СУВ ЮЗИДА ОҚАДИ ХАЁЛ

62

Абдулҳай НОСИР

*  *  *

Икки қирғоқ – ўртасида сув,

Қиқирлайди эркаланиб сой.

Туртиб чиққан тошчалари қув,

Тепасида чўмилади ой.

 

Порлаб қолган юлдузлар нурли,

Кўз қисгандай бўлади гоҳо.

Сапчиб қолган тўлқинлар дурли,

Ялпизга сув сочиб мусаффо.

 

Соҳилда бош эгар мажнунтол

Сочларини ёймиш паришон.

Сув юзида оқади хаёл,

Сув юзида лимиллар осмон.

 

* *  *

Қудуққа қарасам осмон беркинган,

Жимир-жимир қилар сувлар остида.

Ранглари зангори бўлиб кўринган

Ойларни туширмоқ бўлган қасдида.

 

Шундайин бепоён сиғдими дейман,

Тарновга ўхшаган қудуққа келиб.

Мен каби дардларин йиғдими дейман,

Барига бор дея қўл силкиб кетиб.

 

* *  *

Ҳаво дейман, мусаффо ҳаво,

Тоғлар томон етаклар экан.

Дардларимга бўлибон даво,

Соф меҳрини бағримга тўккан.

 

Қояларга тирмашган пайтим,

Лабларимга босганча гулни –

Парвозларни соғинса байтим,

Ҳаволаниб кетмасам бўлди.

 

     * *  *

Осмон, яна ачиниб қолдинг,

Не қадамлар ерни босади.

Булутларинг ёйиб кўп толдинг,

Тун бағрида ойинг юзади.

 

Қушлар учар экан бағрингда,

Қанотларин ёзиб эркин, шод,

Қувонганинг пайти,

Қаҳрингда

Булут пайдо бўлади бот-бот.

 

 * *  *

Чимён дея шошгандим эрта,

Кўзларимда ўйнаб шарафлар.

Шодликларим бўлиб минг тўртта,

Чорлай берди ўша тарафлар.

 

Арчаларнинг нафасин туйиб,

Наъматаклар узгани борсам –

Ҳавосини шимириб, суйиб,

Шамоллардан ўзгани борсам –

 

Сочилибди палахмон тошлар,

Қучоғида улоқ бўлгандай.

Баҳорданоқ сизган дур ёшлар,

Маржон-маржон булоқ бўлгандай.

 

Ўтди дейман саҳарги чоғлар,

Аммо қаддим олиб баланд-да,

Боши эрта оқарган тоғлар,

Ёниб қолган аччиқ аламда.

 

* *  *

Бағрим шамоллари қай томон эсди,

Қай боғлар бағрида тўпалонлари.

Қушларни тўзғитиб, чиқазиб эсни,

Чирқиллаб қолдилар полапонлари.

 

Яшил шамшодларни кўтарган кеча,

Қўнғир булутларни ёпинчиқ қилиб –

Меҳрлар узатар кўкларга неча,

Қулоғига жажжи балдоқлар илиб.

 

Ҳозир тиниб қолган ёмғир сувлари,

Томчилар экан-да япроқларидан.

Кўксимдан отилган ишқнинг қувлари,

Сизиб чиққанидай тупроқларидан.

 

Нилуфарлар порлаб қолган сингари,

Дарёга айланиб борар умидлар.

Мен ҳам бўлиб ишқнинг битта сарвари,

Ёниб қолди дилда ўчмас ҳамидлар.

 

* *  *

Осмонни кўтариб учган бу қушлар,

Менинг юрагимни тутолмай қолган.

Водийдан водийга кўчган бу қушлар,

Меҳрим тепасидан ўтолмай қолган.

 

Шунчалар баланд-да залворли тоғлар,

Қояларнинг қори эримай қолган.

Ҳавасдан уйғониб баҳорги боғлар,

Чимлари ёзда ҳам қуримай қолган.

 

Қаддимни кўтариб турганим шундан,

Кўкларга тиралиб қолгандай бошим.

Шеър бўлиб қоламан – энтикиб кундай,

Шеър бўлиб ёнгандай порлаган ёшим.

 

* *  *

Боғчалар хаёлга чулғаниб қолди,

Безовта қилгиси келмайин насим.

Қушлар чуғурламай учар шом олди,

Кузнинг ҳавосида паришон назм.

 

Ўриклар шоирга айланди ногоҳ,

Ҳосилин силкитган бедорлар мисол.

Само чақмоғидан бўлгандай огоҳ,

Булутлар ортига беркинди ҳилол.

 

Офтобни излаган дил эса ёниб,

Кўкларни бўяди шарту тўшлари.

Руҳимда бир нима кетгандай синиб,

Бўлиниб тушгандай умид тошлари.

 

* *  *

Куйиб адо бўлди юрак ҳам охир,

Шамол сочаётир энди кулини,

Эрта баҳорлари эди-ку зоҳир,

Кўз-кўзлаб тутарди ойга гулини.

 

Ишқнинг гулханига бўлиб рўбарў,

Ўзин отганида қучоқларига –

Парвона сингари ёниб ўпару

Айланиб қаҳрнинг пўчоқларига.

 

Куз келиб, хазонлар сочганидай мўл,

Совиган кунларнинг қаҳрида қолиб –

Қумларни тўзғитиб қолгандайин чўл,

Юлгандай бўлади меҳрини олиб.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг