ЯНА ТАРҒИБОТЧИЛАР ХУСУСИДА

170

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг шу йил 18 июнь сонида “Қайнатма шўрва” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада Тошкент вилояти Бекобод тумани ва шаҳридаги айрим мактабларда ижодий-маданий масала бўйича тарғиботчиларга ўгай кўз билан қараш ҳоллари хусусида мулоҳаза билдирилган. 

Аччиқ бўлса ҳам айтиш керак, узоқ йиллардан буён раҳбарлик қилаверганидан мактабни умумхалқ таълим муассасаси эмас, балки ўз ҳовлиси, турар жойидек тасаввур қилаётган директорлар ҳам, афсуски, бор. Акс ҳолда, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими тасдиқлаган рўйхатдаги номлар қолиб, директорларнинг “рўйхати”дагилар тарғиботчи бўлиб ишлай олармиди? Бу тарғиботчилар орасида математика, иқтисодиёт, география каби фанлардан дарс бераётган ўқитувчиларнинг борлиги ажабланарли. Табиийки, Уюшманинг уч нафар ходими бор вилоят бўлими тўққиз юзга яқин мактабдаги вазиятни, тарғиботчилар билан боғлиқ масалаларни назорат қила олмайди.

Куни кеча Нурафшон шаҳрида мазкур масалаларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятдаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг фаолияти таҳлил этилди.

Президентимиз ташаббуси ва фармони билан жорий этилган мазкур лавозимга вилоят туман ва шаҳарларида номзодларни саралаш ва тайинлаш қай даражада бажарилаётгани, ушбу масъ­улиятли иш кимларга топширилаётгани, хусусан, мактаб директорларининг ижодкорлар — шоир ва ёзувчилар, журналистлар билан муносабати, айрим камчилик­лар ва зиддиятлар муҳокама қилинди.

— Ижодкорларимиз мактабга қорин қайғусида бораётгани йўқ, — деди куюнчаклик билан Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Маҳмуд Тоир. — Аввало, адабиётга бўлган меҳри, садоқати, ва албатта, муҳтарам Юртбошимизнинг даъвати билан қадрдон мактабларга қадам қўйишмоқда. Буни жойлардаги мактаб директорлари сўзсиз қабул қилиши ва бугунги кун талабини тўғри баҳолашлари лозим. Вилоятда ижодкорлар кўп, аммо тўққиз юзта мактабга етарли даражада эмас. Умумий рўйхатнинг атиги ўттиз фоизига ё етади, ё етмайди.

Айрим мактабларда тарғиботчи ижодкорларни атайин мактабдан бездириш учун ёки бошқа сабабларга кўра, ҳафтасига йигирма соат (0,5 ставка) умумий юклама белгиланаётгани, “ҳафтасига тўрт ёки беш кун мактабга келиши мажбурий” эканини айтиб, ҳафсаласини пир қилаётгани танқид қилинди. Ваҳоланки, бир ставкада ишлаётган ўқитувчининг ўзи ҳам ҳафтасига қирқ соат дарс бермайди, балки йигирма соат назарий дарс, йигирма соат амалий юкламалар билан банд бўлади.

Табиийки, савол туғилади: ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларнинг вазифаси нималардан иборат?

Тарғиботчилар ижодий қобилиятга эга бўлган ўқувчиларни аниқлаш ва саралаш билан шуғулланади. Ўқувчиларнинг ижодий ишлари билан мунтазам танишиб бориб, уларга ижодий йўл-йўриқ кўрсатади. Бунинг учун ижодий тўгараклар ташкил этиб, режа асосида маҳорат сабоқларини олиб боради. Истеъдоди ярқ этган ўқувчиларни Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан ўқувчилар ўртасида ўтказиладиган турли ижодий танловларга жалб қилиш, уларнинг ижодий ишларини адабий нашрларга, альманахларга тавсия этиш ҳам тарғиботчи зиммасида бўлади.

Бундан ташқари, ижодкор ўқувчиларни атоқли адиблар номидаги ижод мактаблари фаолияти билан таништириш, ўқувчилар ўртасида турли адабий, ижодий танловлар, фестиваль ва бошқа тадбирлар ташкил этиши ҳам назарда тутилган.

Табиийки, тарғиботчилар ўқувчиларни китобхонликка чорлаши, китобсеварликка даъват этмоғи, ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара дурдоналарини тарғиб қилмоғи, ёшлар онгида умуминсоний ва миллий қадриятларни шакллантирмоғи, ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшмоғи талаб этилади. Бунинг учун ойда бир маротаба бўлса ҳам таниқли ёзувчи ва шоирларни тўгаракларга таклиф этиш, умумтаълим мактабларида адабий-бадиий кечаларни ташкил этиш керак бўлади.

Тадбир якунида вилоят халқ таълими бош­қармаси бошлиғи Азамат Камалов тизим ходимларига мазкур муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш ва ижодкорларнинг тарғиботчилик фаолиятига киришиши, маошини вақтида олиши ва бошқа масалалар бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар хусусида атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирди.

Зоҳиджон ОЛОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг