НЕКБИН ОЛИМ СИЙМОСИ

115

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаев юртимизнинг пешқадам зиёлилари қиёфаларини яратиб, ўзбек халқининг маънавий-моддий хазинасига бебаҳо ҳисса қўшди. Мусаввир атоқли олим “Ҳамид Сулаймон” порт­ретида навоийшунос олимнинг ирфоний нигоҳи орқали сийратини кўрсатишга эришган. Бу тасвир томошабинни ўйлашга, мушоҳада юритишга ва эстетик завқ олишга ундайди.
Портрет қаҳрамони профессор Ҳамид Сулаймонов мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган. Бўлғуси олим Тошкентнинг Комолон маҳалласида зиёли оилада дунёга келган. Унинг падари бузруквори Сулаймон Хўжаев (1892 — 1937) киноартист, кинодраматург ва кинорежиссёр, ўзбек кино санъатининг асос­чи­ларидан бири эди. Ёшлигида Ҳамид Сулаймон “Намуна” мактаб-интернатида ўқиган, хаттотлик, расм ва рус тилидан қўшимча сабоқ олган. Дастлаб Наримонов номидаги педагогика техникумини, кейин Бутуниттифоқ давлат кинематография инс­титутида отаси билан бирга ўқиб, операторлик факультетини битирган. 1950 йилгача педагогик ва илмий фаолият билан шуғулланган. У 1950 — 1955 йилларда қатағонга учраб, уч йил қамоқда, икки йил лагерларда муддат ўтаган. Қайтганидан сўнг Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида дастлаб катта илмий ходим, кейин сектор мудири бўлган. Ҳамид Сулаймон ғайратли ва иқтидорли фан ташкилотчиси сифатида Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи директори ҳамда ЎзФА Қўлёзмалар институти директори лавозимларида фаолият кўрсатган. Олим 1979 йили оламдан ўтган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейининг тўртинчи қаватидаги XX аср мумтоз адабиёт бўлими экспозицияси мазкур музей асосчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ҳ.Сулаймоновнинг мемориал хотира хонасидан бошланади. Томошабин хонага қадам қўйиши билан нигоҳи Ўзбекистон халқ рассоми Абдулҳақ Абдуллаевнинг “Ҳамид Сулаймон” портретига тушади. Асарнинг содда композициясида алпқомат олим тик турган ҳолатда тасвирланган. Портрет қаҳрамонининг боши хиёл ўнг томонга эгилган, ўйча нигоҳи қуйига қараган. Оқ-қора сочлари ҳурпайган, бароқ қошлари тепага қараган, эгнида кулранг пиджак, сарғиш кўйлак, қора галстук, жигарранг шим. Тирсагидан букилган ўнг қўлининг кўрсатгич бармоғида қизил, учлари қора, қалин ручка, чап қўлининг катта бармоғи билан иш столида турган китоб устидаги иш дафтарини очиқ ҳолатда ушлаб турибди. Сиёҳранг мато ёзилган иш столи устида, тасвирнинг қуйи чап қисмида уч тамғали, муқоваси сариқ қўлёзма тас­вирланган.
Картинада Ҳамид Сулаймоннинг боши билан бир чизиқда деворда жойлаштирилган ҳазрат Навоийнинг Маҳмуд Музаҳҳиб чизган портрети ўзгача рамзий маъно касб этган. Зеро, бу тас­вир олимни илҳомлантиради, унга руҳий қувват беради, оламшумул кашфиёт, топилма ва янгиликларга ундайди.
Портретнинг энг қуйи қисми чап томонида, қўлёзма тасвирининг рўпарасида муаллиф дастхати — имзоси бор: Абдулҳақ 17/72. Асарнинг орқасида, рамканинг ўрта қисмида портретнинг яратилиш жараёни саналари (жами йигирма тўрт кун) муаллиф томонидан қайд этилган. Демак, рассом ва олим деярли бир ой дўстона ижодий мулоқотда бўлишган.
Шунингдек, хона витриналарида 1968 йили Алишер Навоийнинг 525 йиллик юбилейи муносабати билан нашр этилган “Танланган асарлар”ининг ўзбек тилидаги ўн беш ҳамда рус тилидаги ўн жилдлик академик нашридан нусхалар, олимнинг шахсий буюмлари, деворда эса оила аъзолари, хамкасблари, ўзбек ва чет эл адиблари билан бирга тушган, шунингдек, хориждаги сафарларида олинган фотосуратлар илиб қўйилган.
Ўтганларни яхши сўз билан эслаш хайрлидир. Хусусан, домла билан бирга ишлаш бахтига мушарраф бўлган ходимлар у кишини ҳамиша юзида табассум, қалбида ифтихор билан ёдга олишади. Адабиётимиз, маънавиятимиз, келажагимиз ҳақида қайғурганини таъкидлашади. Профессор Ҳ.Сулаймоновнинг ўзи бу борада шундай деганди: “Ҳар бир халқ ўз тарихи, ўтмиши билан тирик. Халқ яратган моддий ва маънавий маданият миллий доира билан чекланиб қолмай, айни замонда умумбашарий аҳамият касб этади, жаҳон маданияти хазинасини яратади ва жамият ривожи учун хизмат қилади. Шунинг учун улуғ мутафаккир, олим ва ижодкорлар ўз халқининг фахри бўлиш билан бир қаторда, жаҳон маданиятининг ҳам вакилларидирлар. Зеро, ўзлигини билиш ўз халқи, ўз насл-насаби, бобокалонларини танишдан бошланади. Бу масалаларда қўлёзма меросимиз, унинг ҳар бир зарварағи маънавий ҳаётимизнинг битмас-туганмас хазинаси, тарихимиз кўзгусидир”.

Бахтиёр ТОИРОВ,
Алишер Навоий номидаги
давлат адабиёт музейи ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг