БУГУНГИ ЖИЗЗАХ: ОЙДАН ТУШГАН ЎЗБЕК ДЎППИСИ

73

Кейинги йилларда Жиззах шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бугун шаҳарнинг қайси ҳудудида бўлманг, катта ҳажмдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз. Қувонарлиси, Юртбошимиз томонидан ҳар бир соҳани ривожлантириш борасида бажарилаётган эзгу ишлар келажак авлодни маънан етук, жисмонан соғлом камол топтиришда, уларнинг истеъдодларини рўёбга чиқаришда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Бу саъйҳаракатлар қисқа вақт ичида ўз самарасини бераётгани сир эмас.

ВилоятдаИлғор ҳудуд”, “Обод қишлоқва инвестиция дастурлари доирасида жами ўнта маданият марказларида республика бюджети, инвестиция дастури, маҳаллий бюджет ҳамда ҳомийлар маблағлари асосида 32 миллиард сўмдан ортиқ таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. Жумладан, “Илғор ҳудуддастури доирасида Арнасой тумани маданият маркази, Ғаллаорол туманидагиҚўйтош”, Дўстлик туманидагиБунёдкормаданият марказлари, шунингдек, Зафаробод тумани маданият маркази фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, вилоят мусиқали драма театри биносида инвестиция дастури бўйича беш миллиардга яқин мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қурилишлар кўлами кенгайди.

БОЛАЛАР ҚЎҒИРЧОҚ ТЕАТРИ

Шароф Рашидов майдони ҳамда Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним мажмуаси ва уларни боғлаб турган  хиёбонда катта ҳажмда реконструкция ишлари бажарилди. Шоир ҳайкали қаршисида миллий ва замонавий меъморий услублар уйғунлигида барпо этилган болалар қўғирчоқ театрининг янги биноси хиёбонга янада кўрк бағишлади. Бугун республика манзилли дастури асосида бунёд этилган вилоят қўғирчоқ театри жиззахлик болалар учун чинакам маданият масканига айланган. Театр вилоят маданий ҳаётида, айниқса, болалар санъатини ривожлантиришда катта аҳамиятга эга. Санъат кошонасида  санъаткорлар ва жажжи томошабинлар учун барча қулайликлар  яратилган.

Республика бюджетидан 13 миллиард сўм маблағ сарфланган театр мажмуаси томошаларни тайёрлаш, ижодий ишлар учун махсус хоналар, 230 ўринли томоша зали ва бошқа зарур иншоотлар ҳам керакли жиҳозлар билан таъминланган. Шунингдек, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бинони безаш ишлари учун 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Бинонинг ташқи кўринишидан бошлаб барча ички хоналари, заллари ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонлари тасвирланган деворий суратлар, полотнолар, нақшлар билан безатилган. Айниқса, кириш залидаги декоратив дарахтларга ўрнатилган қафасларда каклик, канарейка, чуғурчиқ каби қушларнинг ёқимли сайрашлари болаларнинг кўзларини қувнатиш билан бирга уларни она табиатга ошно қилади.

– Театримиз фойдаланишга топширилганидан бери ҳар ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари ёш томошабинларга тўла, – дейди театр  директори Ғуломжон Дархонов. – Барча қулайликларга эга санъат кошонасига болалардан ташқари ота-оналар, устозларнинг ҳам келаётгани қувонарли ҳол. Улар болажонлар билан келиб маданий ҳордиқ чиқараётганини айтиб, биз санъат аҳлини янада янги ижодий парвозлар сари илҳомлантирмоқда.

ЎН ТЎРТТАНИНГ БИТТАСИ

Жорий йилда фойдаланишга топширилган Жиззах шаҳридаги IT Park минтақавий филиали Рес­публика бўйича очилиши режалаштирилган 14та филиалнинг тўртинчиси бўлиб, улардан учтаси ­Гулистон, Марғилон ва Андижонда очилганди.

Филиал 24/7 режимда фаолият юритиб, у ерда чет эллик шериклар ва турли компаниялар билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилади. Таъкидлаш жоизки, IT Parkнинг Жиззах ҳудудида IT-марказ ҳам очилган. Унда IT соҳасидаги турли фан ва касб сирларини, хусусан, компьютер саводхонлиги, дастурлаш, Web-дизайн, график дизайн, мобил робототехника, киберспорт турлари ва инглиз тилларини ўрганиш имкони мавжуд.

IT Parkнинг Жиззах филиалига ўқув хоналари ва киберспорт синфлари учун 43та компьютер тўплами берилган, 43 ўқувчига мўлжалланган 3та замонавий ўқув хоналари ишлаб турибди. Бу ерда йил давомида 500га яқин талаба таълим олиши мумкин.

КОСМОНАВТЛАР МУЗЕЙИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2018 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқот ва технологияларни ривожлантириш чора-­тадбирлари тўғрисида”ги фармойишига асосан Мирзачўл туманининг Гагарин шаҳрида космонавтика музейи барпо этилди.

Жорий йилнинг 23 апрелида фойдаланишга топширилган музейнинг тантанали очилиш маросимига Россия Федерацияси Давлат думасининг Мудофаа қўмитаси раиси Владимир Шаманов бошчилигида “Россия қаҳрамонлари ассоциацияси” Бутунроссия жамоат ташкилоти делегацияси ташриф буюрди. Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев, Мирзачўл тумани ҳокими Шерзод Аҳмедов ва бошқа расмийлар, кенг жамоатчилик вакиллари меҳмонларни кутиб олишди.

– Бундан 60 йил муқаддам биринчи бўлиб коинотга илк парвозни амалга оширган Юрий Гагарин жасорати космонавтика фанининг буюк ютуғи сифатида тарихда мангу қолди, – деди В. Шаманов. – Космонавтика тарихидаги бу ютуқ барчамиз учун қадрли. Ўзбекистонда Гагарин номи билан аталувчи обод шаҳар борлиги, бугун бу шаҳарда космонавтика музейи очилиши мамлакатда илм-фан тараққиётига берилаётган катта эътиборнинг ифодасидир.

Меҳмонлар ва тадбир иштирокчилари музейни томоша қилдилар. Бу ердаги мамлакатимиз астрономияси тарихи, бугуни, Юрий Гагарин ва бошқа бир қатор фазогирлар ҳамда замонавий космонавтикага оид маълумотлар, соҳага доир ашёлар, бутун коинотни ўзида жам қилган экспонатлар, космонавтика ютуқлари, унда Ўзбекистоннинг ҳиссаси, Мирзо Улуғбек, Беруний, Фарғоний каби буюк алломаларнинг фалакиёт илми тараққиётидаги ўрнига бағишланган бўлимлар барчани мушоҳадага чорлади. Айниқса, дунёга машҳур космонавт Солижон Шариповнинг энг севимли буюми – ўзи  билан бирга фазога олиб чиққан дўпписини музейга тақдим этгани унутилмас воқеа бўлди.

Зеро, улуғ мунажжим Мирзо Улуғбек юртида космонавтлар музейининг очилиши ёш авлод қалбида, аввало, шу каби улуғ фалакиётшунос аждодларимиз хотирасига ҳурмат билан бирга миллий ғурур, ифтихор туйғуларини ҳам тарбиялайди, уларда фазовий билимларни эгаллашга рағбат уйғотади. Солижон Шариповнинг дўпписи каби яна кўплаб ўзбек дўппилари космосга парвоз қилишига умид, ишонч пайдо қилади ва, албатта, шундай бўлади ҳам.

Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Жиззах вилояти бўлими раҳбари

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг