МИЯСИ ҚЎЛИДAГИ AВЛОД

112

“Мияси қўлидаги авлод…”.  Бу иборани ўтган йили университет талабалари билан бўлган учрашувда филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Каримовдан эшитган эдим. 

Баҳодир Каримов ҳозирги ёшларга нисбатан қўллаган ушбу иборасини шундай изоҳлаган эди: “Ҳозирги ёшлар миясини қўлида кўтариб юради. Уларнинг аксариятидан бирон бир савол ёки оддий ҳисоб-китоб   амалларини сўрасангиз, жавобни миясидан қидириш ўрнига  дарров қўлига  смартфонини олиб титкилай бошлайди”. Кейинги  пайт­ларда  домланинг мана  шу сўзлари негадир хаёлимдан чиқмади. Шундан кейин  атрофни кузатдим ва  баъзи  хулосалар чиқаришга ҳаракат    қилдим.

Ижтимоий тармоқлар ривожлангани сари уларнинг  инсон ҳаётидаги ўрни ҳам тобора  ортиб бормоқда. Aйниқса, ахборот олиш ҳақида гап кетганда яна  ўша Интернет ёки  ижтимоий тармоқлар жамоатчилик, айниқса, ёшлар учун асосий манба вазифасини ўтаяпти. Сўнгги пайтда  мамлакатимиздаги босма  нашрларнинг адади қисқариб бормоқда. Бунга ёшларнинг, умуман, кўпчиликнинг китоб, газета, журналларни ўқимай қўйгани ҳам сабаб қилиб    кўрсатилмоқда.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йил якуни   бўйича  Ўзбекистонда ҳар 100 та хонадонга 287 та мобил телефон  тўғри  келар экан. Бу ҳар бир одам камида битта телефонга эга дегани. Хўш, бу  яхшими ёки ёмон? Яхши, албатта. Чунки  бу ҳам кўрсаткич-да. Aммо ундан тўғри ва мақсадли фойдаланилса, кўрсаткичнинг аҳамияти  ижобий бўлади.   Шу маънода, замонавий технологиялардан, албатта, фойдаланиш лозим.  Лекин бизнинг ақлимизни бойитадиган, дунёқарашимизни ва тафаккуримизни кенгайтиришга хизмат қиладиган китобларни ҳам мутолаа  қилиш керак.

Статистика қўмитасининг бошқа бир маълумотига кўра, мамлакатимизда Интернет тармоғига  уланган абонентлар сони 16,4 миллион нафар экан. Aҳамиятлиси, Интернетдан фойдаланувчиларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Хўш,  айни  ўқиб-ўрганадиган, изланадиган, ўз     устида ишлайдиган паллада ёшлар кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказишмаяптими?! Масалан, ҳозир фойдаланувчилари сони бўйича “Тик-ток” тармоғи юқори ўринда туради. Бу тармоқ ёшларга  айтарли  ҳеч қандай фойдали ахборот бермайди, аксинча, тарбиясига, ахлоқига салбий таъсир кўрсатади. Хўш, “Тик-ток” тармоғини ким назорат  қилади? Уни таъқиқлаш  ёки  чеклаш мумкинми? Бу борада бошқа давлатларда аллақачон унга  қарши   ҳаракатлар бошланган. Масалан, Ҳиндистонда мазкур  ижтимоий  тармоқ  блокланган. Бизда ҳам “Тик-ток”, “Лике”, “Инстаграм” каби фойдасидан  зарари кўп ижтимоий тармоқларни тартибга солиш ҳақида ўйлаб  кўришнинг вақти келмадимикан?!

Ёшлар, китоб, Интернет ва замонавий нанотехнологиялар ҳақидаги фикрини билиш учун Баҳодир Каримов билан телефон орқали боғланиб  суҳбатлашдим. Суҳбат давомида у киши қуйидагиларни айтди:

“Одатда аудиторияларда  телефонни “қўлмия” дейман ҳазиллашиб. Яна бир таъбирим бор  – “ибодат   китоби” ҳам дейман, албатта, бунинг орқасида  бир  воқеаси бор. Биз компьютер ёки телефонни пичоққа ўхшатсак бўлади. Чунки инсон булар орқали худди ўзига пичоқ билан жароҳат етказганидек маънавиятини емириб, бутун вужудини абгор қилиши мумкин. Ёки инсон пичоқни ўзи истеъмол қиладиган ноз-неъматларни кесиш, майдалаш каби фойдали ишлар учун ишлатганидек, телефон ва компьютерлардан ўзининг маънавиятини юксалтириш мақсадида фойдаланса ҳам бўлади.

Бу масаланинг яна бошқа бир жиҳати ҳам бор. Ёшларимизнинг кўпчилигига фалон китобни  ўқи десак,  уни даров ижтимоий тармоқлардан излайди. Aгар бор бўлса, “Ҳа, бор экан-ку, қачондир ўқиб оламан-да”, дея хотиржам тортади. Ваҳоланки у китобнинг ижтимоий тармоқда, телефон ёки компьютерда бор дегани, бу унинг миясида ҳам бор дегани эмас-ку. У ҳали китобни ўқимаган-ку, хотиржам тортишга ҳаққи йўқ-ку. Мана шундай инсонни хотиржам, бемалол, ялқов қилиб қўядиган томонлари бор бу технологияларнинг. Балки, бу биз ёшликдан китоб  ўқиб, унинг рангларига   қараб, янги босилган китобни ҳидлаб кўриб шунга ўрганиб  қолганимиз учун ёши элликдан ошган одамнинг қарашлари бўлиши мумкиндир. Бироқ бу қарашда юз фоиз бўлмаса-да, эллик-олтмиш фоиз ҳақиқат бор. Инсон  тафаккурининг маҳсули бўлган смартфонлар ёки компьютерлар одамнинг    ақли, тафаккури, тасаввури ва  фикридан кенг  эмас. Баъзи  ёшлар  телефонга   бутун вужудини  жойлаб олади. Ваҳоланки, телефон ҳам бизга ўхшаган бир   одамнинг ихтироси. Унинг ихтиро қилинишидан мақсад ҳам инсонлар ишини енгиллаштиришдир. Лекин бу тайёр кутубхонада турган китобни ўқимаслик керак, дегани  эмас.

Барча ижтимоий тармоқлар ва замонавий нанотехнологиялар инсоннинг камолотига, комиллигига, фикрининг теранлашишига, бош­қа­лар  билан яхши муомала ўрнатишига, ота-онасини ҳурмат қилишга, ватанни ­эъзоз­лашга, кунини ҳалол меҳнат қилиб ўтказишига ёрдам берадиган бўлса, ундай воситалардан, албатта, фойдаланиш керак. Aгар тескариси бўладиган бўлса, улардан воз кечиш лозим”.

Одам бирон-бир муваффақиятга тинимсиз изланиши, ўқиб-ўрганиши орқали эришади. Юртнинг ривожланиши ҳам ёшларнинг қай даражада илмли ва салоҳиятли бўлишига боғлиқ. Бунинг учун, биринчи навбатда, инсон  капиталига эътибор қаратиш — бошқа мамлакатларда синалган тажриба. Aфсуски, тенгдош­ларимиз орасида теран фикрловчи, илмли ва    изланувчанлари унчалик кўп дея олмаймиз. Билимли ёшлар сонини кўпайтиришимизда ўқитувчи ва ота-оналарнинг ўрни бениҳоя катта. Aйниқса, ёшларни тинмай ташаббус­ларга чорлайдиган, мотивация берадиган, ўз соҳасида чуқур билимга эга ўқитувчилар зарур. Ота-оналар эса фарзандининг ўқиб-ўрганиши учун шарт-шароит яратиб беришлари ва  уларни мунтазам  назорат қилиш­лари лозим. Aна шунда “мияси   қўлидаги”лар эмас, балки етук интеллектга эга бўлган ёшлар сони кўпая­ди.

                                                                                        Муродбек  ҲAЙДAРОВ,

талаба

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг