ҒАЛАБА

92

Ғалаба нима у?
Бировнинг кўксин қонатиб
вайрон қилмоқ эмас дил айвонини.
Ё омон бошига тошлар қулатиб,
парчалаб ташлашмас устихонини.

Аччиқ ёш қалқитиб маъюс кўзларда
Нозик билакларни қайирмоқ эмас.
Э воҳ, юрагига теккан дайди ўқ,
онани боладан айирмоқ эмас!

Вайрон қилмоқ эмас кўчаларини,
уйларини бузмоқ – ғалаба эмас.
Хатарга тўлдириб кечаларини
жонларини узмоқ – ғалаба эмас.

Номардлар, нодонлар қинғир йўл билан
Токайгача топгай пинҳона зафар?!
Бировнинг боғини ўзга қўл билан
пайҳон этганларга бегона – зафар!

Ғалаба –
Майдонда рақибин йиқитиб сўнгра
Кифтига ўзбекча қоқиб қўймоқлик.
Улкан зафар қучиб, Олтин нишонни
Ватаннинг кўксига тақиб қўймоқлик!

Етмиш томиримда оқсин деб ҳузур
Сўнгра йиғламоқлик севинчдан қалқиб…
Сенга ғалабалар келтирган нодир,
Ғолиб фарзандларинг шарафла, Халқим!

Фахриддин ҲАЙИТ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг