ЮЛДУЗЛАР  ҚЎШИҒИН  КУЙЛАР  КЕЧАЛАР

119

ОНАМГА

Озурда жон, қувонгин, онам,

Эшигингни очгин елларга.

Келади де, келар де, болам,

Ўзинг яхши кўрган элларга.

 

Кўзингдаги ёшларни қўйгин,

Кўзёшидан куймасин бу жон.

Энг аввало, ўзингни суйгин,

Сен ўзингни асра, онажон!

 

Тунлар чиқиб осмонларга боқ,

Ҳайратингдан ҳовучла юрак.

Она сенга интизор, муштоқ,

Кўзлар учун яшашинг керак.

Сўнгра асра ҳали ушалиб –

Ушалмаган кўп дамларингни.

Яхши кунлар гулдай тўшалиб,

Ўпиб ётар қадамларингни!..

 

ОЛМАЗОР

Қоронғу  дераза   қовоғин  уяр,

Ҳорғин   кўзларимда тўхтаб  қолар  моҳ.

Сўрамай   елкамга  бошини    қўяр,

Юзимга  юзини  босар тийрамоҳ.

Тилимнинг   учида  очилади   сўз,

Қоқ  икки  бўлиниб  кетади  кунлар.

Тонг   кириб   келади   уйимга,

Қачон –

Лабимда  очилиб   кетади  гуллар!..

 

* * *

Қанча бўлди — хатлар ёзмадим,

Аста-аста бўлдим бегона.

Кутганингни гўё сезмадим,

Шаҳарда мен далли-девона.

Қорлар ёғди, ёмғирлар ёғди,

Кунларимни учирди еллар.

Бир кун: “Мени унутдинг!” дея,

Кириб келар қадимги йиллар.

 

Остонамда турарсан, соғинч

Кўзларингда югурар, елар.

Мени эса, унутмаганинг,

Учун узр сўрагим келар.

 

ҚИШЛОҚ ОҚШОМЛАРИ

Уфқлар мастона гўшага дўнар,

Субҳидам кўнгилда наволар ўйнар,

Энг сўнгги паришон хаёллар сўнар,

Қишлоқ оқшомлари, гўзал оқшомлар.

 

Маржон таққан ҳовуз жилмаяр сармаст,

Тупроқли кўчалар туёқлардан маст.

Болишлар бир лаҳза уйқуга кўнмас,

Қишлоқ оқшомлари, гўзал оқшомлар.

 

Эшиги қуёшдан иморатга шай,

Қадрдон остона нарига жилмай.

Энг кичик томгача эгилмагай ҳа-ай,

Қишлоқ оқшомлари, гўзал оқшомлар.

Ой яқин, ҳу ана, шод кулаверар,

Юлдузлар қўшиғи ёд бўлаверар.

Замин косасига нон тўлаверар,

Қишлоқ оқшомлари, гўзал оқшомлар.

 

* * *

Бирпас кўзларингни юмгин, юмақол,

Бирпас қўлларингни қўйгил қўлимга.

Бугун юрагимга бош қўй бемалол,

Менман, фақат менман ўнгу сўлингда.

 

Қишдан чиққан дилим энтикиб кетар,

Шарпанг қулоғимга урилар минг бор.

Енгиб ўтолмайман, бас, энди етар,

Кириб келаётган сенмидинг, баҳор!

 

ҚАДИМГИ ҚЎШИҚ

Дарё бўйи чиройли,

Кундуз қуёш, тун ойли.

Дарёга боролмайман,

Менинг бошгинам бойли.

 

Бойланган бошим менинг,

Отилган тошим менинг.

Дарё бўлиб оқди-ей,

Кўзимдан ёшим менинг.

Гоҳи тўладир қалбим,

Дарё бўладир қалбим.

Гоҳи гулдай очилиб,

Гоҳи сўладир қалбим.

 

Дарёга боролмайман,

Соҳилга қайтолмайман.

Сизни соғинганимни,

Ҳеч кимга айтолмайман.

 

Бойланган бошим менинг,

Отилган тошим менинг…

 

ВАҚТ

Соат ўндан ўн лаҳза ўтди,

Ўн бўлакка бўлинди жоним.

Оёғини қўлига олиб,

Чопиб кетди соғинган оним.

 

Кўчаларда санқийди олов,

Тутаб борар бўлинган жоним.

Темир йўлда чўзилиб  ётар,

Ўн дақиқа кечиккан оним

 

ТЎРТЛИК

Анҳорнинг устидан ўтган туманлар,

Оҳ урар, оҳлари йўлга сиғмайди.

Адашган туманлар, йитган туманлар,

Боғларга бошини қўйиб йиғлайди.

Инобат НОРМУРОДОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг