АГАР ҚИЙШИҚ БЎЛСА ПОЙДЕВОР…

136

Оила – авлодлар давомийлиги, умуммиллий ва умумбашарий қадриятлар бешиги сифатида неча минг йиллардан бери инсоният ҳаётининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади. Одамзод ҳаёт-мамотигина эмас, балки бутун тамаддун  тақдирини ҳал қилувчи энг муҳим омил ҳам оиладир. Оила бир неча шахслардан таркиб топган мўъжаз жамоа бўлгани билан, ўзидан бошқа кўплаб оилаларни вужудга келтирадиган абадий манба ҳамдир.
Халқимизнинг улуғ қадрияти сифатида оилада миллатимизнинг энг яхши урф-одат, анъана ва хислатлари шаклланади. Бу тажриба неча минг йиллардан буён тадрижий тараққиёт йўлини босиб ўтган. Йигирма биринчи аср, айниқса, ке­йинги интернет-ахборот инқилоблари кўплаб қадриятларни кунпаякун қилиб ташлади. Одамларнинг ҳаёт, оила, ишонч борасидаги тушунчалари тубдан ўзгариб кетди. Бугун қай бир масала кўтарилмасин, унга тарафдор ёки унга тиш-тирноғи  билан қаршилар тап-тайёр. Ҳар ким ўз фикрини билдириши маъносида бу бир жиҳатдан яхши. Аммо…
Бизни бугун кўпроқ муаммо ва масалаларнинг туб мағзига етмай, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда   миллат менталитети, ота-болалар, қайнона-келинлар масалаларига керагидан ортиқ урғу берилаётгани таажжублантиради. Чиндан ҳам, дунё турли иқтисодий муаммолар, ковид ва бошқа фалокатлар гирдобида бўғилаётган бир замонда маиший ҳаётда минг марта чайналган эр-хотин ёки қайнона-келин мавзуси яна ва яна кун тартибига чиқмоқда. Энг ёмони, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасидаги айрим зиёлилар кундалик ҳаётда учраб турадиган оилавий муаммоларни рўкач қилиб, “ҳаммасига ўз ақидаларимиз, менталитетимиз айбдор” дейишгача бориб етаётир. Ўзини шу масалаларда ҳакам санаётган айрим блогер ёки журналистлар жанжаллашган қайнона-келин, эр-хотинни бир-бирига қарши қайраб, “ажрашинг”, “ундоқ қилинг”, “бундоқ қилинг”, деб азалий қадриятлару миллий одоб-ахлоқ меъёрларига зид тарғибот ҳам олиб боришмоқда. Ваҳоланки, суриштириб келсангиз, бу гап муаллифининг ўзи умрида қайнонанинг қўлига сув қуйиб кўрмаган ёки ҳали ўзи қайноналик мақомини олмаган аёллар бўлиб чиқади. Шунга қарамасдан уларнинг тиллари бир қарич, виртуал оламдаги айрим бундай қози хотинлар кайвони онахону отахонларни ўзларича жазолаяптилар ҳам.

Оилавий жанжаллар чиндан кўп учрайди, аммо бунинг сабаби нима? Бизнингча, бугунги қийинчиликлар, турли ижтимоий-иқтисодий етишмовчиликлар кўплаб  оилалардаги келишмовчилик, низоларнинг асосий сабаби бўлиб қолаётир. Оилада моддий-маънавий муҳит, тарбия яхши бўлса, ҳамма ўз иши ва ўрнини билса, ҳеч қандай эр-хотин ёки қайнона-келин можаросига ўрин қолмайди. Ҳеч қандай фарзанд ота-онасини қариялар уйига  элтиб қўймайди, ҳеч ким ўз боласини сотишга уринмайди. Аёлларнинг ўз эри ё қайнонасини, ёки аксинча, эркакларнинг ўз хотинини пичоқлаб қўйиш ҳоллари юз бермайди. Албатта, моддий фаровонлик  ва маънавий хотиржамлик ҳолати ҳам ўз-ўзидан келмайди, бу ҳам инсонларнинг ўзига боғлиқ. Биз бугун хусусий ҳолатдан умумий ҳолатга қараб, фаровонликка интилаяпмиз, одамларни касбга ўргатиш, иш билан, уй-жой билан таъминлаш ҳар доимгидай муҳим  масала бўлиб қолаётир. Асосийси, бунга давлат ва жамиятнинг бугунги эътибори ниҳоятда юқори бўлмоқдаки, бу албатта, шоён таҳсинга лойиқ.
Оилавий яхлит ҳаётни индивидуал манфаатлар нуқтаи назаридан майда-майда бўлакларга бўлиб: “Қара, сенга қандай ноҳақлик қилинаяпти, ўз қадр-қимматинг, ҳақ-ҳуқуқингни талаб қил”, деб уйдагиларни бир-бирига қарши гиж-гижлаш – ҳуқуқий саводхонликнинг ошишига эмас, оилалар парчаланиб, тирик етимлар кўпайишига, бир сўз билан айтганда, жамиятдаги ижтимоий муаммолар оғирлашувига олиб келади, холос. Шундай экан, муайян воқеликка муносабат билдиришда зиёли қатламнинг ҳар бир сўзи, хатти-ҳаракати хоҳ салбий, хоҳ ижобий бўлсин, ҳар иккала ҳолатдаям ҳал қилувчи аҳамиятга эгалигини унутмаслик керак.
— Яқинда бир мақола ўқиб қолдим, — дейди Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти Адҳамбек Алимбеков. — Олти фарзанднинг онаси бўлган бир аёл Мексика сериалларидаги севимли қаҳрамонининг “Яхши хотиннинг ҳамма нарсаси – чиройи, обрўйи, пули, … ҳам бўлиши керак” деган сўзига амал қилиб, оиласига хиёнат қилгани ҳақида экан. Журналист ё блогерларнинг кўпроқ лайк йиғиб, пул ишлаш ё тезроқ танилиш мақсадида тўқиган бадиий тўқимаси ё реал воқеами, бунисини билмадиму куракда турмайдиган, ношаърий ишқий муносабатларга оид ижтимоий тармоқлардаги чиқишлардан аччиғим келади. Ажнабий сериал ҳалиги мақола қаҳрамонига салбий таъсир қилганидек, бундай чиқишлар мингдан бир ҳолатда бўлсаям, турмуш қурмаган ўғил-қизларнинг онгини бузмаслигига ким кафолат беради? Битта-ярим шундай воқеа юз бергандаям, биз одоб ва ҳаёда дунёга  дарс берган халқ эканимизни унутмаслигимиз керак.
Баъзан шундай туюладики, маънавиятимиз, азалий қадриятлару миллий одоб-ахлоқимизни тубдан ўзгартиришга қаратилган чиқишлар худдики ижтимоий тармоқларга атай, қасддан қўйилаётгандек. Бўлар-бўлмас, борингки,  яккам-дуккам учрайдиган фактлар баҳона асрлар мобайнида кексалари ҳурматда, ёшлари иззатда бўлиб, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Имом Бухорий ва Термизийлардек буюк алломаларни вояга етказган шарқона оилалардаги таълим-тарбияни мутлақо яроқсизга чиқариш маънавий сўқирликдан бошқа нарса эмас.
Бола-чақаси вояга етгач,  оилада  ортиқча юк бўлиб қолаётган ғарблик кексалар билан хонадонимиз тўрида қўр тўкиб, улкан ҳаётий тажрибасию беназир насиҳатлари, куну тун олқиш-дуолари  билан йўлимизни ўнглаб ўтирган ота-боболаримизнинг шу кеча-кундуздаги ҳолатини бир-бирига таққослаб кўринг, фарқ – ер билан осмонча. Демакки, то ҳануз шарқ оилаларидаги маънавий муҳит – ота-оналар томонидан минг йиллардан буён ёш авлод қалбига сингдириб келинаётган одоб-ахлоқ, инсонпарварлик, меҳмондўстлик, бағрикенглик, ватанпарварлик сингари инсоний фазилатлар ҳамда соғлом эътиқод, шак-шубҳасиз, эзгуликка хизмат қилмоқда. Ишонмасангиз, бугунги унча осон бўлмаган шароитда ҳам Ўзбекистоннинг исталган жойига боринг, қавм-қариндош ёки меҳмонга қандай иззат-ҳурмат, қандай ғамхўрлик кўрсатишларига гувоҳ бўласиз. Бундай меҳр-оқибат, одамгарчилик, ҳурмат-иззат ҳамма халқларда ҳам учрайвермайди.
Шундай экан, яккам-дуккам, хусусий ҳоллардагина бўй кўрсатаётган иллатлар омили сифатида дину диёнатни, менталитетни кераксизга чиқариб, жамиятни оилавий низолар ботқоғига тортишдан кўзланган мақсад нима ва бу қанчалик тўғри? Ё бу даъволар ортида ўз зиёлиларимиз қўли билан ўзлигимизни, миллий хусусиятларимизни зимдан маҳв этиб, халқимиз руҳиятига ёт ғояларни сездирмай онгимизга тиқиштирмоқчи бўлаётган қандайдир кучлар борми? Хўш, унда дунё тараққиётида салмоқли ўрин тутган туркий халқлар маданияти, умуминсоний-умуммиллий қадриятларимиз ҳамда менталитетимизни кўзимизга ёмон кўрсатиш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди? Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур: акс ҳолда, Аллоҳнинг ғазабига учраган Лут қавмининг ахлоқсизлигини ёқлаб, қўллаб-қувватлашга на ҳожат?
Айниқса, ижтимоий тармоқларда фаолияти эътиқод билан боғлиқ бирор шахснинг қилмишига оид хабар тарқалса борми, у тўғрими-нотўғрими, албатта, фурсатдан фойдаланиб, замонамиз алломалари тугул, ўтмишдаги азизу анбиёларини ҳам аямай, қон-қонимизга сингиб кетган улуғ таълимотга қора кўзойнак остидан қарай бошлайдилар. Бу қандай жаҳолатки, улар миллий фазилатларни, ҳатто бағрикенглик, кечиримлиликка ундовчи шарқона таълим-тарбияни ҳам иллат манбаи деб талқин қилмоқдалар. Қанчалик олиму уламо бўлмайлик, биз илму маърифатга эмас, илму маърифат бизга керак, ўқиганимизга амал қилм60асак, дунёвийми-ухровийми илмнинг, миллату менталитетнинг нима айби бор?
Эр-хотинлар ўртасидаги низоларни одоб билан ислоҳ қилиш ўрнига оилаларни ажратиб юбориш, болаларни тирик етим қилиш, айниқса, фитна қилиш оғир гуноҳ саналади. Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам жуфтинг ахлоқингнинг ярми бўлади — бу Аллоҳнинг ваъдаси. “Нисо” сурасининг 26-оятида айтилганидек, “нопок хотинлар нопок эркаклар учундир, нопок эркаклар нопок хотинлар учундир; покиза аёллар покиза эркаклар учундир, покиза эркак­лар покиза аёллар учундир”. Ўзгармас ҳақиқатга шубҳа билан қараш ўрнига, аввало, ўз феълимизни, ахлоқимизни, ақидаларимизни тузатиб олайлик. Зеро, ҳеч бир иллат миллат ёки уммат танламайди. Шарқ донишмандлари тили билан айтганда, “Агар қийшиқ бўлса пойдевор, осмонга етса ҳам қийшиқдир девор”.

Шуҳрат АЗИЗОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг