл қавмини ипидан игнасигача биламан», дейсизми? О-о-о, сиз даҳо экансиз!Айтинг-чи, шарқдан секундига беш-етти метр тезликда эсаётган шамол ўн дақиқадан кейин шимолга буриладими, жанубгами? Ярим соатдан кейин изғиринга айланадими, бўронгами?..

 

БЕЛГИ
Мақтанчоқлик қариликнинг биринчи белгисидир.

ФАРИШТАЛАР
Хонадонингизда кекса одам борми? Бахтли экансиз! Дунё ташвиш­ларидан тўйиб кетсангиз, шуларни зиёрат қилинг: ҳаёт абадий эмаслигини ўйлаб, таскин топасиз.
Хонадонингизда гўдак борми? Сиз ҳам бахтли экансиз… Дунё ташвиш­ларидан тўйиб кетсангиз, гўдакни бағрингизга босинг: ҳаёт абадий эканини ўйлаб, таскин топасиз…

 

ХОМ СУТ ЭМГАН
Одам учта нарсанинг қадрини доим кечикиб билади. Ёшлик. Соғлик. Тинчлик.

 

ҚИСМАТ
Инсон ҳаёти шатранж тахтасидаги пиёданинг юришига ўхшайди. Гоҳ оқ катакдан ўтади, гоҳ қора катакдан… Фарқи шуки, бировнинг қисматида оқ катаклар кўпроқ бўлади, бировникида — қора катаклар…

 

ОФТОБ
Яхшиямки, Худо офтобни бағрикенг қилиб яратган. Бўлмаса, ер юзидаги одамларнинг иллатларини ҳар куни кўравериб, аллақачон сўниб қолган бўлармиди…

 

ТОШ ВА ҚУМ
Тошни майдалаб, қумга айлантириш учун бир дақиқа кифоя. Аммо қумнинг тошга айланиши учун минг йил камлик қилади. Дўстлик ҳам шунга ўхшайди.

 

БОШ АЙБДОР
Турмуш синовларига биз — катталар дош беролмасак, болада нима гуноҳ? Нега бизнинг айбимиз учун гўдаклар етим қолиб, азият чекиши керак?

ТЎЛА ВА ЧАЛА
Ярим ҳақиқат чин билан ёлғоннинг ўртасида туради, деган одам янглишади. Ярим ҳақиқат ҳамиша чиндан кўра ёлғонга яқинроқ туради.

ЗУЛМ
Одамларни қўрқиб яшашга мажбур қиладиган жамият — энг омонат жамиятдир.

ОНА ТИЛИ
Қанча кўп тилни билсангиз, шунча яхши. Бироқ одам она тилида тафаккур қилади, она тилида туш кўради, она тилида йиғлайди… Ўлим олдидан онасини она тилида йўқлайди…

ТУШ
Бошимга ташвиш тушса, бир нарсадан қаттиқ сиқилсам, онам тушимга киради. Қувончли дамларда эса, хоҳласам ҳам на онамни, на отамни тушимда кўроламан… Қизиқ…

 

КУЧ ВА АДОЛАТ
Адолат Кучга бўйсунган юрт — вайрон юрт. Куч Адолатга бўйсунган юрт — бўстон юрт.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг