ҲАР СЎЗИМДА, БАЁТИМДАСАН

137

Ақшагул ТУЛЕГЕНОВА

УЙҒОН, ЭЛИМ

Бир сўзни баралла айтаман бугун:

Бахтли келажакка етишмоқ учун

Ечилмоқда секин ечилмас тугун,

Ширин мудроқлардан уйғон, жон элим,

Қўлингда турибди зўр имкон, элим!

 

Келажак авлодинг бўлсин десанг шод,

Шаҳарлар чиройли, қишлоғинг обод

Қилмоқ учун тағин айтаман бот-бот –

Ширин мудроқлардан уйғон, жон элим,

Қўлингда турибди зўр имкон, элим!

 

Бу юртда ғунча ҳам топмагай завол,

Ҳаттоки кўз очди қақшаган Орол,

Ватаннинг қадрига етмаслик увол,

Ширин мудроқлардан уйғон, жон элим,

Қўлингда турибди зўр имкон, элим!

 

Юртбошим кўрсатди бешта улуғ йўл,

Беш қитъа, беш олам чўзди бизга қўл,

Шу улуғ ишларда камарбаста бўл,

Ширин мудроқлардан уйғон, жон элим,

Қўлингда турибди зўр имкон, элим!

 

ЯНГИЧА БАЁТ

 

Қишнинг қировидан чарчаганда дил

Баҳорнинг сасини етказдинг менга.

Безади ҳар адир, ҳар чаманни гул,

Лолақизғалдоқлар тутқаздинг менга.

 

Сокин юрагим ҳам жўш уриб кетди,

Унсиз томирларда уйғонди ҳаёт.

Ўтган кун ўтмиш ва туш бўлиб кетди,

Бошладим янги шеър, янгича баёт.

 

Яқинлаб келса-да, гарчи олтин куз,

Кўнглимда баҳорнинг ифорлари бор.

Ҳаётмиз, аслида, сева олсак биз,

Юракнинг айтмаган изҳорлари бор.

 

Муҳаббат бор экан, яшарман ҳали,

Севмасдан яшашга етмайди қурбим.

Севгидан узоқроқ кетганим сари

Баҳор ёмғиридай тўкилдим лим-лим…

 

… Маъносиз кунларда безабон, беун

Йиғладим минг кеча, йиғлаб ўлмадим.

Мазмунсиз ҳаётдан чарчадим, лекин

Севгидан чарчаган юрак кўрмадим…

 

СЕН

 Сен ҳануз қалбимда, юрагимдасан,

Ўтиб бўлмас севги йўлагимдасан.

Ёдимдан кетмайсан тушу ўнгимда,

Бир умр ушалмас тилагимдасан.

 

Сен ҳануз вужудим, жон-жонимдасан,

Тан ичра айланган қон-қонимдасан.

Кунларим, ойларим, ҳар онимдасан,

Ўзинг олисдаю лек ёдимдасан.

 

Тирикманки, ҳамон ҳаётимдасан,

Дунёни титратган фарёдимдасан,

Муҳаббат ҳақида ёзган ҳар шеърим,

Ҳар сўзим, ҳар мисра, баётимдасан!

 

Сен ҳануз қалбимда, юрагимдасан!

 

ЁШЛИГИМ

 Кўнглимда бор ожиз маъюслик,

Қўлим чўзиб етмаган умид.

Ёдимдасан ҳануз, о, ёшлик,

Хаёлимдан кетмаган йигит.

 

Кўзим юмсам, кўраман сени,

Йигирмадан ошмаган йигит.

Қўлларимдан етаклаб, мени

Қир-адирга бошлаган йигит.

 

Унсиз боққан нигоҳлар ила

Кулганлари мулойим йигит.

Ҳануз ўша-ўшандайми, а,

Юсуф каби чиройинг, йигит.

 

Тақдирига тан бериб, лекин

Омадини ютқазган йигит.

Севгимизни ёзгин деб, секин

Менга қалам тутқазган йигит.

 

Кўнглимда бор ожиз маъюслик,

Қўлим чўзиб етмаган умид.

Ёдимдасан ҳануз, о, ёшлик,

Хаёлимдан кетмаган йигит.

 

ОНА ТИЛИМ

 Мозий сари бўйласам бугун,

Кўнглим эзар қандайдир тугун.

Гувоҳ бўлиб неча қора тун,

Шу кунларга етдинг-ку, тилим,

Кўп довондан ўтдинг-ку, тилим.

 

Навоийнинг қаламларида,

Шоҳ Бобурнинг аламларида,

Амир Темур “Тузук”и ила

Авлодларга етдинг-ку, тилим,

Асрлардан ўтдинг-ку, тилим.

 

Сен эрурсан тиллар гавҳари,

Улуғбекнинг само жадвали,

Аждодларнинг ўлмас асари,

Сенга доим талпинар дилим,

Кўҳна ҳамда навқирон, тилим.

 

Тарих саҳифаси турфа ранг,

Ўтдик мағрур, қилиб неча жанг,

Фарзандларинг қилар тантананг,

Оламни лол этдинг-ку, тилим,

Шу кунларга етдинг-ку, тилим.

 

Не кунларни кўрмадинг, эй воҳ,

Барчасига ўтмишинг гувоҳ,

Паноҳида асрасин Аллоҳ,

Ҳурриятга етдинг-ку, тилим,

Асрлардан ўтдинг-ку, тилим!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг