ТИЛИМ — БУЛБУЛ…

134

ЖОНТЕМИР

ҚАЕРДАН ҚАЕРГА

1

То тўлишиб олгунча ҳилол,

Тун кўксини тилиб кетади.

Йилда бир бор ечиниб илон

Янги пўстин илиб  кетади.

 

Қаердан қаерга?

 

Думалайди қирларда  баҳор,

Бойчечакка эврилар  ғафлат.

Елкалари азалий яхоб

Чўққиларнинг кўзида нафрат.

 

Ўрикларнинг кофур лабига

Келиб қўнар болари шилқим.

Мушкин бўйлар тараб камига

Шамол чопар шаҳарда йилқи.

 

Қаердан  қаерга?

Парвоз сирин очмас бургутлар,

Тош қопланган бақа  найласин?

Манглайида қадим туркулар,

Миқ этмайди  тошлар — файласуф.

 

Одам ерга  кириб  борару

Кўкка  қараб  ўсар чирмовуқ.

Парвардигор нафасидир  руҳ,

Нечун  баъзи  чеҳралар совуқ?!

 

Ҳадиксираб  яшаймиз доим,

…Бизмас, бизни  қилмиш томоша.

Аллақандай  ҳикматга  мойил,

Дунё  қувғин қулундай шошар.

 

Қаердан  қаерга?!

 

2

Оламга тун чўкар, тунга аламинг,

Ўқ еган ўлжадек  типирчилар  қалб.

Тахайюл — бош-кети мавҳум  даланинг,

Турибсан  кўринмас  шоҳини алқаб.

 

Кўчалар яланғоч, боғлар  яланғоч,

Чарчоқ  ташвишларни уйқуга  белар.

Ёлғиз  сенинг  дайди  тасаввуринг оч —

Коинот  кокилин  силагинг  келар.

 

Кўз  олдинг  пушти, йўқ, камалакрангда,

Юракни  тирнайсан — чўғ  тортилган  соз.

Қон  эмас, сўз  силқиб  чиқар ярангдан,

Уни боғламакка  ирганар  қоғоз.

Кекса бургут тоғдан  қулаган  мисол

Кулдонга  йиқилар  чекилган фурсат.

“Балки жавобини  айтади Исо!”

Айтади, қиёматгача  улгурсанг.

 

Сен-ла туғилмаган, кетмас  ҳам ёниб,

Етим  қовурғангни  ўша  қайирган.

Анор  донасидай  эзар  дунёни,

Даҳшатли  савол —

ҚАЕРДАН ҚАЕРГА?!

 

Ёлғиз  сенинг дайди  тасаввуринг оч…

 

               ***

балогардон қайдасиз

қарияпти кулгичим

ҳа ё ҳу ҳа ё ҳу

дам солинг ай руҳимга

бўшаб қолдику ичим

ҳа ё ҳу ҳа ё ҳу

 

саҳрога кетди жасад

зуҳрога етди миш миш

демишлар

сандек насаб

самовотнинг айбидир

менга тутгани ишқнинг

маймидир ё наймиди

ҳа ё ҳу ҳа ё ҳу

киролмадим

вовайло о

маъшуқнинг қалбигача

етсам

тугайман

ҳайло

бобомнинг қабригача

ҳа ё ҳу ҳа ё ҳу

 

тилим булбулу соқов

кўзим бойўғлига ин

ҳеч йўқ оқарсин соқол

кетиб боряпман

секи и ин

ҳа ё ҳу ҳа ё ҳу

 

                        ***

Гувранади ҳаприқиб дарё,

Ёқасини қўйвормас, чилла.

Дошқозонга ташланган сарёғ –

Елкалари куяр жазиллаб.

 

Ўшқиради бепушт булутга,

Осмон – гадо кафтидай очиқ.

Вазифасин тамом унутган

Ибодатгўй чўққилар – ҳожи.

 

Итдай юзин ялар гармсел,

Хансирайди туфроқ, ярадор.

Қилт этмайди шамол – қаримсиқ,

Хиппа бўғиб олган саратон.

Шўрлик дарё – тўшакдаги чол,

На шиддат бор унда, на силла.

Фожеадан бехабар, хушҳол

Хуррак отар салқин фасллар…

 

         ЧАҚМОҚ

Чақмоқни  унутма, чўридай  сиғин,

Ёрилиб, ёритиб  ўтди  ғамингни.

Тозалаб  зулматнинг  чанг қорачиғин,

Шиддатни  кўрсатди  сенга  самимий.

 

Кетаркан  юрагинг  тушиб  тўпиққа,

Кечиргин, нафратинг эритиб  тақво.

Лаҳзанинг  хасмидир  хумор  ҳўпиққан

Қайноқ сониялар  қултойи – чақмоқ.

 

Абадий  ҳаётдан  юзини  бурган,

Чақнару  борлиқни  ютар  ямламай.

Кимсасиз  ҳужранинг  бурчида  турган

Юз  йиллик суратлар  уни  англамас.

 

Юлдузга  йиғлама, дил фиғон  ўксиб,

Қуёш ҳам такрорнинг  тимсоли – мистан.

О, фақат  йилдирим  жазбанинг юксак

Чўққисидан  мағрур қуламоқ  истар…

 

Қара, дунёингни  ёритдим  бу кеч,

Яша, шу лаҳзада  севин, севил, ён!

Тангридан  боқийлик сўрамагин  ҳеч,

Боқийлик – ёнишмас, сўнишдир, ишон!

 

Замин  зерикарли, Хизр ҳам тўйган,

Минг йиллик  сиртмоқ бор қарға бўйнида.

О, сен-да чақмоқ  бўл, лаҳзада  чатнаб,

Бирга  жон  берайлик осмон  қўйнида!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг