ТЕРМИЗИЙЛАР ДИЁРИДА

108

Ҳаким Термизий халқаро турнирига тайёргарлик якунланаётган тарихий кунлар арафасида барака ёмғирини эргаштириб, Алпомишу Барчинойлар юрти — Сурхондарёга отландик. Эрали Маҳмарасулов, Абдулла Тангриев, Рината Ильматова сингари миллий кураш ва дзьюдо бўйича Жаҳон ҳамда Осиё чемпионлари етишиб чиққан она юртимга борсам, албатта, Термиз отани зиёрат қилмоқчи эдим. Сафарим қариди ҳамки, бу дунёнинг ташвишлари ҳеч йўл берай демасди. Таассуфки, энди қайтиш керак.

Дарахтлар бошини сарак-сарак  қилиб, ёмғир ҳам челаклаб қуя бошлади. Бир сафар Тошкентдан қайтаётиб, селда қолганимиз, биз чиққан машина пастқам йўл ўртасида бир муддат таққа тўхтаганию кутилмаганда полвондай кучли шашт билан сел оқимидан отилиб чиққани кўз ўнгимда гавдаланди – Худо бир асровди ўшанда. Ҳайдовчи ҳам орқа ўриндиққа тез-тез қараб қўяди; аммо хавотирга ўрин йўқ, чунки ҳозир у йўллардан асар ҳам қолмаган; бевош селлар ҳам аллақачон жиловланиб, Бойсунга минг йилда келмаган сувлар кепқолган. Шунга қарамай, об-ҳаво барибир об-ҳаво-да.

– Бойсунга бурилайми, – ниҳоят сўради ҳайдовчи.

Кутилмаганда ниятимиз бир жойдан чиқди:

– Имом Термизийни зиёрат қиламиз, Шерободга ҳайданг, – деди йўлдошларимиздан бири. – Бу кеча Термизда қолиб, эртага учамиз.

Ноқулай шароитда вақт ва вазиятдан ютиш – энг тўғри қарор эди. Аммо зиёратгоҳга етишимиз билан ҳаво очилиб кетди – гўёки она табиат муҳаддислар султонини зиёрат қилмай кетолмаслигимизни қайта-қайта уқтирдию биз ҳам бу ишоратни илғаган алфозда ичкариладик. Соғинчу интизорлик билан, чуқур ихлосу эътиқод билан Термизий бобомиз қабри қошида муаззам қироатга сомеъ эканмиз, буюк муҳаддис Жаноб пайғамбаримиздан: “Олимни йўқлаган мени топади” деган машҳур ҳадисни ривоят қилаётгандек бўлди. Беихтиёр ўйланиб қолдим: “Олим бизни ўзига – илмга чорлаган  бўлса, не ажаб”.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2018 йилда қайта реконструкция қилинган мақбаранинг таърифига тил ожиз. Аслида ўтмишга кўрсатилган юксак эҳтиром – келажакка, илм-фанга, миллий қадриятлару жисмонан ва маънан баркамол шахс тарбиясига қаратилган эътиборнинг бир кўринишидир. Китобхонлик маданиятини юксалтириш, адабиёт ва санъатни, спортни келажак авлоднинг соғлом турмуш тарзига чуқур сингдиришга қаратилган Президентнинг беш ташаббусидан кўзланган мақсад ҳам келажак авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдан иборат. Биз ҳам шу мақсадда ижодкорлар, ёшлар, мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказиб, китобхонликни қўллаб-қувватлаш ва тарғиб қилишга бел боғлагандик. Оби раҳмат шарофати билан Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳидаги беқиёс ўзгаришларни кўриб, руҳимиз тиниқлашди.

– Йўл-йўлакай бошқа туманлардаги бунёдкорлик ишларини ҳам кўргандирсиз, – деди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали директори Қаюм Баймиров. – Кундан-кун ўзгариб бораётган Сурхондарё худди қайта ёзилаётган китобга ўхшайди.

Дарҳақиқат, биз бу  китобни дастлаб бошидан охиригача, кейин охиридан бошигача ўқиб чиқдик, — яъники Термиздан Узунгача, Узундан яна Термизгача бўлган масофани босиб ўтиб, тарихнинг янги саҳифаларига кўз югуртирдик — бош-адоқ яккаш манзара: бунёдкорлик, бунёдкорлик ва яна бунёдкорлик. Замонавий иншоотлар — бозорлар, маданият саройлари, шифохоналар, янгидан ташкил этилган институт, университетларнинг филиаллари — ҳамма-ҳаммаси ёмғир пардаси остида худди Наврўз сайлига  чиққан келинчаклардай саф тортган эди.

— “Сунани Термизий” борми, — деновлик тадбиркор Ислом Худойбердиевнинг туйқус саволи бирдан ҳаммани ўзига келтирди. Кўнгилдагидек жавоб бўлмагач, бош чайқади. — Менда бир нусха бор. Шуни бераман. Термизий бобонинг кутубхонасида ўз китоби туриши керак. Ахир, бу ерга бутун дунёдан зиёратчилар келади-ку.

Воажаб, дунёнинг ишларини кўрингки, барака ёмғири нафақат бизни,  ҳадислар тўпламини ҳам Имом Термизий зиёратгоҳига қайтариши керак экан.

Ҳа, сув ва илм бор жойда ҳаёт ҳам, рўшнолик ҳам бўлади.

Ёдингизда бўлса, муҳтарам Президентимиз 2019 йилда Сариосиё туманидаги “Тўполанг ГЭС”га ташриф буюрганди. Тарихий ташриф чоғида белгиланган қатор вазифалардан бири “Зарчоб-1 кичик ГЭС” истиқболли лойиҳасини амалга ошириш бўлиб, ўрнатилиши режалаштирилган 2та агрегатнинг умумий қуввати 37,4 МВтни ташкил этади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги “2017 — 2021 йилларда гидроэнергетикани ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги  ҳамда 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари мазкур лойиҳа рўёбига ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Ахборот хизмати вакилининг таъкидлашича, жорий йилнинг 3 апрель куни мазкур иншоотнинг қурилиш-монтаж, созлаш ва синовдан ўтказиш ҳамда автоматик тизим бошқарувини марказлашган ҳолда бошқариш ишлари муваффақиятли якунланди. ГЭС билан бир вақтда Зарчоб подстанцияси ҳам фойдаланишга топширилди. Бу подстанция замонавий ақлли технологик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиб, Зарчоб-1, Зарчоб-2, Тўполанг, Гулча ҳамда Регар подстанцияларини ягона энерготизимда бирлаштиради.

Равшан Байкулов сўзларига кўра, амалдаги йилнинг сентябрь — октябрь ойларида яна бир истиқболли лойиҳа — “Зарчоб-2 кичик ГЭС”и ҳам фойдаланишга топширилади. Айни пайтда эса, “Зарчоб-3 кичик ГЭС”ининг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Тўполанг дарёсининг юқори қисмида қурилиши белгиланган Мизот ҳамда Киштут ГЭСларига олиб борувчи 30 километрлик йўл қурилишининг ҳам учдан бир қисми бажарилган.

Ваҳоланки, бу замонавий Ўзбекистонда электр энергияси тармоғини жадал ривожлантириш, барқарор ва узлуксиз электр энергиясини ишлаб чиқариш,  қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратиш, хусусан, гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни ишга тушириш, мавжудларини модернизация қилиш мақсадида олис тоғли туманда амалга оширилаётган ишлардан бир чимдим, холос. Қолаверса, бу Қаюм домла қайта ёзилаётган китобга қиёслаган Сурхондарё вилоятининг янги саҳифалари зарҳал ҳарфлар билан битилаётганидан, таъбир жоиз бўлса, вақтида ўн йиллаб чироққа зор бўлган воҳа аҳлининг ёруғликка чиққанидан далолат.

 Бундай теран ҳақиқатларни кўриш, англаш ва юракдан ўтказиб бошқаларга ҳам кўрсатиш, яъни фаол тарғиб қилиш ҳар бир журналист, ёзувчи-шоирнинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчидир. Зеро, қалам соҳибларининг замондан орқада қолишга асло ҳаққи йўқ. Айниқса, чекка ҳудудларда яшаб ижод қилаётган, 3-4тадан китоб чиқарган ёзувчи-шоирларни Уюшма аъзолигига қабул қилиш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда жипслаштириш орқали маънавий-маърифий тарғибот ишларини кучайтириш долзарб аҳамиятга эга. Ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда шундай муҳим роль ўйнайдиган масъулиятли вазифалар ижросига киришган тарғиботчилар дастлаб Термиз шаҳрига ташриф буюриб, бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашди.

Дўстона мулоқот руҳида кечган тадбирда янгиланаётган Ўзбекистондаги бугунги шиддатли жараён, янгиланиш ва туб ўзгаришлар ҳамда адабиёт ривожи йўлида амалга оширилаётган салмоқли ишлар хусусида сўз борди. Уюшманинг  Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Менгнор Олломуродов ҳамда ижодкорлардан Шавкат Пардаев ва Сафар Омон сўзга чиқиб, бугунги Сурхон адабий муҳити, устоз-шогирдлик анъаналари ва адабий жараёндаги муаммолар ҳақида тўхталишди. Тезкор замон ҳар бир ижодкордан нафақат ёзувчи-шоирлик, балки фуқаролик позициясини ҳам мустаҳкамлаб, барча ислоҳотларда фаол иштирокчи, тарғиботчи бўлишни талаб қилаётган айни пайтда муаллақ гаплар билан эмас, чинакам ватанпарварлик руҳи билан яшаб, эл-юртга сидқидилдан хизмат қилиш лозимлиги таъкидланди. Самимий баҳс-мунозаралар мушоирага айланди: “Сурхон” ҳамда “Илҳом” адабий клублари қаламкашлари ўз шеърларидан намуналар ўқишди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид тўққиз нафар сурхондарёлик ижодкорга Уюшманинг аъзолик гувоҳномаларини топширди.

Сафар давомида мактаб ўқувчилари билан учрашувлар ўтказилди.  Ёш қаламкашлар устоз­ларнинг адабиёт ва санъатга оид фикр-мулоҳазалари, маҳорат сабоқларидан баҳраманд бўлишди. Таниқли шоирлар, шунингдек, ёшлар ижодидан намуналар ўқилди. Кутубхоналарга китоблар топширилди.

— Асқад Мухтор, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Одил Ёқубов, Тоҳир Малик, Саид Аҳмад, Муҳаммад Юсуф, Тўра Сулаймон, Амирқул Пўлкан, Хосият Рустамова сингари шоир-ёзувчиларнинг асарлари кутубхонамизни янада бойитди, — деди ­Сариосиё туманидаги 45-мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Меҳрангиз ­Сафарова. — Бу китоблар нафақат мактабимиз ўқувчилари, балки биз ўқитувчилар, қолаверса, маҳаллий аҳоли учун ҳам зўр маънавий совға бўлди. Чунки бундай камёб асарларни излаб топиш  қишлоқ шароитида ҳар доим ҳам насиб қилавермайди.

Хуллас, тарғибот тадбирларидан бир олам таассуротлар билан қайтдик.

Парвоз чоғи булутлар орасидан муҳаддислар бешиги бўлмиш Сурхон воҳасининг ҳусни-жамолига боқар эканман, сафар тафсилотларини қайта-қайта онг чиғириғидан ўтказиб, кўнглимдаги ёрқин ҳақиқатнинг амалий исботини ўз кўзим билан кўргандек бўлдим.

Шуҳрат АЗИЗОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг