«ДАВРОН ЭЛИНИНГ ЖИСМИДА ЖОН…»

131

Куни кеча телевизорда Юртбошимизнинг Олмалиқ кон металлургия комбинатига ташрифи ва комбинатнинг 3-мис бойитиш фабрикасига тамал тоши қўйганлигини ҳаяжон билан кузатдим. Маълумотларга кўра, 2030 йилга бориб дунё миқёсида мис маҳсулотларига бўлган эҳтиёж 40 фоизга ошар экан. Тошкент вилояти ҳудудидаги “Ёшлик-1” кони негизида қурилаётган 3-мис бойитиш фабрикаси ушбу йўналишда залворли қадам бўлиши шубҳасиз. Қиймати 2 миллиард доллар бўлган мазкур корхона дастлабки босқичда йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга.

Келгусида эса комбинат ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар ҳажми уч баробардан ошиб, қиймати эса ҳозирги 2,5 миллиард доллардан қарийб 8 миллиард долларга етади. Муҳими, бу ерда ўн бир мингта янги, юқори малакали ишчи ўринлари яратилади. Албатта, бундай хайрли янгиликларни эшитиб ғурурланмай бўладими?! Жонажон мамлакатимизда гигант корхоналарнинг тез-тез ишга туширилаётганию бутун бир замонавий шаҳарлар, шаҳарчаларнинг қисқа муддатда бунёд этилаётгани кейинги тўрт-беш йилда одатдаги воқеликка айланди.

Мамлакатнинг бир фуқароси сифатида айни кунда юртимизда жадал кечаётган улкан ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб, очиғи, кўнгил ғурурга тўлади. Шу ўринда бундан тўрт-беш йил аввалги вазиятни яна бир кўз олдимизга келтирсак: одамлар ўз муаммоларини ёки кўпдан бери ташвишлантираётган гапларини бировга айтиш тугул, ҳатто ўйлашга ҳам ҳайиқарди. Гўё ҳамма ишларимиз “аъло” даражада, ҳеч қандай муаммо йўқдек, фақат қўлга киритилаётган ютуқлар, муваффақиятлар ҳақида гапирардик. Лекин нафсиламбирини айтганда, оддий халқ турмушининг фаровонлиги, одамларнинг иш билан банд­лик, кундалик муаммолари анча орқага сурилиб қолганди. Халқнинг турмуши ва уй-жойи, яшаш шароитлари, умуман, орзу-ниятлари ва дардлари ҳақида-ку гапирмасак ҳам бўлади. Ўша пайтларда, очиғи, халқ билан раҳбарият ўртасида маълум даражада узилиш юзага келгани ҳам рост.

Бундай вазиятда улуғ шоиримиз Чўлпон айтганидек, халқ ичига кириб бориш керак эди. Кириб борганда ҳам, давлатнинг энг юқори поғоналаридан тортиб, қуйи поғоналаригача халқнинг дардини тинглаш, муаммоларини бартараф этиш масалаларига урғу берилди. Халқ қабулхоналари, Президент порталларига минг-минглаб мурожаатлар, шикоятлар ёғилди. Шу аснода турли соҳалардаги, инсонлар ҳаётидаги талай мушкулотлар ўз ижобий ечимини топди.

Йиллар мобайнида чекка ҳудудларда юз берган электр таъминотидаги узилишлардан ҳаммамиз хабардор эдик. Бундай ҳол, айниқса, қиш кунларида кўпаяр, одамлар бундан қийналарди. Кейинги тўрт-беш йилда бундай муаммо ҳақида деярли эшитмадик. Ўқитувчиларни мактабдан ташқари турли ишларга жалб этиш ёки оддий пластик картадан пул ечиш, банкда долларни алмаштириш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, институтларга ўқишга кириш — булар барчаси ўз вақтида тоғдай муаммо бўлгани сир эмас.

Назаримда, улар шунчалик кўп ва чигаллашиб кетган эдики, дабдурустдан ечишнинг умуман иложи йўқдай туюларди. Қаранг, иложини топса бўларкан. Бугун энг чекка қишлоқларимиз ҳам электр зиёсидан баҳраманд. Бугун, марҳамат, исталган банкдан хоҳлаганча пул алмаштиришингиз ёки банкоматдан картангиздаги пулни бемалол ечиб олишингиз мумкин. Бугун исталган тадбиркор ўз корхонасини йўлга қўйиб, аҳоли учун керакли маҳсулотни ишлаб чиқармоқда. Энди устоз — ўқитувчини мактабдан ташқари ишларга жалб этиб кўринг-чи! Бугун ҳунари бор ёки ишини яхши билган одамга иш бор. Мактабни тугатган ёшлар бир пайтнинг ўзида бир неча институтларга ҳужжат топшириб, хоҳлаганига кириб ўқияпти. Хуллас, ҳаммасига чора топса бўларкан.

Уй-жой муаммоси ҳам мамлакатимиздаги энг оғриқли муаммолардан бири эди. Йилига мамлакатимиз аҳолиси сони ўртача 600 минг нафарга ўсиб бораётганини эътиборга олсак, бу чиндан ҳам катта масала. Аниқроғи, бу рақам камида иккита йирик туман аҳолиси сонига тенг. Албатта, ёш авлодни ўқитиш, тарбиялаш, иш билан, айниқса, уй-жой билан таъминлаш тез ва пухта ўйланган саъй-ҳаракатни талаб қиларди. Қаранг, шундай масалани ечишнинг ҳам иложи бор экан-эй.

Кўримсиз, алмисоқдан қолган иморатлар бузиб ташланди. Юртимиз пойтахти — Тошкентдан бошлаб барча катта шаҳарлар, туман марказларида кўп қаватли замонавий уйлар қурила бошланди. Ҳозир Термиз, Наманган ва Қарши шаҳарларига борсангиз, гўзаллигидан лол қоласиз.

Минг-минглаб кам таъминланган, кўп йиллардан бери бир уйда, бир ҳовли-жойда тиқилиб истиқомат қилаётган оилаларга имтиёзли кредитлар асосида алоҳида уйлар берила бошланди. Хайрли ишнинг кечи йўқ, дейдилар, зеро мана шу ташаббус шарофати билан қанча юртдошларимиз уйли-жойли бўлди, ёшлар, қурувчилар ишли бўлди ва яна бир муҳим жиҳати, шаҳарларимиз қиёфаси тубдан ўзгарди.

Менга айримларнинг: “Бизларда ҳамма­си зўр, бошқа юртларда ҳаммаси чатоқ, халқи хароб”, деганга ўхшаш гаплари ёки бўлмаса: “Мана, бизларда тинчлик-хотиржамлик, бошқа жойларда эса уруш”, деганга ўхшаш гаплари ўта сийқаси чиққан гапдек туюлади. Биз ҳеч қачон яшаш шароити оғир, турмуш даражаси паст минтақа халқларининг аҳволини назарда тутиб, ўзимизга тасалли бериб юрмаслигимиз керак. Биз, албатта, бирни кўриб фикр қилган, мингни кўриб шукр қилган ҳолда, фақат ва фақат юксак тараққиётга эришган давлатлар ва халқларга ҳавас қилишимиз, улардан андоза олишимиз керак.

Чирчиқ шаҳри “Шодлик” маҳалласида истиқомат қилиб келаётган Рустам Игамуротовлар оиласини бугун бутун мамлакат билади. Рустам ака ва Гулнора опанинг икки ўғли бор эди. Катта ўғил Руслан ҳарбий соҳада хизмат қилган, ҳозирда нафақада. Тақдир экан, оиланинг иккинчи ўғли талабалик пайтида оламдан ўтди. Албатта, Гулнора опа учун бу катта йўқотиш бўлди. Рустам ака аёлининг изтиробларини енгиллатиш мақсадида етим болаларни асраб олишни ният қилди. Шу йўсинда ушбу файзли хонадонда “Янги ҳаёт” деб номланган оилавий меҳрибонлик уйи ташкил топди. Айни пайтда бу уйда ўн нафар қиз вояга етмоқда. Улар шаҳардаги 15-мактабда ўқишади. Қизларни шаҳар, маҳалла аҳли “Рустам аканинг қизлари” дейди.

Мана бир ярим йилдан ошдики, инсоният яна оғир синовлар ва йўқотишлар гирдобида. Коронавирус пандемияси жаҳон аҳлини ташвиш ва таҳликага солиб келмоқда. Бу офат келтираётган иқтисодий зарарнинг ҳисобига етиб бўлмайди. Ўзбекистонга ушбу касаллик кириб келиши билан давлат ва бутун соғлиқни сақлаш тизими оёққа турганини ҳаммамиз яхши биламиз. Тезкор чора-тадбирлар кўрилиб, кўплаб янги шифохоналар ва карантин зоналари ишга туширилди. Катта миқдорда қўшимча тиббиёт ускуналари ва замонавий “тез ёрдам” машиналари харид қилинди. Бунинг натижасида минглаб беморлар тезда шифо топиб, оиласи бағрига қайтди. Илк кунларданоқ аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кам таъминланганларга хайр-саховат кўрсатиш, маҳаллаларда “темир дафтар”ларни шакллантириш каби олижаноб ташаб­буслар қанот ёзди. Халқимиз бу оғир синовнинг илк босқичидан кам йўқотиш билан ўтганидан ҳаммамиз хабардормиз.

Аммо бу бало ҳали бутунлай бартараф этилгани йўқ. Айрим мутахассислар бу офат ҳали ўн йиллар мобайнида давом этишини айтмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг куни кеча жорий йил биринчи ярмида иқтисодий натижалар таҳлили ҳамда йил якунига қадар барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида бу масалага ҳам тўхталиб ўтди. Дарҳақиқат, бу офатнинг кўлами жуда катта, ҳозирга қадар бу касалликдан жаҳон бўйича 4,2 миллион нафар инсон вафот этди. Ўзбекистонда ҳам жорий йил июнь ойининг иккинчи ярми ва июль ойида касалланиш кўрсаткичлари ўсиб, кунлик янги касалланиш ҳолатлари ўртача 700-800 тани, пневмония 450-500 тани ташкил этаётир.

 Айни кунларда пандемиядан имкон қадар йўқотишларсиз ўтиш ва унинг кейинги тўлқинларига йўл қўймаслик учун фуқаролардан, аввало, жорий этилаётган тартибларни бузмаслик, санитария-гигена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади. Аммо энг муҳим шарти — вакцинация ҳисобланади. Фуқароларимиз вакцинани қанча тез қабул қилса, аввало, ўзлари, қолаверса, барча яқинлари, хизматдошлари ва оила аъзолари соғлигини асраган бўлади. Бугунги кунга қадар мамлакатимизга тўрт турдаги 13 миллион доза вакцина олиб келинди.

Улуғ бобомиз Алишер Навоий бир гўзал битикларида:

Даврон элининг жисмида ҳам жон бўлғил,

Ҳам жонларига мояи дармон бўлғил —

дейди. Бугун теварак-атрофимиздаги ўзгаришлар, эзгу ишларни кўриб жамиятнинг бутун саъй-ҳаракати даврон элининг жонига мояи дармон бўлишга қаратилган, десак хато бўлмайди. Зеро, оилани қўллаб-қувватлаш, камбағалликни тугатиш ёки коррупцияга барҳам бериш ва бошқа кўплаб ҳаракатларнинг моҳияти ҳам ҳаётимизни юксалтиришга қаратилгандир. Ўзбекистонда қисқа фурсатда қандай ўзгаришлар юз берганини халқимиз, бутун дунё очиқ-ойдин кўриб турибди. Керак бўлса, камчилик ва хатоларимизни ҳам ўзимиз рўй-рост айтаяпмиз.

Ҳаётнинг паст-баландига назар ташлаганда беихтиёр, инсон қачон бахтли яшайди, деган савол қаршисида ўйланиб қоламиз. Зотан, бу савол ҳамма замонларда ҳам инсониятни ўйлантириб келган. Ҳар бир одам рисоладагидек оила қурса, болаларини тарбияласа, уй-жойли бўлса, ишласа, қандай яхши! Бизда бугун айни шундай муҳит бор, энг асосийси, элдошларимиз баҳамжиҳат ва тинчликда юрт равнақи йўлида сидқидилдан ҳаракат қилишмоқда. Эзгу орзу-ният, эртанги кундан умид юртимизнинг янги тараққиёт поғоналарига кўтарилишида муҳим омил бўлмоқда. Зотан, мамлакатимиз раҳбари катта ишонч билан таъкидлагани каби “Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекистон — кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”.

Абдумажид АЗИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг