«МАТОНАТ»

225

Ўзбекистон Кинематография агентлигида “Матонат” ҳужжатли фильмининг ўзбек ва рус тилларида премьераси бўлиб ўтди.

Премьерадан олдин бўлиб ўтган тадбирни киношунос-журналист Шоира Рауфбоева олиб борди. Тадбирда сўзга чиққан агентлик бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, фильм режиссёри Шуҳрат Маҳмудов,  Россия элчихонасининг Ўзбекистондаги муваққат ишончли вакили Владимир Митрофанов,  Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матжонов, “Ҳужжатли ва хроникал фильмлар студияси” ДУК директори Баҳодир Одилов ва бошқалар  сўзга чиқиб, ижодкорлар ҳамда мухлисларни янги асар билан қутладилар.

Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, Ғалабага муносиб ҳисса қўшган, Голландиянинг Амерсфорт концлагерларида ҳалок бўлган 101та ўзбек аскарининг аянчли тақдиридан ҳикоя қилувчи ушбу фильм Кинематография агентлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида суратга олинган.

Фильмни яратиш жараёнида режиссёр Иккинчи жаҳон урушининг мудҳиш воқеалари билан яқинроқ танишишга, имкон қадар кўпроқ маълумот тўплашга ҳаракат қилгани томоша жараёнида яққол намоён бўлиб турди. Фильмда урушда асир тушган ўзбек ўғлонларининг Ватан учун жонини мардларча фидо қилгани, уларнинг она юртига соғинчи, ҳаётдан умиди, чеккан изтироблари акс этган. Биргина кадрни олайлик: мозордаги қабрлардан бирида 101 рақами кўринади ва бундай рақамлар атрофда юзларча эди. Эҳтимол, баъзилар учун бу оддий бир кадрдек ўтиб кетиши мумкин, бироқ бунинг негизида даҳшатли ҳолатларда нобуд қилинган минглаб инсонларнинг тақдири ётибди.

Айниқса, воқеаларни ўз кўзи билан кўрган, асирларнинг қийноқдаги ҳаётларидан хабардор бўлган шахсларнинг экран орқали кўрганларини сўзлаб бериши фильм ҳаққонийлигини таъминлашга хизмат қилган. Воқеаларнинг гувоҳи бўлган кишилар тилга олган фактларни эшитган томошабинларнинг кўзларига ёш қалқди. Тақдимотда қатнашган ҳеч бир одам экранда жонланаётган кадрларга бефарқ қолмади.

Режиссёр фильмнинг рамзий ифодавийлигига, поэтик муҳитига, тасвирий жиҳатдан бир маромдаги услубий тузилишига катта эътибор қаратган. Бу борада кинооператорлар Рифқат Ибрагимов, Рустам Магадиев, рассом Бектош Ражабов, либос рассоми Элвира Миндибаева, гримчи рассом Наталья Раҳматуллаеванинг ижодий изланишлари ўз самарасини берган. Постановка усулида тасвирланган уруш манзаралари ва қаҳрамонлар кўринишлари хроникал архив материаллари билан уйғунлашиб кетган. Матн, овоз, шовқинлар ва ёзилган мусиқий композициялар фильмнинг бадиияти ва томошавийлигига хизмат қилиши учун монтажчи Шаҳриёр Исмоилов, овоз режиссёри Шоислом Ҳусанов ҳамда бастакор Дмитрий Янов-Яновский катта ижодий меҳнатни амалга оширишган. Сценарий муаллифи Розиқа Мергенбаева режиссёр билан том маънода ижодий ҳамкорлик қилиб, барча жараёнларда фаол иштирок этиши киноасарнинг бадиий-эстетик қиммати юксалишига хизмат қилган. “Матонат” ҳужжатли фильми томошабинга нафақат даҳшатли уруш воқеаларини яна бир бор эслатади, балки бугунги тинчликнинг қадрига етишга даъват этади.

Камолиддин ИСМОИЛОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг