САНЪАТКОРНИНГ ИККИНЧИ УМРИ

139

Тошкентдаги «Рамз-фильм» киностудиясида ХХ асрда яшаб ўтган атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдулла Авлоний ҳақида фильм суратга олинадиган бўлди. Ундаги етакчи образлардан бири — Афғонистон ташқи ишлар вазири Маҳмуд Тарзий ролига бир қатор санъаткорлар, жумладан, тожикистонлик актёр Абдуқодир Яҳёев ҳам таклиф этилди. Мазкур фильм таниқли ўзбек ёзувчиси Тоҳир Маликнинг «Қалдирғоч» қиссаси асосида суратга олинаётган бўлиб, киносценарий асар муаллифи ва Муқаддас Усмонова ҳамкорлигида ёзилган эди.

Бошқа роллар ижрочилари қатори Маҳмуд Тарзий  тимсолини гавдалантиришга муносиб кўриладиган актёр ҳақидаги фикрини олиш учун адибга мурожаат қилинди. Санъаткорларнинг суратлари ва видеолавҳалар билан танишган Тоҳир Маликка Абдуқодир Яҳёев маъқул келган эди. У Маҳмуд Тарзий қиёфасини гавдалантиришга айнан шу актёр мос, деди. Кинорежиссёр Музаффархон Эркинов ёзувчи билан фикри бир жойдан чиққанидан, тожикистонлик актёрни таклиф этиб хато қилмаганидан хурсанд бўлди.

Фильм суратга олиниб, «Авлоний» фильми кинотеатрларда намойиш этилди, Ўзбекистоннинг барча телеканалларида кўрсатилди. Мутахассислар бошқа ижрочилар қатори Абдуқодир Яҳёев ижросига ҳам юксак баҳо беришди. У Афғонистон туп­роғига кўз тиккан айрим мамлакатлар раҳбарлари мақсадини яхши англаган, қийин даврда мулоҳазали иш юритган сиёсатчи, айни пайтда маърифатли инсон — тарихий шахс Маҳмуд Тарзийнинг ролини ишонарли ижро этгани таъкидланди.

Айтиш жоизки, Маҳмуд Тарзий Абдуқодир Яҳёевнинг кинода яратган ягона роли эмас. Гарчи у кино санъатига бирмунча кеч кириб келган бўлса-да, Тожикистон киностудияларида суратга олинган «Тор дара» ва «Совчилар» фильмида эсда қоларли образлар яратди. Ўзбек киностудияларида бир йил давомида бешта фильмда иштирок этишга муваффақ бўлди. Хусусан, «Авлоний»дан ташқари, яна бир улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат ҳақидаги филмда Ибратнинг тоғаси — Носирхон ота, «Сўнгги истак»да — Жалил, «Шернинг қайтиши»да Мирзобобурнинг бобоси ва «Қора ҳудуд»да Маҳмуд Абдуллоҳ ролларини ижро этди. Шу тариқа Абдуқодир Яҳёевнинг, таъбир жоиз бўлса, санъатдаги иккинчи умри бошланди. Бунгача у Тошкентдаги театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тугаллаб, аввал Сирдарё вилоят театрида, кейинчалик узоқ йиллар Нов (ҳозирги Спитамен)даги Шукур Бурҳонов номли ўзбек мусиқали драма театрида ишлади. Ўнлаб спектаклларда қатор роллар ижро этди. Режиссёрлик қилди, театрга директор бўлди. Такидлаш керакки, Абдуқодир Яҳёев жаҳонда камдан-кам режиссёрлар қўл уришга жазм этадиган Шекс­пирнинг «Ричард III» асарини саҳналаштирди. Кичиккина ижодий жамоа билан бундай йирик асарга қўл уришнинг ўзи чинакам жасорат эди.

Ушбу  спектаклга мутахассислар ҳам юксак баҳо беришди. Жумладан, таниқли тожик театр режиссёри Худойдод Орифий «Ричард III»ни Грузияда, Шота Рус­тавели театрида чорак аср муқаддам кӯрганини айтиб, шундай деганди:

— «Тбилисида спектакл кӯраётганимда ҳайратдан сочларим тиккайиб кетганди. Ана шу томошадан анча ўтиб Тожикистондаги ўзбек театрида «Ричард III»ни кўриб, юртимизда шундай театр борлигидан фахрланиш ҳиссини туйдим.

Абдуқодир нафақага чиққач, ўзи меҳр-муҳаббат қўйган санъатни тарк этмади. Дастлаб тожик киночилари ролга таклиф этишганида рад қилмади. Кинодаги дастлабки ролини кўрган ўзбек режиссёрлари уни кетма-кет фильмларга таклиф қила бошлашди.

— Санъат халқларни ҳам, санъаткорларни ҳам дўстлаштиради, — дейди Абдуқодир Яҳёев. — Мен қардош Ўзбекистонда кўплаб таниқли санъаткорлар билан елкама-елка ишладим. Асли юртдошим, ҳозирда Ўзбекистонда таниқли ижодкорлар Маъруф Отажонов, Боир Холмирзаев билан эскидан дўстмиз. Бу дўстларимдан ташқари, таниқли ўзбек санъаткорлари  Муҳаммадали Абдуқундузов, Теша Мўминов, Эркин Комилов, Матёқуб Матчонов,  Сайёра Юнусова билан бирга ижод қилиш бахтига муяссар бўлдим. Мени ҳар гал Ўзбекистонга, бирор фильмга таклиф этишганида, икки доно Президент — мамлакатимиз ва қўшни Ўзбекистон раҳбарлари — Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг икки қадимий халқ ўртасида янги дўстона алоқалар ўрнатишдек тарихий ишларини миннатдорлик билан эслайман.

Бу доно сиёсат тўғрисида менга ўзбекистонлик машҳур актёр Убайдулло Омон, Тожикистон халқ артисти Сайрам Исаева ҳам гапириб беришганди. Убайдулло Омон «Тожикфильм»да суратга олинган «Сув  ўғли» фильмида асосий образ — бобо ролини маҳорат билан ўйнади. «Ўзбекфилм»да Нодирабегим, Майсара каби ўндан ортиқ роллар яратган Сайрам Исаевага ўзбек киночиларининг «Олтин ҳумо» мукофоти берилди. Яқинда Сайрам Исаева уни истеъдодли ўзбек кинорежиссёри Қамара Камолова ўзи суратга олмоқчи бўлган фильмга таклиф қилганини айт­ди.

Абдуқодир Яҳёевни ўзбек кинорежиссёрлари янги ролларга таклиф этишмоқда. Бу ҳақда ўзи шундай дей­ди:

— Ўтган ой  Хўжанд яқинидаги машҳур «Арбоб» қасрида Тожикистон ва Ўзбекистон Президентлари Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев билан биз — зиёлилар ва вилоятимиз фаолларининг учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари халқларимизнинг азалий дўстлиги, янги-янги ҳамкорликлар ҳақида гапирдилар. Ўзбек ва тожик дўстлигини тараннум этувчи, икки буюк шахс – мавлоно Абдураҳмон Жомий ва ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳақида фильм яратиш таклифини айтганларида, ҳамма узоқ вақт тик турганча қарсак чалди. Мен эса қувончимни ичимга сиғдира олмасдан, қанийди, шу фильмда образ яратсам, деб ўйлардим. Тезроқ бутун жаҳонга тарқалган коронавирус пандемияси тугаса, чегаралар яна очилса ва биз санъаткорларга ҳам кино олиш майдончаларига айтилган вақтда етиб бориш имконияти туғилса эди…

Театр ва кино актёри Абдуқодир Яҳёев ва миллионлаб инсонлар кўнг­лидаги бу ниятнинг амалга ошишига тилакдошмиз.

Ўринбой УСМОН,

Хўжанд, Тожикистон

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг