МЕҲНАТ, САДОҚАТ ВА САБР

88

Ҳаёт йўли жуда қизиқ, гоҳ сўқмоқларга, гоҳ боғистонга дуч келасан. Баъзан эса қалби дарё қадар кенг, ҳар бир ўгити жавоҳирга тенг одамларни учратасан. Улардан эшитганларинг, олган сабоқларинг ҳаётда асқотади, асло унутилмайди.

Атоқли шоира Саида Зуннуновадан эшитганларим тез-тез ёдимга тушади. Ёзувчилар уюшмасида каминага ажратилган шинамгина хона. У қарийб беш йил давомида жуда кўп суҳбатларга воқиф бўлган. Энди ёшим улғайиб, кексалик остонасига қадам қўйганимда Саида опа суҳбатларини ёдга оламан. Ўшанда денгиз тубидан дур терганимга ишонч ҳосил қиламан.

МЕҲР

Нодира ўшанда икки ёшга тўлмаган эди. Саида опа уйга қўнғироқ қилиб овқат еган-емагани, неча соат ухлагани, кайфияти, қўйингки, ҳаммасини сўраб турарди. Яхши деган жавобни эшитганда кўнгиллари таскин топиб яйраб кетарди. Қувноқ юрарди. Мабодо уйқудан эртароқ уйғонган бўлса ё чеҳраси сўлғин деб эшитса борми, олам тор бўлиб кетарди гўё. Юпатмоқчи бўлиб, суҳбатга чалғитсам:

— Ҳали билмайсиз, ёшсиз. Лекин бир кун бошингизда бор, — дерди.

Дам-бадам телефон қилган пайтлари кўп бўларди. Ахир, ёнида бувиси бор, намунча қайғурмасалар, деб ўйлаганимдан ҳали-ҳануз хижолат чекаман. Чунки фарзанд меҳри билан она қалби нурли, ҳаёти ширин ва тотли бўлиши шубҳасиз. Унга муносиб тарбия бера олиб, фарзанди эл корига ярайдиган бўлиб вояга етса, она қалбида бахтиёрлик гуллари унади. Ушбу гуллар ифори ҳаётни, оламни безайди.

САБР

Бу воқеага анча бўлди. Фарзандларимнинг отаси икки йилга Москвага ўқишга кетадиган бўлди. Шу-шу қулоғим тинмади. Ҳар ким ўзича ақл ўргатади. Қизиқ, нима ишингиз бор, дегим келади-ю, лекин айтолмайман. Баъзан эса турли гапларни эшитавергандан сўнг ўйламай илож йўқ. Тонг отгунча ўзинг билан ўзинг гаплашиб чиқасан.

— Ҳар доим ҳам одамлар гапига қулоқ солавериш ярамайди, — дерди Саида опа. — Қулоқ солгудек бўлса, керагини саралаб, нокерагини унутиш лозим. Турмушимнинг ярми кутиш билан ўтди. Не-не таъна тошларини ёғдиришмади. Ҳаммасига ишонаверсам аллақачон соғлигимдан айрилардим. Бахтимдан айрилардим.

Ўша кезлари бу гапларни тинглаб, маъноси нақадар теранлигини, балки тушунмагандирман. Лекин, энг муҳими, уқиб олганман. Турмушни қадрлай билиш кераклигини олдиндан англаб етгандирман. Дунёда аёл кишини бахтли қиладиган учта нарса бор: меҳнат, садоқат ва сабр. Булар пулга сотилмайди, олтинга топилмайди.

Икки йил ҳам ўтиб кетди. Хуш хаёллар ҳамроҳ бўлиб, нохушлари тарк этди. Хонадоним тўлди. “Ақл ўргатганлар” ўз-ўзидан ғойиб бўлди.

Сабр таги – олтин, деганлари шу бўлса керак.

Муқаддас АБДУСАМАТОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг