КЎЗЛАРНИ ЯШНАТАЁТГАН ДАРАХТ

118

Ўзига хос, изланувчан шоира Дилрабо Мингбоеванинг «Ёмғирзор» номли шеърлар китобини ўқиб, адабиётимизга тағин бир истеъдод кириб келаётганидан шодланган эдим. Унинг навбатдаги  «Йўлдаги аёл» номли тўпламини мутолаа қилиб, янада қувондим. Зотан, ўқувчини ҳамиша замондошларнинг кўнгил кечинмалари, руҳияти кўпроқ қизиқтириб келган. Китобни мутолаа қиларканман, қуйидаги мисралар эътиборимни тортди:

О, ҳаёт,

Нуҳ тўфони тошган қалбим қучоқлаб,

қаршингда тиз чўкдим изиллаб…

Шеър етти қисмдан иборат. Ҳар қисмида ошиқ юрак изтироблари, айрилиқ фиғонлари, ёлғизлик азоби ёрқин, рангин бўёқларда акс этади. Шоира шеърнинг эркин усулини хуш кўради, шу боис, сўзи ҳам, сатрлари ҳам эркин:

Тун. Тавбаларим билан ёлғизман.

Тун ва тавбаларим қора куй.

Авжлари маромга етарми –

Осмонга етарми?!

Дилрабонинг шеърларида ёмғирлар куйини, беором дунё сир-асрорларини ҳис қиламиз, туямиз. Бу шеърлар юракнинг тўридан жой олади. Мисралари дардли, шоира нозик  ишоралар, метафоралар билан хаёлнинг ҳали ҳеч ким кашф этмаган кимсасиз дунёларига  саёҳат қилади, ўзи билан ўзи ёлғиз қолади. Ўша ёлғизликда ҳаёт ҳақида ўйлайди, туйғуларини тафтиш қилади.

Севги – Отасиз болам

қабрим узра оналаб

қолди —

деб ёзади кўнгилдан кечган оғриқни шарҳлаб.

Севги – юракдан тўкилган туйғу. Тўғри, севги – туйғу, лекин шоира нимага ишора қилаяпти? Севги ҳам отасиз, ҳам онасиз қолган гўдак бўлса, тасаввур қилинг.

Ёлғизлик –

          бу дунёда топган бахтим,

                      қора куним, синиқ тахтим.

Шоиранинг лирик қаҳрамони “Орзу йўли”да ўзини сувдан ўтга, ўтдан сувга уриб бораётган аёл. У қаҳрамон   ҳолатини рамзлар орқали ифода этади:

Эпкин каби майин,

Ёмғирдай ҳовучлаб ер ҳоврин,

қор каби жадаллаб

кунларни совуриб бўрондек

Боряпман

Улкан бўшлиқ – сенга урилмоқчунми?

Шеърдаги ҳар бир мисра табиат ҳодисалари орқали улкан  манзил – орзуга йўғриляпти. Орзуга эришиш эса осон эмас. Қийинчиликларни сувдек симириб, тошдек кемириб босиб ўтиш йўлини англаймиз мисралардан.

Китобда ўзига хос, мазмуни чуқур учликлар ўрин олган. Улар оддий гаплар ёки шунчаки фикрлар тизмаси эмас, аксинча, мураккаб ва теран мазмунли шеърлар. Ҳар бир учликда фалсафий мазмун бор. Чуқурроқ ўйласангиз, бадиий мантиқ тасаввурингизни бойитади, шуурингизни ёритиб юборади:

Гулларни эзғилаб,

Зулматга бурдим йўлимни –

Сен томонга юрмаслик учун.

Дилрабонинг шеърларида мурожаат бор. У мисоли онадек фақат ёрига ё болаларига эмас, аксинча кўз ўнгидаги табиатга ҳам мурожаат қилади, кўнглини очади.

Бир шеърда куз мавзусига мурожаат этаркан, қалб сирини тўкиб солади:

Хазонлар йиқилиб ўпар оёғим,

Оёғим оғрийди, оғрийди  изим…

Эриб кетаверар бечора кўзим –

Сенга термилиб тўймадим, кузим.

“Тоғлар – қайиқ. Олам тўла кўзёшдир. Бир қуш эди, кўнгил учди. Севгим осмон” – булар бир шеърнинг бадиий маҳсули, холос. Китобдаги аксарият шеърлар шундай рамзларга йўғрилган мисралардан ташкил топган.

Китобда “Дарахт ва қуш”, “Дераза қаршисидаги одам”, “Қора кўзинг” каби бир нечта ҳикоя деб номланган битикларни сочма шеърлар сифатида қабул қиламиз.

Бундай усулда битилган асарлар бамисоли дарахтдек миллий адабиётимиз заминига тобора чуқур илдиз отиб бораётир. Чунончи, Миртемирнинг сочмалари, Иброҳим Ғафуровнинг мансуралари, Рауф Парфининг ҳикматли битиклари, Хосият Рустамованинг шеърга йўғрилган насри, насрга йўғрилган шеъри, Ойдиннисонинг шеърий қиссаси…

Дилрабо Мингбоеванинг “Йўлдаги аёл”  номли ушбу  китоби ҳам бугунги адабиётимиз бўстонидаги навқирон бир дарахт каби ранг-баранг тусда товланиб, кўзни ва тасаввурни яшнатиб турибди.

 

Турсун АЛИ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг