ИЖОДИЙ УЧРАШУВЛАР ВА АНЖУМАНЛАР

83

Она диёримиз мустақиллигининг 30 йиллигини юртимиз бўйлаб кенг нишонлаш мақсадида пойтахтдан йўлга чиққан таниқли шоиру ёзувчилар, хушовоз хонандалар, эл ардоғидаги актёрлар ҳамда бахшилардан иборат гуруҳ айни пайтда Сурхондарё вилоятининг олис ҳудудларидаги маҳаллалар, қишлоқ ва овулларда ўтказилаётган адабий-маърифий тадбирларда иштирок этмоқда.

Улар иштирокидаги ижодий учрашувлар, анжуманлар воҳа аҳли томонидан илиқ қарши олинмоқда. Жумладан, Жарқўрғон туманидаги 14-мактабда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида бўлиб ўтган тадбир туман аҳолисига кўтаринки кайфият бағишлади.

Жарқўрғон туман ҳокими Баҳодир Ўроқов  пойтахтдан ташриф буюрган ижодий гуруҳ ҳамда тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигини билдирар экан, кексаю ёшнинг юзидаги самимий табассум шукроналик белгиси эканлигини эътироф этди.

Худди шундай маънавий-маърифий тадбир Қумқўрғон туманидаги Янгиер маҳалласида ҳам бўлиб ўтди.  Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат ­ Мажид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган  ­артистлар Анвар Ғаниев ва Нодира Пирматова ҳамда Тожикистонда хизмат кўрсатган артист Хайрилло Насриддинов иштирок этди. Кўтаринки руҳда ўтган тадбирда Пахтаобод, Янгиер, Бўстон, Гулистон, Мустақиллик маҳаллаларининг ёшлари қатнашди.

Донохол ЖУМАЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Сурхондарё вилояти бўлими бош мутахассиси

* * *

Пойтахтимизнинг Олмазор туманида давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 муҳим ташаббуснинг тўртинчи бандида назарда тутилган ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан йўлга қўйилган “Китоб карвони” тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

133-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган уюшма аъзолари 44 номдаги 300та китобни мактабнинг кутубхона фондига топширишди. Адабий тадбир ёзувчи Луқмон Бўрихон ва шоира Наргиза Асадова иштирокидаги маҳорат дарсига айланиб кетди. Юзма-юз мулоқот истеъдодли ёшлар мушоираси билан якун топди.

* * *

2019 йили Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ўзбек журналистикасига оид  ўн жилдлик тўплам чоп этилган эди. Ушбу қўлланма «Журналистика назарияси, тарихи ва тараққиёти», «Журналистика ҳуқуқи ва этикаси», «Медиалингвистика ва таҳрир», «Медиа-маркетинг ва менежмент», «Босма оммавий ахборот воситаларида жанрлар ва маҳорат масалалари» каби бир неча жилдлардан ­иборат.

Мазкур тўплам Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бошқа ташкилот ва идоралар қатори Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ҳам тақдим қилинди.

* * *

Республика  ёш ижодкорлари анъанавий семинарининг Бухоро ва Навоий вилоятлари минтақавий саралаш босқичи бўлиб ўтди.

Ёшлар марказида бўлиб ўтган  семинарнинг дастлабки иш кунида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботиржон Эргашев,  уюшманинг вилоят бўлими раҳбари Шодмон Сулаймон, таниқли ёзувчи Шойим Бўтаев, шоир Ориф Ҳожи, ва бошқалар бадиий ижод масъулияти борасида сўзладилар.

Семинар давомида назм, наср, бадиий публицистика, бадиий таржима, драматургия шўъбаларига бўлинган ҳолда маҳорат дарслари ўтказилди.

Иккинчи куни Бухоро бўйлаб саёҳат уюштирилди. Улуғ пирлар қўним топган манзилларга зиёратдан сўнг “Тараққиёт” маҳалласида жойлашган Когон тумани ахборот-кутубхона марказида маҳаллий ижодкорлар ва китобхонлар билан мулоқот ташкил этилди. Мулоқот учрашувга уланиб, когонлик ёш ижодкорлар илк машқларини устозлар нигоҳидан ўтказишди. Семинарнинг минтақавий саралаш босқичи ғолиб­ларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.

Гўзал РЎЗИЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Бухоро вилояти бўлими бош мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг