157

«ШЕЪРНИНГ СОЗИ ТЎРТ САТР…»

Академик Бахтиёр Назаров ўзига хос шахсияти, серқирра илмий-ижодий фаолияти билан халқимиз орасида кенг танилган истеъдод соҳибидир. Унинг адабиётшунос, мунаққид, фан ва жамоат арбоби ўлароқ эришган ютуқ ва натижалари нечоғли эътиборли бўлса, шунчалик ибратли ҳамдир. Аслида ҳам у адабиётшунос, шеършунос, нафосатшунос, бир сўз билан айтганда, маънишунос бўлиб туғилган. Алишер Навоийнинг «Аҳли маъни гуруҳида зинҳор, ҳеч ор айлама гадолиғдин» деган даъватларида Бахтиёр Назаровга ўхшаган зотлар назарда тутилган.

Нафосат, гўзаллик, ҳақиқат туйғуси Бахтиёр аканинг қонида, руҳида кезинадики, унинг ҳар бир мақоласи, тадқиқот ва китобида ёрқин кўриниб туради. Бахтиёр Назаров миллий адабиёт олдида масъулиятини унутмаган, бадиий ижодга қараши юксак тадқиқотчи. Шу боисдан ҳам у ўртамиёна ёки адабиёт даргоҳида адашиб юрган қаламкашларнинг асарларига эмас, балки Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи сингари ҳақиқий талантлар ижодига эътибор қаратиб бири-биридан мароқли мақола, рисола ва китоблар ёзган.

Шеър ёзиш билан шоир бўлиш айни бир ҳолат эмас, албатта. Умуман, буни биз биламиз, бу хусусда гоҳо фикр ҳам алмашамиз, аммо бевосита чин шоирлик ҳақида, шоир бўлмасдан ҳам шеърнамо нарсалар ёзавериш мумкинлиги борасида кам ўйлаб, деярли гапирмаймиз. Ҳолбуки, шеър ёзиш, китоб чиқариб ном қозониш, унвону мукофотларни қўлга киритиш билан шоирлик – шоир санъаткорлик орасида еру осмон қадар фарқ бор. Кейинги даврларда ана шу ҳақиқат деярли унутилди. Дарвоқе, бир тоифа илм аҳли бўлади, шеър ёзиш қўлидан келади, бироқ бунга қунт қилмайди ва шоирлигини илми, маърифати орқали ифодалайди. Бахтиёр ака шулардан бири ва шеърдан буткул ажралмаган ҳассос олим. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Бахтиёр Назаровга бағишланган мақоласида мана нима деган эди: «У (яъни Б.Назаров) аслида яхшигина шоир эди. Агар шеърият йўлидан кетганда ундан таниқлигина шоир чиқиши мумкин бўларди деб ўйлайман. Лекин у ўзидаги имкониятни кўпроқ илмда кўрди. Ўзини илмий мушоҳадали қамровлар орқали намоён қилиш кераклигини вақтида англаб етди».

Қисмати ва келажаги билан боғлиқ ҳақиқатни инсон вақтида англаб етишнинг хосияти ҳам, аҳамияти ҳам ниҳоятда катта. Бахтиёр аканинг ўжарлик ва худпарастликка берилмай шоирлик иддаосидан кечиши бунинг бир мисолидир. Ҳурматли олимимизнинг ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилаётган «Менинг лаҳзаларим» номли шеърий мажмуаси ботинан унинг на шеър, на шоирликдан воз кеча олмаганининг далилигинамас, исботи ҳам дейиш мумкин.

Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов бир тўртлигида:

Шеърнинг сози тўрт сатр,

Тўрт ажойиб зўр сатр,

Шоир одам ўзини —

Тўрт сатрда кўрсатур, —

деган эди. Гарчи бу ҳазил аралаш гап бўлса-да, тўртлик, хусусан, рубоий қадим-қадимдан шеър ва шоирликнинг тан олинган мезони саналиб келингани ҳам бор ҳақиқатдир. Рубоийнависликнинг сарчашмаси ҳисобланган Умар Хайём, Ибн Сино, Навоий, Бобур, Мирзо Бедил каби даҳоларнинг тажрибаларидан завқланиб, маҳоратига ҳавас қилмаган ижодкор топилмаса керак. Бахтиёр Назаров тўртликларидаги ифода ихчамлиги, маъно қуюқлиги ва донишмандлик ана ўша анъаналарнинг бардавомлигидан далолат беради:

Бутун олам бўлсин хайрихоҳ,

Тўрт тарафинг бўлсин сайлгоҳ.

Кўрганмисан бирор рўшнолик

Ўзинг бўлмай жўмарду огоҳ…

Китобга яхши ном топилган. Зеро, ҳақиқий тўртлик дам, фурсат, лаҳзада туғилган туйғу, фикр, ҳикмат ва ҳақиқатдир. Унда ата­­йин­лик, сунъийлик, зўрма-зўракилик бўлмайди: ҳаммаси табиий, самимий ва жозибали бўлади. Масалан, мана бундай:

Тўртликларим маъюс бир нидо сизга

Шунчайин бўлса-да, жон фидо сизга.

Ёдда қолганларин сизга илиндим,

Ёдда қолмагани алвидо сизга.

Бундоқ қараганда шоирлик ҳам он, дам, лаҳзани ўзиникига айлантириб улардан ғолиб келишдир. Лаҳзанинг сир-асрори ва мазмун-моҳияти шу қадар теран, шунчалик тасаввурга сиғмаски, донишманд шоир Ғафур Ғулом бежиз «Асрлар тақдири лаҳзаларда ҳал», демаган. «Менинг лаҳзаларим»ни ўқиган зукко шеърхон ундаги ғазал, фард ва бош­қа шаклдаги шеърларда ҳам лаҳза завқ-шавқини идрок этолмаган киши Вақт ҳукми, ҳаёт фараҳи ва умр шиддатини умуман хаёлга келтиролмайди деган қарордан чекинмаслиги мумкин.

Ушбу тўпламни мен хасталик ҳолатимда ўқидим. Шунда ҳам у кўнгилда ўзгача бир ҳаётий таассурот уйғотиб, турли-турли фикр-мулоҳазаларга йўл очди. Таассуфки, уларни етарли зайл­да қоғозга тушира олмадим. Оллоҳ бунга ҳам имкон берар деган умиддаман.

Қадрдон оғамиз, ишончли ва субутли сафдошимиз Бахтиёр Назаровга эса Яратгандан сиҳат-саломатлик, узоқ умр, илмий-ижодий иш­ла­ри­да янги-янги зафарлар тилайман. Ва шеър­хон қуйидагига ўхшаш сатрларни хотирада сақласа, ҳеч зиён қилмайди деб ўйлайман:

Ашаддий номардга армон бўла бил,

Буйруқсеварларга фармон бўла бил,

Дармон бўлиш осон дардни айтганга,

Дардни айтмаганга дармон бўла бил.

Иброҳим ҲАҚҚУЛ,
филология фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг