ДИЛДОШЛИК САОДАТИ

147

Шоир Чўлпон “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” мис­ралари билан бошланган машҳур “Халқ” номли шеърини “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!”, деган даъваткор сатрлар билан тугаллайди… Яқинда  “Адабиёт”  нашриётида  чоп этилган Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Элдошларим, дилдошларим” номли янги китобини қўлимга олиб, тўғриси, салкам бир аср наридан ҳали шу кунга довур садо бериб турган чўлпонона чақириқни эсладим. Китобда шоирнинг янги шеърлари, адабий мақолалари ҳамда суҳбатлари жамланган бўлиб, уларда халқона пафос ва давр нафаси сезилиб турибди. Зотан, ижод аҳли — шоир ва ёзувчилар халқ дарду дилини, кўнгил манзараларини, орзу-истакларию шукроналик  туйғуларини бадиий ифодалар экан, уларга ҳам адабиёт муҳиблари, кенг ўқувчилар оммаси, шоирнинг ўзи айтмоқчи, “фақат халқ баҳо берар, фақатгина халқ ҳакам”лик қилади, албатта. Маълумки, С.Саййид ижодида Ватанни ардоқлаш, ишқ-муҳаббат, бирдамлик, қадим Туронзамин тупроғи, улуғлари билан ғурурланиш ҳис-туйғуларининг шеърий талқини  етакчилик қилади:

Қадим Туронзамин – суронзамин бу,

Гоҳ тўфон, гоҳида бўронзамин бу,

Оҳу афғонлари кўкларга етган,

Асрий офатларни кўрғон замин бу.

Дашту саҳролари чексиз уммоним,

Қадим Туронимсан, буюк Туроним.

Бир лаҳзада хаёлан “мозийларга боқиш” санъати шоирларга хос. Бунда тасаввур тафаккурга қувват беради, тафаккур тасаввурни тизимга солади ва  шоир ўз ўқувчисига ҳазрати Нуҳ замонларию “Ҳазрати Ёфасдан тарқалган миллат” тарихининг шеърий харитасини тақдим этади. Табиийки, бунда Алпомишлар мардлиги, “Ота Қўрқутлардан қолган китоблар”, Манасларнинг полвонлиги, Шайх Кубролар ватанпарварлиги, Мангубердиларнинг мангу қалқонлиги, Амир Темурлар шону шуҳрати, Навоийлар бунёд этган маънолар эҳроми ва улар ассоциацияси орқали бир қатор адабий тимсоллар ўқувчи кўз олдида намоён бўлади:

Фақат бир йўл бордир – нажотга элтар:

Миллатлар, давлатлар, эллар, элатлар

Аҳдлашиб, дўстлашиб, қадрдонлашиб,

Бирлашиб оламни обод этсалар…

Олам аҳли билан сайру жавлоним,

Давру давронимсан, буюк Туроним.

С.Саййиднинг “Туронзамин” шеъри  шундай ободликка доир эзгу ниятларга пайванд мисралар билан туганчига етади. Узоқ ва яқин замон ўзбек адабиёти тарихида Ўзбекистон, Туркистон, Турон  — она замин шаънига айтилган шеърлар етарлича топилади. Бироқ С.Саййид қамровни кенгроқ олади, зарур бўлса, сўзини қардошлари шевасига буриб айтади; буюк алломалар киндик қони тўкилган тупроқни иймону туғёнлар, марду майдонлар ва илму урфонлари билан уйғун тавсифлайди.

“Бу кунлар талқини”да эса шоир замондошини ўз дилига, теварак-атрофига, ўзгаришларга, замон янгиланиш­ларига теран назар билан қарашга чорлайди. “Аввал назар солгил элдош­ларингга, Замондош, заминдош, дилдошларингга”. Давр нафасида, замон кўркида, одамлар кўксида “буюк бир уйғониш зоҳир” — шоир давр кишисининг диққат-эътиборини шу янги замонда Яратгувчи инъом этган сийлов-неъматларга қаратади.

Бутун замин аҳли вабо деган балойи офатдан азоб тораётган бир маҳалда ўзини элига элдош, улар дилига дилдош билган  қалби уйғоқ одам – шоир сукут сақламайди. Изтиробга тушади, безовта бўлади, ўйланади, одамлар дарди ва кўнглига назар ташлайди. Дарвоқе, ижодкор учун ҳамма замонларда ҳолу қол назари муҳимдир; нуқтаи назар эса ҳар нарсадан муҳим, албатта. Шу маънода жуда кўп адиблар ижодида давр вабоси — “Сovid-19” балосининг адабий талқинлари  пайдо бўлди. Айни мавзуга С.Сайид ҳам мурожаат қилди. Янги китобига кирган “Нусрат  дўхтир”, “Ибн Сино ўгитлари”, “Италия дўхтирлари”, “Шифокорлар жанг майдонида” каби қатор шеърларида башарият бошига келган синовли кунлар сабоқларидан, огоҳлик ва “Гиппократ қасамин жойлаб сийнага, Сиз таъзим қилгансиз Авиценнага” дея оригинал қофиялари (Авиценна — сийна, Авиценнага — вақцинага) билан шифокорлар матонатидан сўз очади шоир. Бу синов одамларни “Фикр этишга, шукр этишга ўргатди”. Одамийлик қадридан, сабрдан, муомаладан, ҳар бир кимса ўз умр мазмуни хусусида мундоқ дўппини ёнга қўйиб ўйлаб кўришдан сабоқлар берди; кўнгилни ғуборлардан, кирлардан тозалаш заруратидан дарс берди. Замин аҳли безовта, ҳолбуки, дунёдаги ҳар қандай инсон учун энг “Катта бойлик – Хотиржамлик билан соғлик”. Бу шоир хулосаси — шарқ ҳикмати. Дарҳақиқат,  шоирнинг яна бир ҳаётий хулосаси ҳам бор: “Бутун дунё букун буюк жанггоҳ эрур, Ғолиб улдир – қай эл ҳушёр огоҳ эрур”. С.Саййиднинг янги китобига кирган янги шеърлар мазмун моҳияти эл ичида юрган ижодкорнинг кўнгил манзараларидан дарак беради.

Шу билан бирга “Элдошларим, дилдошларим” китобидан ўрин олган адабий мақолалар ва суҳбатларида шоир янги замон адабий сиёсатига доир фикр-мулоҳазаларини баён қилади. Одатда чинакам ижодкор ўз адабий-эстетик қарашларини турли илмий атамалар гирдобига ташламай аниқ, лўнда ва қисқа баён қилади. Жумладан, С.Саййид­нинг бу китобидаги фикрлар эл-юрт тақдири, адабиётнинг кечаги куни — Навоий ва Бобурлар сўзининг қадри, адабиётнинг бугунги куни — ижодкорлар зиммасидаги юк, ўзлигини кўрсатмоқ учун адабиёт майдонига кириб келаётган ёшларга сирли, залворли ва бадиий сўзининг масъулиятидан сабоқ бериш билан боғлиқ, албатта. “Алишер Навоий асарлари илоҳий маърифат нури билан суғорилгани учун ҳам неча юз йилар давомида дунё китобхонлари кўнглини, онгу шуури ва тафаккурини мунаввар этиб келмоқда” — айни жиҳат Ҳазрат ижодида жуда муҳим тамойил, тўғрироғи, асос-негизини ташкил этади. Шоир адабий мақолалари, суҳбатлари таркиби шеър билан зийнатлашади:

Берунийлар, ибн Синолар,

Улуғбеклар, Бобур Мирзолар

Қуриб кетмиш қандай бинолар!

Ёш кўнгиллар қалқиши керак,

Навоийни ўқиши керак!

Илм-маърифат ва абадий ижодда ёшлар ўқиши ва ўрганиши, ибратланиши  ва интилиши лозим бўлган маёқ – аждодларнинг ҳаёт йўли ва мероси, амали ва сўзи. Улар дунё аҳлини лол қолдирган маънавият эҳромлари, маърифат кўшкини бунёд этишди. Фақат ҳар бир ёш бу муҳташам бинолар зиёратига муносиб покдил бўлиб бормоқлари лозим. Шундагина мерос­хўрлар баҳайбат қопулардан маърифат кошонасига дадил кира олишади. Шундагина Кошғарийлар билан “Девон” тилида сўзлашади. Шундагина улар “Берунийнинг ақл машъали”ни қўлга киритишади, Мирзо Бобур ҳиж­рони сабабларини англашади, жадидларнинг ҳуррият ишқида ёнган юрак оловлари тафтини сезишади. Умуман олганда, С.Саййид адабий қарашларида китобга, адабиётга, устозларга, ёшлар ижодига ва мамлакатдаги бунёд­корлик ишларига самимий муносабати, давр адабий сиё­сатининг энг муҳим тамойилларини теран тушуниши сезилиб туради.

Сирожиддин Саййид кўнгил одами, у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раҳбари. Табиатига кўра ўзаро нисбатан тафовутли бундай юмушни битта одам барчага маъқул келадиган тарзда холис адо этиши, тўғриси, осон иш эмас. Лекин Сирожиддин Саййид халқ ичига бутун руҳи, жони, вужуди билан кириб бориб ишлаётган, самарали ижод қилаётган шоир…

Бу гаплар исботини  “Элдошларим, дилдошларим” китобидан топасиз, муҳтарам газетхон!

Баҳодир КАРИМ,

профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг