ОСТОНАДАГИ  УЧРАШУВЛАР

62

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан мактабларда жорий йилнинг 1 апрелидан ижодий-маданий ишлар тарғиботчиси лавозими таъсис этилди ва унга ижодкорлар жалб қилинди.

Мактаб даргоҳига қадам қўйиш болалик билан юзлашувга ўхшайди. Илк лаҳзаларданоқ кишини тотли хотиралар қамраб олади, сергап ҳамроҳдек этагингдан ушлаб, йўл бўйи қўйиб юбормайди. Маърифатли дунёда инсоннинг тақдири шу масканда ҳал бўлади дейилса, бу гапда асло ёлғон йўқ. Шу маънода мактабни муқаддас даргоҳ, деб бемалол аташ мумкин.

Озода, файзли даргоҳга қадам қўйгандаёқ беғубор нигоҳлар, кўнгилда бир ҳаяжон қўзғайди. Мактаб раҳбари ташқарида кутиб турган экан, бу ҳам эътибор намунаси. Шинам, файзли хонада суҳбатимиз тез қўр олди, мақсад аниқ, ният холис, эҳтиёж сезилган, шунинг учун бу ҳаракатни – мактабларда маънавий-маданий ишлар ташкилотчиси бўлишни икки томон ҳам маъқуллаган. Таассуротлар бой, бу балки болаликка хос беғубор кайфиятдир, лекин моҳиятга разм солиб қаралса, халқ таълими соҳасида, мактабларда жиддий муаммолар йиғилиб қолган. Бу ҳолнинг ­сабаблари маълум, энди вазиятни ўнглаш шарт. Мактаб масаласи, донишманд боболаримиз таъкидлаганидек, ҳар доим ­ҳаёт-мамот масаласи бўлиб келган.

— Ижодкор ўқувчиларимиз кўп, — дейди мактаб раҳбари уларнинг юзага чиқмаётганига ўзи айбдордек хижолат бўлиб. —  Аммо машҳурларимиз йўқ.

— Халқимиз талантли-да, — оҳангни пастга туширмай давом этаман. – Эзгуликнинг кечи йўқ.

— Энди сизлар келдингизлар, ёрдам берасизлар…

— Албатта, мақсад ҳам шу-да.  – Бирдан касб синдроми қўзғайдими, жиддий саволлар кўндаланг бўла бошлайди:

— Газета ўқиб борасизларми?

Ўйчан нигоҳлар сергакланади, бош ҳам хиёл кўтарилади. Шаҳд билан шундай сўзлар янграйди:

— Биз газета ўқимаймиз…

Бу гап оҳангида “Бизни жиноят устида қўлга туширмоқчи бўлаяпсизми? Йўқ, кечирасиз, биз халқнинг ишончли зиёлиларимиз, интизом биринчи бурчимиз ва биз юқорининг буйруғи(балки иродаси)ни оғишмай амалга оширамиз”, деганга ўхшаш таадди бор эди! Ҳа, маърифатга элтувчи ягона йўл – мутолаа, мутолаанинг энг қулай воситаси – кундалик газеталар, деганга ўхшаш ақидалар билан яшаётган одам  “Биз газета ўқимаймиз!” деган гапни эшитса, ажаб­товур ҳолга тушар экан. Қандингни ур, муаллим! Самимий айтилган бу эътироф­да асло ғараз йўқ эди.

Мактаблар ҳаётида кейинги йилларда кўп ижобий ўзгаришлар бўлди. Атрофнинг ўраб олингани, ягона қулфу калит қилингани бу даргоҳга қанча файз бағишлади?! Шу йўлдан қирқ йиллардан бери қатнайман. Бетон устунлар тикланган, темир панжаралар билан қилинган иҳота минг кўйда “товланарди”: гоҳ қийшайиб қолган, гоҳ синган, ичкари эса кўчага бемалол кўриниб турар… Энди деворлар ҳусн бўлиб турибди. Бошқа ўзгаришлар-чи? Ана шундай янгиланишлар жараёнида бир нарса ўзгармай қолаётган экан (биринчи таассуротданоқ шуни англадим): ўқитувчининг дунёқараши! Ўтган ўн йилликларда бу соҳа қандай ислоҳотларни бошдан кечирмади? Шу буҳронда ўқитувчининг ўз устида ишлаши учун имкон берилмаган экан; ҳаммаси – оммавий: тадбирлар, мусобақалар, аттестациялар ва ҳоказо. Лекин ўқитувчидан “Шу ўзгаришларга улгураяпсанми? Вақтинг етарлими?” деб сўралмаган, сўралса ҳам жавоби эшитилмаган ёки инобатга олинмаган экан. Оқибатда, ўқитувчи ўз устида ишламай қўйган экан – институтда олинган “багаж”, дарсга нари-бери, мажбурият юзасидан тайёрланган, лекин изланмаган. Чунки бунга зарурат бўлмаган: ҳар куни тадбир, ҳар куни комиссия… Кошки бу “тадбир”лар маънавиятга хизмат қилса?! Оқибатда, зеҳни лоқайдлашиб, касбга муҳаббати ҳам сўниб кетган, “инсон қалбининг меъмори”га эмас, оддий ходимга, ҳар ойда маошни кутадиган истеъмолчига айланиб қолган. Бундай одам газета ўқийдими, китоб ўқийдими? Ахир, бу машғулот учун пул тўлашмайди-ку (тушунча шу даражага етган).

Қаршимда содда, самимий, ишчан раҳбар ўтирарди. У соҳанинг ҳозирги талабларини жуда чуқур билади, унча-бунча савол-жавобда менга тутқич бермаслиги ҳам аниқ. Шу ҳолни билгач, кўнгилга таскин берувчи мавзулардан гаплашдик. Ҳаммамизнинг мақсадимиз – эзгу. Бу даргоҳда фарзандларимиз вояга етаяпти, фарзандлар эса келажагимиз. Ким, қандай ақлли одам келажагига бефарқ бўлади?! Ижодкорларнинг келиши ҳам шу жойларга бугунги кунларнинг  янги нафасини олиб кириш.  Яқинда чиққан китобимни совға қилдим. Раҳбар уни лоқайд қўлига олди, балки фикрида “Буни нима қиламан?” ёки “Мақсад нима?” деган саволлар айланаётгани аниқ эди. Эҳтимол, эски “дард” – ­китобни сотиб бериш ташвиши қийнаётгандек.

— Беғараз, — дедим. – Агар яна учрашувлар насиб этса, мен ҳақимда тасаввур ҳосил қилишингиз учун тақдим этдим. Бошқа мақсад йўқ. Ўқинг, тил-адабиёт ўқитувчиларига ҳам  беринг. Ҳатто ичида “Адабиёт муаллими” деган мақола ҳам бор…

Хайрлашдик. Раҳбар мамнуният ­билан кузатиб қўйди.

Ҳаким САТТОРИЙ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг