ТИЛ ТАРБИЯСИ ЗАРУР

131
  1. Бугун яратилаётган насрий асарлар(роман, қисса, ҳикоя, эссе)да муаллифлар тил масъулиятини қай даражада ҳис этаётир?
  2. Насрий асарлар тилини нималар бойитади, деб ўйлайсиз: халқона ибораларми, мақолларми, образли ибораларми? Тили нуқтаи назаридан пишиқ-пухта ёзилган ёки сўз санъатига бегона тилда ёзилган қандай асарларни кўрсатган бўлардингиз?

Замонавий адабий асарлар тилига жиддий эътирозим йўқ. Айниқса, профессионал  адибларимиз, барака топишсин, ёмон ёзишмаяпти.  Мен баъзан  тилимизни  телевидение бузмаяптимикан, деган фикрга бориб қоламан.  Тонгги кўрсатувлардан бирида телебошловчи қизимиз “…уч дона инсон келди” иборасини тилга олмаганида ва бу ҳам камдек, айнан шу куни ўзбек тилига ўгирилган кўп қисмли турк сериалларидан  бирида “дона” сўзи  ножоиз қўлланилмаганида, болалигимда, яъни ўтган асрнинг олтмишинчи  йилларидаги она тилимизга боғлиқ ибратли кечмишлар қалбимда туғён урмаслиги мумкин  эди. Бизда яхши  бир одат мавжуд бўлиб, катталар овул болаларининг одоб-ахлоқи қатори, тилига ҳам масъул эдилар. Катталар тилга эътиборли бўлгани учунми, сўзлар жонли ва сирли туюларди ва ҳар бир жумлани ўз ўрнида ишлатишга уринардик.

 “Уч дона инсон келди” эмас, “уч нафар киши келди” бирикмаси тўғрилигини  биз  мактабга қатнамасдан  аввалроқ билардик. Бунда катталарнинг назоратидан ташқари, эртакчи момоларимиз ҳамда болаларни теварагига жамлаб ривоятлар сўзлагувчи отахонлар ҳиссаси ҳам катта эди. Тингланган эртак­лар, қулоққа чалинган ривоятлар болаларда китобхонликка қизиқиш уйғотиб, тилимизга нисбатан эҳтиром туйғусини шакллантирар эди. Афсуски, замонавий техник воситалар туфайли бу кўҳна қадриятлар секин-аста унутилаётгандек, тилга эътибор сусайиб, қоришиқ тилда сўзлашиш кучайиб бораётгандек. Бу каби нохуш ҳолатларга деярли ҳар қадамда  дуч келиш мумкин. Фикримиз тасдиғи сифатида, келинг, шаҳардаги маълум бир йўналиш бўйича ҳаракатланадиган таксига чиқайлик-да, тушар манзилини ҳайдовчига айтаётган йўловчиларнинг гап-сўзларига эътибор берайлик: “Мостда ташлаб кетинг”, “Поворотда тушиб қоламан”, “Остановкада тўхтаб ўтарсиз”. Мана, кўрдингиз, “кўприк” ўрнида “мост”, “бурилиш” ўрнида “поворот”, “бекат” ўрнида “остановка” каби русча сўзлар ишлатилган ва афсуски, бу нохуш ҳолат аллақачон урфга айланган.

Кўпчилик ўзга тилдаги бу каби сўзларни англаб-англамаган ҳолда қўллайди. Эътироз билдирсангиз, тилимиз шунга ўрганиб қолган-да, деб қўя қолишади. Бозор ва бошқа гавжум жойларда эса аҳвол бундан-да хунук. Бу етмагандек, дўконлардаги ёзувларга нима дейсиз. Яқинда улкан, ҳашамдор бир дўконда “Ёш картошка” деган жумлага кўзим тушиб қолди. Ахир, картошканинг ёши эмас, янгиси бўлади-ку. Тилга нисбатан шунчалик ҳам эътиборсиз бўлиш мумкинми?! Ахир, тил софлиги учун жон куйдириш маълум бир тоифанинггина иши эмас-ку.

Шу ўринда ёзилаётган адабий асарларнинг айримлари тили ҳақида тўхталадиган бўлсам, айтиш жоизки, бугунги кунда турли саргузашт ва олди-қочдиларни катта-катта роман, қисса шаклида халққа улашаётган муал­лифлар пайдо бўлди. Лекин назаримда,  бундай китобларнинг аксарияти тили ва бадиий савия жиҳатидан жуда бўш. Чунки уларни ўқишга қийналасан.

Мен ўнлаб йиллар давомида бахшилар фаолиятини кузатиб шунга амин бўлдимки, бу соҳа кишилари она тилимизга, унинг ҳар бир сўзи, жумласига ниҳоятда эътиборлидир. Уларнинг куйлашу сўйлашларида, китоб ҳолида чоп этилган достонларида тил ва бадииятга чуқур меҳр ва синчков муносабат яққол намоён. Бу, албатта, устоз бахшиларимиз меҳнатидир. Бахшиларимиз тилга ҳурмату сўзга иззатни шогирдлари онгу шуурига ёшлигидан сингдира бошлайди, худди куй ва оҳангдек ҳар бир жумла устида такрор-такрор ишлашга, сўзнинг маъно ва қудратини қалбларига жо этишга мажбур этади. Устоз бахшилар тарбиясини олганлар ҳеч қачон тилимизни бузиб, кўприкни “мост”, бурилишни  “поворот” дейишмайди. Улар тилни муқаддас билишади. Қанийди, ҳаммамиз  ҳам тилимизни муқаддас билиб, устоз бахшиларнинг тил тарбияси  усулини ўз оиламиз ва яқинларимиздан бошласак.

Нормурод    НОРҚОБИЛОВ,
ёзувчи

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг