ТУРКИЙ БИРЛИК РУҲИ МЎЪЖИЗАЛАРИ

131

Яқинда халқимиз ҳаётида бағоят муҳим тарихий ҳодиса юз берди: Туркий Кенгаш давлатлари раҳбарлари иштирокида турк оламининг улуғ шоири ва мутафаккири Хожа Аҳмад Яссавий яшаб ўтган қадимий ва навқирон Туркистон шаҳри билан боғланган катта анжуман – видеоконференция шаклида норасмий саммит ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев чуқур мазмунли, ҳаётий ташаббусларга бой нутқ сўзлади. Нутқни тинглар эканман, миллионлаб ватандошларим қатори менинг ҳам кўнглимни беихтиёр фахру ифтихор ҳислари чулғади…

Аввало, кейинги пайтларда Туркий Кенгашнинг фаоллашиб бораётгани мақтовларга сазовор воқеа эканини таъкидлаш жоиз. Кенгашнинг ҳар бир мажлиси қачон ўтишини интиқлик билан кутаман. Давлатимиз раҳбарининг нутқларида ҳамиша янги фикрлар, замоннинг “тили учида турган” муаммолар ечими, долзарб масалалар, Амир Темур айтмоқчи, узоқ ўйлаб қилинган мулоҳазалар ўртага ташланади. Улар нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий олам, ҳатто жаҳон учун ҳам наф келтиришига асло шубҳа йўқ. Бу фикрлар, ташаббуслар Туркий Кенгаш раҳбарларида ва давлатларида ҳам табиий равишда катта қизиқиш уйғотиб келмоқда.
Норасмий саммитдаги нутқда ҳам иқтисодий алоқаларни кучайтириш, ҳозир ишлаб чиқилаётган “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжати асосида аъзо давлатларга хос иқтисодий ҳамкорлик стратегиясини тайёрлаш, савдо, инвестиция, саноат, транспорт алоқаларини тиклаш, давлатлар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш, Марказий Осиё ҳудуди орқали дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳақида сўз борди ва энг муҳими, Туркий Кенгашнинг ўз Инвестициявий жамғармаси ҳамда Тараққиёт банкига эга бўлиш фурсати етгани таъкидланди ҳамда амалий ишларни бошлашга даъват этилди.
Маънавият ва уни ривожлантириш ҳақидаги Нутқда келтирилган сўзлар, таклифлар, очиғини айтаман, мени ҳайратга солди!
Маънавият… Маънавиятга кўмилган умр… Маънавиятли инсон, дейишимиз биланоқ, кўз олдимизда ўз-ўзидан, боқиб ҳавас қиладиган кўркам, ҳар бир сўзи ўзига ярашимли, ҳалол ва ички гўзаллиги яққол кўриниб турадиган ёрқин сиймо намоён бўлади. Маънавият – бу инсоннинг юксак камолоти даражаси, барча ахлоқий фазилатлар тизими тажассуми, руҳий, ҳуқуқий, фалсафий, илмий, бадиий, диний қарашлар, соғлом ақл ва тан, одоб ва урф-одатларга, қадриятларга оид, теран тафаккурий тушунчалар, тасаввурлар мажмуи… Маънавият, демак, бир олам, унинг ҳавосидан нафас олганлар миллатнинг ўзагини ташкил қилади.
Шу сабабдан, давлатимиз раҳбари юртимизда ҳам, хорижда ҳам ўз нутқларида бу мавзуга ҳамиша алоҳида меҳр билан ёндашади. Мамнуният билан айтиш керакки, бу борада Ватанимизда олдинга шаҳдам қадамлар ташланмоқда, Учинчи Ренессансга катта йўллар очилмоқда.
“Ушбу шаҳри азим (Туркистон – таъкид бизники М.А.) “Турк дунёсининг руҳоният пойтахтларидан бири” сифатида эълон қилинишида чуқур рамзий маъно бор, деган – сўзлар жаранглади нутқда. – Маълумки, Мир Алишер Навоий ҳазрат Яссавийга “Туркистон мулкининг шайхул машойихи” деб юксак баҳо берганлар.”
Хожа Аҳмад Яссавий ўзининг юксак маънавияти, инсонпарварлик фазилатлари билан туркий оламда шон-шуҳрат қозонган сиймо эди. Давлатимиз раҳбарининг ҳазрат Яссавийга буюк Амир Темур чин дилдан ихлос қўйгани, унинг хотирасига атаб муҳташам мақбара бунёд этгани, вақф ташкил қилгани ҳақидаги сўзлари тарихий ҳақиқатнинг ёрқин ифодаси бўлди. Чиндан ҳам, Соҳибқирон милодий 1397 йилда қутлуғ ният билан пойтахт Самарқанддан йўлга чиқиб, ҳазратни зиёрат қилгани Туркистонга келади ва бугунги кунда қад ростлаб турган маҳобатли мақбара биносини бунёд этишга олий фармон беради. Шуни айтиш жоизки, мақбара учун ташкил этилган вақф XIX асрда ҳам фаолият юритар эди. Ҳозир бу табаррук зиёратгоҳни Туркий Кенгаш давлатлари фуқаролари, барча қардош халқларимиз табаррук қадамжолар қаторида кўрадилар.
Нутқда, шунингдек, динимиз тарихида буюк мерос қолдирган улуғ боболаримиз ҳаёти ва ижоди билан кенг жамоатчиликни яқиндан таништиришга, мамлакатларимиз ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар бўйлаб “Табаррук зиёрат” лойиҳасини амалга оширишга, халқларимизнинг дунёвий фанлар ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини ва бой маданий меросини чуқур ўрганиш ҳамда жаҳон миқёсида тарғиб этишга қизғин даъватлар янгради.
Маълумки, давлатимиз раҳбари Бокуда ўтказилган саммитда адабиёт ва санъат соҳасида Туркий Кенгашнинг Халқаро мукофотини таъсис этиш ташаббусини илгари сурган эди.
“Туркий кенгашнинг илм-фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларини, шунингдек, туркий дунё бирлигини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган атоқли шахсларни рағбатлантириш мақсадида халқаро мукофот таъсис этиш ҳақидаги таклифни маъқуллаганингиз учун ташаккур изҳор этаман, – дейилади нутқда Туркий Кенгаш давлатлари раҳбарларига қарата. – Ушбу мукофотни Мир Алишер Навоий номи билан аташ ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаганингиз учун ўз номимдан, Ўзбекистон халқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Бундай ҳурмат-эътибор ва ишонч биз учун катта шарафдир. Биз буни барча туркий халқларнинг фахру ифтихори бўлган, улуғ зот – Алишер Навоийга юксак эҳтиром ифодаси, деб қабул қиламиз. Бу нуфузли мукофотнинг таъсис этилиши туркий бирлик руҳини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз!”
Бу хушхабар бутун Ўзбекистон халқи кўкрагини кўтариб юборди! Кўнгиллар тўлқинланиб кетди! Алишер Навоий худди шу кунларни кўргандай, бундан беш юз ўттиз етти йил аввал “Фарҳод ва Ширин” достонига охирги нуқтани қўяр экан, буюк меҳнати нашидасидан руҳланиб, она халқи билан фахрланиб, шундай башоратомиз сўзларни битган эди. Бу сўзларнинг гўё бугун ёзилгандай жаранглашига эътибор беринг:

Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдур,
Муайян турк улуси худ менингдур!

Олибмен тахти фармонимға осон,
Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

Кўнгул бермиш сўзимга турк жон ҳам,
Не ёлғиз турк, балким туркмон ҳам.

Не мулк ичраки бир фармон йибордим,
Анинг забтиға бир девон йибордим!

Ҳа, муштарак тил, ягона дин, тарихий ва маданий ришталар асосида шаклланган Туркий Кенгаш ташкилоти минтақавий ҳамкорликнинг самарали тизимига айланиб бормоқда. Туркий бирлик руҳи яна ҳам юксакларда парвоз қилишга интилмоқда. Бу қутлуғ ва эзгу юмушларда Янги Ўзбекистоннинг нуфузи тобора ошиб бораётгани ҳаммамизга ғурур ва ифтихор туйғуларини бағишламоқда.

Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси11

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг