ДОИМО МАФТУНКОР…

214

АДИБЛАР ХИЁБОНИ

Улуғ ном, улуғ отлар,

Мангу барҳаёт зотлар,

Мозийдан келган хатлар,

Бари қалам деҳқони —

Адиблар хиёбони.

Буюклар ҳайкали бу,

Эзгулик пайкали бу,

Гўзаллик сайқали бу,

Элим деб куйган жони —

Адиблар хиёбони.

Нозик дид, ширин тиллар,

Тоғ ҳам ўрнидан жилар,

Ўчмагай асло номи —

Адиблар хиёбони.

Бобур, Навоий назми,

Абдулла Ориф азми,

Ҳар бири миллат рамзи,

Ўзбегим Ўзлик они —

Адиблар хиёбони.

Бош эгиб султони боз,

Этса шоирин эъзоз,

Айтинг, бу қанчалар соз,

Элимнинг шараф-шони —

Адиблар хиёбони.

ВАТАН

Бепоён кенгликда ястанган тоғлар,

Адирлар кўксини безаган боғлар,

Аму, Сир мавжларин ўпган қирғоқлар,

Бу менинг Ватаним, севимли юртим.

Минг йиллик тарихга гувоҳ чинорлар,

Қадим обидалар, қадим минорлар,

Бешиклар илинган пойдор чинорлар,

Бу менинг Ватаним, севимли юртим.

Олтинга тенг бўлган бир сиқим тупроқ,

Ҳар битта гиёҳу ҳар битта япроқ,

Яшна деб мангуга қадалган байроқ,

Бу менинг Ватаним, севимли юртим.

Йил бўйи бошида айланган қуёш,

Булоқлар кўзини тавоф қилган тош,

Тошкентча норину андижонча ош,

Бу менинг Ватаним, севимли юртим.

Жаҳон айвонида орзуси улкан,

Доимо мафтункор, доимо кўркам,

Оламни маҳлиё айлаган ўлкам,

Бу менинг Ватаним, севимли юртим.

СЕНИ ЭСЛАЙМАН

Боғлараро кезганда,

Юракни ғам эзганда,

Ўзни ёлғиз сезганда,

Сени эслайман.

Битмас дунё ташвиши,

Соғинч-айрилиқ ниши,

Ҳар бир ҳол Тангрим иши,

Сени эслайман.

Илк севгим ўртаб ғамда,

Жонни қийнаган дамда,

Бормисан деб оламда,

Сени эслайман.

Билмадим айб кимдан ўтар,

Бир садо берсанг нетар?

Ҳасратдан жоним тутар,

Сени эслайман.

ТАБИАТ ҚЎЙНИДА

Табиат қўйнида кезаман яйраб,

Кўнглимдан ўтади ажиб бир ҳислар.

Теграмда қушчалар шодланар сайраб,

Дилимни қитиқлар муаттар ислар.

Ёнимда чайқалса майса ва гуллар,

Олис чўққиларда оппоқ-оппоқ қор.

Сўқмоққа элтувчи илониз йўллар

Ва яна минг йиллик чинорлари бор.

Ҳур ўлкам, ҳуснингга бўлиб маҳлиё,

Кўкдан илиққина кулиб боқар ой.

Томоша қилмоққа шошгандай гўё,

Ҳув баланд дўнгликдан  пастга шўнғир сой.

Табиатнинг сирли инояти-ла,

Булбуллар тилидан тўқилган баёт.

Инсоннинг идроки, меҳнати билан,

Янада гўзалроқ туюлгай ҳаёт.

Юсуф МАМАДИЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг