САХИЙЛИК, ШУКРОНАЛИК ВА МЕҲР-ОҚИБАТ АЙЁМИ

160

Бутун дунё мўмин-мусулмонлари Рамазони шарифни катта шодиёна ва хурсандчилик ила якунига етказмоқда. Юртдошларимиз ҳам Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ёғиладиган, қалблар завқланадиган ушбу ажойиб фурсатни кўтаринки кайфият билан ниҳояламоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан суҳбатимиз ўлкамизда муқаддас ой қандай ўтаётгани ва  кириб келаётган Рамазон ҳайитининг фазилати ҳақида бўлди.

— Ассалому алайкум! Мана, Рамазон ойининг охирги даҳасида турибмиз. Бу йилги Рамазони шариф қандай ўтди? Шу ҳақда гапириб берсангиз.

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу. Аллоҳ таборака ва таолога беадад ҳамду санолар, Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту саломлар бўлсин!

Саноқли кунлардан кейин кенг нишонланадиган Ийдул Фитр – Ҳайит байрами билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан, барча юртдошларимизни чин кўнгилдан, самимий табриклайман.

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, барчамизни Рамазон ойининг фарз рўзасини адо этишликка етказди. Бу йил мамлакатимизнинг масжидларида таровеҳ намозлари ўқилди, 1380дан ортиқ жомеларда хатми Қуръон тиловатлари янграб турди. Мўмин-мусулмонлар ҳар оқшом масжидларимизни тўлдириб, карантин талабларига риоя қилган ҳолда ибодатда бўлдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 185-оятида шундай марҳамат қилади: “Рамазон ойи — одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир…”. Ушбу ояти карима Рамазон ойининг бошқа ойлардан афзал ва устунлигини ҳамда бу ойда бажарилган ҳусни ибодатлар ва солиҳ амаллар учун юксак ажр-савоблар битилишидан далолат беради.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзани имон ва ихлос билан тутса, ўтган гуноҳлари кечирилгай”, деб айтганлар. Муборак ойда рўзадорлар таровеҳ ва тоатда қоим бўлиб, ихлос ва сомеъ билан ибодатда бўлдилар, эзгу амалларни янада кўпайтирдилар. Мусулмонлар ўз дуоларида Аллоҳ таолодан таровеҳ ва хатми Қуръон барокатидан юртимизга тинчлик, осудалик, халқимизга фаровонлик, оилаларимизга қут-барака, беморларга шифои комил, ёшларимизга баркамоллик ҳамда кексаларимизга узоқ умр сўрашди. Зеро, ҳадиси шарифларда эса “Рўзадорнинг дуоси қайтарилмайди”, дейилган.

Рамазон ойида Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилади. Шу боисдан ушбу муаззам ойда мўмин кишилар ота-онаси, қариндошлари, қўни-қўшнилар ва бева-бечоралар ҳолидан хабар олиб, уларга такаллуфлар кўрсатиб, яхшиликлар қилишга, эҳсонлар улашишга эришдилар. Муҳтожларга эса кўмак кўрсатилиб, кўнгиллари шод қилинди. Зеро, Рамазон ойининг улуғ  фазилатларидан бири унинг саховат ойи эканида ҳамдир. Хайр-саховат, меҳр-мурувват жонажон юртимизда халқимиз томонидан асрлар оша амал қилиб келинган азалий қадрият саналади. Юксак саховатга эга бўлган улуғ зотлар, уларнинг тарихда қолган эзгу ишлари ва эъзозли номлари бугун ҳам замондошларимиз, хусусан, ёшларимиз учун ҳамиша ибрат намунаси бўлиб қолмоқда.

Мухтасар айтганда, бу йилги Рамазоннинг фазлидан юртимиз янада файзли, мусулмонлар солиҳ амалларни бажариб, қалб роҳатида бўлдилар.

— Рўзанинг киши саломатлиги ҳамда маънавий юксалишига ҳам ижобий таъсири борлиги ҳақида кўп эшитамиз. Энди йил бўйи инсон мана шундай руҳи ва нафси сайқалланган ҳолда яшаши учун нималарга эътибор қилиши керак?

— Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Бақара” сураси, 184-оятида “…Агар билсангиз, рўза тутишингиз (фидя бериб тутмаганингиздан) яхшироқдир” деган. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: “Рўза тутинглар, саломат бўласизлар”, дея марҳамат этганлар.

Ушбу кўрсатмалардан билса бўладики, рўза — одамнинг ҳам танини, ҳам руҳини поклайди. Бир ой рўза тутган одам ғайрат-шижоатга тўлади, қатор касалликлар, маънавий кемтикликлардан фориғ бўлади. Бу тетиклик рўзадорни йил бўйи тарк этмайди.

Қолаверса, рўза кишини руҳан юксалтиради. Яъни ­сабр-бардошли бўлишга, кишиларга яхшилик, меҳр-муҳаббат кўрсатишга ўргатади, ёмонликлардан қайтаради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳамма нарсанинг покловчиси (закоти) бўлади. Баданнинг покловчиси (закоти) рўзадир” деб айтганлар. Бу ҳақиқат олимлар, шифокорлар томонидан ҳам исботланмоқда. Улар аксарият ҳолларда беморларга рўза тутишликни тавсия қиладилар.

Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган ҳар бир амалда биринчи навбатда банданинг фойдаси туради. Шу маънода рўза нафақат ибодат, балки Раббимизга маҳбуб бўлиш, жисмимизни хасталиклардан асраб-авайлаш имконияти ҳамдир.

Мусулмон киши нафақат Рамазонда, балки ҳар доим ҳам шариатимиз талабларини адо этишлари, хусусан, нафс ва руҳ тарбиясига муҳим эътибор беришлари талаб этилади. Шундагина мусулмон инсон зиммасидаги бурчини адо этган ва улкан ажр-савобларга ноил бўлади. Муборак ойдан олган руҳий тетиклик ва маънавий комиллик бизни йил бўйи тарк этмаслигини Ҳақ таолодан сўраймиз.

— Маълумки, бугунги кунда халқимиз маънавияти, айниқса, ёшлар таълим-тарбияси учун мафкуравий хуружлар, адашган тоифаларнинг ғоявий таҳдидлари авж олмоқда. Мана шундай таҳликали ва мураккаб даврда инсон ўзини қандай сақлаши мумкин?

— Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бундай шароитда халқимиз маънавияти, анъаналарини асраб-авайлаш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан, ёт ғоялардан ҳимоя қилиш муҳим вазифаларимиздан бири бўлмоғи лозим. Ушбу вазифа уламолар, имом-домлалар, диний соҳа вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Каҳф” сураси, 46-оятида шундай марҳамат қилади: “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир. Раббингиз наздида эса, боқий қолувчи солиҳ амаллар савоблироқ ва орзу қилишга лойиқроқдир”. Ҳақиқатан ҳам фарзанд — ҳаётимизнинг қувончи. Уларга чиройли тарбия бериш янада улуғ ва савобли ишдир. Бу иш ортидан ота-онага раҳматлар келиб туради.

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг пухта билим эгаллашлари, фойдали касб-ҳунар билан машғул бўлишлари учун замонавий имкониятлар яратиляпти. Қолаверса, мавжуд тизим асосида ёшлар бандлигини таъминлаш, ҳаётда муносиб ўринларини эгаллашларига кўмаклашилмоқда. Зеро, муқаддас динимизда ҳам илм эгаллаш ҳар бир мусулмон учун фарз қилинган. Илм инсонни ҳамиша азиз ва мукаррам, даражаси баланд, обрў-эътиборга эга бўлишига ёрдам беради.

Демак, имом-хатибларимиз жума мавъизаларида, аҳоли билан учрашувларда ёшлар маънавияти, маърифатини юксалтириш, уларга Ватанга садоқат туйғуларини сингдириш борасида имкон қадар янада кўпроқ содда маърузалар қилишлари зарур бўлади.

Умуман олганда, ёшларимиз муборак динимизнинг инсонпарварлик таълимотлари, беназир маънавий дурдоналаримиздан баҳраманд бўлишса, уларни ҳеч ким чалғитолмайди.

— Манбаларда Рамазон ойининг охирги даҳасининг сўнгги тоқ кечаларида Қадр кечаси бўлиши ҳақида кўп ривоятлар келган. Шунингдек, ушбу улуғ кечанинг минг ойдан ҳам яхшироқ экани ҳақида ёзилган. Ушбу куннинг ҳикмати, барокатлари тўғрисида ҳам маълумот берсангиз?

— Қадр кечаси ва унинг фазилатлари тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Духон” сураси, 3-оятида шундай деган: “Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз. У (муборак кеча)да барча ҳикматли иш(лар) ажрим қилинур”.

Аллоҳ таоло Қадр кечасида бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ сизларга бу ойда рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Ким ундаги яхшиликлардан маҳрум бўлса, маҳрум қилинади”, деганлар.

Уламолар Қадр кечаси Рамазоннинг сўнгги ўн кунлигида яширинган, уни ўша кунларнинг тоқ кунларидан излаган афзал деб ёзиб қолдирганлар. Бу кеча омонлик, барокат кечаси. Унда банданинг бир йиллик ҳисоб-китоби ер юзига туширилади. Бу кечада банданинг илтижо ва дуолари мустажоб бўлади.

Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, юртдошларимиз Рамазоннинг учинчи ўн кунлигини кўпроқ тоат ва ибодат, салавот ва зикр айтиш билан ўтказишларини тавсия этамиз. Зотан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар.

Барчамизга Қадр кечасининг баракоти, файзи насиб этсин, ундаги солиҳ амалларимизни Аллоҳ таоло даргоҳида қабул қилсин.

— Шубҳасиз, Ҳайит байрами — улуғ айём. Унинг халқимиз маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳамда жамиятимизда сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги аҳамияти ҳақида фикрларингизни билдирсангиз.

— Юртдошларимиз яқинлашаётган Рамазон ҳайитини катта хурсандчилик билан кутиб олмоқдалар. Ушбу байрам маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб, унда мўмин-мусулмонларнинг сахийлик, шукроналик, меҳр-оқибат каби фазилатлари янада кенгроқ намоён бўлади.

Масжидларимизда Рамазон ҳайитига қизғин тайёргарлик ишлари кетяпти. Инша Аллоҳ, улуғ айёмни тинчлик, меҳру оқибат, ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳиммат ва саховат каби анъаналаримиз асосида кўтаринки кайфиятда ўтказамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бор, бу (Ийд куни) бизнинг байрамимиздир”, деганлар. Мўмин-мусулмонлар Ҳайит байрамини яқинлари даврасида ўтказадилар. Айниқса, ота-оналарга янада хушмуомалада бўлишиб, хурсандчиликлар улашишади. Уларнинг дуоларини олишади.

Шунингдек, муҳтожлар ва беморлар ҳолидан хабар олиш, болаларга шодлик улашиш, уларнинг қалбларига хурсандчилик киритиш катта савоб амаллардан бири. Ҳофиз ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир”, деганлар.

Мусулмон киши ҳайитга янги кийимларини кийиши, хушбўйликлар суртиши мустаҳаб. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир. Зотан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара-чопон кияр эдилар”, деган.

Юртимизда коронавирус билан хасталанганлар сони ортиб боряпти. Бу эса карантин талабларига оғишмай риоя қилишимизни англатади. Рамазон ҳайити байрамида ҳам бунга қатъий амал қилишимиз, бир-биримизни асраб-авайлашимиз керак бўлади. Зеро, динимиз ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зарар етказмасликка чақиради. Дуоларимизда эса мазкур касаллик тезроқ бартараф бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан сўрайлик.

Барчамизни Рамазон ҳайитига эсон-омон етказган, юртимизни тинчлик-хотиржамликда сақлаётган Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар бўлсин.

Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!

Суҳбатдош:
Баҳриддин ХУШБОҚОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг