НУКУС БАХШИЛАРНИ ЧОРЛАЙДИ

133

Муҳтарам Президентимизнинг «II Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори халқ оғзаки ижодиёти, адабиёт ва санъатга, шунингдек, мазкур соҳалар вакилларига кўрсатилган юксак эътибор ва ғамхўрлик намунасидир. II Халқаро бахшичилик санъати фестивали бу йил Нукус шаҳрида ўтказилади.  Ундан кўзланган мақсад халқ ижодиёти билан бир қаторда турли ўлкаларда бахши, жиров, оқин, манасчи, шоир, ошиқ каби номлар билан аталадиган, ўз тимсолида ҳам шоирлик, ҳам созандалик, ҳам хонандалик маҳоратини мужассам этган санъаткорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир.

Бахшичилик санъатини Республика ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, Халқаро бахшичилик санъати фестивалини Респуб­ликанинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида мавжуд бўлган ижодий мактабларни “устоз-шогирд” анъаналари асосида қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида  қабул қилинган мазкур қарорга мувофиқ Ўзбекис­тон тарихида иккинчи бор ўтказилаётган ушбу фестивал адабиёт ва санъат соҳасидаги туб ислоҳотларни амалий жиҳатдан янги босқичга кўтариши шубҳасиз.

Халқаро бахшичилик санъати фестивали илк бор 2019 йили Термиз шаҳрида ўтказилган ва унда  дунёнинг етмиш тўрт давлатидан бир юз олтмиш нафардан зиёд вакил иштирок этганди. Халқаро санъат байрамининг ўша йили Алпомишу Барчинойлар, бахшилар ватанида ўтказилишида ўзига хос рамзий маъно бор эди.  Чори бахши Умиров, Шоберди бахши Болтаев, Хўшбоқ бахши Морданақулов, Абдуназар бахши Поёнов, Боборайим бахши Маматмуродов сингари таниқли оқинлари билан машҳур Сурхон диёрида байрамга катта тайёргарлик кўрилганди. 32 гектардан иборат асосий тантаналар майдонида Қорақалпоғис­тон Республикаси ва вилоятларнинг рамзий қўрғонлари бунёд этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одат, анъана ва қадриятлари акс эттирилди. Фольклор-этнографик чиқишлар, сайёҳлик масканларига ташрифлар, илмий конференция ва кўргазмаларни ўз ичига олган маданий-маърифий дастурлар намойиш этилганди. Иштирокчилар орасида атоқли маданият арбоблари, фольклор санъати намояндалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари бор эди. Айниқса, аёл бахши Зулхумор Худойназарованинг чиқишлари ҳеч ёдимдан чиқмайди.

2021 йилда ўтказилиши кўзда тутилаётган II Халқаро бахшичилик санъати фестивалида ҳам ўша руҳ, ўша шукуҳ такрорланишини ўйласам, беихтиёр орзиқиб кетаман. Шундай озод ва обод, ўзлигига собит Ватанда яна сибизға-дўмбира наволарининг янграши, турли миллат оқину жировларининг ташриф буюриши ҳар қандай ижодкор қалбни ҳам забт этиши тайин.

Сафар ШАЙДИЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг