ОЛАМ ИЧРА ЎЗБЕГИМ БЎЛДИ БЎСТОН ЯНГИЧА

155

Исмоил МАҲМУД МАРҒИЛОНИЙ

 * * *

Беадад шукрингдадурмиз, бўлди даврон янгича,

Бу азиз даврон ароким бўлди имкон янгича.

 

Одамийлик топди қадрин ҳар нафас, ҳар ердаким,

Бу гўзал имкон ароким бўлди инсон янгича.

 

Янги даврон, янги имкондан кўнгил топгай қадр,

Қадру қимматлар ароким бўлди ирфон янгича.

 

Яйрагай ошуфта диллар хайри лутфингдан, Эгам,

Бу гўзал чоғлар ароким бўлди хушхон янгича.

 

Саф олиб ҳар жабҳада олам аро бўй кўрсатиб,

Ҳур ҳаёт бaғридa диллар бўлди шодон янгича.

 

Яхши ният бирла келгай дилга Ҳақнинг неъмати,

Раҳмати Ҳақдан чароғон бўлди ҳар ён янгича.

 

Маҳмудо, ҳар дам дилингни шукрида қил сарфароз,

Олам ичра Ўзбекистон бўлди бўстон янгича.

 

* * *

Ҳар қачон ҳар ердаким ўз ошёним яхшидур,

Кўз очиб кўрган онамдай меҳрибоним яхшидур.

 

Осуда, сокин, yлyғвop ҳур ҳаётим манбаи,

Олам ичра беқиёс сарви равоним яхшидур.

 

Ҳусни кўнглимга берар қудрат, иродат беэваз,

Тўрт фасл бирдай нуроний, нурфишоним яхшидур.

 

Қайда бўлсам қўмсагай руҳим анинг райҳонини,

Ифтихорим, иқтидорим, гулистоним яхшидур.

 

Ул муқаддас зоти пок аждодларим тyфpoғи бу,

Келгуси авлодга мерос ҳур жаҳоним яхшидур.

 

Ҳикмати, лутфи билан Ҳақ чин мукаррам айлаган,

Халқ аро миқёсда турган комроним яхшидур.

 

Маҳмудо, ҳар лаҳза шукрин айлагай тақдирининг,

Ҳур диёрим Ўзбекистон — жонажоним яхшидур.

 

* * *

Таъма бирла қилса ҳар ишким риёга айланур,

Оқибат маҳшарда, бил, юзи қарога айланур.

 

Бенишон кетмас бу олам саҳнидан ҳар бир киши,

Tўғри йўлдан юрмаса ким бедавога айланур.

 

Зоти поклар ҳолисанлиллаҳ иродат ичрадур,

Шу сабабдан ҳар сўзи, билгил, зиёга айланур.

 

Бандаси ҳоли эмас ҳаргиз хатодан, бил, азал,

Бас, улуғлар дастини тутса асога айланур.

 

Пиру устозлар нигоҳи тошни кимё этгуси,

Нури Ҳақ бирла киши аҳли ризога айланур.

 

Чарх тақдири аро, боқ, қилса ким солиҳ амал,

Ул ёмон ҳам амри Ҳақ бирла расога айланур.

 

Таъмаю кибру ужбдан зангланур ҳар дилки, ваҳ,

Ёр йўлида, Маҳмудо, юрсанг шифога айланур.

 

* * *

Эгри йўллардан юриб ҳеч ким паришон бўлмасин,

Охират ваҳмин кўриб сўнгра пушаймон бўлмасин.

 

Ношукрлик дастидан келгай кишигаким хатар,

Келсаким бундай синов кўнгли бедармон бўлмасин.

Эй ўғил-қизлар, ҳаётда яхшилар азмин тутинг,

Ҳамроҳингиз ҳеч қачон нафс ила шайтон бўлмасин.

 

Топди ким ужбу риёлар ичра шон-шуҳрат, боқинг,

Иддаолар бирлаким неъматга бўхтон бўлмасин.

 

Кўнглингиз обод этинг Сиз марду майдонлар билан,

Бу yлyғ мақсад йўлида дилда ёлғoн бўлмасин.

 

Ўйламай хавфу хатарни, босмангиз нобоп қадам,

Қўшилиб бебаҳраларга қалбингиз қон бўлмасин.

 

Эй Худоё, қилмагил Маҳмудни ҳам бадъ аҳлидан,

Айрилиб Ҳақ, йўлидан охирда сарсон бўлмасин.

 

* * *

Яхши ният ҳар замон инсонга омад келтирур,

Икки дунёсин обод айлаб фароғат келтирур.

 

Қобил инсон лабзи доим мулки хушликдан нишон,

Баркамоллик сийратин фикру синоат келтирур.

 

Яхши ният Ҳақ йўлида дилни доим пок этар,

Ул азиз дўстларга дўстликдан итоат келтирур.

 

Яхшилик яхши дегайлар пиру устозлар мудом,

Яхши ният, яхши сўз ҳар дам шафоат келтирур.

 

Ҳеч киши топмас фазилат дилни равшан айламай,

Тутса ким шайтон йўлин, билгил надомат келтирур.

 

Яхши ният, яхши сўз эҳсон йўлида бир қадам,

Бу қадам маҳшарда ажрига кафолат келтирур.

 

Эл аро, эй Маҳмудо, сен яхшиликни куйлагил,

Яхши ният, яхши сўз мангу саодат келтирур.

 

* * *

Эй Дилоро, бир назар айлаб дилим обод қил,

Турфа хил шубҳа-гумондан, кел, мени озод қил.

 

Қанча интилмай висолинг топмадим ҳаргиз, санам,

Қудратинг бирла бу маҳзун кўнглима имдод қил.

 

Ҳар нафас, ҳар ерда, ҳар дам истагим сенсан менинг,

Хуш такаллум бирлаким сен покиза зурёд қил.

 

Севганим танҳо ўзингсан, ганжи меҳробим ўзинг,

Марҳамат айлаб бу айём ичраким бир ёд қил.

 

Ибтидойим, интиҳойим бир сенинг ҳукмингдадир,

Айлагил кўнглимда нуринг, ғaйpини барбод қил.

 

Сендан айру кўрмагайман толейимни, эй нигор,

Илтижойим сенга, ишқинг ичраким бунёд қил.

 

Васли ишқинг шавқи ичра айлагил Маҳмуд дилим,

Бир таважжуҳ бирлаким ожиз қулинг дилшод қил.

 

* * *

Тут ўзингни, эй кўнгил, сен аҳли зоҳирдан йироқ,

Тузмагил ҳаргиз анинг бирла кўнгилдан иттифоқ.

 

Сол назар, ҳоли ҳаётинг боғига сен дил билан,

Булбулу зоғ ўртасинда йўқ эрурму боқ, нифоқ.

 

Ул санам дарди билан ёнгай талаб аҳли мудом,

Ўртагай ҳар дам аларни ишқида дарду фироқ.

 

Ҳеч вафо қилгайму дунё аҳли раҳмат корига,

Аҳли маъни ҳикмати ҳар дамки, бил, дилга сабоқ.

 

Даҳр эли бозорида бўлмоқ қийин осудаким,

Бас, синиқ кўнглингга ботин аҳлини айла чироқ.

 

Маҳмудо, доғи дилингни билмасин бедардлар,

Ёр васлин топгай Ул Кун бўлса ким мардонароқ.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг