ИЖОДИЙ РУҲ, ИЖОДИЙ МУҲИТ…

124

Ўтган ҳафтада Республикамизнинг тўққизта ҳудудида жойлашган ижод мактабларида ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтди. Фаолиятини 2017 йилда бошлаган ижод мактаб­ларида дастлабки умидли қалдирғочлар бўй кўрсатгани ва бугун мазкур даргоҳларга ўзгача бир руҳда интилувчи ёшларнинг кўплиги жуда қувонарлидир.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш ва Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг замирида эзгу ниятлар, хусусан, ёшларни ижодий фикрлашга ўргатиш ҳамда таълим даргоҳларида ижодий руҳни кучайтиришдек мақсадлар бор. Бугун эса уларнинг рўёбга чиқаётганини кўриб турибмиз. Зеро, ижодий руҳ бор жойда янгиликлар, ихтиролар, янги асарлар, ғоя ва ниятлар туғилади. Интилиш ва изланишлар кучаяди.
“Ижодий руҳ” ва “ижодий муҳит” каби тушунчалар фақат бадиий адабиёт ёки санъат соҳасига тегишли эмас. Ўз ишига ижодий ёндашиш барча соҳа ва касб эгалари учун жуда муҳим. Дейлик, муҳандиснинг ижодий ёндашиб бажарган иши пишиқ ва қулайлигидан ташқари, одамларга эстетик завқ ҳам беради. Тарихий шаҳарлардаги кўҳна обидаларнинг гўзаллиги, мус­таҳ­кам ва умрбоқийлиги сири нимада? Нега Шаҳрисабз­даги Оқсаройни кўриш учун бутун дунёдан сайёҳлар келишади? Чунки Оқсарой фақатгина улкан бино эмас, таъбир жоиз бўлса, уни “меъморий, бадиий, фалсафий, тарихий обида”, дейиш мумкин. Оқсарой пештоқига битилган: “Қудратимизга шубҳангиз бўлса, биз қурдирган иморатларга боқинг”, “Подшоларнинг сўзлари – сўзларнинг подшосидир” каби жумлалар, мардлик, саховат, адолатга доир ҳикматли иборалар асрлар давомида одамларни ҳайратга солиб келаётир. Бу, аввало, меъмор ва қурувчи аждодларнинг ўз ишига юксак ижодий ёндашуви натижасидир. Соҳибқирон даврида Самарқандда ўтказилган халқ сайилларини муаррихлар мароқ билан тасвирлайдилар. Чунончи, бир тантанада пахта титувчилар пахтадан улкан мезана тиклайдилар. Унинг баландлиги минорадек, ранги эса кўзни қамаштирар даражада оппоқ бўлган экан. Бўйрадўзлар эса қамишдан отлиқ аскар талъатини ясаб, ҳатто суворийнинг кип­рикларигача мукаммал тасвирлашни уддалаганлар. Ровийлар ўша даврдаги Самарқанд гўзаллигини таърифлаб адо қила олмаганлар. Бутун дунёдан келувчи савдогарлар эркин ва қулай савдо қилишлари учун Соҳибқирон шаҳарнинг ўртасидан кесиб ўтувчи катта кўча тарҳини чизиб, унинг икки четида бир-биридан гўзал дўконлар қуришни буюрган. Ўз даврининг “халқаро ярмаркаси” бўлган бу шоҳкўча бошдан-­адоқ гумбазлар билан ёпилиб, “товар кўргазмалари” учун махсус мармар ўриндиқлар ўрнатилган. Жамият ҳаётининг ҳар жабҳасида ижодий руҳ ва ижодий муҳит устувор бўлган бу давр тарихга Иккинчи Ренессанс, дея дарж этилган.
Қўқон, Бухоро, Тошкент, Шаҳри­сабз каби шаҳарларда тор жинкўчалар, қинғир-қийшиқ, боши берк кўчалар, лойсувоқ томлар ва омонат иморатлар пайдо бўлишини кўп жиҳатдан ке­йинги асрларда ижодий руҳ пасайиши билан изоҳлаш мумкин. Чунки ижодий муҳит бўлмаган жойда интилиш, изланиш, яратиш ва кашф этиш туйғулари ҳам сўна бош­лайди, ҳар жабҳада тушкунлик ҳамда истеъмолчилик кайфияти кучаяди.

Ишга ижодий ёндашув – изланувчанлик ва алоҳида, ўзига хос фикрлаш қобилияти демакдир. Ижодий фикрлаш тарзи, истайсизми-йўқми, аксарият ҳолларда умумий оммадан яққол ажралиб туради. Шу боисдан ижодкор инсонлар ҳаёти ва фаолияти ҳамиша енгил кечавермаган. Чунки ижодий фикрловчилар ҳар кимга ҳам хуш келмаслиги мумкин.
Бугун янгилик яратиш ва уни юзага чиқаришда шароит ҳамда имкониятлар ҳар қачонгидан-да кўпроқ. Юртимизда дунёнинг энг нуфузли олий ўқув даргоҳларининг филиаллари очилмоқда. Инсоният илм-фани хазинасидан баҳраманд бўлиш мақсадида хорижда ўқиш ёки Интернетдан фойдаланиш имкониятлари ошиб бораётир. Аммо мавжуд андозалардан ижодий фойдаланиш бошқа, уларни кўр-кўрона кўчириш бутунлай бошқа нарсалар эканини унутмаслик керак. Масалан, Буюк Британия пойтахтининг қаеридадир “I love London” деб ёзилган бўлса, бизда ҳам айнан “I love Tashkent” шаклида ёзув ўрнатиш, бизнингча, мақбул ҳам, ўринли ҳам бўлмайди.
Ижодий фикрлаш – илғор технологиялар яратиш, илмий-техник кашфиётлар қилиш, демакдир. Президентимиз буни кўп так­рорлайдилар. Олимлар билан учрашувда хорижнинг юксак технологияларига ҳавас қилишимиз, лекин баъзан ўзимизда бирор янгилик яратилса, минг хил “чиғириқ”қа дучор қилишимиз каби таассуфли ҳоллар мавжудлиги ҳақида куюниб айтган эдилар.
1997 йили Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмасининг олий тоифали конструктори Абдулла Тешабоев “Бургут” деган енгил самолёт лойиҳасини чизганлиги ҳақида матбуотда хабар берилганди. Орадан чорак асрга яқин вақт ўтди. Қани ўша “Бургут”? Уни ишлаб чиқариш учун ўзимизда имкониятлар бор-ку? “Бургут”нинг йўлида қандай тўсиқлар бўлган?
Ўринсиз, ҳаддан ташқари чуқур назорат муҳити ўз навбатида ижодий фикрлаш ва ижодий муҳитни барбод этади. Унинг ўрнини ҳадик, журъатсизлик, лоқайдлик ва боқимандалик эгаллайди. Юртимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлигининг илк кунлариданоқ ушбу ҳақиқатни бот-бот уқтириб келаётир. 2019 йил 26 декабрь куни Абдулла Қодирий ижод мактабида зиёлилар билан бўлган учрашувда ­Президентимиз: “Абдулла Қодирий ижод мактабида ўқиётган бу болалар янги Ўзбекистоннинг келажаги бунёдкорларидир. Барча умумтаълим мактаблари ушбу ўқув даргоҳидан маънавиятни, маърифатни ўрганиши лозим. Чунки бу ерда таҳсил олаётган болалар нафақат маънавиятли, балки ўз ватанини юракдан севувчи истеъдод эгалари. Биз ижод мактабларида ватанпарвар ёшларни тарбиялашни мақсад қилганмиз”, дедилар.
Бу сўзларида улкан меҳр ва эзгу орзу-ниятлар мужассам. Дарҳақиқат, ижодий фикрлаш – меҳр ва ишончдан куч олади, униб-ўсади.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг