МАРШАЛ  ТАН  БЕРГАН  ЎЗБЕК  ЎҒЛОНИ

118

Бир ўзбек тўпчиси фашистларнинг енгилмас ҳисобланган “Тигр” танкини ёндириб юборгани ҳақидаги хабар бутун фронтга яшин тезлигида тарқалди. Бу “Тигр” ўн совет танкини сафдан чиқаргани хусусидаги овоза кўпчиликни ғулғулага солган эди. Ўша вақтда жангчилар орасида “танкобоязн” касаллиги тарқаган, совет тўпчисининг бир ўзи даҳшатли “Тигр”ни ёндириб юборгани, бу “касаллик”ка қарши ажойиб вакцина бўлган эди.

Белорус фронти қўмондони Константин Рокоссовский буни яхши англади. Шахсан ўзи артиллерия штабига етиб келди. Ҳамма саф тортиб уни кутиб олди.

— Қаҳрамонимизни чақиринг, — деди қўмондон.

— Мен шу ердаман, ўртоқ маршал, — дея лейтенант Маллаев ­олдинга чиқди.

Маршал уни қучоқлаб бағрига босди.

— Қойил, азамат. “Тигр”ни қандай ёндирдинг?

Маршал кўкрагида ярқираб турган, “1-даражали Ватан уруши” ­орденини олиб, лейтенантга тақиб қўяркан, шундай эълон қилди:

— СССР Олий Совети Президиуми номидан, лейтенант Олимжон Маллаев “1-даражали Ватан уруши” ордени билан тақдирланади!

— Меҳнаткаш халқимга хизмат қиламан!

Полк командири унинг шахсий делосини маршалга узатди, маршал унга қизиқиш ила кўз югуртирди. Ғузорда туғилган. Ҳарбий хизматни ўзбек кавалерия полкида ўтаган. Ҳасан кўли ёнидаги жангларда, Холхинголда, Фин урушида қатнашган. Учувчилар тайёрлаш билим юртида ўқиган. Учувчи сифатида 1941 йил августда Берлинни бомбардимон қилган самолётлардан бирини бошқарган. Қайтишда фашистлар билан уришиб, кўзидан шикастланган. Сўнгра артиллерия полкига ўтказилган.

Маршал ҳайрат ичра қоғозлардан бош кўтарди.

– Ўртоқ офицерлар, шу йигит миқтигина гавдаси билан бунча синовлардан омон чиққанига ҳайронман. Немис йўлбарсини енгган ўзбек арслони! Қани, ёнимга ўтир, лейтенант. Яна қандай касбларинг бор ўзи?

— Кавалериячи, тўпчи, учувчи, овчи ҳам бўлганман, ўртоқ маршал.

— Қанақа овчи? — деди маршал қизиқиб.

— Тирикчилик важидан снайперларни овлаганман.

Барча ҳайрат ила унга боқди.

— Фин урушида оч қолган кунларимиз, қайин пўстлоғини қайнатиб ичиб юрганимизда Саша деган ўртоғим дарахт тепасида ўтирадиган душман снайперларининг тўрваларида нон, “тушонка”, спирт ва ҳатто шоколадлар бор, – деб айтган эди. Бир куни роса иштаҳам очилиб, иккимиз  йўлга чиқдик. Тахминий жойга етганимизда, у эмаклаб боришни тайинлаб, дарахт сари кетди. Мен унга эргашдим. Бир вақт Саша бошини кўтариб: “Тўрва!” деб бақирди ва шу заҳоти ўқ овози янгради. Мен ўйлаб ўтирмай ўқ овози келган дарахт томон кетма-кет ўқ уздим. Снайпер тўрваси билан ерга қулади. Қарасам, Саша пешонасидан ўқ еб, милтиғини ушлаганча ўлиб ётарди. Ўлган снайпер ёнида ўртоғимнинг жонини олган тўрва ётарди. Лаънати тўрва!

Барча унинг сўзларини жим тингларди. Олимжон сўзида давом этди:

— Қорним нақадар оч бўлмасин, тўрвани очмадим. Тўғри рота томонга олиб кетдим…

Блиндажда офицер ва генераллар бошларини қуйи солишди. Ўртага сукунат чўкди. Уни маршалнинг товуши бузди:

— Мен снайперни овлайдиган овчи ҳақида билмаган эдим. Буни ўзбек генерали Собир Раҳимовга айтаман. Сен уни биласанми?

— Билганда қандоқ! Биринчи генералимиз у, мен хизмат қилган эскадрон командири эди.

— Шунақа дегин! У “Суворов” ордени билан мукофотланди. Ишонаман, сен ҳам устозинг каби шундай орденга сазовор бўласан.

Офицерлардан бири қизиқсиниб савол ташлади:

— Кавалериячи сифатида япон самурайлари билан тўқнаш келганмисиз?

— Келганда қандоқ! Қиличбозликда самурайларга тенг келиш қийин. Аммо мен ҳам уларга Машарипов мактабида ўқиган усулларни қўлладим.

Олимжон эслади. Японлар қуршовига тушиб қолган мўғул жангчиларига ёрдам бериш учун самурайлар билан қилич уриштирган. Жуда қийин бўлган. Ўшанда ўзбек полкида орттирган тажрибалари асқотган.Таниқли ўзбек саркардаси Машарипов қиличбозлик бўйича машқлар ўтказган, айниқса, жангари казаклар билан олишувларда ўзини кўрсатган, қандай усуллар қўллаганини кўрсатиб берган эди. Ўнг ва сўл қўлларида қилични бирдек ушлаш сабоғини берган, мусобақалар ўтказган эди. Машарипов унинг маҳорат бобидаги устози бўлган. Бу сабоқлар самурайлар билан тўқнашувда қўл келди.

Офицерлар уни самурайлар билан бўлган жанг тафсилотлари ҳақида саволларга тутишди.

— Ўзбеклар ҳам жанговарликда самурайлардан қолишмайди. Уларда Амир Темур қони бор, — деди Рокоссовский суҳбатга якун ясаб. Олимжон ичида ғурур сезди.

— Ўртоқ офицерлар, менда бир таклиф бор. Шундай йигитни тарбиялаган Ўзбекистон халқига миннатдорлик билдирсак. Биласизлар, Ўзбекистон фронтимизни ўз оталиғига олган. Ўтган йили бизга 168 та вагондан иборат озиқ-овқатлар юборган. Ўзбекистон ўзи емай-ичмай, борини фронтга сарфлаяпти. Эвакуация қилинган ўн минглаб одамларга, икки юз минг етимларга бошпана берди. Фронтга қурол-аслаҳа, ўқ-дорилар етказиб турибди. Миллий қисмларни ташкил этиш ташаббусини кўтарди. Ўртоқ Сталин ижозат бергач, қисқа фурсатда 9 та ўқчи бригада, 5 та отлиқ дивизиясини жўнатди. Биз ҳақли равишда Усмон Юсуповични фронт орти маршали деб атаймиз. Лейтенант Маллаевдек мард йигитлари учун унга миннатдорлик билдирсак.

— Ҳозироқ ёзамиз, – деди полк командири. – Ўзбек халқининг бизни қўллаб газетада босиб чиқарилган хатига жавобан бўлади.

Олимжон Маллаев кун қаҳрамонига айланди.

Бу воқеадан сўнг маршал Рокоссовскийнинг ҳам обрўси янада ошиб кетди. У бир вақтлар бўлғуси маршал Жуковга командир бўлган ва улар биргаликда кўп жангларда синовлардан ўтган. Рокоссовский солдатларга меҳрибон, уларни эҳтиёт қилади. Лекин Жуков солдатларни аяб ўтирмайди. Уларни жанг­га аёвсиз ташлайверади…

Олимжон шундай гапларни кўп эшитган. Ўз кўксидаги орденини оддий бир лейтенантга тақиб қўйгани эса маршал Рокоссовский номини янада машҳур қилди. Ўшанда ҳеч ким бу башорат бир йилдан сўнг содир бўлишини ўйламаган эди. Бу олий ҳарбий орден ўзбеклардан фақат унгагина насиб этади.

Олимжон Маллаев Курск жангидан сўнг яна кўплаб жангларда қатнашди. Уйига ғалаба билан, эсон-омон қайтди. Ўзининг фидойилиги, иродаси ва жанговар табиатини тинч меҳнат фронтида ҳам намойиш этди. Ўрта Осиё темирйўл устахонаси – Тошкент тепловоз ремонти заводида эллик йил меҳнат қилди.

Урушдан сўнг у икки нафар қуролдош дўстлари билан заводда ишлай бошлаган, фронтчасига меҳнат қилишган. Бир куни уларнинг олдига раҳбарлар келиб “ёғлик” ва даромадли жойга ўтказишни таклиф қилишади. Қуролдош дўстлари рози бўлишди, аммо капитан Маллаев ўз касбига содиқ қолди. У киши ўзидек меҳнаткаш 8 ўғил ва 4 қизни тарбиялаб вояга етказган.

Москва мудофааси учун оғир кечган жангларда у Волоколамск йўналишида душманга тўғаноқ бўлган Панфилов дивизиясида жанг қилган. Асосан ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман миллатларига мансуб ушбу дивизия, айниқса 28 панфиловчи жасорати тилларда достон бўлган. Кейинчалик америкалик журналист Генрих Уоллес, “Москвани Панфиловчи жангчилар жасорати сақлаб қолган” деб матбуотда очиқ ёзган эди. Москва мудофааси тарихига ёзилган бу сатрларда Олимжоннинг ҳам исми бор.

Ҳамдам СОДИҚОВ,
тарих фанлари доктори, профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг