ЎРИКЛИСОЙ СУРУР БАХШ ЭТГАН ДАМЛАР

173

Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги

Адабиёт — миллатнинг жон томиридир. Қайси мамлакатда адабиётга эътибор қаратилса, унда улғайган авлод маънан етук ва баркамол бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Зомин туманининг «Ўриклисой» oромгоҳида ташкил этилган Респуб­лика ёш ижодкорларининг Зомин семинари бир неча йиллардан буён истеъдодли ёшларни кашф этиб келмоқда. Президентимизнинг Ёшлар куни муносабати билан Ўзбекистон ёшларига билдирган табригида “Беруний издошлари”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Алишер Навоий давомчилари” кўрик-танловларини ўт­ка­зиш ҳақидаги ташаббуслари ёш ижодкорларни ҳам беҳад руҳлантирди.
Юртбошимизнинг “Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида сиз, азиз ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётганингиз юксак таҳсинга сазовордир. Албатта, ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва мардликни, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришиш учун инсон ўз олдига аниқ мақсад қўйиб яшаши керак”, деган фикрлари албатта Ватанимиз ёшларини янада юксак марралар сари интилишига йўл очди.
Ана шундай катта ишончдан руҳланган ёш ижодкорлар жорий йилнинг 5-8 июль кунлари Жиззах вилоятининг Зомин туманида респуб­лика ёш ижодкорларининг “Зомин қалдирғочлари” семинарида, устозлар, самимий дўстлар даврасида жам бўлишди. Тўрт кун давомида адабиёт аҳлининг нигоҳи Зомин семинарига қаратилди. Семинарда бадиий адабиётнинг назм, наср, драматургия, бадиий публицис­тика, бадиий таржима, болалар адабиёти, адабий танқид йўналиш­лари бўйича шўъбаларга бўлинган ҳолда маҳорат дарслари олиб борилди. Иштирокчиларнинг асарларини саралаш ва маҳорат сабоқларини ўтказиш мақсадида таниқли адиб ва шоирлар ҳамда адабиётшунос олимлардан иборат 35 кишилик ишчи гуруҳ ташкил қилинди.
Айтиш керакки, бу йилги семинарда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 66 нафар ёш ижодкор ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан юборилган 9 нафар истеъдодли ёш ижодкор — анъанавий қўшиқ ижрочилари, бастакорлар, кинематография соҳаси ёш ижодкорлари, рассомлар (китобат санъати йўналишида таҳсил олаётган талабалар) ҳам иштирок этишди.
Сирожиддин Саййид, Нодир Жонузоқ, Маҳмуд Тоир, Хуршид Дўстмуҳаммад, Қозоқбой Йўлдошев, Умида Абдуазимова, Мунаввара Усмонова, Хосият Рустамова, Исажон Султон, Шо­йим Бўтаев, Салим Ашур, Ориф Тўхташ каби эл суйган шоир ва адибларнинг ҳакамлар ҳайъати таркибида фаолият олиб боргани ёш ижодкорлар қалбидаги яхшилик ва адабиёт ниҳоллари баравж ўсишига замин бўлгани шубҳасиз.
Санъатнинг жуда кўп турларига доялик қилувчи адабиёт хонандалар, созандалар, рассомлар томонидан чуқур ҳис қилиниши уларни янада илҳомлантириши сир эмас. Шу маънода семинар доирасида шоир – бастакор – ижрочи учлиги ҳамкорлигини ташкил этиш режалаштирилгани самарали натижалар беришига умидлантиради. Ушбу ҳамкорлик бадиий ижод, рассомлик, қўшиқчилик, кино ва бошқа соҳаларда бадиий юксак, мазмунли асарлар яралишига замин бўлади.
Зомин семинари мен учун янги уфқларни очди, — дейди Ўзбекистон Давлат консерваторияси композиторлик кафедраси мудири Нурали Эркаев. — Тадбир давомида янги асарларни тинглаб, ижодий ҳамкорлар — шоир, драматурглар топдим.
Албатта, бу каби эътирофлар Зомин семинарининг кўлами ва аҳамияти тобора ошиб бораётганидан дарак беради.
Сўлим гўшадаги семинар, ёшларда бадиий асарлар яратиш иштиёқининг куртак ёзишига омил бўлиши шубҳасиз. Устозлар билан бўлиб ўтган қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавоблар, мушоира кечалари, мўъжизавий лаҳзалар шукуҳи ҳар бир ёш ижодкор қалбида умрбод нақшланиши шубҳасиз. Ушбу адабиёт байрами ёшларга янги-янги илҳом бериб, фақат юксакликка чорлайди.

Ботир ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилари
уюшмаси раисининг ёшлар
билан ишлаш бўйича ўринбосари

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг