АДАБИЁТГА ҚУЧОҚ ОЧДИ ФАРҒОНА

39

Олиму фузалолар, шоиру шуароларга бешик бўлган Фарғона шу кунларда яна бир Адабиёт байрамига мезбонлик қилди.

Икки кун давом этган адабиёт анжумани пойтахт  ҳамда вилоятлардан келган меҳмонларни Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғи олдида тантанали кутиб олишдан бош­ланди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси бош муҳаррири, шоир Салим Ашур, «Ёшлик» журнали бош муҳаррири, адиб Нурилло Чори, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари,  турли дахлдор ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ўқувчилар иштирокида Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйилди. Шундан сўнг меҳмонлар Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабига ташриф буюрди. Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Энахон Сиддиқова Президентимиз томонидан барча соҳаларга, жумладан, адабиёт, маънавият соҳаларига алоҳида эътибор кўрсатилаётганини таъкидлади.

Таълим масканида ташкил этилган “Ижод мактаби – ибрат мактаби” мавзусидаги матбуот анжумани қизғин савол-жавобларга бой бўлди. Иштирокчиларга  ижод мактабларига қабул, улардаги ўқув жараёнлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, турли тиллардаги шеър ва қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Эркин Воҳидов асари асосида саҳналаштирилган “Олтин девор” спектаклидан саҳналар ўғил-қизларнинг актёрлик маҳоратларини намоён этди. Якунда Республика миқёсида ҳамда вилоятда ўтказилган танловларда, олимпиадаларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва фаол ўқитувчиларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан китоб тўпламлари совға қилинди.

Тадбирнинг иккинчи кунида Олтиариқ туманида Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоира Мақсуда Эргашева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилди. Шоир Ғайрат Мажид шоира шеърларидаги ибо, эзгулик, самимият  туйғулари ўқувчини қалбан тозартириши, тарбиялаши ва, аслида адабиётнинг асосий мақсади ҳам шу эканлигини таъкидлаб ўтди. Шоиранинг шогирдлари, қаламкаш ёшлар томонидан тақдим этилган шеърий гулдасталар йиғилганларни мамнун этди.

Шоир Салим Ашур ўзбек адабиётига ­Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Энахон Сиддиқова каби улуғларни берган Олти­ариқда Мақсуда Эргашева сингари оташнафас шоиранинг сўзга ошно бўлгани табиий экани ва бу “олтин ариқ”лардан юрт корига елка ­тутадиган яна кўплаб истеъдодлар баҳраманд бўлишини таъкидлади.

Тадбир сўнгида меҳмонларга Мақсуда Эргашеванинг Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими томонидан чоп этилган «Муслима гуллар» китоби тақдим этилди.

Шуҳрат МЕНГЗИЁЕВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг