ЗУМРАД  ДИЁРИМ ХАЁЛЛАРИ

125

Адиб, таржимон, мунаққид Иброҳим ҒАФУРОВ билан суҳбат

– Адабиёт – адаб ва тарбия воситаси, лекин у бугунги кунда ўзининг ана шу азалий вазифасидан чекинмаяптими? 

– Саволингизда сирли сандиқни очадиган сўзлар муҳрланган: “адаб ва тарбия воситаси”, “азал вазифа”, “чекиниш”. Буларни, мисол учун, “ложувард осмон”, “ложувард еру замин”, “ложувард туйғулар” каби сўзлар билан қиёсласа, ўрни борми? Ўзбекистон менинг кўзимга бошдан охир зумрад диёр бўлиб кўринади, шунга қиёсласак, сиз билан бизнинг ҳозирги хаёлларимизнинг мабодо, ўрни борми? Узоқ-узоқлардан айлантириб олиб келсак, ҳатто муаззам Олтин Қозиқ атрофида чилвир ташласак, уларни бир нуқтада бирлаштириб, бир ёруғлик нуқтасига айлантириб бўлармикин? Ҳаётда бир нарсани кузатиб, доим ҳайрат бармоғини тишлайман. Озодалиги ва соғломлигидан ялтираб турган сигирдан соғиб олинган сутни ярақлаган чинни косага сузиб қўйсангиз, кўп вақт ўтмай парда тортиб қаймоқ боғлайди. Қаймоқни кумуш қошиқчада аста сузиб оласиз. Бу қаймоқ ернинг азал яратилиш рангига ўхшайди, ним сарғимтил сирли товланади. Кейин бир зум ўтмай яна косага қарайсиз: яна чинни косанинг сути парда тортиб қаймоқ бойлаганини кўрасиз. Кумуш қошиқчангиз билан аста сузиб оласиз. Яна бир зумдан сўнг қарасангиз, косангиздаги сут яна парда тортиб қаймоқ бойлаганини кўрасиз… Сузиб олаверсангиз, сут охиригача қаймоқ бойлайверишини кузатасиз. Еру замин юзидаги ҳаёт худди мана шунақа; у тўхтовсиз қаймоқ бойлайверади, тўхтовсиз юзига парда тортаверади, бу чексиз жараён. Ҳаётнинг азал сири. Мен бунда яратилиш қонуниятининг азалийлигини уқаман. Адабиётдаги жараёнлар ҳам шундай чексиз: адабиёт ҳам юзига парда тортишдан, қаймоқ бойлашдан асло тўхтамайди. Азал ҳаёт моддаси, энергиянинг сақланиш қонуни бунга йўл қўймайди. Унинг азал моддаси кечинма, азал моддаси туйғу, азал моддаси сўз, азал моддаси изловчан ақл. Бу моддалар дунё энтропиясида азал-азалдан жўш уриб ётибди-ку ер юзида, ҳозир, шу тобда ҳам миллиардларча қалбларда жўш урмаяптими? Унинг залвори еримизни, зумрад маконларимизни титратмаяптими, юракларга ҳар дамда ҳавлу хавотирлар солмаяптими? Чексиз кавну маконларида йўлга чиққан адабиёт “чекиниши” мумкинми, бу гипотезани назардан қочирмаганимизда ҳам, у қаерга “чекиниши” мумкин, “чекиниш”, орқага қайтиш йўли табиатда йўқ-ку. Табиат ҳеч орқасига қайтмайди-ку. Инсоният хотирасида бундай ҳодиса қайд этилмаган, у ўзини фақат такрорлаши мумкин. Лекин такрорлаганда еру замин,  балки янгиланади. Гомер тўхтаган ерда Гесиод давом эттиради, Вергилий тўхтаган ерда Петрарка давом эттиради, Аттор тўхтаган ерда Шекспир давом эттиради, Бальзак тўхтаган ерда Достоевский давом эттиради. Бу чексиз жараён, яратиш жараёни.

Фарғоналик тиришқоқ ёзувчи, журналист Ҳамид Бурҳон бир қанча эътиборли ҳикоялар, қиссалар ёзди, яқинда унинг Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони Мамадали Топиболдиев тўғрисидаги ҳужжатли романини ўқидим. Ҳеч қандай тумтароқликларсиз, ҳашамдор олифтагарчиликларсиз ғоятда содда ёзилган китоб! Лекин унда қанчалар ҳаёт, уруш даври одамлари, тақдирлар,  қиёфаларнинг шаклланишлари нақадар содда алфозда баён этилган!

Ҳамид Бурҳон Мамадали Топиболдиевнинг ўзбекона миллий жозибадор хусусиятларини топиб ҳаққоний тасвирлаб бера олган. Бу қаҳрамонлар халқимизнинг ҳиммат тимсолидай кўз ўнгимда гавдаланиб туради. Худди шу жараёнда дўстим Назар Эшонқул менга қашқадарёлик ёзувчи Темирпўлат Тиллаевнинг бир китобга жамланган “Ворис”, “Ўлим ўпқони”, “Паймона” қиссалар китобини тақдим этди. У китобга “Вақтнинг кучи етмаган адиб” деган сўзбоши ҳам ёзган экан. Сўзбошини ўқиб, жуда қизиқиб қолдим. Шафқатсиз реализм билан ёзилган омонсиз воқеаларга дуч келдим. Ҳаёт ҳам шунчалар ваҳшиёна тусга кириши мумкинми, дедим. Олдин Назарнинг “Вақтнинг кучи етмаган” деган ибораси муболағали бўлиб туюлган эди. Қиссалар билан танишгандан сўнг авангард проза устаси дағдаға қилмаганлигини англадим. Бизда, айниқса, адабиётимизда дағдағали, дабдабали, ёлғон, сохта иборалар ва таърифлар ҳаддан ортиқ кўпайиб кетгандай бўлиб туюлади-да. Лекин Темирпўлат яна марафонга кирибди, бу ёғига қандай югураркин? Кўп ёзувчиларнинг йўллари сўқмоқларга айланиб, ўтзорлар ичида кўз илғамайдиган бўлиб қоляпти…

– Ижтимоий, иқтисодий тараққиёт суръати тезлашгани сари  адабиёт, маданият, санъат ҳам ривожланмоқда. Лекин нега одамлар, гуруҳлар бир-бирини тинглашни, қабул қилишни, бир-бирига нисбатан бардошли бўлишни ўрганмаяптилар, тобора бетоқат бўлиб бормоқдалар. Нега кўпинча ақл эмас, қурол “тилга кирмоқда”? Адабиётнинг, маданиятнинг меҳнати кутилган самарани бермаяптими?

– Бизнинг демократик қадриятлар ниш уриб куртаклаб келаётган, онгларни ишғол этишга уринаётган замонавий ёш жамиятимиз барча дунё жамиятлари каби ички зиддиятлардан холи эмас. Жамият, маълумки, турли қатламлар, табақалар, гуруҳлар, тоифалардан ташкил топади. Уларнинг ҳар бирининг ўз қизиқиш доиралари ва ҳаётий манфаатлари, эҳтиёжлари бор. Булар, ўз навбатида, турли қарама-қаршиликларни туғдиради. Бу қарама-қаршиликлар, манфаатлар жамиятларни турғунликдан, қотиб қолишдан сақлайди. Жамиятда соғлом мусобақа ва рақобат руҳи ҳукм суришига олиб келади. Бизда кучли рақобатни тақозо қиладиган бозор энди-энди шаклланмоқда. Кучли бозор ва ундаги рақобат жуда кучли, ақлли илмий технологияларни талаб қилади. Бундай бозорда, асосан, маҳсулотнинг сифати муҳим роль ўйнайди. Бизда ҳеч бир соҳада сифатли маҳсулот учун кураш ва рақобат мутлақо сезилмайди. Барча товарлар ўз ҳолича ўтиб турибди ёки барча товарлар ўз ҳолича тахланиб ётибди. Бозор қаттиқ ва принципиал талабчан ва илмий асосга қурилган эмас. Муносабатларда андиша ва бағрикенгликни рўкач қиламиз ва кўп оқлаб бўлмайдиган нарсаларни миллий андиша ва бағрикенглик билан хаспўшлаймиз. Лекин андиша ва бағрикенглик ўз тор ўрнида қимматли, лекин у бозор рақобати шароитида асло мезон бўлолмайди. Ёмон асарлар ҳам чиқаверади, ёмон-яхши асарлар ҳам чиқаверади ва улар ойлаб, йиллаб, чанг босиб ётаверади. Матбуот ўтириб қолмоқда. Матбуот ҳозир воқеалар изидан югуриб юрмайди. У кўпроқ эскириб қолган, чириган кабинетларда ўтирибди, ташқарига камдан-кам чиқади. Криминал, коррупция, ахлоқсизликлар билан шуғулланмайди ва уларнинг илдизларини очмайди. Касалликлар маддалаб ётаверади. Сув, тупроқ, ҳавонинг сифати шиддат билан бузилиб бормоқда. Ўзбекистон сув, тупроқ, ҳавони қўриқлашда дунёда биринчи ўринда туриши керак  эди. Аммо экологик сақланиш заруратини қадам-бақадам бой бериб бормоқдамиз. Жамият қаттиқ бир силкиниб, улуғ сайлов олдида ҳушёр тортиб, бу ишларни комплекс тарзда ўз зиммасига олишига тўғри келади. Миллатнинг саломатлиги  ва яшаш манфаатлари шуларни тақозо этади.

Яшириб нима қилдик, илгарилари ўтакетган содда эдик. Сув етти юмаласа, тоза бўлади, дердик. Ариқлар лабига ётиб бемалол лойқа сувни ичиб кетаверардик ва дизентериядан, кўз оғриқлардан бошимиз чиқмасди. Биз етти марта юмаласа тоза бўладиган сувни ўн йил қатрон қилса ҳам тозаланмайдиган  ҳолга келтирдик. Нега биз ўзимизда Қодирий, Фитрат, Чўлпон эътиқодини тарбияламаймиз. Ахир, аниқ-ку, шундай жондан кечувчи фидойи эътиқодсиз миллат яхлит монолит гавдаланмайди, тикланмайди. Нега аниқ, математик ҳисобланган, аччиқ тарих тажрибаларида кўрган нарсаларимизни ҳаёт удумларига айлантирмаймиз. Нега? Чунки бу жуда қийин. Заҳмат чекиш керак. Ғояни елкага олиш керак. “Адабиётнинг, маданиятнинг меҳнати кутилган самарани бермаяптими?” Жуда ғалати, одамни ҳайратга соладиган савол, тўғрими? Тоталитар зўравон жамият адабиёт, санъат, маданият ва унинг арбобларининг бошига муштлаб, қонига ташна қилиб “кутилган самарани” оларди, яъни тоталитар тузумга хизмат қилишга мажбур қиларди. Ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан олтмишинчи йилларигача ҳам тенгқурларимизнинг ярми “Гули”, ярми “Навоий” бўларди. Яна аллақанча қисми “Тошболта”ларга айланарди. Адабиётдан тоталитар тузум шундай ғайрифавқулодда самара талаб қилар ва у самарасини олмай қўймасди.

Биз эндиликда эркин одамлар диёрида яшаб туриб, ёзилган китоблардан аллақандай самара кутарканмиз, асарнинг одамга завқ-шавқ бериши, унинг завқ билан ўқилиши ва завқ билан уйда сақланиши (бола-чақам ҳам ҳали бу китобни ўқийди деб сақлаши) – асосий самара шу эканлигини  тан олишимиз керак. Асар завқ билан ўқилсагина таълим-тарбияга ярайди. Завқ билан қизиқиб ўқилмаган асардан нима кутасиз. Биз адабиётни қизиқ қилиб ёзишимиз керак. Қизиқ қилиб ёзишни, масалан, Шароф Бошбекдан  ўрганса бўлади.

XIX-XX асрларда инсоният кўз ўнгида мўъжизаларни илм, фан, техника яратди. Бу мўъжизаларнинг сон-саноғи йўқ. Бутун дунёнинг кўз ўнгида Американинг Марсга учирган кемалари дам-бадам ақл бовар қилмайдиган мўъжизаларни очмоқда. Дунёнинг яратилиши ва яратилиш моддаси тўғрисида тамомила янги тасаввурлар туғилмоқда. Адабиётдан шундай мўъжизаларни кутиш мумкинми? Йўқ, адабиёт бизнинг чексиз, поёнсиз психологик туйғуларимизга мурожаат қилади, уларни завқлантиради, жунбушга келтиради ва олижаноб ахлоқий мезонларга солиб тарбиялайди. “Ўткан кунлар” билан бирга тарихда илк бор миллат руҳи уйғонди. Миллат ўзи учун курашиб барқарор бўлишидан таълим берди. Кечинмалар, туйғулар миллиардлаб-миллиардлаб кўзга кўринмас толалар, уларда жонли инсоннинг борлиғи акс этади ва адабиёт шу чексиз туйғулар, кечинмаларнинг кўринмас толалари, нейронлар ичида яшайди. Адабиёт – кечинманинг баёни. Кечинмалар сўзларни яратади ва худди мусиқада бўлганидай, ундан асил мурод ва инсонга манфаат ҳам шу. Адабиёт ўқиган одам муродига етсин. Кечинмалар тўлиққанда адабиётдан мурод ҳосил бўлади. Лекин мурод ҳосил бўлиши фақат буюк машаққатлар эвазига қўлга киради. Одам бу ишга ўзини бутунлай бағишламагунча ҳеч натижа чиқмайди.

– Ижодкорлар орасида бугун қандай ёзиш керак, деган савол кўп тилга олинади. Боиси бугун енгил адабиёт, бошқача айтганда, “омма адабиёти” кенгроқ майдонни эгаллаяпти. Хўш, шундай вазиятда, чиндан ҳам, қандай ёзиш керак?

– Ёзиш ҳаваси туғилдими, дарров “қандай ёзиш керак”,  деган муаммо кўндаланг бўлади. Бу ижодкорнинг лабораториясига дахлдор. Ҳар бир ёзувчи қандай ёзишни фақат ўзи кашф этади. Унинг кўз ўнгида минглаб жаҳон адабиёти андозалари қад ростлайди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос. Гомер Гоголга ўхшамайди, Хуршид Даврон Шавкат Раҳмонга, Маҳмуд Тоир Иқбол Мирзога ўхшамайди. Шунчалар ранг-баранг бу дунё. Аммо, ҳақиқатан, қандай ёзиш керак? Бу борада қизиқ гаплар бор. Абдулла Қаҳҳор Чехов домланинг кўзойнагини тақиб ёзиш керак, деган. Ажойиб гап, тўғрими? Мен Шароф Бошбековнинг илк асарлари машҳур бўлган пайтларда биздан ҳам ўрисларнинг “Гроза”сини ёзган Островский чиқадиган бўлди, энди ўзбек катериналари бутун дунёга танилади, деб юрардим. Дарвоқе, Темир хотиннинг Катеринадан қаери кам? “Ер барибир айланаверади” нега Ионеско ёнида турмасин. Ана шу Шароф Бошбеков қандай ёзиш ҳақида ҳаммадан қизиқроқ гап айтган. “Ҳамма ёмон пьесалар ёзадиган драматурглар менинг устозим” деган. “Ёшлигимдан ёмон китоблар ўқийман, ёмон спектакллар томоша қиламан, ёмон фильмлар кўраман. Ёмон асарларни ўқиб улардан ўрганаман.  Мен яхши асар қандай ёзилишини билмайман, лекин қандай қилиб ёмон асар ёзмасликни жуда яхши биламан…”

Дарвоқе, Саид Аҳмад домла Шарофнинг бу гапидан ўз вақтида жуда қаттиқ хафа бўлган эканлар. Анави ёзиш  усули ва принципини қаранг! Ҳеч кимга ўхшамаган. Кўпгина  ёзувчиларни биламан, қизиқроқ бир мавзуга дуч келиб қолсалар, дарров бепоён дунё адабиёти ёки киносидан андоза қидира бошлайдилар. Ҳинд, япон киноларига қайта-қайта боқадилар. Қандай ёзиш, “подход” қилишни ўрганадилар. “Кармен”ни кўрсалар, “Чархпалак” ҳавоси пайдо бўлади… Энг яхшиси, ўбдон материал тўплаш. Достоевский доим аввал ўбдон материал йиққан. У бир умр сандиқ-сандиқ материал йиққан ва асло пайсалга солмай шу материалларни романлар, қиссаларга айлантирган. Материал устида ишлаб бошим тегирмон бўлиб кетди, деб бекорга ёзмаган. Бальзак, Достоевский, Толстой, Шекспир машаққатини англамас ва  ўз устига олмас экан, кишининг ёзувчи бўлиши қийин. Қандай ёзишни ўйлашдан аввал шунга ҳисоб бериш керак. Бу бениҳоя қийин, машаққатли иш.

Назаримда, кўпинча қандай ёзиш керак, деган саволга жавоб теманинг ўзидан келиб чиқади. Теманинг ўзи баён ва усулни ёзувчининг қулоғига шивирлаб туради. “Ўтмишдан эртаклар”нинг калити тийрак бола нигоҳи. Ана шу нигоҳ қандай ёзишни ёзувчининг қулоғига шипшиб турган ва у қулоқ чексиз кўп нарсаларни илғаб мияси қаватларига йиғаверган. Асарни яна бир ўқинг. Бунинг нималигини тушунасиз. Эркин Воҳидовни “ўзбегим” деган ғалати сўз қаттиқ ўйлантирган ва кўп замон буни тилининг тубида сақлаган, узоқ тарихларга мурожаат қилиб “ўзбегим”нинг асл маъносини қидириб топган. Камдан-кам халқлар миллат номига эгалик қўшимчаси қўшиб айтадилар. Негадир бу кўпда қабул қилинмаган, мақтаниш бўлмасин, дейишганми. Лекин аниқки, сўз-тушунча ниҳоят қандай ёзиш, қандай шеърий шакл танлаш, тушунчаларга урғу беришни тақозо қилган…

Қандай ёзиш ҳар бир ўзини билган ёзувчининг ижод тажрибасида жуда катта ва ғоятда эътиборли муаммо. Аммо “омма адабиёти” деганда мен бунга у қадар салбий маънода қарамайман. “Омма” ўзи жуда сирли нарса. “Омма адабиёти ёки санъати” ундан ҳам сирлироқ. Бир ёзувчи укамнинг жуда кўп романлар ёзишига қизиқиб юраман. Бир куни қалам ҳақи беришган эди, тўғри китоб дўконига кириб, шу укамнинг тўққизта ранг-баранг сарлавҳалар  қўйилган картон муқоваларига ҳурилиқоларнинг жозибадор суратлари чизилган  романларини сотиб олдим. Тўққизта роман. Ёз бўйи маза қилиб ўқийман дедим. Ўша ёз ҳаёти китоб ўқишга кўпда йўл қўймади. Халтани ҳали ҳам очганим йўқ. Бу мени қийнайди, танқидчи бўлсаму шунча замонавий романни ўқимаган бўлсам… Уларни аста бир-бир қўлга олиб “оммавий адабиёт” нималигини англагандай бўла бошладим. Лекин улар ҳақида нега ҳеч ким ҳеч нима ёзмайди, лоақал  андак фикр билдирмайди. Илгари совет танқидчилигида “ҳозиржавоб” асар, “тили содда ва тушунарли” деган клишелар тез-тез учрарди. Ўшалар ёдимга тушди, “оммавий адабиёт” тили содда, тушунарли, тез ва шиддат билан ёзилган романлар, қиссалар, ҳикоялар, шеърлар экан, деган хулосага келдим. Улар кишининг руҳий дунё­сида сезиларли из қолдирмас экан-да, деб билдим. Аммо шулар ичидан Эркин Аъзамнинг “Ёзувчининг боғи”, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг роман, қиссалари, Исажоннинг асарлари ўсиб чиқаётир, деб ўйладим. “Оммавий адабиёт” фонидаги жиддий олифта адабиёт… Бу ерда олифта сўзини чиннидай келишган адабиёт маъносида қўлламоқчи бўлаётирман. Гоҳо “оммавий адабиёт” билан жиддий адабиёт бир майдонда мусобақалашаётгандай бўлиб туюлади. Уларнинг орасида баъзан бадиий чегара йўқ, мавҳум чегаралардан эса ҳар икки томон у ёқдан-бу ёққа, бу ёқдан-у ёққа бемалол ўтиб, чегарани бузиб юраверадилар, бир-бирларининг ютуқларидан ижодий фойдаланаверадилар. Ҳозир дунё адабиётларида бу жуда қизиқ бир жараён. “Оммавий адабиёт ва санъат” глобал замоннинг батамом ўзига хослиги. Кинолар, театрларда ҳам шундай. Раҳматли Баҳодир Йўлдошев ҳозирги барча театрлар совет театри деб ҳақиқатнинг юзига қаради. Ҳақиқатан жуда қизиқ гап. Ҳақиқатан оммавий адабиёт, оммавий қўшиқлар, оммавий фильмлар, саҳна асарлари бу бош-кети йўқ видеозаллар, санъат майдонлари, телеканалларни тўлдириб ва машғул қилиб турмаса, ҳеч қандай бошқа иложи қолмаган-ку. Аммо шу оммавий қўшиқлару қизиқчиликлар ортидан ҳақиқий бадиий ва санъат асарлари, албатта, пайдо бўлиб туради. Инсониятнинг  ижод фантазия­сининг чеки йўқ.

– Яқин ва узоқ келажакда дунё адабиёти ва миллий адабиётимизда қандай тенденциялар, услублар етакчилик қилади, деб ўйлайсиз?

– Одамзод 2030 йилга бориб ер юзида ҳаётни сақлаб қолиш учун тубдан ўзгаришлар қилиш, ўзининг неча ўн минг йиллик тириклик тарзи ва маромини ўзгартиришга мажбур бўлади. Ер юзидаги тириклик калити сув ва ҳавода. Сувнинг ҳозирги темпдаги ифлосланиш даражаси тобора тезлашади ва бемалол, безавол яшашга имкон бермай қўяди. Ерни қуршаган ҳаво қатламларида ҳам ифлосланиш даражаси борган сари кучаяди. Ҳаётни ҳаво туғади ва сақлайди ва тарбиялайди. Ҳаво ифлосланиб, шундай қобилиятдан маҳрум бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Уни соғломлаштириш инсониятга тобора жуда қимматга тушади. Инсоният коинотдан ҳаво олиш пайига тушиб қолади. Сув ва ҳавонинг ортиқ даражада ифлосланиши тупроққа ҳам таъсир кўрсатади. Аммо тупроқ тайгалар, саҳролар, чўллар ҳисобига ҳали неча минг йилларча одамзод тириклигига хизмат қилиши, уни озиқ-овқат билан таъминлаш  лаёқати ва қудратини сақлаши мумкин. Бу нарсалар ҳозир одамзодга маълум ва уни қаттиқ ўйлатмоқда, ташвиш-изтиробларга солмоқда. Ер юзини кислород билан бойитишнинг ҳаракатлари бошланган. Ўттизинчи йиллардан одамзоднинг кўзига автомобиллар кўринмай қолади. Барча одамлар бир чимдим ҳаво ва сувни тоза сақлаш ҳаракатига тушади. Шундай қилгандагина инсоният ўз умргузаронлигини янада узайтириши мумкин. Адабиётнинг ғоялари ва интилишлари мана шу экологик ҳолатларга қараб шаклланади. Яшаш одамларнинг кўзларига жуда ширин ва лаззатли туюлади. Аммо яшаш ресурслари қисқариб бораётгани тазйиқ кўрсатишдан тўхтамайди. Марсга, Ойга бориб яшаш ўта ҳавойи гаплар.

Асримизнинг ўттизинчи йилларига бориб одамзоднинг табиат билан, космос билан ҳамкорлик қилмасдан бошқа иложи қолмайди. Ҳаёт ресурслари учун кураш ғоятда кучаяди. Одамзоднинг асосий қисми ҳозир ниҳоятда бепарво. Ҳозирги одамзод ҳаётида увол, завол кўп. Сув, Ҳаво, Нон, Сўз увол бўлмоқда ва заволга учрамоқда. Сўз заволи ва уволидан ғоятда қўрқайлик. Сўзлардан фикр ясаш ва қўллашда мантиққа ўта зид хатти-ҳаракатлар жуда хатарли тарзда кучайиб бормоқда. Мантиқнинг азал асослари сиёсий демагогия туфайли қаттиқ бузилмоқда. Сиёсий манфаатлардан келиб чиқиб оқни қора ва қорани оқ дейиш тенденциялари ўта кучайиб бормоқда ва бу хавфли сиёсатга айланиб бораётир. Мантиқсизлик тийиқсизлик даражасига кўтарилмоқда. Ҳақиқат ва қонун чегаралари атай бузиб ташланмоқда. Сўзнинг увол бўлгани шу. Сўз уволи ва заволидан сақланиш унинг асосий омонлик ишига айланади. Бунинг учун ҳар бир ҳақиқатни энг қисқа ва энг ифодали, энг маъноли тарзда ёзмоқ, айтмоқ керак. Атрофимизда тавтология ниҳоятда авж олган. Одамларнинг бир-бирларини тушунишлари тобора қийинлашса, бу нимага олиб боради? Эйнштейн бекор бўлади.

Биласизми, дунёда энг фожеали ва энг ёмон нарса – одамнинг ўз хатоларини англамаслиги. Ҳозир ғурурга кетишлар, амбициялар, сен зўрми, мен зўрми, деган хатти-ҳаракатлар тобора авж олиб бораяпти. Ҳолбуки, табиат шундай қурилганки, дунёда хато қилмайдиган одам йўқ. Лекин ўзини анг­ламай ҳақ дейдиганлар ҳам оз эмас. Илмий экологик ҳаракатлар турли қитъалар, турли ғоялар, қарашларни охир-оқибат бирлаштириши ҳам мумкин. Бунга инсониятнинг умиди бор. Илм-фан тараққиёти, тафаккурнинг эркин мусобақаси шунга олиб боради. Эркин фикр, Эркин тараққиёт… Ҳеч кимнинг ҳақи, эрки ҳеч нарсада ҳеч қачон бузилмасин. Адабиётнинг ҳаракатини мана шундай оқимлар ичида тасаввур қилсак, кўз ўнгимизда келажак адабиёти гавдаланади. У сўзни, ҳақиқатни исроф қилмайдиган адабиёт бўлади. Услублар эса ўз-ўзидан ҳаётий ҳолатларга қараб шаклланади. Инсониятнинг ҳолатни англаши ва шунга қараб  ҳаракатларини белгилаши биринчи даражали ва жуда қимматли аҳамият касб этади. Ҳамма гап ҳолатни қандай англашимизда. Одам турлича ҳолатларда, олам турлича ҳолатларда. Ҳолатни англаш ва тўғри тасвирлаш, баён қилиш адабиётнинг биринчи даражали вазифаси. Ҳолатларни англамайдиган адабиётларнинг ҳеч кимга кераги бўлмай қолади. Инсониятга омочнинг кераги бўлмай қолгандай. “Сано ҳаққаким, кошифи ҳол эрур”. Навоий хўб айтган. “Кошифи ҳол” деган сўзнинг маъноси барча илмларни қамраб олади. Кошифи ҳол бўлиш илм, адабиёт, санъат, фалсафанинг туб вазифаси. Абдулла Ориповнинг бутун шеърияти бу – ҳол фалсафаси. Ҳол изтироблари. Улуғ сўфий донишмандлар ҳолнинг нималиги устида умрларини бағишлаб риёзат чекканлар ва барчаларининг ижоди ҳол изтиробига тўла. Ҳол изтироби бизнинг адабиётимизга мерос қолган. Келажак адабиётимиз ҲОЛ АДАБИЁТИДИР.

– Сизнингча, XX ва XXI асрларда миллий адабиётимизда яратилган қайси асарлар кейинги юзйилликларда ҳам мутолаа қилинади?

– Кейинги юзйилликларда Қодирий ўқилади. Чунки у миллий туйғулар ва миллий орзуларни энг ҳалол ифода қилган ёзувчи. Миллий ҳолни яратган ва чегарасини аниқлаб берган ёзувчи. Шу қаторда “Ўзбегим” ва Абдулла Ориповнинг миллат изтироби акс этган бир қанча шеърлари ўз қимматини сақлаб қолади. Келажакда ҳозир ўта долзарб кўринган миллий масалалар бора-бора экология тазйиқи остида ўз долзарблигини йўқотади ва умуминсоний тамо­йиллар ўз-ўзидан кучаяди. Миллий масалалар устида бўғилиб баҳс юритишга у пайтда ҳаво ва сув етишмовчилиги ва бошқа тансиқликлар ўз кучини кўрсатади.

– Ҳозирги адабий муҳит билан ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги адабий кайфиятни солиштирганда қандай муҳим фарқларни ажратиб кўрсатиш мумкин?

– У пайтларда одамлар ҳам, халқимиз ҳам жуда содда эдилар. Сталинизм, хрушчевизм, брежневизм, сохта ва ўта зарарли мафкураларнинг қурбони бўлган эдилар. Соддаликларидан ўзларида бу монстрларга қарши курашга куч ва ирода топмагандилар. Қодирий, Чўлпон, Фитратга қарамаган эдилар. Ҳатто уларни ҳимоя қилишга ўзларида ирода ва ҳиммат топмагандилар. Мислсиз қурбонлардан сўнг қаҳрамонлар кўпайди. Бизнинг бутун тақдиримиз 75 та уруш қаҳрамонининг тақдирида мужассам. Қаҳрамонларимиз қандай бўлсалар, биз шундай бўлдик. Мисол учун, Топиболдиевни ола қолинг. Юқорироқда биз бу ҳақда бир китоб мисолида андак  фикр юритдик. Йигирманчи йиллар бошидан то тўқсонинчи йилларгача истеъдодларимиз маҳв этилди. Улар қўрқиб кетдилар, ноилож қўрқинч салтанатига хизмат қилдилар. Умид эндиги соғлом талантлардан. Халқ соғломлик сари бормоқда. Ер юзида қўрқув салтанатлари барҳам топмоқда. Бу соғлом замонларни қутлайлик ва ўзимиздан кетмайлик.

– Ёмон китоблар ёмон китобхонни тарбиялайдими ёки ёмон китобхон туфайли ёмон китоблар ёзиладими?

– Яхши муаллимлар жуда яхши одамларни тарбиялайдилар. Яхши муаллимлар яхши китобларни яратадилар. Яхши китоблар одамларни яхши йўлга бошлайди. Ёзувчилар аслида муаллимлардир. Ёзувчи дейишдан кўра уларни муаллим дейиш яхшироқ ва маънилироқ.

– Маълумки, дунёда глобаллашиш ва унга мантиқан тескари ўлароқ,  хусусийлашиш жараёнлари шиддат билан кечмоқда. Бу барча халқлар ва миллатларнинг узоқ асрлар мобайнида шаклланган маънавияти, маданиятига кучли таъсир ўтказиб, бир томондан турли нуқтаи назар ва маданиятларнинг уйғунлашувини, бошқа жиҳатдан уларнинг хусусий қадрият даражасидаги қиёфаси емирилишини тезлаштирмоқда. Янгиланаётган дунёда янгича шароитларда барча бало-қазолардан қутқарувчи асосий куч дея қаралаётган маънавий қадриятларга янгича муносабатларни шакллантиришда адабиёт ва санъатнинг, дин ва динларнинг олдида қандай вазифалар турибди?

– Динлар бари мужассам ахлоқ. Уларнинг мафкураси пок сўз, пок иш, пок имон. Эндиликда динлар инсоният тақдири фазо жари ёқасида турганда, табиат, табииятни сақлаш ахлоқи билан жуда яқиндан ва ҳар дамда шуғулланишларига тўғри келади. Динлар сув-ҳаво-нурни эъзозласин ва бу эъзозни диндошларга, художўйларга сингдирсин. Табиатда ҳар бир элемент Яратган томонидан бино қилинган муқаддаслик­лар эканига илмий-эъжозий тарзда ишонтириб борсин.

Юраклар илмлар билан бойиб борса, адабиёт ҳам бойиб боради. Онглар САҚЛАНУВ ғоялари билан тўлиб борса, адабиёт ҳам самарали ва соғлом сўзни айтади.

– Бугунги глобаллашув шароитида маданият, жумладан, адабиётнинг миллий ўзига хослигини сақлаб қолишда зиёлиларнинг вазифалари нималарда кўринади?

– Назаримда, миллий ўзига хослик замон ўтгани сайин умуминсоний ўзига хосликка яқинлашиб боради. Алоҳида инсон ҳамда умуминсоний муаммолар долзарб аҳамият касб этади. Миллий доиралар туташиб кетишга мойил бўлади. Табиат билан боғлиқ муаммолар жуда кучли таъсир кўрсатади. Улардан сира юз ўгириб бўлмайди.

– Маълумки, ХХ асрда, XXI асрнинг ўтган даврида жаҳон адабиётининг кўплаб сара намуналари ўзбек тилига таржима қилинди. Бу борада сизнинг меҳнатларингиз алоҳида таҳсинга сазовор. Айтинг-чи, таржима асарлари миллий адабиётимиз равнақига таъсир ўтказдими, адабиётимиз уфқларини кенгайтира олдими, миллий адабиётимизни нима билан бойитди?

– Таржима асарлари миллий адабиётимизни бойитди, деб баралла айтиш мумкин. Жойс, Маркес, Кафка, Достоевский, Айтматов, Толстой, Шекспир асарларини ёшлар мириқиб ўқимайди, деб ўйлайсизми, ўқийдиганлари бор ва хўб мағзини чақиб ўқишади. Мен Данте, Гёте таржималаридан кейин ўзбек адабиётида Данте, Гёте руҳи кеза бошлади, деб аниқ айтоламан. Жойс руҳи. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовнинг ижоди ҳам буюк адибларнинг мислсиз тажрибалари билан бойиди. Достоевский, Жойс, Нитшедан таржималар ҳам бадиий усулларнинг ҳаракатини жонлантирди. Бадиий фикр ва унинг ифода усуллари бойиди. Мен буни аниқ биламан ва аниқ айтоламан. Булар ҳаммаси шунчаки йўл-йўлакай қилинган булҳавас таржималар эмас. Уларда бадиий таржима маҳорати сирлари, кашфиётлари мужассамлашган. Тил ва маҳоратнинг чексиз манбалари. Уларда инсон азоб-изтироблари ҳақида беҳад мўъжизакор фикрлар ўртага қўйилган.

– Адабий танқидчиликнинг бугунги ҳолати бўйича нималар дея оласиз? Балки, бора-бора китобхоннинг бадиий диди, тафаккури юксалгани сари, эҳтимол, адабиётшуносликнинг адабий танқидчилик соҳаси керак бўлмай қолар?..

– Адабий танқид ва бадиий ижодни мен бир ёнғоқнинг икки палла мағзи деб тушунаман. Бирининг хусусияти иккинчисига ўтиб туради. Адабий танқидчи адабиётнинг зўр билимдони ва файласуфи ва шу билан бирга ижодкор. Адабий танқидчи нозик талантга эга бўлган ўқувчи ва муаллим. Адабий танқидчини мен диди юксак ўқувчи – кўп ва тинимсиз ўқийдиган ўқувчи ва таҳлилчи, талқинчи муаллим деб биламан. Шу билан бирга, у тўлақонли ижодкор. Ёзувчи образ билан фикрлайди, адабий танқидчи таҳлил ва талқини билан фикрлайди. Уни файласуф мутафаккир дейиш ҳам мумкин. Фақат бизда танқидчилар файласуф даражасида етишиб чиқмайдилар ва файласуф даражасида фикрлай олмайдилар. Шунинг учун уларнинг ёзганларидан ҳеч нарсани англаб бўлмайди, жуда ибтидоий ва жуда хом, чалажон фикрлар. Ва ўтакетган чалкаш; изчил, теран илм кўринмайди. Аммо адабий танқидсиз яшаб бўлмайди. Биз ёнимизда доим мутафаккир ўқувчи бўлишини истаймиз.

– Халқимиз табиатидаги фазилатлар ва иллатларни санаб бера оласизми? Уларнинг яхшисини кўпайтириб, ёмонидан халос бўлиш учун нималар қилиш керак?

– Халқимиз бугун замоннинг янги фаолият майдонларига кириб, уларни аста ўзлаштириб бормоқда. Бу жуда узоқ жараён. Биз халқни чиниқтирадиган кетма-кет буржуа революцияларини бошдан кечирганимиз йўқ. Биз тобеликдан, соддаликдан, даҳшатли репрессиялардан чиқиб келяпмиз. Тарихлар давомида улардан бошимизни кўтаролмай қолганмиз. Бобур, Темур, Улуғбек, Жалолиддин, очиғини ва моҳиятан айтганда, булар шекспирча қаҳрамонлар. Улар моҳиятан миллат мағзига энди кириб келяпти. Босқинчининг аёвсиз тиғи Нажмиддин Кубро қўлида тарихан синди ва барҳам топди. Бунда миллат учун буюк рамзий маъно бор. Кубро барча босқинчиларнинг тиғларини синдирди. Ўзбекнинг ўқ илдизи мана шу Нажмиддин Кубро Урганч остонасида синдирган тиғ. Душманга ҳеч қачон таслим бўлмаслик тимсоли. Душман марҳаматига суянмаслик тимсоли. Душманни остонага йўлатмаслик тимсоли. Ўз табиатини ўзи қўриқлаш тимсоли.

– Бугунги кунда ижодкорнинг ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини қандай изоҳлаган бўлардингиз?

– Мен ижодкорларни замоннинг энг онгли, илғор, мутафаккир, ватанпарвар одамлари деб биламан. Улар масъ­улиятли кишилар. Бугун Ўзбекистонда беш юз мингга яқин иқтидорли йигит-қизлар мактабларни битириб, етуклик гувоҳномаларини олишди. Уларнинг юриш-туришлари, қиёфаларига қараб туриб, э, булар ўзбекнинг тамомила янги авлоди-ку, дейман ва қувонаман, уларнинг толеларига баланд парвозлар ёр бўлишини тилайман. Уларнинг бошини қотирманг, халал берманг, билсангиз, фақат замонга йўл кўрсатинг, фазосига шоти бўлинг…

Салим АШУР суҳбатлашди.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг