ЙЎҚОТИШ

168

Ўн икки паҳлавон йигитлардек эдилар. Бир-бирларини доим ҳимоя қилишар, яхшиликни баҳам кўришиб, ёмонликни бир куч бўлиб енгишарди… Инсон ўлим келса чорасиз қолар экан. У шуларни ўйлаб уяли телефонини титкилай бошлади. Дўстини рақамини топди. “Ўчириш” ёзувини белгилади ва “Ҳа” деган тугмани босди. Кўзига ёш келди.

КЕКСАЛИК

Бекатда ўтирган йигитнинг олдига кекса бир онахон келиб ўтирди. Қўлидаги рўмолча билан пешонасидаги терни артиб, йигитга юзланди.
— Ёшингиз нечида болам.
— Қириқ тўртга тўлдим.
— Ҳали навқирон экансиз. Мени ёшим етмиш бешда. Сизга бир гап айтайми? Қариманг!

ЎЗИМ УЧУН…

— Эй, ўртоқ, сенга сира тушунмайман. Ёшинг бир жойга бориб қолган бўлса. Ҳалигача уй қуриш ташвиши билан юрибсан. Ўзинг учун қачон яшайсан.
— Набирамни жуда яхши кўраман. У ҳам менга суяниб қолган. Шуларга деб, шулар қийналмасин деб қураяпман-да. Ўзим учун эса…

БИРИНЧИ МАРТА

Ўша пайтлар анча ёш эди. Холаси билан ёлғиз яшарди. Мактабни битириш арафасида холаси омонатини топширди. Шунда кексалар: “Марҳуманинг ҳеч кими йўқ. Уни ҳотирлаб туриш энди шу йигитни зиммасида”, дейишди. Йигит ҳар йили холаси ўтган кунда дастурхон ёзиб, яқинларига эҳсон қилиб турди. Қирқ икки йил деганда биринчи марта бу удумни хаёлидан чиқарди… Набирасининг қўлидан тутиб, қабристон томон йўлга тушди.

НИЯТ

Қишнинг чилласи. Ташқарида кўкдан қор парчалари ўйноқлаб заминга қўнмоқда. Соч-соқоли қордек оппоқ, тўқсон ёшлар чамасидаги нуроний отахон ётган жойида деразадан ташқарига қаради. Кўнглидан нималардир ўтди. Лаблари пичирлаб, қиш ўлдирма ёз ўлдир, оч ўлдирма тўқ ўлдир деб қайта-қайта такрорлади. Тонгга яқин қария омонатини топширди. Пешинда кун эрта баҳордаги каби илиб қорлар эриб, тарнов ва бўғотлардан шовуллаб сув оқди. Жаноза тугагач кечга томон ҳаво бирдан ўзгарди ва қор ёғиб кун қаттиқ совиб кетди.

ЭСКИ МАТОҲ

— Онажон отам қанилар, яна ўша шалақ араваларини устага олиб кетдиларми? Манави янги машинани олиб берган бўлсам, мазза қилиб миниб юрмайдиларми.
— Ёшлик пайтларингда ўша шалақ арава сенлар учун энг азиз эканлиги эсингдан чиқдим болам, — деди она кўча томон юзланиб.

ХОТИРА
Замон ўзгарди, дунёқараш ўзгарди. Янги уйлар, янги йўллар барпо бўлди. Ҳамма қатори унга ҳам янги уй берилди. Мана, юк машинага рўзғор буюмлари ҳам жойлаштирилди. Бульдозернинг бир ҳамласи билан уй тутдай тўкилди, чанг осмонга кўтарилди. Қариянинг кўзлари ёшланди.

ЎШАЛ ДАМЛАР

Ҳовлига карнай-сурнай садолари остида келин ва куёв кириб келишди. Уйнинг фаришталари чол ва кампирга яқинлашишди. Дуога қўл очилди. Сўнг ёшлар ичкарига киришди. Чол билан кампир бир-бирларининг ажин тушган юзларига термилиб ўша дамларни эслашди.

Асрор СУЛАЙМОНОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг