БУГУНГИ КУН БОШЛОВЧИСИ

138

қандай бўлиши керак?

Кейинги пайтларда оммавий тадбирларга бошловчи топиш муаммога айланмоқда. Гўё телеканалларда бошловчилар сероб, театрларда чиройли, келишган актёрлар кўп. Уларнинг орасида бу ишга иштиёқмандлари ҳам етарлича. Аммо керак пайтда уларни саҳнада кўрмаймиз. Чунки ким эпласа бошловчи бўла олади, деган гаплар бугунги кунга тўғри келмай қолди.

Теле, радио эфирда, саҳнада кўрсатувни ёки тадбирни олиб бораётган бошловчининг олтита унлини нотўғри талаффуз этаётгани томошабинларни камдан-кам қизиқтиради ё безовта қилади. Аммо унинг сўзларида маъно борми ёки йўқми, кўтарилган мавзу ё муаммони биладими, билмайдими – кузатиб, эшитиб ўтираверадилар. Бошловчининг қай даражада шу ишга лаёқатли ёки лаёқатсизлигини, умуман, бошловчининг салоҳияти бор-йўқлигини бир кўргандаёқ билиш мумкин. Ўзини, вақтини қадрлайдиган томошабин ё эшитувчи, кейинги сафар ўша бошловчи кўриниши билан ё хурсанд бўлади ёки ўша заҳоти бошқа каналга ўтиб кета қолади…

Бугун ТВ экранида кўриниб, ўзини кўз-кўз қилишга ишқибоз бошловчилар кўпайди. Уларнинг аксарияти – ёшлар. Очиғини айтганда, ўзбек тили ва адабиёт фанларидан бир амаллаб баҳо олган ва табиийки, газета-журнал ёки нашриётларда ишлай олмайдиган “мутахассислар” “ойнаи жаҳон” ва радиога ишга жойлашиб олса керак, деган тасаввур пайдо бўлади. Чунки бу даргоҳларда матн ёзиш шарт эмас, экранда чиройли кўринса, тили бидирлаб турса – “номери ўтаверади”-да! Аслида яхшилаб ўрганилса, бошловчиларнинг кўпчилиги журналистика, филология, театр санъ­атидан узоқроқ соҳалардан келишади. Улар гапираётган гапи аслида қандай маънони англатишини билмайди. Бу қуруқ гаплар эмас, қуйида бунга мисоллар келтирамиз.

Мухлислар меҳрини қозониш учун кўп ўқиш, одамлар жон қулоғи билан эшитадиган таъсирчан сўзларни топиб гапириш керак. Буларни эса биз китоблардан оламиз. Демак, бошловчиликнинг илк шарти – кўп китоб ўқишдан иборат.

Айрим бошловчилар эшитганларини қайтараверади. Агар улар тўтиқушга тақлид қилмасдан китоб ва луғатларни тез-тез варақлаб турганида эди, сўз ва ибораларни бир-биридан ажратиб, маъно ва мантиқ ипига тизиб гапирардилар. Масалан, бир бошловчи: “Бу одамнинг етти мучаси соғ” дейди. Яна биттаси: “Тўрт мучали соппа-соғ одам”, деб талаффуз қилади. Учинчиси бўлса: “Тўрт мужжаси бутун йигит” деб гапиради. Ахир, муча – бу инсоннинг тана аъзоси — қўл, оёқ, кўз ва қулоқ (тўрт муча, тўрт жуфт аъзо). Мучал – қадимги йил саноғи. “Мужжа” эса асли мижжа дегани. Яъни киприк. “Туни билан мижжа қоқмади” деган гапдаги сингари ишлатилади… Бошловчилик нонини еяётганлар буларни аниқ фарқлаши, билиб гапириши керак.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов: “Бошловчиларимиз “лутфан” сўзини нотўғри ва ноўрин ишлатишади”, деса, Омонулла Мадаев домла: “Бошловчиларингиз нимага “бежизга” деб гапиришади? “га” қўшимчасига нима бор? Оддий қилиб бежиз, деб қўяқолишса бўлмайдими?” деб куюнишар эди. Дарҳақиқат, илмсиз бошловчиларни кўриб-эшитиб турган кўпчилик зиёлиларимиз ана шундай аҳволга тушадилар. Миллий театрда фаолият юритган Ўзбекистон халқ артисти Амин Турдиев репетиция пайтларида актёрлар сўзларни нотўғри талаффуз қилишса: “Вой-дод, булар мени, албатта, ўлдиришади!” деб фиғон қилар экан…

Бошловчиликни кўплар жуда осон иш деб ўйлайди, шекилли. Шоир ёки хонанда бўлиш учун алоҳида иқтидор талаб этилади.Бошқа касбга лаёқати бўлмаганлар негадир: “Энди бошловчи бўла қоламан”, деган қарорга келади, чоғи. Шундай бўлмаганда эди, бу соҳага адашиб кириб қолганлар, бошқаларнинг ғашига тегиб “ижод” қилиб юришмасди. Аслида, бошловчилик, таъбир жоиз бўлса, “танланганларнинг танлангани” дейиш мумкин. Институтнинг актёрлик гуруҳига танлаб олинганлар орасидан бир ёки икки нафаргина бошловчи чиқиши мумкин.

Чуқур билимли, дунёқараши кенг, интилувчан, сиёсий-ижтимоий воқеалардан,  дунё адабиёти ва санъатидан хабардор бошловчининг тафаккури бой, зеҳни ўткир бўлади. Чунки бошловчи бу – ўз ўрнида мамлакатнинг, миллатнинг юзи ҳисоб­ланади. Катта-катта йиғилишларда тадбирни олиб борадиган бошловчилар ўша тадбир даражасини белгилайди. Зўр бошловчи бўлса, тадбир зўр, мундайроқ бошловчи бўлса, тадбир ҳам мундайроқ ўтади.

Муслимбек ЙЎЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият
ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг