ЎЗБЕК ТЕАТРИНИНГ ФАЙЛАСУФИ ЭДИ

214

Олимжон САЛИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси
санъат арбоби, режиссёр

Баҳодир Йўлдошевнинг режиссёрлик салоҳиятига баҳо берадиган, беқиёс истеъдоди намуналарини таҳлил қиладиган уста назариётчилар кўп. Мен эса бу улкан ижодкорнинг хис­латлари хусусида баҳоли қудрат сўз юритишга уриниб кўраман.

– Бошқа бир ижодкорнинг ютуғидан худди ўзиникидай қувона олиш Баҳодир аканинг энг ажойиб хислатларидан бири эди. Агар маромига етган ижод маҳсулини кўрса, унинг рўёби учун  чинакамига курашарди, ижодкорни ҳар томонлама қўлларди, ҳамма имкониятни яратиб берарди. Тожикистонлик иқтидорли режиссёрлар — Фаррух Қосимов ва Барзу Абдураззоқовни ўз театрига таклиф қилиб, уларни қўллаб, саҳналаштирган спектаклларидан бениҳоя қувониб, кўзлари чақнаб турганининг гувоҳи бўлганман.

 Ўзбекистонда Баҳодир Йўлдошев кўмагидан баҳраманд бўлмаган режиссёрлар кам топилса керак. “Темир хотин” спектаклини биринчи марта Тошкентга олиб келиб, Баҳодир аканинг театрида намойиш қилганмиз. Ўшанда спектакль тугаши ҳамоно саҳнага югуриб чиқиб, мени қучиб олгани ёдимда. Орадан бироз вақт ўтиб, “Темир хотин” спектакли Бишкек шаҳрида ўтказиладиган “Наврўз” фестивалида қатнашадиган бўлди. Бош ролни ижро этадиган актрисамиз бетоб бўлиб қолганида,  Баҳодир ака театридаги энг керакли актрисасини ҳеч бир ўйлаб ўтирмасдан Фарғонага юборди. Фестиваль Б.Йўлдошевнинг “Майсаранинг иши” спектакли билан бошланди. Спектакл намойиш этилишидан икки кун олдин у киши: “Мени айтди дейсан, спектаклинг фестиваль ғолиби бўлади”, деди. Бу гапга фаришталар омин дедими, спектакль фестиваль ғолиби бўлди. Баҳодир ака “Тошкентга саёҳат” спектаклини ҳам худди шундай қабул қилган эди.

Б.Йўлдошев кўз олдимда ҳамиша бир файласуфдай гавдаланади.  Дарҳақиқат, У – файласуф эди: бирор гапни шунчаки гапирмасди, унинг гапларида доимо фикр аниқ бир мақсад сари йўналтириларди. Суҳбатларидан сўнг ҳар доим хотирангизда муҳрланадиган бир мазмун қоларди. Бу мазмун сизни анчагача тарк этмасди, керакли пайт­да кўмак ҳам берар, йўл ҳам, чора ҳам топишингизга асос бўларди.

Бир сафар Баҳодир аканинг олдига паришонроқ ҳолатда келдим, шекилли, сабабини сўраб қолди. Ишларим билан бир идорага бориб, битира олмаганимни айтдим. Мени қабул қилган идора ходими ишимнинг бир қисмини битириб, қолганини қўшни хонада ўтирган ходим битириб беришини айтди. Ўша ходимнинг хонаси қулф экан, пешингача очилмади. Баҳодир ака шунда менга бир умр эсимдан чиқмайдиган бир ривоят айтиб берди. Қафасда қанотлари боғланган қушни кўрган бир йўловчи қафасни очиб, қушни халос қилибдию йўлида давом этибди. Шунда қуш ундан: “Қафасдан халос қилдинг, қанотларимни ҳам ечиб қўймайсанми?” деб сўраган экан,  йўловчи: “Йўқ, қанотингни бош­қа йўловчи ечади”, деб кетаверибди. Дунёдаги бор савоб ишларни бажариш ҳаммага баб-баробар тақсимлаб берилган экан. Баҳодир ака билан суҳбатда бундай ғаройиб фикрларнинг кўпини эшитардингиз, қувонардингиз, ҳайратланардингиз, завқланардингиз.

Баҳодир аканинг бир ижодий хислати бор эди. Бу хислатга эга режиссёрларга “деспот” деган лақаб қўйилади. Бу тамғани режиссёрга одатда актёрлар қўйишади. Баҳодир акада ҳам шундай лақаб бор эди. Аслида эса, режиссёрда бу хислат унинг ижодий истаклари, мақсадларини амалга оширувчи — актёрнинг имкониятлари режиссёр мақсадини юзага чиқаришга етарли бўлмаганидан, режиссёр билан актёр ижодий даражасининг тафовутидан, иқтидорнинг етишмаслигидан келиб чиқади. Режиссёр ўз истакларини амалга ошириш учун актёрни ҳарчанд “йўлга солиш”га ҳаракат қилади, унинг яширин, ҳали ўзи ҳам билмайдиган  имкониятлари борлигига ишониб ундайверади, натижа бўлмагач, қайсидир маънода мажбур қилади. Актёр таъбири билан айт­ганда, “сиқиб сувини ичади”. Бундай сиқув натижаси аксарият ҳолда яхши натижа беради. Бундай жараёнлар натижасида баъзан шоҳ асарлар дунёга келади. Буни Баҳодир ака бир неча маротаба исботлаган. Унинг ўзбек театри тарихи саҳифасига ёзилган спектаклларининг аксарияти “сиқиб сувини ичиш” натижасида юзага келган.

Б.Йўлдошев яқин кишиларига, кўнглига яқин дўстларига жуда самимий муносабатда бўларди. У дўстлар даврасини ниҳоятда яхши кўрарди, бундай суҳбатларни меҳр билан ташкил қиларди. Чунки дўстларининг атрофида бўлиши унга куч бағиш­ларди, улардан завқ, ижодий мадад, куч-қувват оларди.

Баҳодир аканинг дўстларини кутиб елиб-югургани, улар кириб келишганида кўзлари чақнаб кетганларини кўрганман. Даврага биринчилардан бўлиб дўхтир Анвар ака келарди. Анвар ака театрга яқин тургани учун эмас, бугунги гурунгнинг “жўрабошиси” сифатида келарди. Бениҳоят камтар инсон Наим Каримов, композитор Фарҳод Олимов, Шуҳрат Ризаев, Хуршид Даврон… Ҳаммадан кейин бўёқларга буланган қўлларини ювиб Юра ака Брим келиб ўтирарди. Ҳар доим бўлмаса-да, бир-бир келиб Баҳодир ака билан икки-уч қўл шахмат ўйнаб кетадиган Бегали Қосимов… Булар мен билганларим…

Баҳодир ака мана шундай гуркираб турган пайтида ногаҳон отасидан ажралди. Бу хабарни эшитиб Каттақўрғонга йўл олдик. Жаноза ўқилишига етиб бордик. Тобутни кўтариб кета туриб Баҳодир акага кўзим тушиб қолди.  Мен тобутнинг бир томонидан, у иккинчи томонидан кўтариб борардик. Ака мени кўрдию кўзларидан дувиллаб ёш оқиб кетди. Мен ҳам ўзимни тутолмадим. Бундай ҳолатда уни биринчи маротаба кўришим эди. Баҳодир Йўлдошев ҳеч қачон йиғламаса керак, деб ўйлаган эканманми… Маросимларни охиригача ўтказиб қайтаётган пайтимиз, Баҳодир ака менга аста: “Энди биз сен билан тобуткаш дўст бўлдик”, деди.

Устоз режиссёрнинг энг оғир кунлари Юра ака Брим вафотидан кейин бошланди. Отаси ва онаси вафотига дилида кўниккан бўлса бордир, лекин ўзи ҳам жисмоний, ҳам ижодий, ҳам маънавий “теппа-тенг ярми” бўлган бу бетакрор инсонни йўқотиш унинг учун оғир бўлди. Баҳодир ака ўша кезлар мутлақо таниб бўлмайдиган даражада саросимада эди. Бу саросималик, безовталик, беҳаловатлик анчагача, токи Баҳодир ака Германияга бориб, не-не қийинчиликларни енгиб ўтиб, ниҳоят “ўз ярмини” ерга топширганидан кейингина кўтарилди. Театр тарихида, инчунун, ўзбек театри тарихидаги бу бирлик натижаси миллий театримизнинг энг ёрқин саҳифаси сифатида авлодларга мактаб бўлмоғи, ўрганилмоғи, мушоҳада қилинмоғи зарур. Бу бирликдан бутун бир санъат ҳодисаси юзага келди ва энди бундай ТЕАТРларни қайта тиклаш, барқарор қилиш бурчи авлодлар зиммасига тушади.

Бугун мен “Баҳодир Йўлдошев театри”да ишлаяпман. Ўша Баҳодир ака ва Юра акалар дунёга машҳур қилган театрда. Бу театрга мени Баҳодир аканинг ўзи олиб келиб қўйган эди.

Ўша пайтлари бу театрга ўтмаганим ва кейин ҳам ўтишга ҳайиққанимнинг сабаби — Баҳодир Йўлдошев театрига муносиб бўла олиш масъулияти эди. Бу жуда ҳам баланд, оғир, етишиш машаққат бўлган поғона. Мана, тўрт йил бўлди, бутун вужудим, идроким ва имкониятим билан тиришаман,  қилган ишларим — спектаклларим “Баҳодир Йўлдошев театри”га муносибмикан? Бу менинг учун жуда муҳим. Саҳналаштирган бир неча спектаклларимга таклиф қилдим. Келди, кўрди. Ўша пайтларда унинг спектакль ҳақидаги фикрларига қулоқ солмасдан кўзларига тикилдим. Кўзларидаги хотиржамлик, юзидаги табассум менга таскин берарди,  демак, “ҳаммаси жойида экан”.

     Мени бу театрга олиб кела туриб, Баҳодир ака бир ваъда берган эди — Ўз театри саҳнасида спектакль саҳналаштириш ваъдаси. Ваъдасини бажаролмай кетди! КЕТДИ! КЕТДИ!.. У КЕТДИ!

Куни кеча Каттақўрғондан (Баҳодир аканинг таъбирича, Каттапариждан) қайтдим. У ерда бундан бир неча йиллар олдин Баҳодир ака билан бирга отасининг тобутини кўтарган эдим. Бу сафар ўзининг тобутини кўтариб, яна ўша кўчалардан ўтиб, ўша қабристонга олиб бордик. Васиятига кўра, ота-онаси ётган қабристонга, онасининг пойига қўйдик. Унинг қабрини Оллоҳ нурларга тўлдирсин.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг