МУМТОЗ МУСАВВИРНИНГ БЕТАКРОР САНЪАТИ

55

XIV аср охири ва XV аср бошларида  Хуросонда кўзга кўрина бошлаган Ҳирот миниатюра мактаби Шарқ халқлари тасвирий санъатига катта таъсир кўрсатди. Бу даврда ижод қилган мусаввирлар орасида  Камолиддин Беҳзод (1455 — 1536 йиллар) ижоди миниатюра йўналишининг энг ёрқин намуналаридан бири, деб тан олинади. Аммо мутахассислар томонидан ўрганилган Шарқ мумтоз адабиёти қўлёзмаларида учрайдиган баъзи миниатюраларнинг айнан Камолиддин Беҳзод қаламига мансублиги масаласи ҳозиргача мавҳум бўлиб келмоқда. Тарихий манбалар бу масалага ойдинлик киритишда бирламчи асос вазифасини бажармоқда. Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига чиқиши билан Ҳирот миниатюра мактаби яна гуллаб яшнай бошлади. Ҳиротда 1468 йилдан 1506 йилгача ижод қилган Беҳзод бутун Шарқнинг мумтоз мусаввирларидан бири сифатида улуғланади.  

Миниатюра санъати тарихида Беҳзодга ярим афсонавий шахс сифатида қаралади. Бунинг сабаби шундаки, мусаввир қаламига мансуб миниатюраларни аниқлашда унинг замондош­лари ва кейинги авлод вакилларининг у ҳақда айтган мақтовли сўзлари асос вазифасини ўтади. Аммо бу миниатюраларнинг баъзилари аниқ Беҳзод қаламига мансуб экани ҳақида ҳозирга қадар аниқ маълумот топилмаган. Ўз даврида Беҳзоднинг обрўси шу қадар баланд бўлганки, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида Дўст Муҳаммад ёки Қози Аҳмад каби машҳур рассомлар тўғрисида гапирмасдан, Беҳзодни тилга олишни лозим топган. Беҳзод тўғрисидаги энг ишончли маълумотларни рассомнинг замондоши ва машҳур тарихчи олим Хондамир томонидан 1499 — 1524-йиллар оралиғида ёзилган тарихий рисолалардан топиш мумкин.

Очиғини айтганда, Беҳзод қолдирган бадиий мерос тадқиқотчилар учун ҳозиргача жумбоқ бўлиб келмоқда. Чунки мусаввир фақат биттагина китобда – Саъдий Шерозийнинг “Бўстон” асарида имзосини қолдирган. Бу китоб ҳозирда Қоҳира Миллий кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзма Ҳусайн Бойқаро кутубхонаси учун ёзилган бўлиб, унда Беҳзод имзолаган тўртта миниатюра мавжуд, китобнинг олдинги қисмида ҳам унинг имзоси излари топилган. Қолган қўлёзмаларнинг миниатюралари қиёсий таҳлил асосида Беҳзод қаламига мансуб деб топилган. Бу миниатюралар Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Алишер Навоийнинг “Хамса”, Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”,  “Гулистон”, Низомий Ганжавийнинг “Хамса” каби асарларида учрайди.

Жами еттита қўлёзмадан учтаси: “Зафарнома”, “Гулистон” ва Низомийнинг “Хамса”си рангтасвирни яхши тушунган ва қадрлаган мўғул ҳукмдори Жаҳонгир томонидан қолдирилган ёзувларга эга. Ёзувларида у “Зафарнома”нинг барча миниатюраларини, “Хамса”даги 21та миниатюрадан 16тасини Беҳзод қаламига мансуб деб топади, аммо “Гулистон” асарига нисбатан рассомнинг услубини аниқлай олмаганини айтади.

Беҳзод томонидан яратилган “Зафарнома”, “Хамса” ва “Гулистон” қўлёзмалари мўғул саройи рассомлари учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган. Масалан, “Зафарнома”даги китоб безатиш усулларидан мўғуллар сулоласи тарихини ҳикоя қилувчи “Акбарнома” асарини яратишда фойдаланилган. Баъзи мўғул қўлёзмаларида Низомий “Хамса”сининг 1495 — 1496-йилларга тегишли нусхасидан тўғридан-тўғри кўчирилган композициялар мавжуд.

Бундан ташқари, тадқиқотчилар XVI аср бошида Шоҳ Таҳмасп I учун ёзилган иккита қўлёзмада Беҳзоднинг қўли бор, деб тахмин қилишади. Бу китоблар – Фирдавсийнинг “Шоҳнома” ва Низомий “Хамса”сининг яна бир нусхаси. Улардаги баъзи миниатюралар Беҳзод томонидан яратилган Саъдийнинг “Бўс­тон” асари қўлёзмасидагидек композицион хусусиятларга эга. Бироқ уларнинг муаллифи масаласи ҳануз очиқ қолмоқда (Саъдийнинг Қоҳирадаги “Бўстон” асари қўлёзмаси миниатюралари Беҳзод асарларини тушунишнинг бошланғич нуқ­та­си ҳисобланади. Жанг тас­вири жанрида Беҳзод ўзига хос иконографик схемалар яратган).

Беҳзод санъати сафавийлар ва мўғуллар тасвирий санъати ривожига катта таъсир кўрсатди. Мусаввир ижоди давомида Султон Муҳаммад, Қосим Али, Дарвиш Устод Муҳаммадий, Музаффар Али, Юсуф Мулла, Рустам Али, Шайхзода Хурсоний, Шоҳ Музаффар, Мирсаид Али, Маҳмуд Музаҳҳиб, Абдулло каби кўплаб шогирдлар тайёрлади. Унинг ижоди Ҳирот, Табриз, Бухоро, Самарқанд, Шероз, Исфахон, Истанбул, Ҳиндистоннинг мўъжаз рангтасвир мактаб­лари ривожига ҳам катта таъсир кўрсатди. Камолиддин Беҳзод ижодини Шарқ ва Ғарбнинг буюк алломалари юксак баҳолаганлар, уни “Шарқ Рафаэли” деб аташган. Хондамир “Ҳабиб ус-суяр” асарида Камолиддин Беҳзод ҳақида шундай ёзган: “Камолиддин Беҳзод ажойиб ва ғаройиб суратларни зоҳир қилувчи, ҳунар нодирликларини бунёд этувчи, Моний каби сурат чизувчи мўйқаламли, олам мусаввирлари асарларини йўққа чиқарувчи ва мисли йўқ бармоқлари билан бани одам ҳунармандлари тасвирларини маҳв қилувчидир.” Шайбонийхон, Васифий ва бош­қалар уни жонсиз нарсага жон бағишловчи мўйқалам соҳиби, деб таърифлаганлар. Мусаввир мероси ХV — ХVI асрлар Мовароуннаҳр маданий ҳаётидагина эмас, балки бутун Шарқ, ҳаттоки Европада китоб графикасининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этди. “Беҳзоднинг мўйқалами ҳақиқатан том маънода сеҳргардир. Бўёқларнинг майин гўзаллиги, доимий оҳанги, япроқларнинг ёрқин кўзга ташланган маъноси билан бу рассом ўз санъатининг қайта келмас бир моҳиридир”, деган эди улуғ адиб Ойбек.

Расул РАҲИМОВ,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти магистранти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг