ХАЛҚ ЭЪЗОЗЛАГАН АДИБ

39

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида атоқли ёзувчи таваллуд топган қутлуғ санани юксак савияда ташкил этиш ва республикамиз бўйлаб кенг нишонлаш алоҳида таъкидланган. Бу давлатимиз раҳбари томонидан миллий адабиётимизга, маънавиятимизга, атоқли адибимиз ижодига юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.

Ўткир Ҳошимов Тошкентнинг Дўмбиробод даҳасида ишчи оиласида таваллуд топди. Адиб ота-онасини шундай хотирлаган эди: “Отам саводли, хийла тажанг, аммо ниҳоятда ҳақпараст одам эди. Отамдан қаттиқ ҳайиқар эдик, отам бирор марта ҳам бир тарсаки урган эмас… Онам эса, аксинча, ниҳоятда ювош, жуда меҳрибон эди. Бирор сабаб билан биз – болаларни қарғаса, ўзи ҳам йиғлаб юборар, ўша заҳоти кўнглимизни олишга ҳаракат қиларди”. Адибнинг онасини маҳалладошлар севиб ­“Пошша ойи” дейишарди.

Бетакрор ижодкор Ўткир Ҳошимов адабиёт оламига янгича бир услубда ижод қилиб, шиддат ва жасорат билан кириб келди. У илк асари “Чўл ҳавоси” қиссаси билан Абдулла Қаҳҳордек буюк ёзувчининг назарига тушади ва тезда устози ёш ёзувчига табрик хатини йўллайди:

“Ўткир!

“Чўл ҳавоси”ни ўқиб суюниб кетдим. Бирдан лов этиб аланга билан бошланган ижоднинг келажаги порлоқ бўлади. Қисса жуда соф, самимий, илиқ, табиий, роҳат қилиб ўқилади.

Қиссанинг хат шаклида бўлиши кўп жойларда ритмни бузади, сизни чеклаб қўяди. Ҳикоя биринчи шахс тилидан олиб борилса ҳам шундай бўлур эди. Келгусида буни ўйланг, ҳисобга олинг.

Шу аланга ҳеч қачон пасаймасин, ижодингиз ҳеч қачон тутамасин!

Ҳурмат билан Абдулла Қаҳҳор.

1963 йил, октябрь”.

Машҳур адиб йўллаган ушбу хат Ўткир Ҳошимовга чексиз қувонч бағишлайди. Устози билан учрашиб, миннатдорлигини билдиради. Абдулла Қаҳҳорнинг берган маслаҳатлари уни янада руҳлантириб, ижод сари ундайди. Бири-биридан мазмундор, қизиқарли асарлари билан у тез орада танилиб, халқининг ҳурматига сазовор бўлди.

Ўткир Ҳошимов асарларининг услуби содда, равон, мазмундор, пишиқ, қизиқарли, уларда инсонпарварлик, миллатпарварлик фазилатлари мароқ билан тасвирланган. Оддий ҳаётий воқеалар ниҳоят­да санъатко­рона ифодаланган. Уларда ҳикоя қилинаётган воқеа­лар беихтиёр кўз олдимизда гавдаланади. Қаҳ­ра­мон­ларининг қайғусига ҳам, хурсандчилигига ҳам ше­рик бўламиз. Назарим­да, айни шу хусусиятлари билан адиб асарлари халқимиз қалбидан чуқур жой олган.

“Қаламкаш учун ки­тоб­хон қалбига озми-кўпми эзгулик нурини олиб кириш, унинг қувонч ва ташвишлари, муҳаббат ва нафратини ҳалол, таъсирчан тас­вир­лашдан ортиқ бахт йўқ. Зеро, ҳар қандай китобнинг холис баҳосини китобхон ва вақт белгилайди. Шу маънода айтиш мумкинки, асарнинг эгаси ёзувчи эмас. Асарнинг эгаси – ўқувчи. Ўқувчиси йўқ асар эгаси ташлаб кетган ҳовлига ўхшайди”, деган эди Ўткир Ҳошимов. Ёзувчининг турли жанрларда яратган асарларини ўқиганда унинг юқоридаги эътирофларига ижодида тўла-тўкис амал қилганига гувоҳ бўламиз. Дарвоқе, Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли устоз олим Озод Шарафиддинов: “Сўнгги эллик йил мобайнидаги ўзбек адабиётини Ўткирнинг ижодисиз тасаввур қилиб бўлмайди”, деганда шогирдининг бетакрор, ноёб ижодий фаолиятини назарда тутгани сир эмас.

Ҳақиқатан ҳам, Ўткир Ҳошимов ярим аср мобайнидаги ижодий фаолияти давомида туркум публицистик мақолалари, бири биридан қизиқарли ҳикоя ва қиссалари билан, чуқур фалсафий маънога эга романларию ажойиб саҳна асарлари билан миллий адабиётимиз хазинасини бойитишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. “Чўл ҳавоси”дан тортиб “Дафтар ҳошиясидаги битиклари”гача бўлган ижод намуналарининг қайта-қайта нашр қилингани боиси ҳам шунда. Адиб китоблари ҳақида ўз вақтида айтилган эътирофлар ҳам шундан далолатдир. Жумладан, “Дунёнинг ишлари қиссаси ҳақида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шуҳрат Ўткир Ҳошимовга шундай мазмунда табрик хати йўллаган эди:

“Укам Ўткир!

Сени аввалдан яхши кўриб, ижодинг меваларини қониқиш билан кузатиб келардим… Мана, ҳозиргина “Дунёнинг ишлари”ни мамнуният билан охирги варағини ёпдим. Раҳмат, ука!.. Қаҳҳорона кузатувлар, Қаҳҳорона жумлалар. Бир жумланинг ҳар бир ҳарфини асти жойидан қўзғалмас қилиб, бир-бир михлабсан! Ўзбек тилининг кўрки, жозибасига яна бир бора қаноат қилдим… Қисса эмас, насрий бўлса ҳам она, оналар мадҳияси деса бўлади, бор бўл, укам!

Қувониб-қувониб, дуо билан Шуҳрат.

17 март, 1982 йил”.

Дарҳақиқат, Ўткир Ҳошимовнинг “Дунё­нинг ишлари” қиссаси, устоз Шуҳрат айтганидек, оналар мадҳиясидир.

Ушбу қиссада адиб ўз онаси тимсолида оддийгина, хоксор, меҳрибон, доно, барчага яхшилик улашувчи, камтар ва меҳнаткаш ўзбек оналарининг ажойиб образини яратди. Асар бир неча новеллалардан иборат.

Иккинчи жаҳон урушидан кейинги оддий халқнинг турмуш тарзи, анча оғир кечган ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинган қиссадаги ҳар бир новелла алоҳида мавзуга эга. Айни пайтда уларнинг барчасида она ва бола асосий қаҳрамонлар ҳисобланади.

Куни билан меҳнат қилиб чарчаган Пошша ойининг гоҳида ўғилчасига чўпчак айтиб беришга ҳам ҳоли қолмасди. Ота-она моддий қийинчиликка қарамай, фарзандларини келажакда билимдон бўлишини истар, тўғри яшаб, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликка ундар эдилар. Пошша ойи нафақат ўз болаларига меҳрибон, балки қўни-қўшнининг болаларига ҳам ғамхўр эди. Қўшниларга доимо ширин муомалада бўлар, уларнинг дардларини тинглаб, ҳасратларини эшитиб, кўнгил берарди.

“Олтин балдоқ” новелласида Ўткир Ҳошимов онанинг қанчалик оқила аёл эканлигини жуда чиройли баён этади. Пошша ойи ҳовлида қўшниси сепкилли хола билан гаплашиб кир юваётганида, бир пой зирагини йўқотиб қўяди. Шу тобда амма келиб қолади. Амма бўлган воқеадан хабар топиб, сепкилли холадан гумон қилади. Натижада улар юз кўрмас бўлишади. Кузда иссиқ ки­йимларни сандиқдан олаётганида тўрли кўйлагига илиниб қолган зирак топилади. Пошша ойи уятга қолади. Кунлардан бирида сепкилли хола ўғлини уйлантиради. Эртасига “келин салом”да Пошша ойи топилган тилла зиракни келиннинг қулоғига тақиб қўяди ва “Шуни ният қилиб қўювдим”, дейди. Бу эса Пошша ойининг олижаноб фазилатли она эканлигидан далолатдир.

“Алла” новелласида муаллиф шундай ёзади: “…Эҳтимол дунёнинг бу четида туриб бир одам айтган қўшиқни дунёнинг нариги чеккасидаги бошқа бир одам тушунмас. Бироқ дунёнинг бу чеккасида туриб она айтган алладан дунёнинг нариги чеккасидаги гўдак бемалол ором олади. Нега шунақа? Наҳотки, гўдак тушунган нарсага биз тушунмасак? Эҳтимол, бунинг боиси бошқа жойдадир. Эҳтимол, она тушунган нарсани бизлар тушунмасмиз. Балки шунинг учун ҳам она табиатнинг энг буюк ихтиросидир”.

Дарҳақиқат, она – мўътабар зот. Демак, “Дунёнинг ишлари” қиссаси ҳар биримизни оналаримизни қадрлашга, уларни эъзозлаб асраб-авайлашга, оналаримизга янада ғамхўр ва меҳрибон бўлишга ундайди.

Мен ҳам Ўткир Ҳошимов ижодининг мухлисларидан бириман. “Дунёнинг ишлари” китоби чоп этилганда икки дона олиб, биттасини онамга бериб: “Ойижон, сизга бир бебаҳо оналар ҳақида китоб олиб келдим, ўқиб чиқинг”, деб китобни бердим. Иккинчисини эса, ўзим ўқидим. Ўқиш давомида онагинам кўз олдимдан кетмади. Бир неча кун ўтиб онамни кўргани бордим. Шунда ойим китобда ўқиганлари ҳақида йиғлаб гапириб: “Айнан мени ёзибди-ку!” деган эдилар. Ўткир Ҳошимов ушбу асари учун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофоти билан тақдирланган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекис­тон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад: “Ўткир Ҳошимов халқимизнинг фидойи, ростгўй ёзувчиси сифатида ҳамиша ўз мавзуи бўлиб келган халқ ҳаётини узлуксиз кузатади ва унда айтиш ниҳоятда зарур бўлган нуқталарини қаламга олади” деганда, албатта, адибнинг “Дунёнинг ишлари” асарини ҳам назарда тутган.

Ўткир Ҳошимов моҳир таржимон сифатида О.Бергголц, Мустай Карим, В.Шукшин асарларини ўзбек тилига таржима қилиб, жаҳон адабиёти намуналаридан бизни баҳраманд этди, ўзбек адабиёти хазинасини янада бойитди. Адибнинг талайгина асарлари ҳам кўпгина хорижий тилларга таржима этилди.

Унинг ўзбек адабиётини ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Ўткир Ҳошимов Ўзбекистон халқ ёзувчиси фахрий унвони, Ўзбекистон Давлат мукофоти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофоти, “Меҳнат шуҳрати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

Халқимизнинг севимли адиби Ўткир Ҳошимов ватанига, халқига, ўзбек адабиёти хазинасига бебаҳо бой адабий мерос қолдирди. Унинг нодир асарлари ва порлоқ сиймоси халқимиз қалбида абадий яшайди.

Гулжамила АЪЗАМХЎЖАЕВА,
Ўзбекистон Республикаси
халқ таълими аълочиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг