«ОСИЁДАН НАРИ ОСИЁДА» КИТОБХОНЛИК

242

Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид “Осиёдан нари Осиё” деб таърифлаган Сариосиё туманидаги 43-мактабга пойтахтдан йўлга чиққан маърифат карвони етиб борди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тақдим этилган нодир китоб­лар олис туман ёшларинининг қувончига қувонч қўшди.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид Президентнимиз томонидан илган сурилган беш ташаббуси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталар экан, китоб ва китобхонликнинг Ватан тараққиётида тутган улкан аҳамиятини устоз ёзувчи-шоирларнинг ибратли ҳаёти мисолида кўрсатиб берди. Зиёли ёшларга Учинчи Ренессанс даврида бунёд этилажак маърифат биносининг бунёдкорлари сифатида қаралаётганини алоҳида таъкидлади.
— Ўқув даргоҳимиз 320 ўринга мўлжалланган бўлиб, 65 нафар ўқитувчи 700дан ортиқ ўқувчи-ёшларга илм-фан сирларини ўргатиб келмоқда, — дейди 43-мактаб директори Наврўз Нодиров. – Айни пайт­да ўқувчилар ёзги таътилда бўлишига қарамай, ижодий-маданий масалалар бў­йича тарғиботчимиз Адолат Комилова ўзи ташкил қилган тўгарак аъзолари билан мунтазам машғулотлар олиб бормоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сай­йид бошчилигидаги маърифат карвони келтирган 500га яқин бадиий китоблар кутубхонамиз фондини бойитибгина қолмай, излаб юрган китобларини шу ердан топиш имконига эга бўлган “Обод турмуш” маҳалласи ёшларнинг мушкулини осон қилди.
Дарҳақиқат, Адолат Комилованинг қизиқувчан шогирдлари Қурбон ҳайити арафасида ҳам нафақат адабий, балки расомчилик, қўшиқчилик, рақс санъати ва ҳунармандчиликка оид машғулотлар билан банд экан. Тўрт тилда – ўзбек, рус, инглиз ва тожик тилларида сабоқ олаётган ёш қаламкашларнинг қизиқишлари, илк шеърий машқлари ҳамда интилишлари меҳмонларни руҳлантириб юборди. Хонзода Абдураҳмонова, Азиза Воҳидова, Мадина Ҳабибуллаева, Сайёра Сафарова сингари тўгарак аъзоларининг адабий қизиқишлари сабаб, Ўзбекистон халқ шоири билан юзма-юз мулоқот мушоирага айланиб кетди. Севимли шоиридан қўлхат олаётган ўқувчи-ёшларнинг юз-кўзидаги самимият уларнинг келажакка катта умид ва ишонч билан боқаётганидан далолат бериб турарди.

Шуҳрат АЗИЗОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг