«ИНСОН ҚАЛБИ БИЛАН ҲАЗИЛЛАШМАНГ СИЗ…»

109

Минҳожиддин МИРЗО,
Республика Маънавият ва
маърифат маркази раҳбари

Миллат, халқ қалби миллий давлатчилик ва тарих, маданият, бир сўз билан айтганда, миллий ўзлик асосида зиёланади. Уни миллий ифтихор, ғурур туйғулари метин қояларга, тоғларга айлантиради. У дўстлар, эзгу ниятли инсонларга нисбатан қуёшдек нур сочса, қалби бузғунчилик, худбинлик, ахлоқсизлик билан тўлган кимсаларга нисбатан асов тўлқинга айланишга қодир. Негаки, қалб учун муқаддас саналган рамзлар, қадриятлар, анъаналарда миллатнинг ор-номуси, ҳамияти, нафсонияти мужассам. Миллий руҳ, тил, иймон, эътиқод миллий давлат мавжудлигининг ўзаги ҳисоб­ланади. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири, эъзозли устозимиз ўз даврида бу ҳақда шундай ёзган эдилар:

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,

Унда миллат яшар, унда тил яшар.

Унда аждод фахри яшайди сўзсиз,

Унда истиқомат қилади башар.

 

Инсон қалби билан ҳазиллашманг Сиз,

Унда она яшар, яшайди Ватан.

Уни жўн нарса деб ўйламанг ҳаргиз,

Ҳайҳот! Қўзғалмасин бу Қалб дафъатан!!!

“Агар сендан кимдир “кимсан” деб сўраб қолса, сен унга паспортингни кўрсатишинг керак. Агар у сендан “қаерликсан?” деб сўраса, сен унга буюк аждодларинг номларини айтишинг керак” деган эди доғистонлик буюк шоир Расул Ҳамзатов.

Миллий ўзлик буюк мураббийдир. У нафақат уйғотувчи, тарбияловчи ҳамдир. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, “Биз буюк давлат, буюк тарих, буюк маданият яратган халқмиз”. Оримиз, ҳамиятимиз ҳам шунга ярашадир. Шундай экан, қутлуғ рамзларимиз – Давлат Герби, Давлат Байроғи, Давлат Мадҳияси, шулар баробарида Давлат Тили, Давлат Чегараси  деган тушунчалар  нафақат ўзбек миллати, балки мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари учун ҳам муқаддас ҳисобланади. Негаки, жаҳонда ҳар бир давлат ана шундай сиёсий-ҳуқуқий мезонлар асосида фаолият юритади. Ўзбек тилининг Давлат байроғи қадар юксакка кўтарилиши мамлакатимизнинг турли миллатга мансуб бошқа фуқаролари ҳуқуқларини камситмайди. Ўз онасига меҳрибон фарзанд бошқа оналарга нисбатан ҳам меҳрини дариғ тутмайди. Шу билан бирга ўзбек халқи меҳр, оқибат, бағрикенглик, яхшилик бобида буюк қалб соҳиби ҳамдир. Бугун мамлакатимизда барқарор бўлган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик борасидаги сиёсат бунинг далилидир. Ўзбекистон бу борада кўп давлатларга ўрнак бўлгулик. Лекин давлатчиликнинг умумэътироф этилган шундай мезонлари борки, унга ҳар бир фуқаро сўзсиз амал қилиши, уни ҳурмат қилиши лозим.

Ҳар бир давлатнинг конституциясида фуқаролар учун қонуний ҳуқуқлари билан бирга уларнинг бурчлари ҳам белгилаб қўйилади.Ҳуқуқлардан фойдаланган ҳолда, бурчларга нисбатан ҳурматсизлик – бу фуқаролик маданиятсизлигига олиб келади.

Бугун, глобаллашув жараёнлари катта суръатлар билан бутун дунёни қамраб олаётган бир пайтда, турли бузғунчи кучлар, сиёсий марказлар, турли миллат ва элатларнинг миллий туйғуларини эрмак қилган ҳолда, улар ўртасига низо солишга, миллатлараро ва этник муносабатларни кескинлаштиришга, мафкуравий, ахборот хуружларини авж олдиришга ҳаракат қилмоқдалар. Мақсад мамлакатларнинг бирлигига, ҳамжиҳатлигига раҳна солиш, шу орқали унинг тобора шиддат билан ўсиб бораётган иқтисодий қудрати ва нуфузига таъсир кўрсатишдир. Биз бунинг исботини яқин ва олис мамлакатлар мисолида яққол кўриб турибмиз. Халқимиз яқин ўтмишида бундай ўйинларнинг кўпини кўрди.

Ўзбек халқи – маърифатли халқ. Биз азалдан тарихий хотирага ҳурмат ва эъзоз билан қараймиз. Лекин тарихни хотирлаш биз учун муқаддас саналган мустақилликни камситиш, унинг қадр-қимматини обрўсизлантиришга айланадиган бўлса, кимдир бундан фойдаланиб, ёш авлод онгини заҳарлашга, уларда Ўзбекистон истиқболига, ислоҳотлар натижасига ишончсизлик туйғуларини уйғотишга ҳаракат қиладиган бўлса, бундай ҳолат билан муроса қилиб бўлмайди.

Афсуски, бугун бот-бот автомашиналарига георгий ленталарини тақиб олган, кийимига СССР гербини қадаган, умуман, мустабид тузумнинг рамзларини тарғиб қилишга уринаётган кимсалар пайдо бўлиб қолмоқда. Совет даврида “ароқ бунча, гўшт бунча нархда эди”, дейдиганлар дўппини бошдан олиб ўйлаб кўрсалар бўларди. Аввало, буларнинг барчаси ўзбек халқининг матонатли меҳнати билан бунёд бўлганди. Қолаверса, етмиш тўрт йил давом этган мустабид тузум даврида халқ неча йил шундай яшади? Фақат марказий шаҳарлар аҳолисигагина тааллуқли бўлган бундай “фаровон ҳаёт” ўн беш йилга ҳам бормайди-ку! Ўзбекистон, бошқа иттифоқдош республикалар билан мус­тамлакачилар яшайдиган ҳудудлардаги  савдо дўконларидаги маҳсулотлар нархи, тури ўртасида қанчалар катта фарқлар бўлганлигини яхши биламиз-ку.   Ўзбекистондан қанча олтин ва бошқа қимматли металлар ташиб кетилган, афсуски, бунинг миқдорини ҳеч ким билмайди.

Муқаддас Ватанимиз мустақилликка эришганига бу йил ўттиз йил тўлади. Давлат байроғи ҳар қандай мамлакат суверенитетининг рамзи ҳисобланади. Ўттиз йилки, дунё харитасида Ўзбекистон деган давлат ўзини мағрур намоён этиб турибди. БМТ қаршисида бутун дунё мамлакатлари байроғи билан бир қаторда Ўзбекистон байроғи ҳилпираб турибди.

Мамлакатимиздаги янгиланиш нафаси, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш борасидаги ислоҳотлар мустақиллик миллий тараққиётимиз учун қанчалар улуғ неъмат ва тенгсиз имконият эканлигини яққол кўрсатиб турибди.

Ўтган ўттиз йил ичида не-не таҳдидлар, хуруж ва фитналарнинг гувоҳи бўлдик. Мустақиллик, юксак тараққиёт йўлида илдамлаб бораётган карвонимиз ортидан хурган “кўппак”лар, йўлини тўсмоққа уринган “қашқир”лар кўп бўлди. Минг шукрларки, асосий мақсад йўлида карвонимиз собит бораётир. Афсуски, Халқлар дўстлиги майдонидаги концертда аҳолининг ичида писиб юриб бузғунчилик кайфиятини юқтирмоқчи бўлганларнинг аввалдан тайёрлаб қўйилган СССР байроғини кўтариши сиёсий маданиятсизлик, калтабинликдан бошқа нарса эмас. Бу саъй-ҳаракат Мустақиллигимизга нисбатан беписандлик ва кечириб бўлмайдиган, ҳеч қандай важ билан оқлаб бўлмайдиган ҳақоратдир.

Туркистонни, унинг мухториятини қонга ботирган, 100 мингдан ортиқ зиёлилар, миллат гулларини қатағон қилган, дину диёнатимиз, азиз авлиёларимиз қабрларини оёқ ости қилган, ер ости ва ер усти бойликларимизни талаган, “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб миллатни таҳқирлаб, юзини қора қилишга уринган, бизни ўзлигимиз, тилимиздан айиришни мақсад қилган СССР деган давлатни соғинаётганлар, унинг байроғини қалбининг тўрида асраб юрганлар, пана-пастқам жойларда тўпланиб мамлакатимиздаги ҳамжиҳатликка раҳна солиш мақсадида юрганлар бир нарсани билишлари керак: буюк миллатпарвар бобомиз Маҳмудҳўжа Беҳбудий таъбири билан айтганда: “Ҳақ олинур, лекин берилмас!”

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг