ШУНДАЙ ВАТАНИМИЗ БЎЛАТУРИБ…

143

Ижтимоий тармоқларни кузатганда, телеканалларнинг баъзи ахборот дастурларини тинглаганда юрагим “зирқ” этади…

Мамлакатимизнинг узоқ-яқин давлатлар билан дўстона муносабатлари мустаҳкамланиб бормоқда. Фарғона вилояти билан қардош Қирғизистоннинг Баткент тумани ҳудуди орасида чегара очилди, борди-келдининг енгиллашганига икки халққа мансуб фуқаролар ҳам хурсанд. Венгрия Бош вазири, Эроннинг ташқи ишлар вазири юртимизга ташриф буюрди. Манфаатли шартномалар имзоланди. Булар мамлакатимиз ҳаётидаги шунчаки воқеалар эмас, ҳар бирида тинчлигимиз учун кафолат бор.

Ёшларимизнинг илм олишига иштиёқи кун сайин ошаётгани, улар орасида Президентимиз Ўзбекистон Ёшлари Форумида тилга олган Фирдавс Абдуқаюмов (Ф.Абдуқаюмов АҚШнинг Жон Кэрола университетида таҳсил олиш учун 96 минг долларлик грантни қўлга киритди) каби ёшларимизнинг кўпайиб бораётгани ҳаммамизнинг қувончимиздир. Чунки бу каби ютуқлар юртбошимиз орзу заминимизга уруғини сочган Учинчи Ренессансга ташланган дадил қадамлардир. Ҳар лаҳзамизда қувончга, фахрга сабаб бўладиган воқеалар ичида яшаяпмиз. Аммо шундай ҳароратли, ёруғ ҳиссиётлар аро ҳам юрагим “зирқ” этади.

“…Эркак шаръий никоҳдаги рафиқасини неча жойидан жароҳатлади. Аёл шифохонада жон таслим қилди”. “Икки улфат аввал отамлашдилар, сўнг сарҳушлик сабаб жанжал чиқди. Уй эгаси ошнасига пичоқ  уриб яралади. Ўттиз беш ёшли эркак шифохонада жон берди…”

Қайси алафлар ичидан униб чиқди бу — ёстиқдоши, болаларининг онаси жонига қасд қилишгача бораётган эркак?! Ахир, бизнинг оғаларимиз, оталаримиз ташида у қадар намойиш қилавермаса ҳам, ичида онаси, синг­лиси, қизи, аёлига чексиз бир ҳурмат сақлайдиган инсонлар бўлмаганми? Ҳазрати соҳибқирон Амир Темурдай зот ҳам аёли отга минаётганида унинг зариф жонига қулай бўлиши учун тиззасини тутиб бергани, ҳазрати Бобурдай инсон жуфти ҳалоли Моҳинбонуни отга ўтқазиб, ҳеч кимдан хижолат бўлмай ўзи тулпор жиловидан ушлаб пиёда юриб келганини тарихий асарларда ўқиганмиз-ку. Майли, буларни узоқ ўтмиш десак ёки ижодкорнинг хаёлот оламига йўйсак, ён-атрофимизда ҳам аёл, эркак садоқатига тимсол бўладиган воқеалар оз эмас-ку.

Бир оилани биламан: ёлғиз ўғиллари бевақт вафот этган эр-хотин узоқ йиллар бир-бирига суяниб умргузаронлик қилишган. Вақтлар келиб, аёлни ғам букади, тўшакка михланиб қолади. Эри унга инжимай, ранжимай қарайди. Қўни-қўшнилар қачон бемордан хабар олгани келишса, ўрин-кўрпалар худди ҳозир алмаштирилгандек ораста, аёлнинг кийим-боши, юз-кўзида ҳам меҳрли парвариш изларини кўришар экан.

— Аяжонимизнинг қошларигача ўсма қўйиб қорайтирасиз, сиздақа ёстиқдош бормикан бу оламда, — дея ҳайратланишса, эркак:

— Мен афғон урушидан тажанг, асабий бир ҳолатда қайтиб келганман. Нимадандир жаҳлим чиқса, қўлимга тушганини хотинимга отардим. Ўлимларни кўравериб ҳаёт-мамот орасида қотиб қолган юрагимни шу аёл юмшатди, қайтадан яшашга иштиёқ уйғотди. Шунинг учун қурбим етгунича аёлимни ҳеч кимга сарғайтирмайман, — деган экан.

Бундай жуфтлар оз эмас. Аммо ўша рашк туфайлими, бошқа сабабми хотинининг тирикликдан насибасини узган, болаларининг бағрини айрилиқ аёзларида музлатган эр, ота энди буёғига қандай яшар экан?..

Дўсти жонидан жудо қилган кимса-чи? Сархушлиги боис йўқотган ақлини энди топгани билан, нон-туз бўлган яқинини топармикан? “Улфат” деган миллатимизга хос жозибали сўзга унинг пичоғидан қон сачраганини ўзи сездимикан? Ахир, улфатчилик ҳам қон-қариндошликдай меҳр-оқибатнинг бир тури эмасми биз учун…

Мен бир улфатлар ҳақида эшитган эдим. Ёш йигит вафот этиб, унинг рафиқаси икки фарзанд билан бева қолади. Эр-хотин Меҳрибонлик уйидан чиққан бўлиб, ижара уйда туришар, оила бошлиғининг саломатлиги яхши бўлмаса-да, оила шахсий уй ҳаракатида эди. Бошпанаси омонат аёл болаларини ўзи ўсган Меҳрибонлик уйига топшириб, олис-олисларга ишлагани кетмоқчи бўлади. Бу хабарни эшитган эрининг улфатлари йиғилишиб гапиришиб олишади.

— Оғайнимизнинг болалари етимхонага берилса, ёшгина хотини нотаниш бир юртга, номаълум одамлар орасига ишлагани кетса, бизга иснод эмасми? Кимнинг қанча қурби етса ўртага ташласак, буларга ихчамгина бўлса-да, бир бошпана олиб берсак, савобга қолардик. Қолаверса, ўртоғимизнинг руҳи ҳам шод бўларди, — дейишади.

Яхшилик яхшиликка доя бўлади, деганларидай, энди ўша бева аёл ҳам, унинг фарзандлари ҳам улфатларни тинмай дуо қилишади. Болаларига ҳам уларни ўрнак қилиб кўрсатади. Мана, биз ибрат олишимиз лозим бўлган улфатчилик! Мана, миллатимизга хос бўлган тантилик. Нега энди шундай ибратлар кўз олдимизда турганда  кимлардир халқимиз минг, миллион йиллардан буён кўнгли тўрида асраб-­авайлаб келаётган қадриятларга лой сачратиб юрибди…

— Юрагим “зирқ” этади… “Бир пайтлар ўзи уйини таъмирлаган одамнинг хонадонига кириб, кўз ташлаб юрган пулини ўмарди. Бу мудҳиш воқеа­га гувоҳ бўлиб қолган болаларни сим билан бўғиб…”. “Келин қайнонасини болта билан чопиб ташлади…”. “Вояга етмаган ўсмир никоҳсиз туғилган боласини ахлатхонага ташлаб кетди, кечаси гўдакни итлар…”.

Қулоқларимни бекитаман, кўзларимни юмаман, барибир бундай шумхабарлар йўл топиб юрагимгача кираверади… Нима хоҳлаяпти ўша йўловчини алдаб, йўлидан адаштириб кимсасиз жойга олиб бориб пулини олгач, ўлдириб ерни ковлаб кўмиб кетган ҳайдовчи? Нима керак эрига маргимуш бериб нариги дунёга равона қилган хотинга? Ахир, худобехабар кунларимиз, “шит” этган шарпадан ҳадиксираб яшайдиган замонларимиз орқада қолиб кетган бўлса… Айтар сўзимизни  айта олаётган бўлсак, бўғзимизда биров сиқмаётган бўлса… Қимирлаган жон борки, қозони қайнаётган бўлса… Давр “Ўқи!” “Касб ўрган!”, “Ишла!” деб даъват қилаётган, фақат даъват эмас, айнан шу ҳаракатлар амалга ошиши учун кўмакдош бўлаётган бўлса? Айниқса, қотиллар орасида бу оламга йўқдан бор қилиш учун келган, айнан зиммасига Оллоҳ тарафидан инсон яратишдек улуғ бир вазифа юклатилган аёлларнинг ҳам борлиги  кишини изтиробга солади. Ахир, ҳаётимизда андаза олишимиз мумкин бўлган аёллар ҳам кам эмас-ку.

Хизмат вазифам тақозосига кўра, яқинда бир қайнона билан ҳамсуҳбат бўлдим.

— Келинимни олганимда биринчи курс талабаси эди. Ота-онаси, тарбия­си ёқиб қолиб, уйидагилар “Ҳали ўқийди, ёш” дейишса ҳам “Ўзим ўқитаман”, деб ваъдалар бериб олганман. Бир йилдан сўнг фарзанд­ли бўлди. Жиш чақалоқни олиб қолиб, келинимни ўқишига жўнатдим. Таксида бориб катта танаффусда эмиздириб келардим. Қудам: “Бунақа азобланиб юрманг, сунъий овқатлантиришга ўта қолинг”, деса ҳам “Она сутидан маҳрум қилсам мени Худоям, бандаям кечирмайди”, деб ҳаммасига чидадим…

Ўша кун  она-қиздай иноқ яшаётган қайнона ва келиннинг бахт­га тўлиқ ҳовлисида бундай қулоққа ёқадиган гапларни эшитиб ўтириб, яна  айрим оилаларимизда юз бераётган мудҳиш қотилликларни эсладим. Кимларга, нималарга тақлидан рўй бермоқда бу ёвузликлар? Ахир, биз меҳр-муҳаббатни, оқибатни қадрият даражасида сийлаган, бу туйғуларни яшаш шартларимизнинг бири сифатида қабул қилган миллатмиз-ку!..

Эсимда, дадам 47 ёшида тўсатдан юрак хасталиги билан оламдан ўтиб қолди. Кутилмаган ўлим онамнинг пўлат иродасини букиб ташлади. Сочлари, тиш­лари тўкилиб кетди. Қўшни қишлоқда онам билан бирга институтда ўқиган Жумагул исмли дугонаси бор эди. У ҳар шанба куни неварасини орқасида кўтариб(келини уй ишларини бемалол қилсин, десалар керак-да) ўн тўрт километр йўлни пиёда босиб бизникига келарди. Онамга далда берар, бирга йиғлашар, бирга овунишарди. Яна якшанбада шунча йўлни босиб изига қайтарди. У пайт­лари ҳозиргидай оғзинг­нинг шамолига такси келадиган замон эмасди. Мен у пайтларда бундай келиб-кетиш қиммати, баҳосини ҳозиргичалик англамаганман. Лекин энди биламанки, инсоннинг инсонга дўстлиги, ҳамдардлиги оғир қайғуларни енгиб ўтишга ёрдам берар экан.

Нима демоқчиман? Ҳаётимизга нотинч­лик рахна солмаётган, қаҳатчилик  хатари йўқ бўлса-да, турмушимизни бутунлай тўкис, бекам, бешикаст деб айтолмаймиз. Бири кам дунё, дейдилар буни. Шу камни меҳр-оқибат, муҳаббат билан тўлдириб яшаш мумкин-ку. Мен бир пайтлар умрининг 25 йили қамоқда ўтган, бир қатағон умри тугамай, яна бир қатағонга ҳайдалган Анна Баркова исм-шарифли рус шоирасининг шеърларини ўзбекчалаштирганман. Шоиранинг бир шеърида: “Замон ёвуз бўлса, унинг фарзандлари ёвуз бўлмасинми!” деган сатр бор эди. Бу гап Чўлпонлар, Абдулла Қодирийларнинг бегуноҳ қони тўкилган ўттизинчи йилларга, Ойбек домлани тилдан қолдирган олтмишинчи йилларга, миллатимизнинг сара фарзандларини “ўзбеклар иши” баҳонасида яна бир сидра ўриб ташлаган саксонинчи йилларга тўғри келади. Бугун қайси юз билан даврга оёқ босиш мумкин? У бераётган меҳр, инсоний муносабатларга шак келтириш мумкин? Гуноҳкорлари ҳам бағрикенглик билан афв қилинаётган  юртда қотиллик қилиш фақат нодонлик эмас, нонкўрликнинг ўзи-ку! Эҳтимол, кимдир: “Ўттиз олти миллионлик халқ ичида бармоқ билан санарли (гарчи бугун бундай дил оғритар ҳолатларни санашга бармоқлар етмай қолган бўлса-да) воқеаларга бунчалик аҳамият бериш шартми? Аслида ёмонликларни камроқ  айтиб, камроқ эслаш керак, чунки сўзда ўша ҳиссиётлар қуввати сақланади”, дея эътироз қилар. Тўғри, мен ҳам бундай ҳодисалар ҳақида ёзгим келиб ёзмадим. Лекин тоза нарсага бир чирик тушса, уни олиб ташлаб ўрнига керакли малҳамни қўймасанг, ўша тозаликни ҳам бир куни чиритади. Албатта, фақат мен эмас, миллатни севганлар, унинг қадриятини қадрлаганлар, унинг шаънини ўз шаънидай қабул қилганларнинг ҳаммаси шундай ўйлашига ишонаман.

— Шундай беназир Ватанимиз бўла туриб, шу Ватан учун зўр ишлар қилиш имкони бўлатуриб, ичдан тиғ, сиртмоқ кўтариб келаётган ёвузликни енга олмаслик, Оллоҳ омонат учун берган жонга қасд қилиш эзгуликнинг донғил йўлларига чиққан Ватанга хиёнат, одамизотни яхшилик учун Яратган Зотга қилинган исёндир. Фақат шугина эмас, қўлини булғаган банданинг икки дунёсини куйдирадиган  гуноҳдир. Қисмат ҳар бандани бундай гуноҳ юкини  тортишдан асрасин!

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг