Ҳиротда Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланди

237

Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида 7-8 апрель кунлари буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган халқаро конференция бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Туркманистондан таниқли навоийшунос олимлар, илмий тадқиқотчилар, филологлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Мамлакатимиздан таниқли навоийшунос олимлар, тадқиқотчилар, филологлар ва Алишер Навоий ижоди билимдонларидан ташкил топган ­делегация иштирок этди.
Анжуманда Афғонистон Президенти ­администрацияси раҳбари Муҳаммад ­Шокир Коргар Афғонистонда пушту ва дари билан бирга ўзбек тили ҳам асосий тиллардан бири экани, мамлакатда барча халқ вакиллари, жумладан, ўзбекларнинг мактаб ва олий таълим масканларида таҳсил олиши учун шарт-шароитлар яратилганини қайд этди.
Афғонистон Президенти Ашраф Ғани конференция иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. У афғон халқи номидан Ўзбекистон раҳбариятига икки давлат халқларининг муштарак аждодлари маданий-маърифий меросини асраб-­авайлашга катта эътибор қаратаётгани учун алоҳида миннатдорлик изҳор этди.
“Ўзбекистон томонидан Ҳиротда Алишер Навоий ёдгорлик мажмуасини ободонлаштириш ва қайта таъмирлаш дастурининг ишга туширилгани ва буюк шоирнинг “Хамса” асари қайта нашр этилгани Навоий меросини ўрганувчи афғон илмий-академик ҳамжамияти ва дунё мутахассислари орасида ­юксак ва ижобий баҳога ­сазовордир”, –
де­йилади Афғонистон раҳбари мурожаатида.
Анжуман иштирокчилари Алишер ­Навоий ҳаёти, ижоди ва фаолияти ҳақида ­батафсил тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев ва Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов йиғилганлар ҳузурида сўзга чиқди. Улар конференция иштирокчилари эътиборини ўзбек ва афғон халқларининг маданий-маънавий ва тарихий мероси муштараклиги, ушбу бебаҳо меросда Навоий ҳаёти ва ижоди марказий ўринлардан бирини эгаллаб туриши ва буюк аждодимиз шеърияти чўққиларини анг­лаб етишда бирлаштирувчи тамойил бўлиб хизмат қилаётганига қаратди.
Халқаро конференцияда Ўзбекис­тон Президенти номидан афғон халқига совға сифатида чоп этилган Алишер Навоийнинг «Хамса» асари тақдим этилди. Ушбу совғани давлатимиз раҳбарининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев топширди.
Тадбир доирасида иштирокчилар ­Алишер Навоий ва Гавҳаршодбегим қабрларини зиёрат қилиб, гулчамбарлар қўйди.

“Дунё” АА
Ҳирот

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг