«ФУЗУЛИЙ ШЕЪРИГА ОШИҚЛИГИМ РОСТ…»

53

Туркий ғазалиётни ҳадди аълосига кўтарган икки буюк сиймо бор: бири ҳазрат Алишер Навоий бўлса, бири қардош озарбайжон халқининг оташнафас шоири  Муҳаммад Фузулийдир. Бу борада Вадуд Маҳмуд “Фузулий Боғдодий” номли мақоласида ёзади: “Фузулий бизда Навоийдан кўб ўқулмаса, Навоийдан кам ҳам ўқулмайдир”.

Дарҳақиқат, манбаларга кўра, Турди Фароғий, Машрабдан тортиб, Қўқон ва Хива хонлиги адабий муҳитининг барча кўзга кўринган намояндалари, шунингдек, жадидлардан то Эркин Воҳидовгача бўлган шоирлар асарларида Фузулийдан баҳрамандликни, ижодий муқаллидчиликни яққол кўриш мумкин.

Мазкур мақоламизда замонавий ўзбек шеъриятининг забардаст вакилларидан бири Эркин Воҳидов ижодида Фузулий таъсири ҳақида сўз юритишни мақсад қилдик.

Болаликдан ошуфталик

Эркин Воҳидов ёшлигидан Фузулий ижодига ошно бўлган. Ота-онасидан эрта айрилиб, тоғасининг қўлида вояга етган шоир ўзининг “Таржимаи ҳоли”да шундай эслайди: “Тошкентда кечган болалик ва ўсмирлик йилларимдан қолган энг ёрқин эсдаликлар Островский номли пионерлар саройидаги шоир Ғайратий тўгараги ва тоғамнинг хонадонида бўлиб турадиган адабий суҳбатлар билан боғлиқ. Тоғам касби ҳуқуқшунос бўлса ҳам адабиёт ва санъатга қизиққан, шеъриятни нозик тушунадиган киши эди. Уйимизга шоир Чустий, хонандалар ака-ука Шожалиловлар, Маъруфхўжа Баҳодиров, кенг билим эгаси бўлган олим, таржимон Алихон Соғуний тез-тез келиб туришар эди. Менинг шеъриятга қизиқишимни  сезган тоғам бу суҳбатлардан мени ҳам баҳраманд қиларди. Улар Ҳофиз, Навоий, Бедил, Фузулий байтларини таҳлил қилиб, ҳар бирлари ўзларича талқин бериб ўтиришарди. Бу суҳбатлар ичкиликсиз, фақат шеър ва қўшиқ кайфи билан, аския завқи билан музайян бўларди. Афсуски, бундай давралар энди камайиб, йўқолиб бормоқда”.

Мазкур адабий суҳбатларнинг бирида Фузулий қаламига мансуб бир байтнинг шарҳи билан боғлиқ қизиқ воқеани адабиётшунос Раҳматилла Иноғомов “Шоирлик қисмати” номли китобида қайд этади: “Шарқ шеърияти сиру синоатини ўрганиш, мағзини чақишда Эркинлар уйида бўладиган фозил кишиларнинг улфатчилиги, дилтортар суҳбатлари ҳам муҳим омиллардан биридир. Бу тўғрида Эркиннинг ўзи шундай ҳикоя қилади: «Эсимда бор, тоғамнинг улфатларига чой ташиб, хизмат қилиб юриб уларнинг шунақа ажойиб суҳбатларидан кўп баҳраманд бўлганман. Алихонтўра Соғуний, Чустий, Маъруфхўжа Баҳодиров, ака-ука Шожалиловлар қатнашадиган бу улфатчилик Навоий, Фузулий, Огаҳий, Машраб шеърларини талқин ва таҳлил қилиш билан ўтарди. Мен бу даврага ўзим мағзини чақолмаган байтларни тайёрлаб қўярдим, кўпчилик бўлиб улар бу байтларни шарҳ қилишар эди. Фузулий девонида бир байт бор:

Баниким ғамларим вордир, бийирин устина қўйсанг,

Чиқар кофир жаҳаннамдин, кулиб аҳли азоб ўйнар.

Мазмуни бундай: менинг шундай ғамларим борки, уларни туянинг устига қўйсанг, кофир жаҳаннамдан чиқади, азоб чекканлар кулади, ўйнайди… Ажабо дейман, ғамни туянинг устига қўйиш нимасию кофирнинг жаҳаннамдан чиқиши нимаси? Буларнинг қандай алоқаси бор? Хаттотнинг хатосимикан? Ундай десам ҳамма девонларда шундай ёзилган. Байтни ўқиб берганимда уни ҳеч ким шарҳ қилолмади. Мажлис тўрида Алихонтўра Соғуний улфатларини имтиҳон қилгандай жилмайиб ўтирардилар. Ниҳоят у киши, қани бир қўлни очинглар, деб Фузулий ҳақига узун дуо ўқиб, сўнг байтни шарҳ қилиб бердилар. Пайғамбаримиз айтмишларки, кофир абадул абад жаҳаннамда бўлади. Туя игнанинг тешигидан ўтса, кофир дўзахдан чиқади, яъни ҳеч қачон чиқмайди. Фузулий байти мазкур ҳадисга ишора бўлиб, шундай анг­лашилади: “Менинг шундай ғамларим борки, улар туянинг устига ортилса, туя ипдек озиб кетади ва игнанинг тешигидан ўтадиган ҳолга келадию кофир жаҳаннамдан чиқади”.

Устоз кўрган шогирд

Ғайратий ўз тўгарагида бошқа ёш қаламкашлар қатори Эркин Воҳидовга сўзга нисбатан талабчанлик, бадиий тафаккурни шакллантириш ва ҳатто шоирлик этикаси борасида ҳам маслаҳат ва тавсияларини берган. Айниқса, тўгарак аъзолари онгига мумтоз адабиёт сирларини сингдиришда бор маҳоратини ишга солганини шоир бир мақоласида шундай хотирлайди: “Ғайратий мумтоз шеъриятнинг зукко билгичларидан бўлган. Форс тилида, қадимий туркий тилда битилган жуда кўп ғазал, рубоийларни ёд билар, бизга ўқиб бериб ўтирарди. Мана, йиллар ўтиб ўзим-ўзимга савол бераман. Ўша вақтда-ку бизлар каттамиз ўн беш-ўн олтида, кичкинамиз ўн бир-ўн икки ёшда бўлган болалар эдик. Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Бедил, Фузулийларнинг ҳозирги кунда ҳам луғатсиз англаш қийин бўлган байтларини устоз Ғайратий бизга нега ўқиб берарди? Биз ахир у байтлардаги фалсафанинг, мажозларнинг мингдан бирини ҳам илғаб ололмасдик.

Чуқурроқ ўйласам, шоир Ғайратий катта педагог ҳам экан. Биз ўша вақтда буюк шарқ алломаларининг нозик  бадиий образларини тушуниб етмаган бўлсак ҳам, мурғак хаёлимизга сеҳрли шеъриятнинг  шуъласи тушган экан. Ақлимиз билан англамасак ҳам, шууримиз билан шундай юксак, самовий, мўъжизавий шеърият оламда борлигини сезган эканмиз”.

Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, Навоий таъбири билан айтганда, Эркин Воҳидовнинг “калом ичра камол” топишида, хусусан, Фузулийга меҳр қўйишида устози Ғайратийнинг ўрни беқиёс эди.

Фузулий аслида ўзбек шоири бўлган экан

Эркин Воҳидов 1962 йили адабиёт декадаси доирасида таниқли ижодкорлар қатори Кавказга борган. У ердан олган таассуротлари сабаб “Кавказ шеърлари” туркумини яратган. Мазкур туркумдан “Елкан”, “Арарат чўққисига”, “Азгануш”, “Айрилиш”, “Хайрлашув” ва “Фузулий ҳайкали қошида” деган шеърлари ўрин олган.

Шоир “Фузулий ҳайкали қошида” номли шеърида Фузулий даҳосига бўлган муҳаббатини самимият ва назокат билан ифодалайди. Шеърнинг бадиий қимматини янада оширадиган унсурлардан бири – Эркин Воҳидов Фузулий  байтларидан, хусусан, “изҳор эт”, “тутмишлар”, “ўландан сўр” радифли учта ғазали ва “Давлатли султоним” номли битта  мураббаъсидан иқтибослар  келтиради.

 Мисол учун:

 Муқаввас қошларингким, ўсма бирла ранг тутмишлар,

 Қиличлардирки қонлар тўкмак ила занг тутмишлар.

 Саҳар булбуллар афғони дагил беҳуда гулшанда,

 Фузулий нолаи дилсўзина оҳанг тутмишлар

 – деган байтга:

Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,

Бунчалар серишва, бунчалар серноз

 – деб муносабат билдирган шоир:

Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо

Фузулий шеърига ошиқлигим рост,

 – дея Фузулий ижодига бўлган чексиз меҳрини авжига кўтариб таърифлайди.

Зеро, шоирнинг ашаддий фузулийхонлигига яна бир ҳаётий воқеа ойдинлик киритса, не ажаб:

“Шоирлик қисмати” китобида айтилишича, “80-йилларнинг охирларида Югославияда бир неча кун мобайнида жаҳон шоирларининг шеърият байрами бўлади. Мазкур улкан анжуманда Ўзбекистондан Эркин Воҳидов, шунингдек, таржимашунос  Ғайбулла Саломов (Ғайбулла ас-Салом)лар иштирок этишади. Ғайбулла Саломовнинг гувоҳлик беришича, гапдан гап чиқиб Эркин Воҳидов билан бир турк шоири ўртасида Фузулийнинг қайси халққа мансублиги хусусида баҳс бошланиб кетади. Турк шоири «Фузулий туркларники» деган фикр­ни исботлаш учун унинг ўнлаб шеърларини ёддан ўқийди. Эркин ҳам Фузулий шеърлари билан жавоб қайтариб кетма-кет унинг ғазалларини ўқийди. Бу баҳс бир неча соат давом этиб, турк шоири Фузулийдан биладиган шеърлари тугаганидан кейин ҳам Эркин улуғ шоирнинг ўнлаб ғазалларини ёддан ўқийверади. Эркиннинг Фузулийга муҳаббати, кўпчилик ғазалларини ёд билишига қойил қолган турк шоири: “Биз Фузулийни озарбайжон ва турк шоири деб юрибмизу аслида у ўзбек шоири экан” деб эътироф этибди”.

Ҳа, Фузулийга ўхшаган башарият шоирларини қайсики миллат астойдил ўқиса, у ўша миллатникидир.

Мутаассирлик

Эркин Воҳидов ғазаллари бадииятига Фузулий кучли таъсир кўрсатган. Ғазалларидаги латифлик, назокат, сўз ўйинлари ва бадиий санъатларнинг қўлланилишида Фузулийдан баҳрамандлик яққол сезилади.

Айрим мисолларни келтирсак. Шоирнинг “Дилга ёз дилбар сўзини, жонон сўзини жонга ёз” мис­раси Фузулийнинг “Жонни жононая этдим, дили дилдора фидо” мисрасини ёдга солади. Эътибор берилса, Фузулий “жон”, “жонон” ва “дил”,  “дилбар” сўзларини қўллаб “иштиқоқ” санъати – ўзаги бир бўлган сўзлардан маҳорат билан фойдаланган. Эркин Воҳидов ҳам ўз байтида шу анъанага риоя қилган. Ҳатто, ҳар икки ғазал умумий вазн – рамали мусаммани солимда ёзилганлиги бежиз эмас.

Бу жаҳонда, дейдилар, ҳар кимда бор бир ўзга таъб,

Менга – май, булбулга – тонг, гул баргида – шабнам ширин –

мазмунидаги байти эса Фузулийнинг:

Ҳар кимнинг оламда миқдоринчадир таъбинда майл,

Ман лаби жононими, Хизр оби ҳайвонин севар —

байти таъсирида ёзилгани кўриниб турибди. Яъни ифода ҳар хил бўлса-да, маъно муштарак. “Ёки буюк салафининг:

Оқибат расво ўлуб, майтак тушар эл оғзина,

Кимки бир сармаст соқий лаъли хандонин севар —

байтининг таъсири шоирнинг “узум” радифли ғазалида шундай акс садо беради:

Кимки ошиқликни даъво айласа, шулдир жазо,

Оқибат хум ичра бўлди маҳкуми зиндон узум.

Хум ичида неча йил хун бўлмоқ эркан қисмати,

Лабларингга етди охир бир пиёла қон узум.

Ҳар икки шоирнинг мазкур байтларида умумийлик бўлса-да, маънода нозик тафовут бор. Масалан, Фузулий байтидаги “май”нинг эл оғзига тушиши – ишқ деб халқ ичида расволикда овоза бўлишни билдирса, Эркин Воҳидовнинг “узум” радифли ғазалидаги “узум” образида ранж-машаққат чекиб, охири мақсадига эришган бахтиёр ошиқ тимсоли гавдаланади.

Рустам МИРВОҲИД,
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси
Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош  мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг